“Ўз-ўзимизга гапираётганга ўхшаймиз”

(“Матбуотга қайтмасак бўлмайди”. “Hurriyat”, 2022-йил, 2-февраль, №4-сон).

 

Қадрли “Hurriyat” ижодкорлари! Матбуотга эътибор бериш кераклиги ҳақида аччиқ, аммо ўта муҳим мулоҳазалар ифодаланган мақолалар китобхонликка даъват бошлангандан буён газетангиз саҳифаларида мунтазам ёритилади. Куни-кеча, аниқроғи, шу йилнинг 4 февраль куни эълон қилинган   Собир Хатамовнинг “Матбуотга қайтишимиз керак” номли мақоласини уларнинг мантиқий давоми деб ҳисоблайман.

Қорақалпоғистонда ҳам матбуотга муносабат яхши эмас. Газета дўконлари ҳувиллаб ётибди. Вилоят ва туман газеталари зўрға чоп этиляпти. Мухбирлар азбаройи соҳага қизиққанидан жуда оз маошга қаноат қилиб келмоқдалар. Шу боис сўнгги йилларда “Еркин Қарақалпақстан” республика газетасида ана шу мавзуда журналист К.Реймовнинг “Томирга болта урилмайди”, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси М.Низановнинг “Ўзингиз минган шохни чопманг”, Е.Байназаровнинг “Биткан ақл бўлмаса”, Б.Караматдиновнинг “Газеталар ўлмайди” каби мунозарали мақолалари чоп этилди. Аммо ҳеч қандай фойдаси бўлмаяпти. Худди ўзимиз ўзимизга гапираётганга ўхшаймиз. Республика, вилоят матбуот органи бир муаммони кўтарса, туман миқёсида бор-йўғи газета ходимлари орасида муҳокама қилинади. Туман газетасида агар бундай мавзуда мақола чиқса, жуда кам сонли обуначилар ўқиб қўйишади, холос. Ҳокимликлар, жойлардаги ташкилот ва корхоналар раҳбарлари, умуман, аҳолининг қолган қисми бундан мутлақо хабарсиз, хабари бўлса ҳам бепарво!

Илгари-чи, газетада бир танқидий мақола эълон қилинса, тегишли ташкилотда муҳокама қилинар, кўрилган чора-тадбир газета орқали оммага маълум қилинарди. Энди очиқдан-очиқ “Газетага эҳтиёжимиз йўқ”, дейдиган бўлишди. “Мажбурий обуна мумкин эмас” деган гап аксарият раҳбарлар учун баҳонага зўр асос бўлди. Ижтимоий тармоқлардаги ишонч­ли-ишончсиз хабарларни ўқиб, “маданий ғийбат”га гирифтор бўлиб қолдик. Нега бунча паст кетдик? Ҳатто Иккинчи жаҳон урушида жангчиларни руҳлантиришда газета кучидан фойдаланилган. Газеталардан ташқари турли тилда “жанговар варақа”лар чиқарилган. Урушдан кейинги меҳнат, бунёдкорликларга чорлов ҳам матбуот   воситалари орқали амалга оширилган. Қўйингки, бундан ўттиз йиллар олдин мактаб ва олий ўқув юртларида деворий газеталар чиқарилар эди. Деворий газеталар матбуотга ҳурмат рамзи эди-да. Қолаверса, ёшларни ўқишга, ижод қилишга ундовчи бир омил эди.

Ўтган йили ҳатто Президентимиз йиғинларнинг бирида мактаблардаги таълим-тарбия хусусида сўз юритиб, айнан “Деворий газета”лар ҳақида гапирган эди. “Ойнаи жаҳон”да Давлатимиз раҳбарининг ана шу гапларини эшитиб роса хурсанд бўлгандим. Афсуски, таълим даргоҳларида газетага обуна бўлиш тугул, оддий деворий газета ташкил қилиш ҳақида ҳам ўйламаяптилар? Қизиқ, унда давлатнинг қанча маблағи сарф этилиб, ҳар бир мактабда маънавий-маърифий ишлар бўйича тарғиботчи вазифаси нима учун ташкил этилди?!

Лоқайдлик, бепарволик, кўриб кўрмасликка олиш деганлари шу бўлса керак-да!

Фурхат УТЕМУРАТОВ,

“Хўжайли ҳақиқати” газетаси

бош муҳаррири ўринбосари.

Қорақалпоғистон Республикаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 2 =