Маънавият билан тараққиёт сари

Бугун Ўзбекистон тараққиёт йўлида янги босқичга қадам қўйди десак хато бўлмайди. Юртбошимиз бошчилигида Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, барча йўналишлар бў­йича халқни рози қилиш мақсадида олиб борилаётган саъйи­-ҳаракатлар нафақат минтақамизда, балки бутун дунёда ҳақли равишда эътироф этилмоқда. Бу эса, Янги Ўзбекис­тонни барпо этиш ҳамда учинчи Ренессанс пойдеворини қўйишда жонбозлик кўрсатаётган, юксак ватанпарварлик руҳида фидойиларча ўз зиммасига юклатилган вазифаларни тўлақонли адо этаётган ҳар бир юртдошимизга янада куч-ғайрат бағишламоқда.

Давлатимиз раҳбари “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобида таъкидлаганидек: “Янги Ўзбекистонни барпо этиш бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий орзу-интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир”

Мана шундай кенг қамровли мақсадлар яъни, Янги Ўзбекистонни жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон мамлакатга айлантириш борасида эса Президентимиз томонидан белгилаб берилган чора-тадбирлар жуда муҳим аҳамият касб этаётир. Қабул қилинаётган фармон ва қарорлар шу билан биргаликда “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобида ёзилган устувор мақсад ва вазифалар ҳам олимлар ва барча соҳа мутахассислари учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Дарҳақиқат, мазкур китоб   китобхонларда Янги Ўзбекистоннинг замонавий демократик қиёфаси қандай яратилаётганини, юртимизни янги ривожлантириш босқичига кўтариш учун стратегик йўл тўғрисида яхлит тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.

Янги Ўзбекистоннинг илғор фуқароси бўламан деган одам борки, албатта мана шу китоб мазмуни билан танишиб чиқиши керак. Шу сабабли ҳам давлатимизнинг турли корхона ва ташкилотларида бу китобнинг тақдимот ва тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Куни кеча Республика Маънавият ва маърифат марказида мазкур асар тарғиботига қаратилган “Янги Ўзбекис­тон тараққиёт стратегияси” ва маънавият: жамоатчилик нигоҳида” мавзусида илмий-маърифий анжуман бўлиб ўтди. Тадбир Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.

Маънавият ва маърифат маркази қошида ташкил этилган таниқли олимлар, маънавият фидойилари, жамоатчилик вакилларидан иборат Экспертлар гуруҳи аъзолари, Марказнинг ҳудудлардаги бўлимлари вакиллари иштирок этган ушбу тадбир қизғин руҳда кечди.

Анжуманни Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов очиб, “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобидан ўрин олган “Янги Ўзбекистон стратегияси”,   “Халқпарвар давлат”, “Миллий иқтисодиётни ривожлантириш”, “Адолатли ижтимоий сиёсат”, “Хавфсизлик ва ташқи сиёсат”, “Ўзбекистон ва умумбашарий муаммолар” йўналишидаги муҳим вазифаларни кенг тарғиб қилиш, “Маънавий тараққиёт” йўналишида белгилаб берилган мақсад ва вазифалар, уларни амалга ошириш жараёнлари, бу йўлда ишлаб чиқилаётган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича фикр билдирди.

— Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китоби ва ундан маънавиятчилар учун келиб чиқадиган вазифалар, соҳада нималар қилиниши лозимлигини муҳокама қилиб олишимиз керак эди. Шу боис бугунги анжуман долзарб аҳамият касб этади. Барчамизга маълумки, Ўзбекистонни жаҳон миқёсида ҳар томонлама тараққий этган мамлакатга айлантиришда иқтисодий омил билан бирга маънавий омиллар ҳам муҳим ўрин тутади. Таъкидланганидек, “маънавият — инсонлар ўртасидаги ўзаро ишонч, ҳурмат ва эътибор, халқ ва давлат келажагини биргаликда қуриш йўлидаги эзгу интилишлар, ибратли фазилатлар мажмуасидир. Бошқача қилиб айт­ганда, маънавият-жамиятдаги барча сиёсий-ижтимоий муносабатларнинг мазмуни ва сифатини белгилайдиган пойдевордир. Бу пойдевор қанча мустаҳкам бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам шунча кучли бўлади”.

— Биринчи ўринда шу нарсани алоҳида айтар эдимки, давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китоби Президентимиз ўз лавозимига киришгандан кейинги ёзган йирик фундаментал китобдир. Бу китобда давлатимиз раҳбарининг ҳар томонлама ўйланган фикрлари, халқ билан мулоқотлари, дардлари мужассам, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори, академик Акмал Саидов.

Шундан сўнг анжуманда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва “Халқчил давлат” миллий дастури, мамлакатимиздаги маънавий-маърифий ишлар тизими, хусусан, Респуб­лика Маънавият ва маърифат марказининг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобидан келиб чиқадиган асосий вазифалари, маънавий янгиланиш жараёнидаги имконият ва истиқболлар, “Янги Ўзбекистон — маърифатли жамият” концепцияси ва уни амалга ошириш миллий дастурини тайёрлаш борасидаги ташкилий, илмий-маърифий ишлар, бу борадаги вазифалар кўриб чиқилди.

Тадбир сўнгида “Янги Ўзбекис­тон-маърифатли жамият” концепцияси ва уни амалга ошириш миллий дас­турини ишлаб чиқиш бўйича Республика ишчи гуруҳини тузиш ва унинг аниқ вазифалари белгилаб олинди.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 − 7 =