Шаъну эъзоз – кўнгилдан

Сиз билан биз умргузаронлик қилаётган жамиятимизнинг муайян жабҳа-жараёнларида ёки ўз шахсий ҳаётида бирон фавқулодда кўнгилсиз воқелик содир бўлганидан кейин замондошларимиз орасида “Буни кўнглим сезганди” қабилидаги руҳоний кечинмалар, баъзан эса “Кўнглим нимагадир безовта-да, фалончидан хавотирим бор, унга бирон кор-ҳол бўлмадимикан?!” деган ёзғиришлар қулоққа чалиниб қолади.

Ҳа, улар валийлик қилаётгани йўқ. Балки бу хислат ота-боболаридан ўтган бўлса, не ажаб. Хўш, одам боласи танидаги бу сезгир аъзо қандай ишлайди? У қандай қилиб, кутилмаган ҳодисот(лар)ни олдиндан сезади? Аминманки, бу саволларга биологиядан жавоб топиш мушкул. Тасаввуфда эса кўнгил – қалб ва дил маъносида ҳам келади. Кўпроқ ишқу муҳаббат туйғуларини ифода қилади ҳамда нозик сирлар мазҳари саналади. Шунга кўра, Яратган нури жамолини кўрсатадиган кўзгу сифатида кенг тараннум этилади. Шунинг учун бўлса керакки, машҳур шайх Жалолиддин Румий ҳазратлари кўнгилни Каъбадан ҳам устун қўяди: Каъбани –   Иброҳим алайҳиссалом, кўнгилни эса Олло таоло бунёд этган, дейди.

Сўфийлар наздида, кўнгил сезувчи ё гапирувчи бўлиши учун жидду жаҳд қилмоқ керак. Шу маънода, Ҳофиз Шерозийнинг бир байтида “Дили ишқ билан тирик бўлган киши ҳеч қачон ўлмайди, олам рўзномасига бизнинг доимий ишқимиз шундай деб ёзилган”, дейилишида муболаға йўқ. Зеро, муқаддас ислом динимизда бу ҳол инкор этилмайди, балки рағбатлантирилади.

Кўнгилнинг ободлик манбаи эканлиги ҳазрат Алишер Навоий назаридан ҳам четда қолмаган:

Суфийи ақл савмасин шукрким бузуб,

Дорулфанойи ишқда хаммормен яна.

Оғзим қуруб, дамим тутулиб, секридим, не тонг,

Ким телба чобукумга жилавдормен яна.

Ақл итти, ҳуш кетти, кўнгил куйди, чиқти жон,

Шукр эт, Навоиёки, сабукбормен яна.

Тасаввуфдаги “Кўнгил назаргоҳи Ҳақ” деган таъриф ёинки “Ер-осмонга сиғмадим, мўминнинг қалбига сиғдим”, деган ҳадиси қудсийлар оддий жонзод – инсон кўнглининг илоҳийлиги ва имкониятларининг чексизлигини яққол ифода этади. Шунингдек, сўфийлар қалбнинг етти табақотидан тўртинчисини фуод деб аташган. Бу – кўнгилнинг мушоҳада мас­кани, деган маънони англатади.

Шундай экан, кўнглимизни мушоҳадакор айласак, ўз олдимизга қўйган яратиш – барпо этиш ишқидаги эзгу мурод-мақсадларга талафотсиз етамиз, иншооллоҳ. Мана, халқимиз мўмин-мусулмонлар учун ойларнинг саййиди ва энг фазилатлиси бўлмиш Рамазонни ниҳоятда кўтаринки руҳда яхши тайёргарлик билан кутиб олмоқда. Чунки Рамазон ойининг фазилатлари бисёр. Аввало, исломнинг бош манбаи – Қуръони карим шу ойда нозил бўлган. Ва бу ойда ислом тарихида жуда кўп оламшумул воқеалар содир бўлганлиги боисидан ҳам, бутун дунё мусулмонлари ушбу табаррук ойни солиҳ амаллар ва Олло таоло розилиги йўлидаги тоат-ибодатлар билан ўтказишади. Айни ҳақиқат шундаки, рўза ибодати орқали одам боласи ўзини ўққа-чўққа отаётган балои бад – тийиқсиз нафсини тарбиялашга муваффақ бўлади ва комил хулқларга эга бўлади – кўнгилда чинакам ободлик бошланади. Илоҳим, бу ободлик баркамол ва бардавом бўлсин, деймиз.

Сафар ОЛЛОЁР,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

масъул ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + six =