Ижоднинг нархи

Ҳаётимнинг 5 йили талабаликда, яна 5 йили уйлангунимга қадар, тағин 5 йили оилалик ва бир фарзандлик бўлган ҳолда бировларнинг уйида – ижарада ўтган. Бу 15 йилни, чўнтагимнинг кесилган, тилимнинг қисиқ бўлган, қўлларимнинг боғланган, оёқларимнинг кишанланган, руҳимнинг синиққан даври, деб биламан. Ўша йиллари ёлчитиб бир шеър ҳам ёзмаганман.

Ўзбекнинг узоқ қишлоқдан келиб, пойтахтда ўқиб, илмий даражага эришишининг бундан бошқа тўғри йўли йўқ эди. Эгри йўллардан эса юрилмади.

Ота-онамизнинг   8 ўғилу 1 қизлари бор эди. Ҳаммамизни кундузги олий таълим муассасаларида ўқитишган. Кетма-кет уларнинг тўйини ўтказишга тўғри келаверган. Ота-онамга ҳайкал қўйиш керак.

Диссертацияни ёқлаганимдан роппа-роса 6 ой ўтган куни, қарз-қавола қилиб бўлса ҳам, ҳовли сотиб олиб, кўчиб кирдик.

32 ёшимдан ўз уйимда яшай бошладим. Шу-шу карта, шашка, шахмат ўйнамайман. Бирорта “гап-гаштак”ка шериклигим ҳам – йўқ. Бекорчи ишларга вақтимни сарфлай олмайман. Модомики, чемпион бўлолмас эканмизми, буларга, руҳан тушкун, бекорчи, вақтини қандай ўтказишни билмаётган одамларнинг иши, деб қарайман. Уйсиз даврларимда кўп вақтимни шундай ўйинлару давралар билан ўтказиб, ўзимни чалғитган, эҳтимол, овутганман-да.

Албатта, ижара пулини тўлаб турганмиз. Бизга – уй, соҳиби хонага эса – пул керак бўлган. Олдинда мақсад бор эди, шу мақсад йўлида меҳнат қилиб, бир кун келиб, албатта, уйлик бўлишни режалаштириб яшалган.

Лекин ҳозирги замонда, катта ёшга кириб ҳам, ҳаётини изга қўёлмаган, бировларга сиғинди бўлиб яшаган одамнинг ёзган шеърию илгари сурган ғоясига каминани ишонтиришга асло уринманг. Ҳар қанча ҳаракат қилманг, фикрингизга қўшилолмайман. Ишонмаслигим менинг айбим ҳам эмас, деб ҳам ўйлайман. Зоту зурриётимнинг уйсиз-жойсиз яшаб, ижодкор бўлишини, бир турмуш билан умргузаронлик қилмаслигини асло-асло истамайман. Буни бошимизга минбаъд   солмагайсан, деб, Худодан таваллолар қилиб сўрайман.

Ижодкорлар бир ҳақиқатни бўйинга олиши – шарт: ҳеч бир жамият ҳеч қаерда тайинли ишламай, фақат қоғоз қоралаганни уй-жой ва озиқ-овқат билан таъминлаб қўймайди-да. Ижодкорнинг ижодкорлиги шундаки, у ҳам – ҳамма қатори яшаши, ҳам бошқалардан фарқли равишда, пул бермайдиган ёки жуда кам пул тўлайдиган машғулот билан доимий шуғулланишга маҳкум. Чидаганга чиқарган! Нима дедингиз?

Уйсиз, кейин қарздор бўлган йилларим икки-уч ҳисса ишлашга ҳам тўғри келган. Эру хотин иккита машинка бошида ўтириб олиб, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” учун материаллар ҳам йиғиб берганмиз. Номзодлик диссертациясини ёзиб тугаллагунимга қадар нашриётлар буюртмаси билан унинг ҳажмига қарийб икки баробар келадиган миқдорда босилмайдиган тақризлар ёзганман. Чунки бир босма табоқ қўлёзмани ўқиб, тақриз қилиб берганимиз учун ўша вақтдаги пулда 10 сўм тўлар эди-да.

Хуллас, бу “ижод”, кўп ҳамкасбларимиз қатори, каминага жуда-жуда қимматга тушган. Бундан бу ёғи воз кечилган не-не неъматлар ҳақи-ҳурмати, ижоднинг баракасини берсин. Ёзганимиздан ҳам Аллоҳ рози бўлсин, ҳам ўқиганлар.

Шунга ишонаманки, Аллоҳ аввал ўқиганларга қулоқ тутади. Яна Аллоҳ билгувчидир.

Аммо…

Ҳозир ҳам иккита журнал таҳририятида ишлайман. Аксаран илмий даражасию унвони борларнинг мақоласини нашрга тайёрлаймиз. Очиғини айтаман, кўплар ёши фалон жойга бориб ҳам, қандай-қандай даражаю унвонларни олиб ҳам, ёзишнинг оддий-оддий қоидаларига риоя қилмайди.

Масалан, рукн варақнинг ўнг қўлимиз тарафида қора, бошланиши катта ва қолганлари кичик ҳарфлар билан, сарлавҳа ўртадан, қора, катта-катта ҳарфлар билан, исм ва фамилия қора ҳарфлар билан мақола остида, ўнг қўлимиз тарафда, исмнинг биринчи ҳарфи катта, қолганлари кичик ҳарфлар билан, фамилия катта-катта ҳарфлар билан, охирида вергул қўйилиб, тагидан тўғри тўртбурчак ичида илмий даража, унвон, лавозим қора ҳарфлар билан… қайд этилишини ҳам билишмайди.

Ахир, энг аввал шуларни ўрганиб олишмайдими? Ё улар газета ёки журналда мақола қандай берилишини умрида кўрмаганми? Лоақал, ўзининг мақоласи қандай босилганига диққат қилмайдими?

Шуларни тўғрилашнинг ўзига бир ходимнинг, эҳ-ҳе, қанча вақти кетади?!

Яна бир дардимни айтай: XX – XXI асрда бирор-бир ўзбек шоири аруз вазнида сактасиз, яъни бехато бирор-битта шеър ёзмади! Арузда қисқа, чўзиқ ва ўта чўзиқ ҳижолар борлигини биламиз. Лекин айнан қандай ҳижо қисқа, қандайи чўзиқ ва яна қанақаси ўта чўзиқ бўлишини ўрганмаймиз. “Нимага?” – деб одамни қийнаб ўтирманг, илтимос. Ҳолбуки, илм турибди. Ўзбек тилида Аҳмад Тарозий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур аруз ҳақида китоб битиб кетган, ХХ – XXI асрда яна қанча замонавий қўлланмалар чоп этилди. Ўқиб-ўрганиш баданимизга ёқмайди.

Бир таниқли шоиримизнинг бундан анча йиллар илгари ёзилган ғазалини аруз талаб­лари асосида таҳрир қилиб, ўзига юбордим. Муаллифлик ҳуқуқи – бор, ахир. Хурсанд бўлиб кетади, деб хом ўйлабман. “Йўқ, шу каму кўсти билан босилаверсин. Чунки бир неча карра қўшиқ қилинган, кўплар ёд билади”, – деди. Ана, холос?!

Яқинда устоз Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидасида нечта сакталик борлиги ҳақида бир мақола ёзиш ниятим бор.

Каминага булар худди Ўзбекистоннинг футбол бўйича терма командаси ўйинчиларини эслатади. Улар ҳам, гўёки, бошқа давлатлар футболчиларидек югуришади, тўпни бир-бировларига оширишади, дарвозага қараб тепишади ҳам, лекин гол бўлмайди ёки рақибдан кўра кам гол уришади. Нега? Шу касбнинг кўп-кўп сир-асрорини билишмайди. Ўрганишмайди. Ўрганишни ният ҳам қилишмайди.

Ижодкору олимларимиз даврасида футболчиларни қоралашни қўйиб берсанг!

“Эй биродарлар, ўзимиз ҳам соҳамизда худди ўшаларга айнан ўхшаймиз!” – дейдиган мард йўқ. Айтсанг, номардга чиқаришади.

Бир айтгим келди, айтдим-да.

Султонмурод ОЛИМ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 − 4 =