Навоий вилояти: Саноат салтанатига саёҳат
Шу йилнинг 25-30 март кунлари Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Навоий вилояти ҳокимлиги ва “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти ҳамкорлигида “Миллий журналистика: анъаналар давомийлиги ва замонавийлик” мавзусида республика медиафоруми бўлиб ўтди.
Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Медиафорум давомида Навоий вилоятининг пешқадам корхоналарида, эл назаридаги зиёратгоҳларда ижодкорлар мулоқот қилишди, бугунги кун қаҳрамонлари билан юзма-юз учрашувлар ўтказилди. Вилоят Менделеев даврий тизимидаги барча моддалар, жумладан, олтин, кумуш, уран, табиий газ, нефть, менерал туз конлари ва бошқа бойликларнинг мўл-кўл захирасига эга. Бу ерда қазиб олинадиган олтин ва кумуш, Ғозғон мармари, чорвачиликдаги қоракўл териси бутун дунёга машҳур бўлиб, халқаро миқёсда сифат эталони, деб қабул қилинган.
Навоий вилоятининг инсоният таманддунига катта ҳисса бўлиб қўшилган қадимий ва бой тарихи, замонавий цивилизацияга ҳам қўшаётган ўзига хос улуши бор. Президентимиз Шавкат Мирзиёев: “Азим Зарафшон воҳасида, беҳисоб бойликлар макони бўлган Қизилқум минтақасида жойлашган Навоий вилояти, таъбир жоиз бўлса, мамлакатимизнинг дуру жавоҳирлар хазинасидир” дер экан, бу макондаги нафақат ер ости ва ер усти бойликларини, балки унинг меҳнаткаш, маърифатли, бунёдкор халқини ҳам назарда тутади. Навоий вилояти мамлакатимизда ҳудудий жиҳатдан энг катта вилоят бўлиб, Қорақалпоғистондан кейин иккинчи ўринни эгаллайди. Унинг ҳудуди 110,99 минг кв.км. ни ташкил этади. Вилоят ўзига хос табиий шароитига кўра йирик уч қисмга бўлинади: шимолий-ғарбий қисмини не-не сир-синоатларни яшириб ётган Қизилқум чўли эгаллаган бўлса, жануби-шарқий қисмида Нурота тоғ тизмаларига тегишли Қоратоғ, Оқтоғ каби тоғлар бўй чўзган бўлса, Зарафшон воҳасининг ўрта қисмида вилоятнинг деҳқончилик зонаси ўрнашган.
Вилоятнинг шимоли ва ғарбида кўчма қум барханлари, гилли чўл зоналари ястаниб ётади. Мазкур кенгликлар, айниқса, баҳор ойларида турфа табиий гиёҳлар, ўт-ўланлар, ранг-баранг ўсимликлар билан безанади.
Навоий чўллари, дашту далалари, тоғу тошлари, турли ҳайвонот – жониворларга онабағирлик қилади. Бу заминда Ўзбекистонимизнинг бошқа жойларида кам учрайдиган ёхуд умуман кўзга ташланмайдиган ёввойи ҳайвонлар, кемирувчилар, сутэмизувчилар, судралиб юрувчилар оиласига мансуб турли хил жониворлар сақланиб қолган.
Зарафшон шаҳрига йўл Конимех тумани орқали ўтади. Асли шу тумандан бўлган Гулдона Норинбетова ушбу масканнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида йўл-йўлакай ҳикоя қилиб берди. Туман номининг этимологияси, аҳолининг нима билан машғуллиги ҳақидаги қизиқарли маълумотлар барчанинг эътиборини жалб қилди. Унинг айтишича, йўлнинг икки томонидаги ястаниб ётган яйдоқ далалар, ажиб кенгликлар ўз бағрида уран моддасини сақлар экан.
Медиафорум мобайнида Зарафшон шаҳридаги 7-Гидрометаллургия заводи ва “Мурунтов” конига ташкил этилган ижодий саёҳатлар, айниқса, ҳамкасбларимизнинг ҳайратига сабаб бўлди. Бизни Мурунтовда навоийликлар фахри, Ўзбекистон Қаҳрамони Фарҳод Соипов кутиб олди. Бу ердаги қудратли техника воситалари ҳамда уларни моҳирлик билан бошқараётган одамларнинг шижоатини кўрганда она Ватанимиз қанчалик мустаҳкам заминга таянаётганига ишонч ҳосил қилдик. Ушбу корхонанинг махсус кийимларини кийган журналистлар бир неча лаҳзада ўзларини байроқдор корхона ходимлари ўрнида тасаввур қилишди. Шуни айтиш керакки, бу ерга алоҳида келган журналистлар кириши ўта мушкул. Медиафорум қатнашчилари эса корхона раҳбарлари билан биргаликда цехнинг ички дастгоҳлари ёнида ўзларини эркин ҳис қилишди.
Бу чинакам қаҳрамонлар меҳнатига гувоҳ бўлиш учун катта имконият эди. Демак, илгари ёпиқ саналган маълумотлар эндиликда ошкора айтилмоқда.
Корхона бугун геология-қидирув ишлари, маъданни қазиб олиш ва қайта ишлашдан тортиб, то уран чала оксиди ва юқори пробали тайёр олтин ёмбилар олишгача бўлган яхлит бир тизим асосида ишламоқда. Сўнгги ўн йилликда илғор технологияларга асосланган, халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган янги ёндош корхоналар бунёд этилгани комбинат салоҳиятини янада юксалтирди, иш ҳажми, иқтисодий самарадорлик ҳам олдинги йилларга қараганда шунга яраша ошди. Жумладан, сўнгги йилларда тоғ массасини қазиб олиш уч бараварга, рудани қайта ишлаш уч бараварга, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва ишчи-ходимлар сони икки бараварга ошгани қувонарлидир.
Бугунги кунда комбинат фаолиятида инновацион ёндашув муҳим роль ўйнаб, бу юқори иқтисодий самарадорликни таъминламоқда. Сўнгги ўн йилда комбинат мутахассислари томонидан яратилган 36 та ихтиро Ўзбекистон, Россия, Украина, Германия ва Швейцария давлатларидаги тегишли идоралар патентларни қўлга киритишга муваффақ бўлди. Айни пайтда ишлаб чиқариш жараёнларида 17 та ихтиродан кенг фойдаланилмоқда, 13 та ихтиро бўйича тажриба синовлари ва қўшимча ўрганишлар ўтказилмоқда.
Агар 1968-1991 йиллар орасида Ўзбекистон ҳудудидан қазиб олинган фойдали қазилмаларнинг қиймати бир неча миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, олинган олтиннинг 90 фоизи Мурунтов ҳиссасига тўғри келади. Мурунтов – дунёдаги энг йирик кон ҳисобланади. Кон олиш захираси бўйича ХХ аср мўъжизаси сифатида тан олинган. Бугунги кунда Мурунтов конининг узунлиги 4,3 километр, кенглиги 3,2 километр, чуқурлиги 650 метрни ташкил этади. Мазкур кондан йилига ўртача 42 миллион тоннадан ортиқ маъдан қазиб олинмоқда. Ушбу кон геологлар томонидан энг йирик олтин захирасига эга кон сифатида эътироф этилиб, унинг захираси 4,5 минг тоннадан ортиқ баҳоланган.
Журналистлар ушбу кон бағрида ишлатилаётган техникаларни зўр қизиқиш билан кузатишди. Ҳайратланмай бўладими, Мурунтов кони бош мутахассиси Сарвар Раимовнинг айтишича, ўз оғирлиги 180 тонна бўлган автосамосвал 150-220 тоннагача маъданни гарданига олади. Медиафорум қатнашчилари шундай техниканинг улкан ғилдираги ёнида суратга тушишга ошиқишди. Акс ҳолда бу таассуротларни “далилий ашёсиз” айтиш ишонарли бўлмасди.
7-Гидрометаллургия заводи ишлаб чиқариш диспетчерлик бўлимида телемонитор қўйилган бўлиб, унда корхона ҳақида оддий тушунча берадиган қисқа фильм тайёрланган. Бу меҳмонларга мўлжалланган бўлиб, асосий ва қўшимча бўлинмалар ҳақида муфассал шарҳ берилган. Шоир Ойбекнинг “Бир ўлкаки, тупроғида олтин гуллайди” деган сатри кончилар фаолиятини аниқ акс эттириб тургандек.
Навоий давлат кончилик институтига қарашли технопарк барчанинг қизиқишини янада оширди. Бу ерда махсус техникалар амалдаги ускуналардан бир неча бор кичрайтирилган бўлиб, талабалар амалий билим олишлари учун айни муддаодир.
Медиафорум қатнашчилари “Навоий машинасозлик ишлаб чиқариш бирлашмаси”нинг металл эритиш бўлимида инновацион технологияларни амалиётга татбиқ этилишига гувоҳ бўлишди.
Навоийда нафақат қудратли саноат корхоналари, балки дилтортар маънавият масканлари ҳам мавжуддир. Нуротага борганимизда “Чашма”га келмабсиз – Навоийда бўлмабсиз” деган лутфни эшитдик. Зеро, ушбу зиёратгоҳ одамлар билан гавжум, ҳамманинг юзида мамнуният ва шукроналик акс этиб турибди. Ён-атрофда эзгу ният билан қилинаётган тиловатлар янграйди. Нурота меъморий мажмуасининг тарихи олис даврларга бориб тақалади. Х асрлардаёқ бу ерда жоме масжиди, кўплаб работлар ва муқаддас зиёратгоҳлар мавжуд бўлган. Ҳар йили Бухоро ва бошқа жойларнинг аҳолиси бу заминга зиёрат қилгани келиб туришган. Зеро, бу масканда халқ қалбига иймон-эътиқод, маърифат нурини сингдиришга хизмат қилган улуғ алломалар яшаб ўтишган.
Ҳозирга қадар сақланиб қолган қадимий бинолардан Панжвақт масжид хонақосидир. У ХVI асрда тикланган бўлиб, кейин бир неча бор кенгайтирилган. Унинг икки томонида ХIХ асрнинг ўрталарида масжидга тақаб қурилган айвонлар жойлашган.
Кармана шаҳрининг 30 км. ғарбидаги Ҳазора қишлоғининг ёнида Мовароуннаҳрдаги энг қадимий масжидлардан бири – Деггарон масжиди жойлашган. Унинг қурилиш даври ХI аср бошларидан нарига ўтмайди. Бу бино Зарафшоннинг сўл қирғоғида, эндиликда вайрон бўлган, лекин илгари яхши мустаҳкамланиб қурилган қадимий бир қишлоқ ҳудудида жойлашган. Қишлоқнинг ҳам, масжиднинг ҳам номи бу ерда яшаган аҳолининг асосий машғулоти – ўтга чидамли қозон тайёрлашдан олинган.
Шуниси эътиборлики, Хожагон сулукининг машҳур сўфийларидан бири бўлмиш шайх Мавлоно Ориф Деггароний (1313-1376) шу қишлоқда туғилган ва шу маконда дафн этилган. Бу зот Нақшбандия тариқатидаги Хожагон сулукининг буюк намояндаси бўлмиш Баҳоуддин Нақшбанднинг устозларидан биридир.
Карманадаги Қосимшайх Азизон ҳазратлари қабрини зиёрат қилиш навбатдаги манзилимиз бўлди. Ушбу архитектура мажмуаси ўз келиб чиқишига кўра аниқ тарихий шахс номи билан боғлиқ. Бу зот Кармана фарзанди, Яссавия сўфийлик тариқатининг шу ерлик етакчиси, шайх Худододий валийнинг шогирди, Ўрта Осиёда ном қозонган диний-сиёсий арбоб Қосимшайх Азизон Карминаганийдир. Шайх ҳазратлари ҳукмдорларнинг ўзаро ички курашлари даврида ўзининг тинчликпарвар фаолияти билан шуҳрат қозонган зотлардан эди. Кармана Искандар Султонга қарашли Миёнкўл вилоятининг пойтахти бўлган XVI аср ўрталарида Қосимшайх Искандар Султоннинг ёш ўғли, бўлғуси ҳукмдор Абдуллахон II га Самарқанд, Тошкент ва Туркистоннинг бирлашган қўшинларига қарши курашда ёрдамга келади. У фақат бўлғуси хонга фотиҳа бериб, қалъага ўз оиласини ҳамда муридларини бошлаб келибгина қолмай, балки қалъани қўриқлаш ва мудофаасини ташкил этишда ўзи ҳам иштирок этганлиги тарихий маълумотларда мавжуд.
Архитектура мажмуаси уч асосий бинони – бир хонақо ва очиқ осмон остидаги қабристон типларидан бири бўлмиш хазирани ўз ичига олади. Улар орасида қадимийси – Қосимшайх хазирасидир. Замондошларининг гувоҳлик беришича, бу бино суфий шайхнинг ўзи томонидан қурилган ва унинг вафотига қадар мадраса сифатида хизмат қилган. Шунингдек, у мусулмонларнинг икки асосий байрами – Рамазон ва Қурбон ҳайитида номозгоҳ вазифасини ўтаган.
Қосимшайхнинг жасади хазира ҳовлисининг ўртасига дафн қилиниб, қабр устига улкан даҳма қурилган ва унинг атрофи мармар билан безатилган. Кейинроқ бу ерда бир неча мармар тошли қабрлар пайдо бўлган. Улар шайхнинг ўзи ва муридларига тааллуқли деб ҳисобланади. Қосимшайх вафотидан кейин бу хазира оммавий мозорга айланиб кетган. Абдуллахон хазира ёнига хонақоҳ қуришга буюради. Мажмуада ушбу бино алоҳида ажралиб туради.
* * *
…Медиафорум жараёнида маҳорат дарслари кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Ўзбекистон Республикасида хазмат кўрсатган журналистлар Аҳмаджон Мелибоев, Муҳаммаджон Обидов, Чори Латипов, Норқобил Жалил, “Ishonch”– “Доверие” газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, профессор Шерзодхон Қудратхўжа, Cамарқанд вилоятидаги “Зарафшон” газетаси бош муҳаррири, Сенатор Фармон Тошев, “hurriyat” газетаси бош муҳаррири Абдурасул Жумақулов ва бошқа таниқли ижодкорлар анжуман иштирокчиларига босма ва электрон нашрлар таъсирчанлигини ошириш, газетхон ва тингловчилар билан ишлаш борасидаги ўз тажрибаларини баҳам кўрдилар.
Медиафорумнинг якунловчи қисмида “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Қувондиқ Санақулов, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳри вакиллари жам бўлган ушбу тадбирда Янги Ўзбекистон шароитида миллий журналистика анъанавий ва замонавийликни уйғунлаштириш учун талаб қилинадиган вазифалар ҳақида сўз юритишди. Худди шундай тадбир Навоий вилоятида йилига икки марта – баҳорда ва кузда ўтказилиши таклиф қилинди. Бу ташаббусни “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Бош директори, техника фанлари доктори, Ўзбекистон Қаҳрамони Қувондиқ Санақулов илгари сурар экан, юртимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида илм-фан, маънавият-маърифатга юксак эътибор берилаётганини мамнуният билан қайд этди. Бу ташаббусни медиафорум иштирокчилари қизғин қўллаб-қувватлашди.
Анжуман кунларида ўтган ҳар бир учрашув, суҳбатларда халқ ҳаётини яқиндан ўрганиш, унинг долзарб муаммоларини ҳар томонлама таҳлил қилиш бугунги журналистиканинг асосий вазифаси эканлиги қайта-қайта таъкидланди. Бу йўлда илғор ижодкорлар тажрибасидан фойдаланиш, янги шакл-шамойилларни излаш учун нималар қилиш кераклиги ҳамкасбларнинг ўзаро суҳбатларида очиқ-ойдин айтилди. Хуллас, мазкур медиафорумнинг фойдали иш коэффиценти яқин келажакда бўй кўрсатишига ишонч билдирилди.
Бир сўз билан айтганда мамлакатимиз пойтахтидан бошлаб, юртимизнинг барча ҳудудларидан 100 нафарга яқин ОАВ вакиллари иштирокида 5 кун давомида кечган анжуман таассуротларга бой кечди. Унинг аҳамияти, ўрни ҳали олдинда: иштирокчилар томонидан тайёрланадиган кўрсатув ва эшиттиришлар, мақолалар ва очерклар, бадиий ижод намуналарида ўз инъикосини топишига шубҳа йўқ.
Шуҳрат ЖАББОРОВ,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист