Янгиланаётган Жиззах журналистлар нигоҳида

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида вилоятда олиб борилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар билан кенг жамоатчиликни янада яқинроқ таништириш мақсадида шу йилнинг 30-31 май кунлари “Янгиланаётган Жиззах – журналистлар нигоҳида” мавзусидаги медиатурда юртимизнинг марказий нашрлари ҳамда бир қатор хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Халқаро медиатурнинг расмий очилиши Sambhram технология университетининг Жиззах филиалида бўлди.

Тадбирни Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров очди. Унда Жиззах вилоят ҳокимининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Нодир Нурматов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Тошкент шаҳар бўлими раиси, “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов сўзга чиқишди.

Тадбир давомида бир қанча журналистларга уюшманинг аъзолик гувоҳномаси ва кўкрак нишонлари топширилди.

Шунингдек, Жиззах вилоятида фаолият олиб бораётган бир нечта босма нашрларга “Yurida-Orfo” дастури сертификатлари уюшма томонидан беғараз ёрдам сифатида тақдим этилди.

Медиатурнинг дастлабки кунида Ўзбекистон ва Ҳиндистон давлатлари ҳамкорлигида ташкил этилган Sambhram технология университети Жиззах филиали фаолияти билан яқиндан танишилди.

Бугунги замон талаблари асосида ташкил этилган мазкур дорилфунун фаолияти тўғрисида ҳиндистонлик мутахассислар ҳамда университет профессорлари томонидан журналистларга маълумотлар берилди.

— Университет Ўзбекистон ҳукуматининг тегишли қарори билан 2021 йил 29 июлда ташкил топган эди. Айни дамда бу ерда бир минг беш юз бир нафар талаба таҳсил олмоқда. Асосий таълим йўналишларимиз ахборот технологиялари муҳандис дастурчилиги, ахборот технологиялари фанлари ўқитувчилиги ҳамда бизнес бош­қарув ва менежмент йўналишларидир. Талабаларга Ҳиндистондан келган 16 нафар профессор-ўқитувчилар дарс бериб келишмоқда.

25 нафари эса виза масалалари ҳал бўлгунга қадар онлайн дарс беришяпти. Ўқиш ҳам ўзбек ҳамда инглиз тилларида олиб борилади, — деди Sambhram технология университети муассиси Рожеш Родапа.

Мазкур университетда таълим сифатини ошириш мақсадида бир семестр давомида фақат аъло баҳоларга ўқиган талабалар кейинги семестр учун тўланадиган контракт суммасидан тўлиқ озод қилинар экан. Бу эса талабаларни ўз устида тинимсиз ишлашга, устозлар томонидан берилаётган сабоқларни қунт билан ўзлаштиришига ундаши тайин.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш мумкин: Sambhram технология университетида талабалар тўлов-контракт асосида ўқиб, йилига 20 миллион сўм контракт тўлашади. Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳамда чин етим йигит-қизлар бундан мустасно.

Юқорида келтирганимиздек бир семестр давомида барча фанлардан тўлиқ юқори баҳо олишга эришган талабалар 10 миллион сўмни ўз фойдасига иқтисод қилишади. Қолаверса, бу олийгоҳда нафақат юртимиз ёшлари, балки қўшни Қозоғистон, Тожикистон ҳамда қирғизистонлик ёшлар ҳам ўқиш истагини билдиришаётган экан. Ҳозирги кунда 10 нафарга яқин хорижлик ёшлар бу ерда ўқишмоқда.

Медиатурнинг дастлабки кунидаги эсда қоларли учрашувлардан яна бири журналистларнинг Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев билан бўлиб ўтган мулоқоти бўлди.

Унда вилоят ҳокими Э.Салиев маҳаллий ва хорижий журналистларга Жиззах вилоятига ижодий сафар учун ўз миннатдорлигини билдирар экан, бу медиатурни уюштиришда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг,   қолаверса, Уюшма раиси Олимжон Ўсаровнинг катта ёрдами борлигини мамнуният билан таъкидлади.

Эргаш Салиев Жиззахда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот бериш баробарида, журналистларни қизиқтирган кўплаб саволларга ҳам жавоб қайтарди.

Самимий руҳда ўтган мулоқот чоғида Олимжон Ўсаров медиатур давомида янгича қиёфа кашф этган Жиззахдаги ўзгаришларга журналистлар ўз кўзлари билан гувоҳ бўлаётганларини айтар экан, журналистика соҳаси бўйича вилоятда сақланиб қолинаётган айрим муаммолар, хусусан, вилоятдаги кўпгина туман газеталарининг аҳволи қониқарсиз даражада қолаётгани ҳақида сўз юритди. Вилоят ҳокими газеталар фаолияти билан қай даражада қизиқади? Қолаверса, Президентимизнинг тегишли қарорида кўзда тутилган “Журналистлар уйлари”ни қуриш бўйича қандай саъй­-ҳаракатлар кетаётгани билан қизиқди.

Жаноб Эргаш Салиев ҳар бир вилоят, ҳар бир туман ўз муассислигидаги газеталарга бефарқ қарамаслиги, имкони борича уларни ривожлантиришга кўмаклашиши зарурлигини айтди. Аммо “Журналистлар уйи” борасидаги масала вилоятда ҳақиқатан ҳам назардан четда қолгани, бу бўйича тез орада амалий ишларга ўтилишини маълум қилди.

Жиззах вилояти бўйлаб ўтказилаётган халқаро медиафорумнинг иккинчи куни Шароф Рашидов ёдгорлик музейи билан танишишдан бошланди.

Медиафорумнинг дастлабки онларида Шароф Рашидов ҳайкали пойига гул қўйиш чоғида у киши ҳақида берилган маълумотлар хорижлик журналистларни мазкур музей сари ундади.

Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним ёдгорлик мажмуалари ҳам зиёрат қилинди. Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним номидаги ижод мактаби ўқувчилари томонидан айтилган шеър ва қўшиқлар эса барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

Журналистлар вилоятдаги ислоҳотлар билан танишиш билан биргаликда бу ердаги муқаддас қадамжоларни ҳам зиёрат қилдилар. Хусусан, Зомин туманидаги Хотира хиёбонида бўлишиб, бу ердаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйдилар. Она Ватан учун жон фидо қилган боболаримиз номи зарб этилган пешлавҳалар билан яқиндан танишдилар.

Халқаро медиатур давомида Туркиянинг TRT Avaz телеканали тадбир ҳақида тўғридан-тўғри лавҳалар узатди. Шу жумладан, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров билан интервью тўғридан-тўғри жонли эфирда намойиш этилди.

Бугунги жиззахликлар қандай яшашмоқда, қандай орзу-умидлар билан меҳнат қилишмоқда? Медиатур иштирокчилари вилоятнинг турли корхона ва ташкилотларида, маҳалла ва қишлоқларида бўлиб эл билан очиқ суҳбатлар олиб борди. Одамларнинг дарду ташвиши, муаммолари билан ҳам яқиндан танишдилар. Бу ҳақда кейинги мақолаларимизда батафсил ҳикоя қилмоқчимиз. Энг муҳими, “Янгиланаётган Жиззах — журналистлар нигоҳида” мавзусидаги халқаро ижодий саёҳат юқори савияда ва таассуротларга бой кечди.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × four =