Самарқанддаги гурунглар

Куни кеча Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими ташаббуси билан сирдарёлик бир гуруҳ қалам аҳлининг Самарқанд шаҳрига саёҳати уюштирилди. Сафардан муддао қадимий ва ҳамиша навқирон, рўйи замин сайқали—Самарқандни, ундаги улуғ масканлар, қадамжоларни зиёрат қилиш, хусусан, жадидчи бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг уй-музейи билан танишиш, самарқандлик ҳамкасбларимиз билан тажриба алмашиш эди. “Аввал─ хеш, кейин ─ дарвеш” нақлига амал қилиб, саёҳатимизни дастлаб Сардоба туманидаги ўзимизнинг ёғочли Сардоба тарихий ёдгорлигини зиёрат қилишдан бошладик.

2021 йил 18 октябрь ─ Самарқанд шаҳри кунида мамлакатимизда унутилмас воқеа содир бўлди. Туркистонда жадидчилик ҳаракатининг пешвоси, биринчи ўзбек драматурги, ўзбек матбуотининг асосчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг уй-музейи очилиб, зиёратчиларнинг севимли масканига айланди.

Сирдарёлик журналистларни музейда Беҳбудийнинг эвараси Шоҳруххон Беҳбудий кутиб олди. Беш хонадан иборат музей ўрнида ўтган асрнинг бошларида, аниқроғи, 1913 йилда Беҳбудий бобомиз таҳририят ва босмахона ташкил қилиб, “Самарқанд” газетаси ва “Ойина” журналини таъсис этганлар. Мазкур нашрларда миллат ҳақ-ҳуқуқи, тарихи, тили ва адабиёти ҳақида қатор мулоҳазали мақолалар эълон қилинган.

Шоҳруххон Беҳбудий бобосининг фаолияти ҳақида сўз юритиб, музей хоналарига қўйилган давлат арбоблари ва олимларнинг сўзларидан иқтибослар келтирди. Давлат арбоби Файзулла Хўжаев Беҳбудий ҳақида шундай деган экан: “Сиёсий, ижтимоий фаолияти ва билимининг кенглиги жиҳатидан Туркистоннинг ўша вақтдаги жадидларидан унга тенг келадигани йўқ деб ўйлайман”. Бу эътироф эса шундоқ музейга кираверишдаги биринчи хона деворига дарж этилибди.

Музей залларини айланарканмиз Маҳмудхўжа Беҳбудийга тааллуқли сандиқча, курси, офтоба ва бир неча луғат китоблари диққатимизни тортди. Бундан ташқари, ўша пайт­­да чоп этилган “Самарқанд” газетаси ва “Ойина” журналларининг асл нусхалари газетачилик ишининг машаққатларидан мужда бериб турибди. Вақтли нашрлардаги мақолаларга назар солганимизда ўша пайтдаёқ буюк бобомиз мухториятни орзу қилиб қалам тебратганини кўрамиз. Ул зотнинг: “Билмоқ керакки: “Ҳақ олинур, берилмайдур!” деган машҳур каломи унинг буюк аъмолидан дарак. Беҳбудий бобомиз ўзликни англамаган бандалар ҳақида дунёга машҳур қирғиз адиби Чингиз Айтматовдан 60-70 йил бурун “марқуқ”, яъни “манқурт” деб атайди. “Қабиласини (нг) исмини ва етти отасининг отини билмайдургонларни “қул-марқуқ” дерлар”, деб ёзган эди “Ойина” журналининг биринчи сонида. “Икки эмас, тўрт тил лозим”, дея миллатимизни маърифатга чорлайди. Миллий журналистикамиз тарихида Беҳбудий бобомиз беназир мақоланавис сифатида боқий ўринга эга десак адашмаймиз. Чунки ул зот қаламига мансуб мақолалар сони 300 тадан ошиб кетади.

Ҳақгўй жадид бобомизнинг хатти-ҳаракатлари Бухоро амирига ҳам, дин пешволарига ҳам, большевикларга ҳам ёқмайди. Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаж сафарига отланганда Қарши шаҳрида сотқин кимсалар томонидан ваҳшиёна қатл этилади. Унинг қабри ҳалигача номаълум. Шоҳрух Беҳбудийнинг сўзларига қулоқ осадиган бўлсак, жадид бобомизнинг қабрини излаб топиш бўйича ҳаракатлар бошланган. Ўша пайтда шаҳид кетган буюк бобомиз вафотига бағишлаб Абдулҳамид Чўлпон, Садриддин Айний, Абдурауф Фитрат каби зотлар марсиялар ёздилар. Уларнинг бари музей экспонатлари қаторидан ўрин эгаллаган. Оташнафас шоир ва ўзи ҳам собиқ шўролар жамиятининг қатағон қурбонига айланган Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон “Маҳмудхўжа Беҳбудий хотираси” марсиясида шундай эзгин мисраларни битган эди:

Билгисиз қабрингни қора тунларда

Амалимнинг шамин ёқиб изладим.

Қизил ва пок қонинг исларин сочгач,

Кучсиз кўйи юришимни тезладим…

Адолатпарвар бобомизнинг сиймоси миллий адабиётимизда ҳам ўз бадиий ифодасини топмоқда. Адиб   Нусрат Раҳмат “Жадид” романида Беҳбудий ҳаёти ва фаолиятини кенг ёритган. Ушбу китоб ҳам музей экспонатлари қаторидан жой олган.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раиси Бойжигит Абдуллаев ва навоийшунос олим Ваҳоб Раҳмонов Шоҳруххон оғага ўзбекона удумни бажо келтириб, тўн ёпди. У киши бу совғани музей экспонатлари қаторига қўшиб қўяжагини айтиб, миннатдорлик билдирди.

Саёҳатимизнинг иккинчи қисми Самарқанддаги “Матбуот уйи”га кўчди. Бу ерда сирдарёлик журналистларни вилоятда нашр этиладиган газеталарнинг муҳаррирлари ва ходимлари кутиб олишди. Шаҳарга кўрк бағишлаб турган бу бинода тўртта вақтли нашрларнинг таҳририятлари, Журналистлар ижодий уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими жойлашган. Бизни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими раҳбари, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири, Сенатор Фармон Тошев журналистларга яратилган шароитлар билан таништирди. Самарқандда вақтли нашрлар журналистлари билан маҳаллий ҳокимликлар ўртасида чамбарчас алоқа ўрнатилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Матбуот марказида ҳар доим вилоят ва туман-шаҳар ҳокимлари иштирокида навбати билан матбуот анжуманлари ўтказилиб турилади. Бизни айниқса, “Матбуот тарихи” музейи ҳайратга солди. Маҳмудхўжа Беҳбудий асос солган Самарқанд матбуоти ҳам йиллар давомида ўз бошидан турли яхши-­ёмон даврларни кечирди. Бу музей экспонатларида яққол ўз аксини топган. 1937-1941, 1943 йиллар даврида газета масъул котиби ва муҳаррири бўлиб ишлаган Шароф Рашидовнинг қўлёзмаларини катта қизиқиш билан кўздан кечирдик. Камина ул зотнинг дастхатини фотоаппаратимга муҳрлаб олдим. Музейда бу каби ноёб экспонатлар талайгина.

Сўнгра Фармон Тошев самарқандлик журналистларга яратилган шарт-шароитлар билан таништирди. Спорт залида теннис столи ва турли тренажёрлар журналистларни соғломлаштиришга хизмат қилмоқда. Ошхонада эса ҳар куни вилоят “Матбуот уйи”да жойлашган таҳририятлар ходимларига бепул тушлик ташкил этилгани эътиборга молик.

Саёҳатимиз “Матбуот уйи” мажлислар залида   самарқанд­лик ва сирдарёлик журналистларнинг ўзаро фикр алмашиши билан якун топди. Унда сўз олган Фармон Тошев “Зарафшон” газетасида хизмат қилаётган журналистларнинг ўртача маоши 4 миллион сўмдан ошиб қолганини очиқлади. Уларга қулай шароитлар яратиш йўлида изланишлар давом этаётганини маълум қилди. Мулоқот чоғида сўз олган Бойжигит Абдуллаев ва Ваҳоб Раҳмонов сирдарёлик ва самарқандлик журналистларнинг ўзаро ҳамкорлиги бардавом бўлишига тилак билдирдилар. Мулоқот ниҳоясида мезбонлар меҳмонларга “Зарафшон” газетаси кутубхонаси серия­сида чоп этилган китобларни совға қилдилар. Самарқандда кечган бир кунлик ижодий саёҳат жуда мазмунли кечди.

Муҳаммадали АҲМАД,

“Янги Сирдарё” газетаси бўлим мудири.

Суратларда: Самарқандга уюштирилган

ижодий саёҳатдан лавҳалар.

Муаллиф олган суратлар.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve − ten =