Нафосат ва гўзаллик мужассам

“Атиргул” танловининг қайта тикланиши журналист хотин-қизларга эҳтиром намунаси бўлди

 

Бугунги кунда журналистика соҳасида қалам тебратаётганларнинг 60-70 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани, оммавий ахборот воситаларида   халқимизга манзур бўладиган материаллар ҳамда долзарб мавзуларни кўтариб чиқаётган аёлларимизнинг хизматлари барчамизга маълум.

Журналистик фаолият билан шуғулланаётган зукко опа-сингилларимиз томонидан ёзилган мақолалар, тайёрланган телекўрсатув ва радиоэшиттиришларда нафақат касб маҳорати, балки қалб қўри, аёллик назокати ҳам яққол сезилиб туради.

Дарҳақиқат, бугунги кунда аёлларнинг барча соҳа ва тармоқлардаги ўрни ва таъсири янада ортиб бораётганини республикамизда меҳнат билан банд аҳолининг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётганида ҳам яққол кўриш мумкин. Мамлакатимиз бошқарув тизимида аёлларнинг улуши 33 фоизга етгани, юртимиз бўйича минглаб хотин-қизлар турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида ишлаётгани, давлат ва жамият бошқарувида уларнинг иштирокини кучайтириш мақсадида 6 мингдан зиёд фаол хотин-қизлардан иборат кадрлар захираси шакллантирилгани ҳам алоҳида эътирофга лойиқ.

Юртимиз тараққиёти йўлидаги эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш, Янги Ўзбекистон руҳига мос янгича тафаккур тарзини шакллантириш, умуминсоний қад­риятларни тарғиб этиш, ёш авлод маънавиятини юксалтиришда ҳам журналист хотин-қизларимизнинг муносиб хизмати бор, албатта.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекис­тон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан миллий оммавий ахборот воситаларини изчил ривож­лантириш, сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, жаҳон андазалари талаблари даражасида фаолият кўрсатиши учун зарур шароитларни яратиш, журналист аёлларнинг касбий маҳорати, интеллектуал савиясини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаолликларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда журналист аёлларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги давлатимиз, жамиятимиз учун ҳар қачонгидан муҳимлигини ҳам яққол кўриб турибмиз. Шу ўринда уларнинг фаоллик билан олиб бораётган фаолиятларини рағбатлантириш ҳамда қўллаб-қувватлаш мақсадида “Атиргул” танловининг қайта тикланиши ва ўтказилиши ҳам журналист аёлларга, хотин-қизларга бўлган эҳтиромнинг ўзига хос рамзи десак, асло муболаға бўлмайди.

Республикамиз миқёсида ўтказиладиган журналист хотин-қизлар ўртасидаги бу танловнинг “Атиргул” деб номланиши ҳам бежиз эмас. Зеро, атиргул тимсолида аёл нафосати ва гўзаллиги мужассам. “Аёлга меҳр ва эътибор керак” дейилганидек, мазкур танловнинг Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг саъй-ҳаракати билан яна қайта ўтказилиши барча журналист хотин-қизларни бирдек қувонтирди. Ўз касбига бўлган муҳаббатини чин маънода янада оширди.

— Мазкур танловда республиканинг барча ҳудудларидан 107 нафар журналист аёл 1500 дан ортиқ ижодий ишлари билан қатнашди. Иштирокчилар орасида энг фаоли қорақалпоғистонлик журналист аёллар бўлди. Бу ижодий ишларнинг савияси юқори экани ҳакамлар ҳайъати томонидан қайд этилди. “Инсон қадри улуғланган энг яхши материаллари учун” йўналиши бўйича энг кўп — 150 дан зиёд ижодий ишлар топширилган. “Журналистика соҳасидаги энг яхши илмий-тадқиқоти учун” ва “ОАВ билан фаол ва тезкор ишлагани учун” йўналишларида ҳам ижодкор хотин-қизларнинг фаоллиги янада ошди. Шу билан бирга, нодавлат ОАВларидан “Атиргул” танловида журналист аёллар фаол қатнашди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан эса ҳар бир ижодий иш холисона кўриб чиқиб, баҳоланди. Танловга келган материалларни таниқли журналист ва экспертлардан таркиб топган ҳайъат аъзолари ўрганиб чиқиб, ғолибларни аниқлади, — деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров.

“Атиргул” танлови журналист аёлларнинг касбий маҳоратини ошириш, улар ўртасида соғлом рақобатни юзага келтириш, иқтидор эгаларини рағбатлантириш, босма ОАВ, интернет нашрлар ва эфирга узатиладиган телерадиомаҳсулотлар сифатини яхшилаш, материаллар тайёрлашда фикрлар хилма-хиллиги ва турлича ижодий ёндашувларга самарали таъсир кўрсатиши шубҳасиз.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, “Атиргул” танлови номигагина тикланмади, замон руҳига мос янги маъно-мазмун касб этди. Буни танлов йўналишлари ҳам англатиб турибди. Ғолибларни тақдирлаш ҳам ўзгача, байрамона руҳда ўтказилди. Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказининг фаоллар залида ҳар бир йўналиш бўйича ғолиб бўлган иштирокчиларнинг номи тантанали эълон қилиниб, устоз журналистлар томонидан тақдирландилар.

Танлов натижаларига кўра, “Инсон қадри улуғланган энг яхши материаллари учун” номинацияси бў­йича “Маҳалла” радиоси бўлим мудири Умида Ғаффорова, “Фарғона ҳақиқати” газетаси бўлим мудири (рағбатлантирувчи) Севара Алижонова, “Гендер тенг­лик масаласи энг яхши ёритилган материаллари учун” номинацияси бўйича “Инсон ва қонун” газетаси мухбири Маруса Ҳосилова, “Даракчи” газетаси бўлим мудири (рағбатлантирувчи)   Фарида Эгамбердиева, “Ёшлар муаммолари энг яхши ёритилган материаллари учун” номинацияси бўйича “Гулхан” журнали бош муҳаррири ўринбосари Муҳаббат Ҳамидова, “Менинг юртим” телеканали мухбири (рағбатлантирувчи) Аиша Хушназарова, “Оила ва маҳалла мавзуси энг яхши ёритилган материаллари учун” номинацияси бўйича Қорақалпоғистон телеканали бош муҳаррири Венера Сариева, “Постда” газетаси махсус мухбири (рағбатлантирувчи) Гулноза Турғунбоева, “Экологик муаммолар энг яхши ёритилган материаллари учун” номинацияси бўйича “Davr” информацион дастури катта муҳаррири Мадина Умарова, “Human.uz”   портали журналисти   (рағбатлантирувчи) Наргиза Юнусова, “Ҳарбий-ватанпарварлик мавзуси энг яхши ёритилган материаллари учун” номинацияси бўйича “Сурхон тонги” газетаси котибият мудири Феруза Раҳмонқулова, “Ватанпарвар” газетаси бўлим мудири (рағбатлантирувчи) Гулнора Ҳожимуродова, “Журналистика соҳасидаги энг яхши илмий-тадқиқоти учун” номинацияси бў­йича ЎзЖОКУ таянч докторанти   Садоқат Маҳсумова, “Янги Ўзбекистон” газетаси мухбири Санобар Жуманова ҳамда “ОАВ билан фаол ва тезкор ишлагани учун” номинацияси бўйича Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Хоразм вилояти бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Дилрабо Курязова лойиқ кўрилди ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда ҳомийларнинг қимматбаҳо совғаларига эга бўлдилар.

— “Атиргул” танловининг қайта тиклангани ва унда ғолибликни қўлга киритганим мени жуда руҳлантирди, қувонтирди. Журналистикада одамларга қандайдир фойда келтираётганимни ҳис қилдим. Барчаси учун ташкилотчиларга ҳамда қимматли маслаҳатлари билан бизларни қўллаб турган устозларимизга ўз миннатдорлигимни билдираман, – деди “Фарғона ҳақиқати” газетаси бўлим мудири Севара Алижонова.

Юртимизда Президентимиз раҳбарлигида хотин-қизларга эътибор, ғамхўрлик масаласи давлат сиёсати даражасида кўтарилган ҳозирги даврда ҳамда 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни арафасида ўтказилган мазкур танлов Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг навбатдаги хайрли қадами десак, хато бўлмайди.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 4 =