Аммо айтмасам бўлмас…
Миллий режиссурамиз тикланиши керак
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги диққатига!
Ҳар гал навбатдаги театрга, аниқроғи “режиссёр” касбига бағишланган мақолани ёзиш учун қўлимга қалам олар эканман, қалбимни ҳаяжон чулғайди: “Ким учун ёзасан? Кимга керак муаммолар! Фақат, айрим раҳбарларнинг ғашига тегишинг мумкин!” — деган саволлар мени қийнайверади. Аммо ёзмасам гўё ўз миллатимни, унинг шаън-шавкатини, қадриятларини оёқости қилгандай ҳис қиламан ўзимни. Тўғри, бугунги кунда ҳаммамиз, миллатимизнинг турли соҳаларида покланиш даврининг машаққатлари билан яшамоқдамиз. Албатта, мен ҳам турли соҳаларда меҳнат қилиб келаётган ватандошларимдек, ўз касбида юз бераётган ўзгаришларга қувонаман ва айрим камчилик, муаммоларга бепарво бўла олмайман.
“Андишанинг оти қўрқоқ”, “Ўзбекчилик-да”, “Сен менга тегма, мен сенга тегмайман”, каби баъзи бир ишимиздаги муаммоларимизни яшириб ёки бепарво бўлиб юравериш, айниқса, ижод аҳлига тўғри келмайди. Шунга ўхшаш ёмон иллатлардан тезроқ қутулишимиз ва ўзини комил инсон деб биладиган ҳар бир одам миллат тақдирини ўйлаши ва келажаги ҳақида қайғуриши лозим эканлиги замон талаби эканини Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев кун сайин такрорламоқда. Ким билади дейсиз, балки айримларга ёпиқ қозон ёпиқлигича қолгани яхшидир. Ҳеч кимга ташвиш келтирмайди-да. Аммо бугун биз бир-биримизга бўлган ишончимиз, мислсиз бағрикенглигимиз, тўғрисўзлигимиз ва саховатпешалигимиз билан бошқалардан ажралиб туришимиз ва бошқа инсоний фазилатларимизни жаҳонга ёймоқдамиз.
Шунинг учун ҳам жаҳон ҳамжамиятидаги феъл-атворимиз ва тафаккур тарзимиз шунга мос бўлиши керак. Тўғри, тараққиёт доим қарама-қаршиликлар, зиддиятлардан иборат. Аммо бирор бир муаммони андиша юзасидан яшириб, танқидга бепарволик ёки муносабат билдирмаслигимиз яхши эмас. Тўғрисўзлик олий фазилат. Бу фазилат машаққатли йўл эканини биламиз. Тўғри сўз туққанинга ҳам ёқмайди-да. “Эгриликнинг йўли мингта: етти ёт бегонага ҳам ёқаверасан” — деб бекорга айтишмаган. Менинг эса, олий мақсадим риёкор бўлмаслик. Фикринг нотўғри бўлса ҳамки, ниятинг тўғри бўлсин-да. Ҳа, режиссёрлик ота касбим. Ҳар ҳолда, “думини қисиб юриш” бизнинг касбимизга тўғри келмайди. Шу сабаб, эътиборсиз қолган холис ёки мулоҳазали фикрларимни такрор ва такрор айтишга мажбурман.
Бугунги кунда, менинг назаримда, миллий санъатимизда, айниқса, ижодқорлар орасида “бепарволик”дек ёмон иллат пайдо бўлиб қолди. Айниқса, айримларнинг ТЕАТР санъатига кераксиз аралашувлари ва “режиссёрлик” касбига бўлган эътиборсизлик туфайли театрларимиз боши берк кўчага кириб қолмоқда. Бугунги театрларимиздаги “штат жадвали”га кўз ташласангиз, ҳайрон қолмасдан иложингиз йўқ ва бу ҳолни бирон-бир давлатда учратмасангиз керак. Мана, анча йилдан бери, (бир собиқ “раҳбар”нинг “ташаббуси” билан) Республикамизнинг барча театрларида учта “раҳбар” лавозими пайдо бўлиб қолди.
Биринчиси, бу — “Театр директори” ( театрдаги энг олий орган “Бадиий кенгаш”нинг раиси ҳисобланади). Иккинчиси, бу — “Бош режиссёр-бадиий раҳбар”(театрда барча ижодий жараёнга жавоб берадиган лавозим). Учинчиси – театрнинг Бош режиссёр-бадиий раҳбарнинг устидан яна битта “Бадиий раҳбар” лавозими киритилган. Бу нафақат кулгили балки ачинарли ҳол эмасми?!
Наҳотки бу лавозимни ўйлаб топганлар, бутун дунёда “ТЕАТР” санъатини фақат “Бош режиссёр-бадиий раҳбар” бошқаришини билмасалар?! Ахир, режиссёр Станиславский ва Немирович-Данченко театри, режиссёр Бертольд Брехт театри, режиссёр Маннон Уйғур театри, Тавстаногов театри, Олег Ефремов театри, Юрий Любимов театри деб бежиз аташмайдилар! Чунки, “ТЕАТР”санъати (кино санъати ҳам) режиссёрлик касбига чамбарчас боғлиқ. Бу – “ТЕАТР” қонуни!
Иккинчидан, кўпдан бери театрларимизга “директор” лавозимига кадр тайинлашда шошма-шошарликка йўл қўймоқдамиз. Кейинги йилларда бу масалага эътиборсиз бўлиб қолдик. Театрдаги бирон-бир етакчи актёрни бу лавозимга тайинлаймиз. Кўп йиллардан бери бу “анъанага” айланиб улгурди! Ачинарлиси, бугунги кунда ҳам, бу “анъана” яна давом этиб келмоқда. Узоққа бориб ўтирманг, пойтахт театрларининг барчасини актёрлар бошқармоқда. Тўғри, актёр ижодкор ўз касбининг устаси, фидойиси бўлиши мумкин. Аммо биз биламизки, “директор”лик лавозим умуман бошқа касб. Бир замонлар, буюк актёримиз Шукур Бурхоновга “Директор” лавозимини таклиф килишганда: “Менинг касбим “АКТЁР”, саҳнада роль ўйнашим керак!” — деб, жавоб берган эди. Тўғри-да, истеъдодли актёр ролга чанқоқ ва ўз касбига нисбатан ҳиёнат қилмайди ва фидойи бўлиб қолаверади.
Шу боис, бугунги кунда, театрларимизга “директор” тайинлаш қоидаларини тубдан ўзгартиришимиз зарур, деб ўйлайман. Бутун дунёда ТЕАТР санъатини Бош режиссёр-бадиий раҳбар бошқариб келган ва доим шундай бўлиб қолади. Бошқача бўлиши мумкин эмас! Азалдан шундай бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Акс ҳолда, бу кетишда, ТЕАТР санъатимиз ҳеч қачон ривож топмайди. Узоққа бормайлик, Миллий театримиз ўттиз йилдирки “Бош режиссёр-бадиий раҳбар”га муҳтож бўлиб келмоқда. Шу сабаб, Академик театримиз ўз йўналишини тополмай сарсон. Аслида Миллий театримиз барча театрларга ўрнак бўлиши зарур эмасми?
Яна бир бор айтаман, театр санъатини фақат ва фақат битта, ёлғиз раҳбар – “Бош режиссёр-бадиий раҳбар” — бошқариши шарт! Бошқача бўлиши мумкин эмас! Президентимиз Шавкат Миромонович Хоразм вилоят театрига ташриф буюрганларида: “Режиссёр – театрнинг юраги!” деб, бежиз айтмаган эди! Тўғрида, инсон танасида “юрак” биринчи ўринда туради. Шу сабаб, ҳар доим, театрда “Бош режиссёр-бадиий раҳбар — бу жудаям масъулиятли лавозим ҳисобланади. Театрларимизга “Бош режиссёр-бадиий раҳбар” тайинлашда шошма-шошарлик қилиб бўлмайди. Чунки, бу лавозим юкини кўпчилик ижодкорлар кўтара олмайди. Бу лавозимга тайинланадиган санъаткор ўз услубига, ижодий йўналишига эга бўлган истеъдодли ижодкор бўлмоғи зарур. Чунки, театр санъатининг ривожланиши ёки инқирози “Бош режиссёр-бадиий раҳбар”нинг ижодий савиясига, билимига, тафаккурига ва ташкилотчилигига чамбарчас боғлиқ. Баъзида, театрларга ёш режиссёрни “Бош режиссёр-бадиий раҳбар” лавозимига тайинлаймиз (ҳали у ёш ижодкор изланишда) ва бир йил ўтар-ўтмас ижодий жамоа уни қабул қилолмайди ва натижада у навбатчи режиссёр бўлиб шу театрда қолади ёки ишдан кетади. Натижада, бундай ҳолат, ёш ижодкорни “синдириш“ билан тугайди. Ахир, театрга келган ёш “режиссёр” беш йил давомида ўзининг яхши мутахассис эканлигини жамоага кўрсатиши учун бир неча йил ўз услубини топиб олиши зарур. Шунинг учун, қайта-қайта айтаман, театрларимизга “Бош режиссёр-бадиий раҳбар” тайинлашдек масъулиятли ишда ҳеч қачон адашмаслик керак. Бу лавозимга ўз ишининг яхши мутахассиси бўлиши билан бир қаторда, кўп йиллик ижодий ишларида айрим ютуқларга эришган ижодкор бўлиши ва барча актёрлар уни ижодкор сифатида ҳурмат қилиши зарур. Шундагина театр жамоаси “Бош режиссёр-ижодий раҳбар” атрофида жипслашиб, бир ёқадан бош чиқариб ва театрда барча ижодий ютуқларни қўлга киритишига имкон яратилади. Шунинг учун, театрларни ўз эгасига қайтариб берайлик. Бош режиссёр-бадиий раҳбарга кенг кўламда имкон яратиб бериб ва уларнинг ижодий жамоа олдидаги масъулиятини оширайлик.
Яна бир масала. Юртимиздаги 36 театрда (ҳар чоракда) битта саҳна асари вазирликка топширилади. Вазирликдан театрга бирон-бир вакилни юборишади ва асар кўригидан сўнг, бу мутахассиснинг асар ҳақидаги шахсий фикри билан асар қабул қилинади ёки қилинмайди. Энг қизиғи, (айрим ҳолларда) йиллар давомида шу театр саҳнасининг чангини ютиб, ижод қилиб келаётган кекса ижодкорларнинг фикри бир четда қолиб кетаверади. Санъат асарига ёлғиз бир одамнинг фикри билан хулоса чиқармоқ, секинроқ айтганда, ғирт… ажабланарли ҳол! Кўп йиллардан бери айтиб келаман, “театрларимиздаги “Бадиий кенгаш”ларнинг фаолиятини қайта кўриб чиқишимиз ва улар масъулиятларини кучайтиришимиз зарур” деб. Чунки, театрларимиздаги “Бадиий кенгаш”нинг кўригидан ўтган асар муҳокамага муҳтож бўлмаслиги керак. Вазирлик театрларда кўп йиллардан бери меҳнат қилиб келаётган ижодкорларнинг фикрлари инобатга олиниши керак. Ахир, театрдаги “Бадиий кенгаш”га, театр ходимларидан ташқари, театршунослар, соҳа мутахассислари ва туман, шаҳар маданият бошқармаларининг вакиллари ҳам жалб қилинади ва театрда саёз асарлар ҳеч қачон қабул қилинмайди. Театрларимиздаги кекса ижодкорлар, ўз касбининг усталари, ўзлари бунга йўл қўймайди ва қўймаслиги керак! Шу сабаб, театрларимиздаги “Бадиий кенгаш” ва унинг аъзоларига кенгроқ имкон берилишини ва уларнинг масъулиятини ошириш зарур.
Бугунги кунда, барча соҳалардагидек театрларимиз ҳам янги ислоҳотларга муҳтож бўлиб қолди. Чунки, мана ўттиз йилдирки миллий режиссурамиз ривожланмай, бир жойда тўхтаб қолди. Буни тан олишимиз керак. Миллий режиссурамизни тез орада қайта тиклашимиз зарур. Миллий режиссурамизнинг савияси борган сари ночорлашиб кетганлигининг яна бошқа сабаблари бор.
Бугунги кунда, “ижодий эркинлик” деб, турли касб эгаларига саҳнани, киноэкранни ва “ойнаи жаҳон”ни бўшатиб бермоқдамиз. Шу сабаб, томошабинларимизда “режиссёр” касбига бўлган ҳурмати ва эътибори, керак бўлса эътирофи пасайиб кетди. Ахир, “режиссёр” касбини эгаллаш учун (олийгоҳга 100тадан 5-6 нафар абитуриент танлаб олинади!) талаба беш йил таҳсил олиб, яна беш–ўн йил тажрибали режиссёрга “ёрдамчи режиссёр” бўлиб юриб, ундан кейингина унга мустақил иш берилади. Бугун эса телесериал, кино ёки спектакль саҳналаштириш учун “режиссёрлик диплом”и шарт эмасдек бўлиб қолди! Ҳайронман, нега шифокор ёки юрист “диплом”сиз иш юрита олмайди?! Ахир, улар бир одам ҳаётига масъул ва жавобгар бўлса, “Режиссёр”лик касб эгаси эса миллионлаб одамларнинг ахлоқи, диди ва маънавий даражаси қашшоқлашиб кетишига сабабчи бўлади-ку! Тўғриси, мен бу “ижодкорларни” айбламайман, чунки, улар учун бу “ҳавас” холос. Ҳавасга, орзуга эса айб йўқ. Уларга шундай имкон яратиб бераётган “раҳбар” ёки “манфаатдор” одам кўпроқ айбдор деб биламан. Агар андиша бўлмаса, бу ҳолни миллий санъатимизга бўлган ички душманлик (диверсия), деб ҳисоблаш тўғрироқ бўларди.
Дунёда “режиссёрлик” ноёб касб эканлиги барчага маълум. Аммо бизда ҳанузгача айримлар буни тан олгиси келмаяпти. Балки, кимгадир, тан олмаслик қулайдир. Бугунги кунда, Янги Ўзбекистонни қурмоқчи эканмиз, агар, бу ҳолат, қўпчиликни ташвишга солмас экан, театр ва кино санъатимиз олдинга қараб силжимайди, бир жойда тўхтаб тураверади ва ривожланмайди.
Балки, миллий режиссурамизни жонлантиришимиз учун вазирлик қошида ёки Театр арбоблари уюшмаси қошида профессионал режиссёрлардан ташкил топган “Ўзбек режиссура академияси”ни ташкил қилиш керакдир? Академияда, театрларимизга “Бадиий раҳбар” лавозимига малакали мутахассисларни танлаш ва тайинлаш, кино, телевидениеда телесериал олмоқчи бўлган режиссёрларнинг “режиссёрлик плани — иш режаси” билан танишиш ёки бошқа ижодий жараёнларни муҳокама қилиш мумкин бўларди. Менимча, шундагина ўзбек киносида, телевидениеда ва миллий театрларимизда суваракдай болалаб кетган “режиссёр” ҳаваскорларга чек қўйилиши мумкин бўлар. Иккинчидан, ёш талаба-режиссёрларни биринчи курсданоқ театрларимизга “боғлаб” қўйиш зарур. Чунки, ёш талаба-режиссёр эртароқ театр чангини ютсагина мақсадга тезроқ эришиш мумкин бўлади. “Олий режиссура” (аспирантура) мактабини ташкил этишимиз, албатта, мақсадга мувофиқ бўлади.
Бугунги кунда, бир вақтлар тарқалиб кетган Театр арбоблари уюшмаси фаолиятини тиклаш зарур. Чунки, яқин ўтмишда Республикамиздаги барча театрлар фаолияти Театр арбоблари уюшмаси зиммасида эди. Барча ижод аҳли шу уюшмада йиғиларди ва ижодий ҳамкорлик ўрнатилиб, бир-бирининг ижодий ишидан хабардор бўлиб туриларди. Балки, айрим сабабларга кўра ёпилиб кетган “Ўзбектеатр” ижодий бирлашмасини тиклаш керакдир?..
Бугун бутун дунё ўзгармоқда, нотинч дунёда ҳар бир ижодкорнинг ўз зиммасидаги вазифалари ниҳоятда салмоқли бўлиши зарур. Бугунги фаровон ҳаётимизга хориждан турли хил диний экстремизм, терроризм ғоялари интернет, мобил телефонлари ва бошқа ахборот воситалари орқали бостириб кириб келмоқда. Чунки асрлар давомида шаклланган бизнинг миллий тарбиямизни, маърифий тизимини издан чиқармоқчи бўлганлар оз эмас. Шунинг учун, бугунги юрт соҳибини ва бир-биримизни кўз қорачиғимиздек асрашимиз, эҳтиёт бўлишимиз керак. Минг йиллар давомида буюк аждодларимиз қолдирган улуғ меросимизни асраб-авайлаб келажак авлод учун қолдиришимиз, биз ижодкорлар, мамлакатимизда олиб борилаётган маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этишда бир қадам олдинда бўлишимиз ва халқимизнинг, айниқса, ёшларимизнинг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтириш биз, ижодкорлар зиммасида эканини унутмаслигимиз керак.
Тожи Муҳаммад Исроилов,
режиссёр, “Дўстлик” ордени соҳиби