Кунлар учаяпти

Нортўхта ҚИЛИЧ

 

Муаллиф ҳақида: Нортўхта ҚИЛИЧ — 1946 йилда туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида ўқиган. Ёзувчининг “Оппоқ тонг”, “Ёронгул”, “Мўъжиза”, “Чиғириқ”, “SOS — илтижо”, “Байрам”, “Ойдин тонгдай номозшом”, “Бахт қуши”, “Икки олам аро”, “Тантана” сингари қатор насрий китоблари чоп этилган. Шунингдек, ёзувчининг “Туҳмат” номли романи ҳам ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

Кунлар учаяпти

(Ҳикоя)

Дам олиш куни эди.

Аср маҳали.

Жуда бир зарурат юзасидан Ў. Нусрат ошнаси Мусулмонқулнинг ишхонасига қўнғироқ қилди.

Дастакни кўтарган йигит, саломга алик олиб:

– Кечирасиз, кимсиз? – деди, негадир, ҳа­йиқибгина.

… Ё тавба, бунча?!.   Тобора одамларнинг қўрқоқми, эҳтиёткор бўлаётганларими, унга ёқмас эди. – Нега… нима учун биз бунчалар?..

Ў.Нусрат кимлигини айтиб:

– Менга Мусулмонқул керак, – деди. – Мумкинми?..

Мусулмонқул деганимизнинг ёши аллақачон олтмишлардан ўтган – забардаст мўйсафид: юзлари чўзиқ, бурни катта, қулоғиям… Қишин-ёзин, ҳатто, жазирама саратонда ҳам муштдай тўғаланган галстук тақади. Гоҳо қаро терга ботган кўйи, пўрим костюмини билагида кўтариб юради. Тепа сочи тақир тўкилган, чап чаккасининг деярли тўла оқараёзган сочларини ўстириб, тақирини амал-тақал ёпган бўлади.

– Мусулмонқул ака ҳозир йўқла, – деди йигит. – Нима деб қўяай?

– Яхшиси, менга қўл телефони ё уй телефони рақамини айтинг?

Ўша – ярим ошкор, ярим пинҳон ҳайиқиш оҳангида, йигит:

– Телефонларини мен билмайман-да, – деди.

Йигитнинг уялмай-нетмай, ёлғон гапираётганлигини овозидан билиб, Ў. Нусрат:

– Ҳозиргина, нима деб қўяй, дедингиз-ку! – деди. – Телефонини билмасангиз, кимга нима деб қўясиз?

– Бўлим бошлиқларидан бирортасига…

… нима, бўлим бошлиқлари бугун ишхонада лайлак ҳайдайдими?.. Дам олиш куни-ку!..

Аслида, навбатчининг ёлғон гапираётганига парво қилмай, Ў.Н. ичида кулибгина қўя қолиши керак эди. Чунки, ҳаёт деганимиз шунақа: хоҳласангиз-хоҳламасангиз, биров сизни, сиз бировни…

… астағфируллоҳ!.. Бир қаноти қора, бир қаноти оқ куну тунлар баҳайбат бир қуш каби устингиздан учиб ўтаверади… ўтаверади, – деб ўйлади Ў. Н. – Алдаётган билан ҳам, алданаётган билан ҳам иши йўқ. Айтишларича, бари ҳисоб-китоб чин дунёсида бўлар эмиш. Ув-в-вв!..

Хуллас, қони қайнаб, Ў.Нусрат чирқ этказиб телефонини ўчирди-да, ўйлаб-ўйлаб, – шу кунларда бировдан, гарчи у биров яқинингиз бўлса ҳам, бир нима сўраш азобини айтмайсизми?!. Мусулмонқулнинг яқинроқ бир ошнасига – ҳамқишлоғига қўнғироқ қилди. Ва, таниш хирқироқ овоз эшитилиши билан, узр-маъзурлар айтиб, бола-чақаларию невара-чевараларигача – барининг бир-бир соғлиқ-эсонликларини сўрагач, яна бир карра узрини гап ораси қистириб:

– Холдорхон, менга Мусулмонқулнинг қўл телефони керак эди, жўра, – деди.

– Мусулмонқулнинг қўл телефони менда йўқ-да, ошна.

Холдорхоннинг гапи тугар-тугамас, Ў.Нус­ратнинг тишлари ғижирлаб кетди; лекин гап оҳангини ўзгартирмасликнинг уддасидан чиқиб-чиқолмай:

– Уйиники-чи? – деди, ўктамроқ овозда. – Уйиники бордир?

Ҳарфлар… сўзлараро чарс-чурс чақнаётган оҳанглардан нималарнидир англабми, сезибми, Холдорхон:

– Беш минутдан кейин телефон қилинг, – деди. – Мен телефонимни бир титкилаб кўрай.

Ў.Н. табиатан бетоқат – лаҳзаларнинг ўтишини сабрсизлик билан, беҳаловат кута бош­лади.

Лекин, бирор дақиқаям ўтар-ўтмас, Ў.Н.нинг телефони жиринглади.

– Топдингизми? – деб сўради дарҳол Ў.Н. овоз эгасини таниб.

– Топдим, – деди Холдорхон. Аммо нечундир дабдурустдан овози хийла ўзгарди. – Лекин, илтимос, жўра, мендан олганингизни айтманг?.. – Бунга ҳам қаноат қилолмай, Холдорхон янаям эланди: – Айтмайсиз-а?..

Холдорхоннинг кейинги гап оҳангидаги тавалло-ю макр бирдан Ў. Н.га бошқача таъсир қилди. Жуда!.. Тутақиб сўкингиси келди… Лекин, сўкинмади.

… наҳотки, биз шунчалар ортга қайтган бўлсаг-а?!. Бир қадам олғаю минг қадам… миллиён қадам орқагами?.. Кимдан, нимадан ахир?.. Бунақа туя феъллик қачон юқа қўйди бизга?..   Қачонгача ахир?!.

Холдорхон билан хайрлашган-хайрлашолганлигини билолмай, юқоридаги ўжар саволлар пайдарпай хаёлидан кечаётган кўйи, Ў. Н. хаёлпаришонлик билан, Мусулмонқулнинг уй телефони рақамини терди.

Ҳаял ўтмай, уч-тўрт ёшлардаги қизалоқнингми, болакайнингми чучуккина овози эшитилди:

– Кимшиз?

… дарвоқе, кимман ўзи?.. – деб сўради Ў.Н. хаёлан ўзидан. – Бундан буёғида одамлигингиз эмас, унутманг – кимлигингиз муҳим, оғабой, кимлигингиз?!.. Одамлигингиз – капейка. Одамлигингиз?.. Тфу-у!.. Лаънати капитализм деганларининг шарти шунақа экан.

– Ассалом, – деди Ў.Н., ширингина талафузда. – Бобожонингизни чақиринг?

– Ҳозий…

Сўнг… у ёқдан болачанинг кимгадир, бобожонийиззи чақийинг, девотти биттаси, дегани Ў.Н.нинг қулоғига баралла чалинди. Ва, беихтиёр унинг кўнглидан бир иддао кечди: ҳай, мишиқи-я!..

Йўқ, йўқ-да, қаққос уриб кулолмаса ҳамки, кўнглига аччиқ иддаони йўлатмай, Ў.Н. мийиғида кулимсиб қўя қолиши керак эди. Шуни ўйлаб, лабларини чўччайтирди.

… э воҳ, на чора?!.

Хийладан сўнг – чамаси, бир ярим дақиқалардан кейин – овозидан ўн беш-ўн етти ёшлардаги қизми ё қизалоқнинг онасими, салом-аликсиз:

– Ким бўласиз? – деб сўради.

… ола-а!.. – деб ўйлади, Ў.Н. танг қотиб. – Н-на… наҳотки мен аномал одам-ман-а?!.

– Мен бобожонингизнинг ошнасиман, – деб, Ў. Нусрат номи-насабини айтди. Лекин, жўрасиман, демади; тўғри-да, ошнасига ўзини жўра деб билгани билан, ошнаси жўра деб биладими ё йўқми – ҳали-ҳозирча буниси мавҳум: чунки, давр бошқа, даврон бошқа.

– Ваннага кириптилар…

… ёлғон. Ёлғон!.. Ҳойнаҳой, намоз ўқиётган бўлиши керак – аср намози маҳали-ку! Ҳозир кўпчилик галстугининг учини шимининг камарига қистириб, намозини яширин ўқийдиган бўлган. – деб ўйлади Ў. Нусрат, бўғилиб: феъли шунақа ўзи – дунёсининг ёлғончилигини билса ҳам, асло ёлғонга тоқати йўқ. Эмишки, ёлғончи – Худонинг душмани. Бинобарин, Худони ўзига дўст қилолмай, эсини таниган кунларидан бери азизгина жони ҳалак. Ҳатто, мишиқилар алдасалар ҳам, иллоҳ, мишиқиларни ҳам алдамаслиги керак – ақидаси шунақа. – Ё Художон, Ўзинг сабр берғайсан?!. Сабр… сабр… сабр!

– … Айтамиз, нўмирийизни берсайиз, ўзлари қўнғироқ қиладила.

Ў.Нусрат телефон рақамини айтиб:

– Яхшиси, ман ўзим қўнғироқ қила қолай, – деди. – Қанчаларда қўнғироқ қилсам бўлади?

– Ўн беш минутлардан кейин…

… кутиш… Кутиш… Кутиш, – деб ўйлади Ў.Нусрат, чаккаларига кафтларини босиб; билолмади – кафтлари қизиб кетганми ё чаккаларими, ёки ҳар иккаловиямми? – Бўталоқларим, бахт ҳам, бахтсизлик ҳам нисбийдир. Кутмоқ ва умид қилмоқ керак. Ким айтган буни – ниҳоят, бир тасодиф туфайли омон қолиб, бари ёвуз кучлар устидан мутлақ ғалабага эришган Эдмон Дантесми?.. Йўқ, Эдмон Дантес – шунчаки бир восита. Ёзувчи даҳосининг иқрори бу. Шундай.

Ниҳоят, орадан беш-олти дақиқа ҳам ўтмай, Ў.Н.нинг телефони жиринглади.

Қулоғига мардона овоз чалинар-чалинмас, овоз эгасини таниб, Мусулмонқулнинг қизими, келиними чиндан ҳам ёлғон гапирганлигига кўнглида надомат билан ишонч ҳосил қиларкан, Ў.Н.:

– Мусулмонқу-ул! – деди саломлашиб. – Бормисиз?

– Ўзингизми?.. – деди Мусулмонқул, хийла малолсиз, лекин хиёл хушҳоллик билан.

– Ўзимман, – деди Ў. Нусрат ҳам, кўксидаги бир парча музми, нимадир аста эриётганини жону дили билан сезди. Енгилгина энтикди.

Ниҳоят, анча дилкашлик билан ҳол-аҳвол сўрашганларидан сўнг, Мусулмонқул:

– Бир ёққа чиққан эдим, – деди. – Қўнғироқ қилганингизни болалардан эшитдим. Тинч­ликми?

… ана, ваннага эмас, бир ёққа, – деб ўйлади Ў. Н. – Бари ёлғон-да!

– Тинчлик… тинчлик!.. Лекин, бир…

Ў.Нусрат дангал муддаосини айтгач, Мусулмонқул:

– Бўпти, – деди.

Ажаб, Ў. Нусрат унинг ҳам рўй-рост жўра дейишини кутган эди. Лекин, У – жўра, демади: давр бошқа, даврон бошқа-я; кечаги кун билан яшаб бўлмайди-ку!..

… майли, шунисигаям шукр.

– Эртага…

– Ўнда…

Шартта Ў.Нусратнинг гапини бўлиб, Мусулмонқул:

– Йўқ, ўнда мажлисимиз бор, – деди. – Ўн иккиларда қўнғироқлашиб кўришамиз.

Хийла ўктам овозда, ишониб-ишонмай, Ў. Нусрат:

– Қўл телефонингиз номерини айтинг?! – деди.

Мусулмонқул эса ҳеч иккиланмай, қўл телефонлари орқали кечажак ҳар қандай гап-сўз темир тасмаларга битилиб, зирҳли, – ҳа, айнан зирҳли!.. –   пўлат сандиқларда асраб қўйилишини билса-да:

– Ёзинг, – деди. – 497-75…

– Раҳмат, Мусулмонқул! – деди Ў. Нусрат, бояёқ кўксига босилган бир парча музми, нимадир аллақачон эриб, жисму жонига сингиб кетганини дил-дилидан ҳис этган кўйи. – Отангизга раҳмат, Мусулмонқул!

– Хўш-э, бунча?!

Ахийри, Ў.Нусрат анави ошнанинг ҳали-ҳамон кўнгилни ғаш қилаётган бояги гапини қийналиброқ айтди:

– Ростиси, унинг ошначиликка тўғри келмайдиган, умуман эркакка ярашмайдиган латтачайнарлиги манга ёмон таъсир қилган эди. Ҳеч хаёлимдан кетмаяпти.

– Ким экан у – ошнамиз?

– Қўяверинг…

– Айтинг-да!..

– Йўқ!.. – Гарчи энди ҳеч қачон мавриди келмаслигини билса ҳам: – Бир мавриди кепқоганда ҳалиги ошнани ўртага олиб кулишармиз, – деди. – Маъқулми?

– Майли. Эртагача!..

… эртагача, Мусулмонқул, эртагача, жўра! – Ў.Нусрат қўлларини кўкси узра бир-бирига кийиштириб, кўзларини юмдида, агар вақтийи замонида Худога ёқиш-ёқмасликни ўйламай, давру даврон шамолларида беармон тебраниб, ҳам нишга, ҳам пойнакка урса, муқаррар барисидан юксакроқ… Йўқ, й…ў…қ, бунақаси раҳматли отасидан олган тарбиясига… жон дилига сингган эътиқодига асло тўғри келмаслиги ихтиёрсиз равишда кўнглидан кечаётиб, уёғини ўйлагиси келмай, энсасини оромкурсининг суянчиғига босди. Хазин энтикди. Ва, беихтиёр азиз бир шоирнинг гўзал бир байти ёдига тушди: манга сиғар икки жаҳон,   ман бу жаҳона сиғмарам. Бунча содда, бунча тўпори фалсафа. Ў, шоир-эй!..

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve + 1 =