Ҳаммаси эл фаровонлиги учун

Бугун дунёга боқиб юрагимиздан, дилимиздан ўтказаётган ўй, фикр бу биринчи галда шубҳасиз юрт тинчлиги, Ватан осойишталиги барча нарсадан муҳимроқ, азизроқ эканлиги ҳақидаги ҳақиқат десак, хато бўлмаса керак.

Бежиз, кўпни кўрган нуронийларимиз, азиз онажонларимизнинг ҳар кунги дуоларида ҳам шу ҳикмат мужассам: “Юртимиз тинч бўлсин, барчамизга Яратган тани сиҳатликни ато этсин!”

Дарҳақиқат, аввало, тинч­лик ва хотиржамликка, сиҳат-саломатликка етадиган улуғ неъмат йўқ.

— Шукрки, она диёримизда тинчлик ва фаровонлик. Бу иноят, саодат учун Яратганга шукр, Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевга минг раҳмат, ташаккур айтмоғимиз фарз, — дейди пойтахтимизга узоқ Хоразмдан келган Жуманиёз ота Бектошев.

— Тошкентга пандемия сабаб бўлиб икки йилдан буён келолганим йўқ эди, — дейди у. — Қандай ободлик, телевизорда кўрганинг бир бўлак, ўз кўзинг билан кўрганинг бир бошқача-да. Шу ерда набирам бир пайтлар ўзим ўқиган ТошДУда ўқийди. Ҳозир Миллий университет дейдилар. У билан мана, шаҳар айланиб юрибман…

Тунов куни тасодиф туфайли метро бекатларининг бирида танишиб, суҳбатлашиб қолган отахоннинг сўзларига қулоқ тутиб, бу ёшуллининг сўзлари юракдан ва самимий эканлигига асло гумон қилмайсиз.

Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил, дейди доно халқимиз. Ҳақиқатдан ҳам кейинги йилларда Ўзбекистонимизда рўёбга чиқарилаётган ислоҳотлар, имкониятлардан, янгиланишлардан ким манфаатдор бўлмади, ким яратилган шароитлардан баҳраманд бўлмаётир, айтинг, борми шундай одам — чеккада қолиб кетган, эътибордан холи?

Инсоф билан гапирганда, ёшу кекса, ҳамма-ҳамма ҳаётида кўп имкониятлар соҳибига айланди ва бу эзгу иш давом этмоқда. Мана айтайлик, пенсия ёшидаги нуронийларимизни олинг. Бундан 6-7 йил аввал улар пенсиясини ақалли нақд пулда олиши муаммолироқ эмасмиди? Шунинг учун ҳам Президентимиз биринчи навбатда пенсионерларга пенсиялари ўз хоҳишларига кўра тўлиқ нақд ҳолда уйи­­га етказиб берилиши, хоҳласалар пластигига ўтказиб берилишига шахсан эътибор қаратган эди. Энг муҳими, пенсионерлар бир пайтлардагидек бу ойги пенсияси кейинги ойда эмас, ўз вақтида, тез ва қатъий интизом билан ижро этиладиган бўлди. Нуронийларимизга кўрсатилаётган бошқа кўплаб имтиёз, эътиборлар — бари-баридан миллионлаб ёши улуғ ватандошларимиз рози бўлиб, дуода бўлишаётгани бежиз эмас. Ёки аёллар масаласи, уларни иш билан таъминлаш, энг муҳими, хотин-қизларнинг “қўлини боғлаб” турган фарзандларига боғчалар қуриб бериш, маҳалла ва қишлоқларда аллақачон йўқ бўлиб кетган минглаб боғчаларнинг қисқа вақт ичида бунёд этилиши, ҳатто Мактабгача таълим вазирлигининг ташкил этилгани… булар шунчаки айтишга осон. Ахир, бу юмушлар учун Президентимиз қанча маблағ, катта сармоялар ва эътибор жалб қилмоқда.

Бугунги ёшларга-чи, уларга чиндан ҳам ҳавас қилса арзийди. Айниқса, олий таълимга кириш, талаба бўлиш бахтига эришиш учун авваллари қанча тўсиқлар, ўйинлар бор эди.

Бугун илмга меҳри борми, ўқишга қизиқиши устунми, марҳамат— ҳаммаси очиқ, шаффоф! Ҳар қанақа таниш-билишу “бункер”лар йўқ қилинди. Бу ниҳоятда катта ўзгаришлардан, янгила­нишлар дебочасидан дараклар бўлди.

Ҳамма нарса ободлик ҳам, ёйинки жиноятчилик ва бошқа кўрсаткичлар ҳам маҳаллалардаги аҳволга боғлиқ экан. Биров-биров билан иши бўлмаса, ким қандай яшайди, кимда қандай муаммо бор?

Ўйлаб кўрайлик, йилдан-йилга маҳаллалар ривожига нима учун бу қадар эътибор қаратилмоқда? “Бугун ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчилари — менинг вакилларим иш юритади”, демоқда Президентимиз.

Чунки маҳалла — юртнинг ободлигига, одамларнинг яшаш тарзига кўзгу. Қолаверса, бари-бари эл-юрт равнақи, тинчлиги, файзи учун.

Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимиз фаровонлигини янада ошириш, одамларни ишли қилиш учун амалга ошаётган ислоҳотларнинг барчасини санашнинг имкони йўқ. Бу узундан узоқни ташкил этади. Зеро, мақсад бу ҳам эмас. Шунчаки, гоҳида кимларнингдир ўйламасдан, ўзи тушинмай айтувчи фикр-мулоҳазалари қулоққа чалиниб қолади. Айниқса, бу ижтимоий тармоқларда. Нима эмиш, “давлатнинг ташқи қарзи фалон миллиард бўлди, энди нима бўлади”, каби… Албатта, бундай гаплар ниҳоятда юзаки бўлиб, иқтисодиётдан саводи етишмайдиган айрим кимсаларгагина тегишли. Қолаверса, ўзини дунё мамлакатлари ичида жуда бой, энг қудратли деб ҳисоблайдиган баъзи мамлакатларнинг ташқи қарзи ҳақида маълумотга эътибор қилинса, бари ойдинлашгандек бўлади.

Яқинда пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш жараёнида Президентимиз шу масалада ҳам тўхталиб, ўз муносабатини билдирди. Ва бу борада ҳеч қандай саволга ҳожат қолдирмайдиган жавобни бутун элимиз эшитди. Давлатимиз эришаётган муваффақиятлар олдида, рўёбга чиқарилаётган бунёдкорлик, яратувчанлик олдида ким бўлса ҳам ваҳима қилмоқчиларга муносиб жавоб бўлдики, бу табиий рақамлар. Жаҳоннинг бошқа юзлаб мамлакатларига солиштирганда эса жуда нормал кўрсаткичлар.

Дарвоқе, бугун Қорақалпоғистонда рўёбга чиқарилаётган ишларни кўриб фахрланмасдан илож йўқ.

Давлатимиз раҳбари яқинда нафақат Нукусда, Берунийда, Қорақалпоғистоннинг маҳаллаларида бўлди, балки   Орол денгизининг қуриган жойига бориб, бу ердаги экологик вазият билан ҳам танишди.

Шубҳасиз, Қорақалпоғистон халқи ҳаёти, умуман катта ҳудуддаги экология шу муаммога боғлиқ. Бир пайтлар денгиз ва унга туташ дарёлар, яйловлар одамларга ризқ улашган, иш, даромад манбаи бўлган. Лекин табиат қонунларига аралашиш, Амударё ва Сирдарё сувини тўсиш дунёдаги оғир экологик ҳалокатлардан бирини юзага келтирди. Минтақамизда чўлланиш ва шўрланиш даражаси кескин ортди. Ўсимлик ва ёввойи ҳайвонлар тури камайиб кетди.

Давлатимиз раҳбари бу хусусида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси сессияларида гапирган эдилар, халқаро саммитларда муҳим таклифларни илгари сурмоқдалар. Шу билан бир қаторда ўз имкониятларимизга таяниб, амалий ишлар ҳам олиб борилмоқда.

Хусусан, Орол денгизининг қуриган тубидан миллионлаб тонна чанг ва заҳарли тузлар кўтарилиб, катта ҳудудга тарқалишининг олдини олиш учун 2018 йили Президентимиз Мўйноққа ташрифи чоғида олимлар билан маслаҳатлашиб, бу ерда шўрга чидамли ўсимликлар экиш вазифасининг белгилагани ғоят оқилона чора бўлди.

Маълумотларга кўра, ўтган йилларда денгизнинг сув қуриган қисмида 1 миллион 524 минг гектар тўқайзор барпо этилган. Бунинг учун саксовул, қорабўроқ, қандим, черкез каби чўл ўсимликларидан қарийб 6 минг тонна уруғ тайёрланиб, қийин шароитларда экилган. Бу ишларда 4 мингдан зиёд ишчилар қатнашиб, 1 минг 600 дона турли техника, самолётлар жалб этилди.

Бу хайрли, долзарб ҳаракат давом эттирилмоқда. Жорий йилда 100 минг гектар майдонда “яшил қоплама” барпо қилиш режалаштирилган. Бугунги кунда шундан 26 минг гектарида иш бошланган, 562 тонна уруғлар тайёрланган. Шунингдек, 100 гектар майдонда махсус кўчатхона ташкил қилинмоқда.

Президентмиз ҳудудда экологлар ва ўрмон хўжалиги мутахассилари билан суҳбатлашар экан: — Биз шу мураккаб шароитда экиш бўйича катта тажриба орттирдик. Бу ерга ўзим келишимдан мақсад — энди бу ишларни илмий асос­ланган тарзда давом эттирамиз, — деди.

Оролбўйининг флора ва фаунасини яхшилаш бўйича 5 йиллик миллий дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Сўнгги йилларда Мўйноқдаги ўзгаришлар, Шуманайдаги истиқболли корхоналарнинг ривожи, умуман бу юртда қилинган ишларнинг бари кейинги 5 йилда бажарилди деса, гувоҳи бўлмаган кишининг ишонгиси келмайди. Лекин бу — ҳақиқат.

— Охирги беш йилда кўп нарсани ўргандик, илгари ишонилмаган нарсаларга ишондик. Мен биринчи келганимда “маданият Мўйноқдан бошланади” дегандим. Шундай бўляпти. Энди Тошкент-Мўйноқ-Нукус авиақатнови йўлга қўйилади, — деди Президентимиз шу йилнинг 23 февраль куни Мўйноққа қилган ташрифи чоғида.

Очиқ айтганда юртимизнинг энг чекка ҳудудларидан ҳисобланган Қорақалпоғистон диёридаги бундай ўзга­ришлардан нафақат шу ерда яшайдиганлар, балки респуб­ликамизнинг қайси вилоят, шаҳар, туман ё маҳалласида истиқомат қилишидан қатъий назар ҳар бир юртдошимиз мамнун, ғурурда. Негаки, она Ўзбекистонимизнинг ҳар бир қарич жойи муқаддас ва унинг ҳар бир гўшаси обод бўлса, чирой очса, ривож­ланса, бу ҳаммамизнинг юзимиз, ютиғимиздир.

Абдурасул ПАРДАЕВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 + nine =