Мактабда… болалар нашрлари борми?

Республикамизда 10 мингга яқин умумий ўрта-таълим мактаблари бўлиб, уларда бир неча миллион ўқувчилар таълим олишади. Лекин марказий шаҳарлардаги мактаблар билан республикамизнинг чекка ҳудудларида жойлашган мактабларнинг умумий аҳволи анча фарқ қилади.

Айтайлик, электр энергияси кунига бир неча бор ёниб ўчадиган таълим даргоҳларида ўрнатилган компьютерларни ишлатишнинг қандай иложи бор? Ток ўйнаб, турли кучланишли электр қуввати барча жиҳозлар, ҳатто иситиш воситаларини ҳам ишдан чиқариши кузатилмоқда. Шу аниқки, “Wi-Fi” ускуналари ҳам бир меъёрда электр таъминоти бўлмагандан сўнг кўнгилдагидек ишламайди. Шуларни ҳисобга олиб, кўплаб мактаб мутасаддилари ўқувчиларга маънавият соатларини кучайтиришни режалаштиришмоқда. Аммо ўқувчиларнинг маънавий дунёқарашини шакллантириш учун уларга “G’uncha”, “Gulxan” журналлари, “Tong yulduzi”, “Класс” каби газеталар етиб бормайди ҳисоб. Кимларнингдир, инновацион “фикр”ларининг жабрини неча йилларки ёш авлод тортиб келмоқда. Кутубхонага кирай деса, ёшларбоп китоб ва нашрлар жуда кам. Интернетдан дарс ўрганай дейишса, на дои­мий электр таъминоти, на “Wi-Fi” кўнгилдагидек.

Шаҳар ўқувчи-ёшлари учун эса бу унчалик сезилмаса-да, кўплаб қишлоқларда таълим олаётган болаларни бу муаммо қийнаётгани бор гап.

— Шаҳарлик тенгқурларимга маззада, мактабларида барча шароит, интернет, электрон кутубхона, “Wi-Fi” доимо ишлар экан. Хоҳласалар дарсдан бўш пайтларида музей, қўғирчоқ театри, хиёбонларни айланишар экан, — дей­ди қишлоқда яшовчи жияним Санжар. — Қани энди бизни мактабда ҳам барча шароитлар бўлсайди, ҳеч бўлмаса, ўқувчиларга мўлжалланган газета-журналлар ҳам йўқ. Мактабимизга бундай нашрлар келмайди.

Оддий мактаб ёшидаги ўқувчиларга мўлжалланган нашрларни пойтахт ўқувчилари бугун ўқишса, чекка ҳудудларга етиб бориши бир неча куннигина эмас, ҳафталарни олади. Чунки почта хизматларнинг аҳволи бугун ҳаммага кундай равшан.

Афсуски, бу ёшларнинг тақдири билан “ким”ларнингдир ўйнашиши десак бўлади.

Тасаввур қилинг, Президентимиз, ҳукуматимиз томонидан ёшларни маънавиятли, чуқур билимларни эгаллашлари учун бир қатор эзгу ишлар амалга оширилаётган пайтда, жойлардаги масъуллар мактабдаги келажак авлодларимизни баркамол вояга етишлари учун на интернетни, на босма ОАВни мунтазам етказилишини назоратга олмаяптилар.

Айниқса, ўқувчилар кундалик дафтарларини ҳам электрон шакли устида бош қотирганларидан кўра, болаларбоп нашрларни ўқув даргоҳларига етказиш хусусида бош қотиришлари кўпроқ самара бермайдими?

Бир пайтлар ҳаётимиз шамчироғи бўлган “G’uncha” журналининг ўтган йилги 12-сони қўлимда. Дарров қизиқиб, ададига кўз ташладим. 2300 нусхадан сал кўпроқ экан. Эҳ, минг афсус, ахир миллионлаб жажжи фарзандларимизнинг қўлига етиб борадиган ушбу нашр нега бунча кам?

Ақалли юртимиз мактабларига бир нусхадан борганида ҳам 10 минг нусха атрофида чиқмас эдими? Бугун болаларнинг “Tong yulduzi”, “Gulxan” каби нашрларини ҳатто қўлига ушлаб кўрмаган миллионлаб болалар мактабни тамомлаб кетишмоқда. Хўш, улар мактабда маънавий сарчашмалардан мосуво ҳолда вояга етишаётган экан, улар айтайлик, олий таълим даргоҳига ўқишга киргач, газета-журнал ўқишадими? Ўқишни исташадими? Йўқ, албатта. Ўрганган кўнгил. Чунки мактаб — асосий пойдевор. Пойдевор қандай бўлса, бино ҳам ё мустаҳкам бўлади, ё қаттиқроқ шамолга ҳам бардош беролмайди. Бу билан нима демоқчимиз? Айтмоқчимизки, газета-журнални қўлига олмаган бола катта бўлиб китобхон бўлиб кетиши ҳам душвор иш.

Президентимиз бир гал катта бир йиғинда “Болаларимизни фақат телефон тарбиялаяпти”, дея афсус билан гапирган эдилар.

Дарҳақиқат, бугун ҳамманинг қўлида шу матоҳ. Керакли матоҳ, албатта. Аммо шу нарсанинг ўзи кифоя қиладими? Фақат компьютер, телефон билан келажак авлодимиз биз орзу қилган даражадаги инсонлар бўлиб етишадими?

Бу ҳақда “Hurriyat”да ўнлаб мақолалар, мулоҳазалар чоп этилади. Аммо муносабат йўқ. Халқ таълимига дахлдор мутасаддилар жим. Сукутда. Гўёки ўқимайдилар. Гўё биз ҳам ҳеч нарса демадик, айтилмади! Нима биз фақат ўзимиз учун шу гапларни ёзаяпмизми?!

Қувонарлиси, Халқ таълими вазирлигига янги раҳбар тайинланганидан сўнг бу борада ҳам яъни маънавий йўналишда, матбуот нашрларига муносабат ижобий томонга ўзгаргани қулоққа чалинмоқда. Бу хайрли акс-садолар. Аслида ўрганиб кўрилса, таълим муассасаларида жойларда жуда кўп керак-нокерак, бўлган-бўлмаган нашрларнинг тиқиштирилаётганига гувоҳ бўлиш ҳам мумкин. Бечора халқ таълими мудирларининг аксарияти нима қилишга ҳайрон. “Манов нашрни ҳоким айтди, бунисини фалон киши айтди, мана бунисига ҳам қўйишмади…” Аҳвол шундай. Энди таълим учун, фарзандларимиз учун энг керакли, энг фойдали нашрларнинг етиб боришини ўйлаш вақти етмадими?!

Ҳикматулло ҚОДИРОВ,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 + 12 =