Қўй ичагини экспорт қилса бўладими?

“Экспорт”   сўзи   ҳозирги бозор иқтисодиёти   шароитида кенг   оммалашган   бўлса-да, ўтмишда ҳам аждодларимиз   ўзлари   етиштирган, ёхуд тайёрлаган   маҳсулотларини хорижий юртларга сотишни кенг йўлга қўйишган. Демак, оддий савдо-сотиқ ёки тижорат деб аталган бўлса-да, экспорт аслида кеча пайдо бўлиб қолган атама эмас. Агарки, тарихий маълумотларга эътибор берадиган бўлсак, бу борада катта ютуқларга эришилганини кўриш мумкин.

Мисол учун биз ҳозирда кўп ҳам эътибор беравермайдиган, қўй   ичаги экспортини аждодларимиз қандай амалга оширгани тарихига   тўхталсак.

Маълумки, қўй гўштининг мазалилиги, қўй жуни кигиз ва бошқа ҳар хил кийим-кечаклар тўқишда, териси пўстиндўзликда бебаҳо бўлгани сир эмас.

 

Айниқса, XIX-аср охирларида Россия ва Хоразм ўртасида савдо алоқалари кучайгач, қўй ичагига бўлган эҳтиёж ошиб кетади. Натижада, олдинлари Шарқ давлатларигагина озгина миқдорда ичак экспорт қилаётган ичакфурушлар, энди Россия, ундан Европа, ҳатто, АҚШга ҳам қўй ичагини сота бошлаганлар.

Хусусан, Хоразм тарихига оид олимлар В.Гиршфельд ва М.Н.Галкинларнинг   китобида келтирилган маълумотга   кўра, “ХIХ аср охирида Хива хонлиги аҳолисининг 5,9 фоизи, яъни 30, 515 киши чорвачилик билан шуғулланган”. (“Военно-статические описание Хивинского оазиса” Т, 1903, 27-бет)

Ҳақиқатан ҳам, Хоразмнинг жанубий қисмида қўйчилик ривожланган   бўлиб, бу ерда воҳадаги мавжуд қўйларнинг саксон фоизи боқилган. Воҳанинг жануб томонидаги қумлик ва яйловлар қўйчиликнинг ривожланиши учун айни муддао эди.

Натижада: “1909 йилда Хива хонлигида 21.200 эшак, 70.000 туя, 43.900 эчки, 107.600 от, 175.000 йирик шохли мол боқилган бўлса, қўйлар сони 434.900 бошни ташкил этарди”. (В.Лобачевский, Хивинский район, Т, 1912, 105-бет).

Табиийки, боқилган ана шу қўйларни сўядиган қассоб, жунидан кигиз тўқувчи, терисидан пўстин тикувчи, ичагини сотувчи тадбиркорлар ҳам хонликда анча эди. Хива хонлиги архив манбаларига кўра, ХХ асрда Хивада йигирма минг аҳоли яшаб, уларга 137 нафар қассоб ўз дўконида хизмат кўрсатган. Шунингдек, бу ердаги ўн саккизта пўстиндўз қўй терисидан йилига беш минг дона пўстин тикиб сотарди. Шу каби олтмиш нафар уста хоразмча телпак-чўгирма тикиш билан машғул эди. Булардан ташқари, олтита кигизфуруш устахонаси ҳам шаҳарда фаолият кўрсатиб, улар учун керакли хомашё – қўй жуни эди. Шу каби қўй терисини қайта ишловчи кўнчи, ундан чарм маҳсулотларини тайёрловчи касб соҳиблариям хонликда анча бўлган. Демак, қўй боқиш, ундан озиқ сифатида фойдаланишдан ташқари яна кўп мақсадларда фойдаланилганки, булардан энг экспортбоп маҳсулот – қўй ичаги эди.

Мол эгаси ёки қассоб нархини келишган ҳолда қўй ичагини ичакфурушга сотган. Улар янги сўйилган қўй ичагини катта-катта махсус бочкаларда тузлаб сақлашган. Бир муддат ўтгач, тайёр бўлган хом- ашё Амударё орқали кемаларда Орол денгизига ёки туя карвонлари орқали Оренбургга жўнатилган. Пароходларда ёки карвонларда қўй ичаклари Россиянинг Оренбург шаҳридан ташқари Тула, Самара, Рязань ва Москва шаҳарларига, у ердан Болтиқбўйи давлатлари, Европага етказиб берилган.

Қўй ичакларидан эса маълумотларга қараганда, кемачилик эҳтиёжлари — катта елканли кемалар учун махсус арқонлар ва бошқа зарур ёрдамчи воситалар тайёрланган. Бу маҳсулотлар, Россия орқали Германия, ундан ҳатто океан орти юртларигача етказиб берилган. Қўй ичакларидан тиббиётда, хусусан, жарроҳлик амалиётларида фойдаланилган ва бугунги кунда ҳам фойдаланилиши бор гап.

Эътибор қилинг: “1880 йилда Хивадан 1.200 пуд қўй ичаги Гамбургга экспорт қилинган” (ЦГИАЛ, ф-1396, оп 1, д 33, 154-б). Рақамлар йилдан-йилга ошиб, қўй ичаги экспорти 1900 йилда уч минг пудга етказилган.

Ичакни сотиб қайтишда эса Россиядан ўзимизга керакли темирдан ясалган асбоб-ускуналар, самовар, мис идишлар, газлама ва қандлар олиб келинган.

Хуллас, қўйнинг ўзи маҳаллий аҳолининг анча қисми учун сердаромад иш ҳисобланган. Шу боис, ҳам халқимиз қўйни баракали жонивор, деб билган.

Юқоридаги маълумотлардан ҳам кўринадики, юртимизда Буюк ипак йўллариаро савдо-сотиқ даражаси, экспорт ўрни юқори эди.

Шу ўринда бир мушоҳада: бугун дунё тараққиёт даражаси ниҳоятда ўсиб, ривож топиб кетганига қарамай, чорва маҳсулотлари, хусусан, тери ва чорва жунини қайта ишлаш, қўй, эчки ичакларидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қай даражада? Уни экспорт қилиш-чи?

Бугун кунига юртимизда ўн минглаб қўйлар сўйилади. Уларнинг қимматбаҳо териси ва ичаклар эса деярли қайта ишланмайди, экспорт ҳам қилинмайди. Ҳеч кимга “керак эмас”.

Тўғри, терини қайта ишловчи корхоналар республикамизда бор. Лекин саноқли. Етарли эмас.

Миллионлаб дона терилар, мол ичаклари чиқиндихоналарга ташланмоқда. Қизиқ, ҳатто бундан бир қанча асрлар илгари бу маҳсулотлар экспорти яхши йўлга қўйилган экану, нега бунинг бугун иложи йўқ?

Бугун ҳақиқий теридан тайёрланган битта оёқ кийими, хоҳ эркаклар, хоҳ аёллар учун тикилган бўлсин, қанча туради? Ёхуд бир дона ёқасига озгина мўйна ёпиштирилган турли қишки либосларнинг-чи, нархи қанча? Жуда юқори, тўғрими? Ҳатто қўйнинг гўштидан, унинг териси кўпроқ фойда келтириши мумкин. Буни албатта, соҳага дахлдор мутасаддилар ўйлаб кўриши керак, бизнингча.

Ваҳоланки, дунёда қорамол ва қўй териларига, ҳайвон ичакларига бугун ҳам талаб жуда юқорилигича қолмоқда. Ҳатто Хитой, Туркия, Россия ва Европанинг кўплаб давлатларида табиий тери маҳсулотлари етишмовчилигидан, бу мамлакатларда сунъий чарм ишлаб чиқариш ривожланган.

Демак, бу борада юртимизда имкониятлар жуда кўп. Даромадли ҳамда аҳолини иш билан таъминлаш учун чорва терисини, ичагини қайта ишлаш, хорижга экспорт қилиш имкониятларини кенгайтиришнинг вақти аллақачон келган.

   Умид БЕКМУҲАММАД

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × two =