Тарбия иши хатони кечирмайди
… Ёшлар билан ишлаш бу – устма-уст оммавий тадбирлар, танловлар, концерт томошалари, дошқозонларда тонналаб таом пишириш, бачкана телешоулар ўтказиш, талабаларни зарурий сабоқлардан қолдириш, ўйин-кулгига ҳаддан ташқари кўп вақт, маблағ ажратиш, соврин тарқатиш, гуррас-гуррас олқиш олиш дегани эмас.
Одамлар, халқлар, миллатлар ўртасидаги дўстлик, қардошлик алоқалари, яхши қўшничилик, қуда-андалик муносабатлари йиллар, асрлар давомида шаклланади. Турли хуш-нохуш вазиятларда юзага келадиган синовлардан ўтади. Қадим замонлардан то бугунга қадар шундай ва бундан кейин ҳам шундай бўлади. Миллатнинг имиджи, дунё халқлари сафидаги ўрни-мавқеи шундай юзага келади. Уни бир шовқин билан ўзгартириш, бошқа бир ўзанга буриб юбориш, дўст-қадрдонлар орасига рахна солиш мумкин эмас.
Ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг дунёдаги маънавий-ахлоқий қиёфаси ҳақида сўз кетганда, энг аввало тинчликсеварлик, меҳнаткашлик, бағрикенглик, сабр-қаноат каби фазилатлар тилга олинади. Бу икки халқнинг ўтмиш тарихда қолган суронли излари, босиб ўтган шонли йўли, дунё тамаддуни ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида кўп гапириш мумкин. Улар ўзбек халқ достонлари, қорақалпоқ қиссаларида муҳрланиб қолган.
Талотўпли бугунги дунёнинг умумлашиб бораётган ижтимоий- иқтисодий, маънавий-ахлоқий, экологик, руҳий-тарбиявий ва бошқа муаммолари шундайки, уларни ҳеч ким ўз ҳолича, бир ўзи ҳал қила олмайди. Энг қудратли мамлакатлар ҳам баъзан узоқ-яқин қўшнилар, ишончли ҳамкорлар, дўст-қадрдонларнинг холис қўллаб-қувватлашига, дардкашлигига муҳтож бўлиб қолади. Шундай экан, яқин-ўтмишнинг бу бебаҳо сабоғини унутмаслигимиз керак.
Дунё мамлакатларида азалдан мавжуд, бугунги мураккаб шароитда янада муҳим аҳамият касб этаётган бир хулоса бор. Халқнинг келажагини ўйлаган ҳар бир давлат янги авлод тарбиясига жиддий эътибор бериши керак. Бугун Ўзбекистон айни шу йўлдан бормоқда. Аммо, ёшлар тарбиясига, уларнинг маънавий-ахлоқий дунёқараши қандай қадриятлар асосида шаклланаётганига, ҳаётда ўз йўлини топишга улгурмаган йигит-қизларга кимлар, қандай “устоз”лар панд-насиҳат бериб, йўл-йўриқ кўрсатаётганига бир зум бўлсин эътиборни сусайтирмаслик зарур. Бир кунлик ўзибўларчилик бир ойлик муаммони юзага келтириши мумкин. Дунё мамлакатлари тарихида, яқин-атрофларимизда бунга мисоллар кўп. Нукусда бўлиб ўтган воқеаларда бу нарса янада аниқ намоён бўлди.
Яна бир хулоса шуки, ёшлар билан ишлаш бу – устма-уст оммавий тадбирлар, танловлар, концерт томошалари, дошқозонларда тонналаб таом пишириш, бачкана телешоулар ўтказиш, талабаларни зарурий сабоқлардан қолдириш, ўйин-кулгига ҳаддан ташқари кўп вақт, маблағ ажратиш, соврин тарқатиш, гуррас-гуррас олқиш олиш дегани эмас. Телешоумен қўлини қулоғига қўйиб, “Қани қарсаклар, эшитмаяп-ма-аан” деганида чор-атрофни ларзага соладиган, қулоқларни қоматга келтирадиган ёввойи ҳайқириқлар – бу ҳали Ватанпарварлик, ақл-идроклилик, комил тарбия дегани эмас. Ҳар бир тадбир энг аввало ёшларнинг қалбига, имон-эътиқоди ва дунёқарашига таъсир ўтказиши зарур. Ёшлар тарбияси билан шуғулланувчи мутасаддилар буни қанчалик тез тушуниб олсалар, шунча яхши бўлар эди.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,
“Жаҳон адабиёти” журнали Бош муҳаррири