Илдизлари муштарак халқлар

Адабий дўстлик – абадий дўстлик

 

Адабиёт, шубҳасиз, буюк уйғониш ва тамаддуннинг маънавий омили ҳисобланади. Мамлакатимизда адабиёт ва сўз аҳлига берилаётган юксак эътибор кишини қувонтиради. Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари 2019 йил 15 октябрь куни Озарбайжоннинг Боку шаҳрида ўтказилган Туркий давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги саммитида сўзлаган нутқида ташкилотга аъзо давлатлар адабиётининг энг сара намуналаридан ташкил топган “Туркий адабиёт дурдоналари” номли юз жилд­лик тўпламни ҳар бир мамлакатнинг ўз она тилида нашр этиш ташаббусини илгари сурган эди. Ана ўша ташаббус асосида илк бор юз жилдлик “Туркий адабиёт дурдоналари” номли муҳташам мажмуа ўзбек тилида нашр этилди. Унинг довруғи нафақат туркий оламга, балки бутун жаҳонга таралди.

Мажмуага умумтуркий адабиётнинг энг сара намуналари, ўзбек, қорақалпоқ, турк, озарбайжон, қозоқ, қирғиз, туркман ва венгер ада­биётининг XI-XXI асрларга мансуб мумтоз ва замонавий шоир, адиб ва мутафаккирларининг асарлари киритилган. Жорий йилнинг 29-30 март кунлари Навоий шаҳрида бўлиб ўтган “Мумтоз шеърият” фестивали доирасида юз жилдлик “Туркий адабиёт дурдоналари”ни тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Шундай сўзларни эшитганман, ёзилган сўз ўтда ёнмайди, сувда чўкмайди. Шоирлар айтганидек, қалам билан ёзилганни болта билан чопиб бўлмас, дейдилар. Бу сўзларнинг ҳақиқат эканлигига истаганча мисол келтириш мумкин. Айтайлик, асрлар суронини енгиб бизга қадар етиб келган етук асарлар, агар ёзилмаганида бугун, биз китобхонлар, улардан баҳраманд бўлармидик. Албатта, йўқ. Шу боис ҳам қўлига қалам олиб, эзгу сўз айтиш ишқида заҳмат чеккан, чекаётган одам ҳам бахтли, унинг ёзганларини ўқиб бир олам завқ ва руҳ олган инсон ҳам бахтли. Негаки пок ният, тоза мақсад билан битилган асарлар киши қалбини тозаришига ҳам ҳаётда ўз ўрнини топишида кўмакчи бўлади. Сўз кишиларни ҳақиқий инсоний ҳаётга даъват этиб элларни, халқларни, мамлакатларни бир-бири билан дўстга айлантиради. Шунинг учун ҳам адибнинг қайси миллатга мансублиги эмас, унинг қандай асар ёзганлиги ҳамиша муҳим бўлиб келган. Назаримда, бу қоида абадул абад ўзгармаса керак. Демак, ижодкорнинг ёзгани кишиларни эзгуликка, ҳалолликка, покликка ундар экан – у асар қайси тилда ёзилганидан қатъи назар ҳар бир миллату элатга бир хилда тегишли бўлаверади.

Юқорида таъкидланганидек, адабиёт миллату халқларни бир мақсаду маслак йўлида бирлаштиради. Алҳол, Тангрининг ердаги халифаси бўлмиш инсонга тинчлик, фаровонлик, озодлик, пок эътиқоддан бошқа нима орзу бўлмас. Илдизлари туркий халқларга бориб тақаладиган меҳнаткаш ва олижаноб венгер (хунгар, хун эр) халқи билан мард-жасур, шижоатли заҳматкаш ўзбек халқининг бир-бирига бўлган юксак ҳурмат ва эҳтироми ана шу мезонлар билан муштаракдир.

Мозийга назар ташласак, бу муносабатларнинг шаклланиши ўтмишда венгер олимлари ва сайёҳларининг Ўрта Осиёга қилган сафарлари орқали бошлангани ойдинлашади. xix асрда Шандор Кёрёши Чома, Арминий Вамбери, Оноди Берталан, Енё Зичи, Дьёрдь Алмаши, Аурель Штейн сингари машҳур шарқшунос олиму сайёҳлар юртимизнинг бой тарихи, ҳаётини ўрганган ва асарларида қимматли маълумотларни ёзиб қолдиришган. Тарихчи олим, тилшунос ва сайёҳ Арминий Вамберининг “Ўрта Осиё бўйлаб саёҳат”, “Бухоро тарихи” каби тарихий асарларини ноёб илмий манба, – дея эътироф этилиши бежиз эмас. Назаримизда, айни ўша кезлардан эътиборан, ўзбек ва венгер ҳалқлари ўртасида адабий алоқалар бошлаган. Ана шундай эзгу ишларнинг бошида турганлардан бири, ўзбек халқи маданияти ва адабиётининг чинакам тарғиботчиси шунингдек, венгер адабиётининг илк таржимонларидан бири   Исҳоқ Иброҳимдир.

Гапнинг очиғи, “Туркий адабиёт дурдоналари”нинг юзинчи – венгер адабиётига бағишланган жилдини тайёрлаш жараёнида венгер адиби Арань Яношнинг ўзбек тилида нашр этилган “Ажoйиб суйғуннинг ҳикoяти” китобига Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳамкорлик солномасининг янги даври” деб номланган сўз бошисида келтирилган маълумотлар орқали Исҳоқ Иброҳим сиймосини такрор кашф этдим. Салкам ўттиз йил давомида Венг­рияда яшаб, Мулла Исҳоқ, Мулла Содиқ номлари билан танилган, Хива хонлигининг Қўнғирот беклигида туғилиб ўсган ватандошимиз Исҳоқ Иброҳим Ҳожи Рашид афанди номи билан Ўрта Осиёга сафар қилган Вамбери билан ҳамкору ҳамсафарлигининг ўзи бир катта бадиий асарга мавзу бўлади. Мақоладан иқтибос келтирамиз: “Исҳоқ Иброҳим Венгрия Фанлар академиясининг кутубхонасида ишлаб, шарқ қўлёзмаларини тадқиқ этиш ва таржима қилишда фаол иштирок этади ҳамда венгер мутахассисларига ўзбек тили, Ўрта Осиё тарихи бўйича асарлар яратишда ёрдамлашади, шарқ тилларидан дарс ҳам беради.

Исҳоқ Иброҳим ўзбек халқ мақоллари, эртак ва топишмоқларини венгер тилига ўгириб, илмий жамоатчиликнинг эътиборини қозонади. У атоқли венгер шоири Шандор Петёфининг дўсти, 1865-1879 йилларда Венгрия Фанлар академиясининг бош котиби бўлиб хизмат қилган Арaнь Янош билан танишади ва унинг “Ажойиб суйғуннинг ҳикояти” деган асарини ўзбек тилига таржима қилади. Таржима Венгриядаги “Косору” журналининг 1865 йил 9-сонида чоп этилади. Олис ўтмишда қадимги венгер ва хунларнинг Шарқдан – бизнинг бугунги минтақамиздан чиқиб, Европага келиб ўрнашгани ҳақидаги ривоят тасвирланган бу достон биз учун аслиятдан ўгирилган ва венгер адабиётидан ўзбек тилига таржима қилинган илк асар сифатида ҳам қадрлидир”.

Оққан дарё оқаверади, дейдилар. Исҳоқ Иброҳимнинг ҳақиқий маънодаги издошлари – таржимон адибларимиз унинг хайрли ишларни давом эттиришмоқда. Аллоҳга шукур, ҳамиша илм-маърифат, адабиёт ва санъатини, китобни юксак қадрлаб келадиган халқимиз бугунги кунда ҳам маҳоратли таржимонлар туфайли венгер адабиётининг энг сара намуналарини ўз она тилида мутолаа қилмоқда. Бу асарлар китоб ва тўпламлар ҳолида, шунингдек, турли адабий газета ва журналларда мунтазам чоп этилаётгани барчамизни қувонтиради.

Сўзларимиз қуруқ бўлиб қолмаслиги учун бир-иккита мисол келтириб ўтилса, албатта, мақсадга мувофиқ бўлади. Ўзбекистон қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов атоқли венгер драматурги, шоир, журналист, продюссер, тарихчи, муҳаррир, сиёсатчи Еньё Хельтаининг “Соқов рицарь” шеърий драмасини катта маҳорат билан ўзбек тилига ўгирган эди. Пок инсоний муҳаббат, садоқат, ғурур, орни тараннум қилган бу асарни мутолаа қилар экансиз, венгер адиби ўзбек тилида ёзган бўлса керак, деган ёруғ кечинма дилингизга нур-зиё бағишлаб туради. Петер Агарди ва Селиянинг ажойиб муҳаббат қиссаси сизни мафтун этади.

Шандор Петёфи Венгер халқининг ифтихори ва миллий шеърияти асосчиси ҳисобланади. Венгер адабиётшунослари шоирнинг адабиётда тутган ўрнини Пушкин ва Шевченко билан тенглаштиришса, асарларининг ғоясини Беранже, Ҳейне ижоди, ижтимоий қирраларини Некрасов шеърияти билан ёнма-ён қўйишади. Шандор Петёфи шеърлари “Туркий адабиёт дурдоналари” мажмуасининг 100-жилдида шоир ва таржимон Даврон Ражаб таржимасида берилган. Бундан ташқари Лайош Кашшек, Керай Чех, Янош Сентмартони шеърлари ҳам   Даврон Ражаб таржимасида китобга киритилган.

Машҳур венгер адиби Арон Тамаши 1897-1066 йиллар яшаб ижод этган. 1925 йилда унинг илк асарлар тўплами “Руҳим йўлга отланди” деган ном билан нашр этилган. Арон Тамаши асарлари Венг­рияда донг таратиб, истеъдодли адиб сифатида танилган. Мамлакатнинг Баумгартен номли нуфузли мукофоти билан тақдирланган. Ҳаёти давомида Тамаши ўнта ҳикоялар тўпламини нашр этган. Арон Тамаши Венгриянинг олий мукофоти– Кошут мукофотига сазовар бўлган. Ёзувчининг бадиий юксак асарлари дунё­нинг кўпгина тилларига таржима қилинган. Ушбу тўпламга эса таниқли шоир Рустам Мусурмон таржима қилган “Илдиз билан ёввойи гул” деб номланган қиссаси киритилди. Таниқли венгер адиблари Ласло Бёти ва Ласло Краснахоркаи ҳикояларини атоқли адиб ва таржимон Олим Отахон маҳорат билан ўзбек тилига ўгирган.

Имре Кертес номи дунёга маълум. У Нобель мукофотига сазовор бўлган венгер адибидир. Моҳир адиб ўз асарларида асосан одамнинг жамият олдида қанчалар ожизлигини тасвирлайди. Айниқса, 1975 йилда дунё юзини кўрган “Қисматсиз” романи кўплаб танқидчиларнинг эътирофига сазовор бўлган, Венг­рия адабиётининг нодир дурдоналаридан ҳисобланади. 1990 йилда дунёнинг ўнта тилига таржима қилинган ушбу роман – холокост, яъни Иккинчи жаҳон уруши даврида яҳудийларнинг оммавий қирғини ҳақида ошкора ҳикоя қилади. Олти миллиондан ортиқ одамнинг фожиали ўлими, боз устига улар орасида аёллару болаларнинг бўлгани қалбларни ларзага солади. Бу фақат “Қисматсиз”да эмас, балки “Туғилмаган болага аза” асарида ҳам тилга олинган. Бироқ бу асарлар ҳозирча ўзбек тилига ўгирилмаган. Ишонамиз, яқин келажакда таржимонларимиз ушбу асарларга ҳам мурожаат этишади. Аммо Имре Кертеснинг Нобель мукофоти билан тақдирлаш маросимида сўзлаган нутқини Шаҳноза Раҳмонова таржима қилган. Ана шу нутқ ҳам бадиий асар каби киши эътиборини жалб этади. Шу боис ушбу тўпламга у ҳам киритилди.

Венгер ва ўзбек адабий алоқалари янги замонда янада ривожланмоқда. Можор халқининг миллий қаҳрамони Шандор Петёфи таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан 1973 йилда унинг “Танланган шеърлар” китоби устоз шоирлар Шукрулло, Зоҳиджон Обидов, Омон Матжон, Ойдин Ҳожиева, Маъруф Жалил таржимасида Тошкентда нашр этилган эди.

Шу йил Шандор Петёфи таваллудининг 200 йиллиги муносабати билан Халқаро Туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ Венгрия ҳукумати билан ҳамкорликда туркий тилли давлатлар ижодкорлари ўртасида халқаро шеърий таржима танловини ўтказди. 100 нафардан ортиқ туркий тилли шоирлар Шандор Петёфининг 500 га яқин шеърларини ўз она тилларига таржима қилиб, танловда иштирок этди. Нуфузли ҳакамлар ҳайъати қарорига кўра, танловда ғолиб бўлган ижодкорлар Можористонда 2023 йилнинг 11-19 март кунлари Шандор Петёфи таваллудининг 200 йиллиги ҳамда можор халқининг миллий мустақиллик байрами доирасида бўлиб ўтган тантанали тадбирларда тақдирланди. Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғис­тон халқ шоири Рустам Мусурмон Шандор Петёфи шеър­ларидан она тилимизга ўгирган юксак бадиий таржимаси учун ўзбек ижодкорлари ичидан ғолиб деб топилиб, Венгрия Халқ Республикасига бориб келди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Шандор Петёфининг “Озодлик” номли янги китоби Рустам Мусурмон таржимасида ўзбек тилида чоп этилди.

Китоб дебочасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййиднинг “Петраркага қариндош Петёфи” номли, ҳамда Халқаро Туркий маданият ташкилоти бош котиби Султон Раевнинг “Умуминсоний қадриятлар тараннуми” номли венгер ва ўзбек, умуман туркий тилли давлатлар ўртасидаги ўзаро адабий алоқалар тарихи ва истиқболи, унда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қардош давлатлар раҳбарлари билан расмий учрашувлари ҳақида сўз юритувчи долзарб мавзудаги мақолалари китобхонлар эътиборига ҳавола этилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Венгрияга ҳадя этилган Шандор Петёфининг “Озодлик” китобига устоз шоирларнинг 1973 йилда амалга оширган таржималардан намуналар ҳам киритилди. Можор шоирининг ўзбек тилида Рустам Мусурмон ижросида жарангдор ва халқона оҳангда янграган шеърлари Венгрия Парламенти биносида бўлиб ўтган учрашувда халқаро анжуман иштирокчиларини ҳайратга солди.

Ажаб бўлди, ажаб бўлди,

Узук тақдим, узук тақдим.

Севар ёрим, дудоғинга

Бодом чақдим, бодом чақдим…

Ушбу шеърий лаҳзалар Венгрия телевидениеси орқали намойиш этилди.

Венгер адабиётидан бошқа кўпгина бадиий асарлар ҳам ўзбек тилига ўгирилган. Калман Миксатнинг ўтган асрда Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида “Жаҳон адабиёти дурдоналари” рукнида чоп этилган романларини ёшлигимизда кўп ўқиганмиз.

Таъкидланганидек, адабий алоқалар борасидаги эзгу ишлар бундан кейин ҳам изчил давом этади ва китобхонлар янги-янги асарлардан баҳраманд бўлишади.

Ғайрат МАЖИД,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

раиси ўринбосари

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 1 =