Ажиб бир давра

Фарғонада “Чимён-2022” медиафоруми қизғин, таассуротларга бой тарзда бўлиб ўтмоқда

 

Ўлкамизда Наврўз — меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми шукуҳи кезиб юрган шу фараҳбахш кунларда гўзал Фарғонанинг сўлим сиҳатгоҳида “Жамият ва оммавий ахборот воситалари” мавзусида анъанавий Х “Чимён-2022” медиафоруми давом этмоқда. Ушбу анжуманда “Hurriyat” мухбири ҳам иштирок этяпти. Қуйида у медиафорум ишидан олган таассуротларидан сўз юритади.

 

Бугун миллий журналистикамиз учун ҳам янги Ўзбекистонда янгича давр бош­ланди. Сўз ва матбуот эркинлиги, журналист дахлсизлиги, уларнинг эркин, ҳеч бир тазйиқ ва босимларсиз иш олиб боришлари учун яратилган ва яратилаётган шарт-шароитлар, имконият ва қулайликлар ҳақида истаганча гапириш мумкин. Журналистларнинг касбий малакасини ошириш, ўзаро ҳамжиҳатликда ишлашлари шу билан биргаликда зиммаларига юклатилган юртимиз олдидаги бурчларини тўлақонли адо этишлари учун турли давра суҳбатлари, конференциялар, матбуот анжуманлари ва турли форумларнинг юқори савияда ташкил этилаётгани ибратли.

Қарийб ўн йилдан буён ўтказиб келинаётган анъанавий “Чимён медиафоруми”нинг нуфузи юқори. Бир неча кундирки, мазкур анъанани давом эттирган ҳолда   Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Фарғона вилоят бўлими ҳамкорлигида “Жамият ва оммавий ахборот воситалари” мавзусида анъанавий Х Чимён медиафоруми бўлиб ўтмоқда.

Унда республикамизнинг барча ҳудудларида фаолият олиб бораётган босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир қатор депутатлари, Фарғона вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги фавқулодда мухтор элчиси ҳамда “ТОКИО МХ” телекомпанияси халқаро алоқалар бошқармаси вакиллари дўстона руҳдаги медиафорумда уюшқоқлик ва фаоллик билан иштирок этмоқда.

Медиафорум аввалида Чимён сиҳатгоҳида жам бўлган журналистларга ташриф учун миннатдорлик билдирган Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов ушбу тадбирни юртимизда Наврўз — меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми шукуҳи кезиб юрган бугунги кунларда гўзал Фарғонанинг сўлим сиҳатгоҳида ўтказилаётгани юртимизда матбуотга, журналистикага бўлган юксак эътиборнинг яққол далили эканлигини таъкид­лади.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ҳам ушбу медиафорум очилиш тадбирида қатнашиб, анжуманнинг ташкилий ишларини олиб боришда жонбозлик кўрсатаётган қатор журналистларни санар экан, уларнинг хизматларини миллий журналистикамиз ривожи учун катта хизмат дея баҳолади.

— Бугун Чимёнда ўтказилаётган медиафорум таъбир жоиз бўлса, юбилей медиафорум десак, хато бўлмайди. Негаки, ҳаммамиз айтаётганимиздек бу медиафорум ўнинчи бор ўтказиляпти. Қорақалпоғистоннинг Хўжайлисидан, Сурхондарёнинг Қумқўрғонигача, Самарқанднинг Булунғуридан тортиб, Андижоннинг Қорасувигача бўлган ҳудудлардан, мухтасар қилиб айтганда юртимизнинг барча нуқталаридан энг фаол, ташаббускор, таниқли журналистлар жам бўлишган. Бу медиафорум яна узоқ йиллар ўтказилиши давом этади деган умиддамиз. Негаки бу тадбир ўзбек масмедиасида ўзига хос ўринга эга. Яқинда хитойлик бир журналист мендан сўраяпти: сўнгги вақтда Янги Ўзбекистон атамасини кўп қўллаяпсизлар. Бунинг битта ҳолатини кўрсатиб беринг, бу нимада кўринади? Мен бунга матбуот ва сўз эркинлигида деб жавоб бердим. Мана бугунги кунда ўзбек журналистларига чегараланаётган мавзунинг ўзи йўқ. Исталган мавзуда танқидий-таҳлилий материаллар эълон қилиняпти. Кейинчалик менинг бу фик­римга қўшилган ўша хитойлик журналист томонидан “Янги Ўзбекистон — сўз ва матбуот эркинлиги“ сарлавҳаси остида мақола чоп этди. Ўйлаймизки, бу бежиз эмас. Мана бугун Чимён медиафоруми тажрибаси остида ҳар бир вилоятда мана шундай тадбирларни ташкил этмоқчимиз. Кўриб турганимиздек миллий медиафорум деб ўтказаётганимиз халқаро медиафорум даражасига кўтарилмоқда. Нега десангиз ўтган медиафорумда Канададан, Америка Қўшма Штатларидан журналистлар иштирок этган бўлса, бугун япониялик журналистлар ҳам онлайн тарзда қатнашяптилар. Демак, миллий журналистикамиз бир қатор хорижий давлатлар журналистларини ҳам қизиқтира бош­лади, — деди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси О.Ўсаров.

Чимён медиафорумининг дастлабки кунларида Ўзбекис­тон Миллий Ахборот агентлиги бош директори, Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган журналист Абдусаид Кўчимовнинг “Босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ҳамкорми ёки рақобатчи?” Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмоновнинг “Япония оммавий ахборот воситаларида холислик меъёрлари” мавзусидаги маърузалари тингланди.

— Ҳар бир соҳада бўлгани каби журналистикада ҳам ижодий рақобат бўлмаса ривожланиш бўлмайди. Биламизки, тезкор хабар ва янгилик­лар интернет тармоқлари қўлига ўтиб бўлди ва бу ҳақиқат. Чунки бундай материаллар ҳафтада бир-икки марта чоп этиладиган газеталарда берилгунга қадар ўз аҳамияти, долзарблигини йўқотади. Хўш, ушбу вазиятда вазифаси узоқ вақтлар одамларга информация етказиш бўлиб келган бугунги газета-журналлар қандай йўл тутиши керак? Менинг фикримча улар ўз йўналишини таҳлилга ўтказиши керак. Бизда ҳозир энг етишмайдиган материаллардан бири бу айнан таҳлилдир. Тўғри, кўп яхши мақолалар бор. Аммо чин маънода ўқувчини ўзига тортадиган материалларни учратмаяпмиз. Электрон оммавий ахборот воситалари шунақанги тезкор, шунақанги шиддатлики, жуда кўплаб ахборотларни ўзида жамлай оляпти. Аммо жуда катта камчилиги ҳам бор. Айт­моқчи бўлаётганим қандайдир имло хато ёки сўз қўллаш билан боғлиқ саводсизлик ҳақидагина эмас. Яна бир катта муаммо бу электрон оммавий ахборот воситаларининг масъулиятсизлигидир. Биргина шу камчилик туфайлигина уларда ишончсиз, ёлғон ахборотлар кўпайиб бормоқда. Одамларга холис маънодаги озуқа бериш эмас, уларни жунбушга келтирадиган, бир-бирига гиж-гижлайдиган ахборотларни беришга уринишлар, айрим ҳолларда бировлардан ўч олишга ундайдиган, кимларнингдир буюртмасини бажаришга уринишлар бу тармоқларнинг катта хатоликларидандир. Буларни бартараф этишда эса барча турдаги оммавий ахборот воситалари ҳам дўст, ҳам ҳамкор, ҳамда дўстона руҳдаги рақобатчи бўлса яхши бўлар эди, — деди А. Кўчимов.

— Ҳамиша ва ҳамма вақт журналист қаламга олган мавзусига адолат билан ёндашиб, одамларга тўғри фикр бера олсагина ҳаммаси яхши томонга ўзгаради. Бунда эса, энг аввало, эринчоқликдан, битта материални тайёрлаш учун тор ўйлаб, фақатгина бир одамни тинглаш билан иш битмайди. Бунинг учун ҳам бот-бот такрорланаётган Юртбошимиз айтганидек фидойилик керак, — деди “Зарафшон” ва “Cамаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири, Сенатор Фармон Тошев.

Шу йилнинг 13 мартидан 19 март кунигача давом этадиган анъанавий Х Чимён медиафоруми мана шундай қизиқарли маърузалар, суҳбатлар, савол-жавоблар ва янги режалар билан давом этмоқда.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 + 17 =