Газета-журналлар мутолааси бизга нима беради?

Соҳага энди кириб келаётган ёш журналист сифатида шуни айта оламанки, газета ва журналлар менга кучли билим бергувчи мактабимдир. Профессионал журналист устозларим айтганларидек, журналистиканинг қайси соҳасида бўлишимдан қатъий назар, хоҳ у босма, хоҳ тележурналистика, хоҳ интернет бўлсин, аввало, сўз билан ишлашни, яъни мақола ёзишни билишим керак. Бунда албатта, газета ва журналлар бизнинг энг асосий ўрганиш манбаимиздир.

Устозларимизнинг шундай бир маслаҳатлари бор “Қачонки журналист ўзи фикрлаб ўзи ёза оладиган, ўзи мушоҳада ва таҳлил қила оладиган бўлса у соҳанинг қайси йўналишида бўлмасин, асло қийналмайди. Шу маънода кимларнингдир айни пайтда босма ОАВ эскирди”, деган фик­ри ҳам бор. Зеро, бу қараш менинг назаримда ҳам мутлақо асоссиз”дир. Менимча, айни босма нашрлар ҳамиша барча медиа йўналишларининг асл маҳорат мактаби бўлиб қолаверади.

Хўш, газета-журналлар мутолааси бизга нима беради? Аввало, уларнинг бизга тегадиган энг катта фойдаси бу саводхонлик масаласидир. Чунки мазкур оммавий ахборот воситаларида азалдан шаклланган ва қатъий қоидага айланган имло талабларига риоя қилиш тартиби бор. Яна тўғри гап тузиш –стилистикани ўрганамиз. Бундан бошқа жуда муҳим ва фойдали сабоқ борки, бу ҳам бўлса, таҳрирдир. Бинобарин, таҳрир   журналистнинг қаламини   чархлайди. Масалан, ўзим илк мақолаларимни таҳририятларга олиб борганимда устозларнинг таҳриридан кейинги ёзганимни кўриб ҳали ўз устимда анча ишлашим керак эканлигини билдим. Кейинги мақолаларимда ана шу таҳрирлардан олган сабоқларимдан фойдалана бошладим. Шу маънода англадимки, журналист фақат ёзадиган эмас, таҳрирни ҳам мукаммал билувчи муҳаррир ҳам бўлиши лозим экан.

Яна анчадан буён ўйлаб юрган бир таклифимни айтсам: “Hurriyat” газетасини ўқиб бораман. Агар маъқул кўрилса, бевосита соҳамиз нашри бўлган ушбу газетада биз, ёш журналистлар учун “Маҳорат дарси” рукни ҳам ташкил этилса. Ва унда тажрибали устозлар, журналис­тика олий ўқув юрти профессор-ўқитувчилари медиа бўйича қизиқарли мақолалар бериб боришса, яхши бўлар эди.

Занжилой АБДУСАЛОМОВА,

Хўжанд давлат университети

журналистика факультети талабаси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 5 =