Ноёб сўзлар соғинчи

“Сўз ҳам аразлайди

Йўқлаб турмасанг,

Бошин олиб кетар хотирларингдан…”

 

Ҳа, сўзлар ҳам ёд этилмаса, нафақат инсон лисонидан, балки онгу-шууридан секинлик билан узоқлашади, тасаввур кенгликларидан чекинади.

Яъни муайян сўзни узоқ вақт давомида ишлатмасак ёки эшитмасак, у сўзнинг маъноси, талаффузи гўё бегоналашгандек туюлади. Аслида ҳам шундайми?

Ҳа, афсуски, шундай экан. Буни ҳар биримиз ўз тажрибамизда кўрганмиз. Айниқса, ўз шева сўзларига кам мурожаат қиладиганларнинг иқрори ўзига аён.

Ўзбек тили дунёдаги бой ва кўркам тиллардан бири экани маълум. Агар тилимизнинг турли шеваларидаги жилолари, сўзлари бўй кўрсатса борми, бу мукаррам тилнинг нақадар азимлигига ҳеч қандай исботу далил керак бўлмайди. Дарҳақиқат, шевалар адабий тилнинг муҳим қатлами ҳисобланади. Шу­нингдек, шеваларда бутун бир тил тарихи, маданияти, турмуш тарзи ҳам акс этади. Хусусан, ўзбек тилининг ҳудудий шевалари ўша ҳудуд ҳақида жуда қизиқ маълумотларни ўзида жамлайди.

Яқинда “Turon iqbol” нашриё­тида Маъруфжон Йўлдошев ва Зуҳра Йўлдошеваларнинг “Бувайда шевасидан ихчам луғат” китоби чоп этилди.

Китобдан Фарғона вилоятининг Бувайда туманига қарашли айрим қишлоқлар шевасига мансуб сўзлар, иборалар, мақолу маталлар, олқишу дашномлар каби 700 га яқин шева намуналари ўрин олган.

Мазкур бирликлар ўқувчига ҳудуд ҳақида муайян тасаввурлар, хулосалар, бошқа ҳудудлар шевасига ўхшамайдиган ўзгачаликлар ҳақида маълумот беради.

Масалан, адабий тилимизда учрамайдиган, ҳеч бир луғатда кўзимиз тушмаган сўзлар, иборалар, ноёб мақоллар борки, улар диққатимизни жалб этмай қўймайди.

Масалан:

чиначақ (жимжилоқ), эйпара (этакдор), арвак (митти), бувак (чақалоқ), даванда (дайди), емит (ебтўймас), жалочи (жанжалкаш).

Ишти яхшиям “иш” деганакан, агар “чўх” деса нима бўларкан? // Ишни яхшиям “иш” деган экан, Эшакни тўхтатиш учун чиқариладиган овоз “Ишш!” агар “чуҳ” деса нима бўлар экан? (Ишни деб ҳамма нарсани унутиб қўймаслик керак. Ҳар ишни ўз ўрнида қилиш кераклигини таъкид­лаш учун ишлатилади).

Умуман, бу каби нашрлардан мақсад нафақат бир шева намуналарини китоб тарзида тақдим этиш, балки йўқолиб, унутилиб бораётган сўзларни жамлаб, йиғиб келгуси авлодга кичкина бўлса-да бир манба сифатида етказиш десак, фикримиз муаллифлар маслагига уйғун бўлади. Зеро, китобда таъкидланганидек:

“Ҳар бир қишлоқнинг, ҳар бир оиланинг, ҳатто ҳар бир инсоннинг ўз луғати бўлиши зарур. Замон шиддат билан ривожланмоқда. Техника ва технология ривожланган сари шеваларнинг “емирилиши” тезлашмоқда. Энг чекка қишлоқларгача етиб борган интернетнинг гегемон тили маҳаллий шеваларни ютиб юбормоқда. Глобаллашувнинг таъсири дунёнинг барча тилларига ўз таъсирини ўтказиб келаётгани кундек аён. Шундай бир пайтда тилни асраб қолиш учун фақатгина адабий тил ҳақида эмас, балки шевалар тақдири масаласида ҳам қайғуришни тақозо қилади”.

Ўйлаймизки, мазкур китоб ҳали бувайдалик бобо-момолар тилидаги ноёб сўзлар билан яна тўлдирилади, бойитилади. Албатта, бошқа шеваларимизнинг ҳам мана шундай шевага хос сўзлари жамланган китоблар яратилса, қандай яхши бўлар эди!

Дилрабо АНДАНИЁЗОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 1 =