Адиб изтироблари – замон ва макон изтироблари

Атоқли адиб Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романини қайта завқ билан ўқиб чиққанимдан сўнг ўйларим тугуни ечилгандай бўлди. Адибнинг Қўқонга сафари давомида тарихий ҳужжатларни ўрганиш баробарида хон саройининг ҳар бир йўлаклари, қалъа кунгиралари, мақбаралар меҳроблари, мад­расаларнинг нақшлар ила қандай зийнатланганича синчилик назарида қараганлиги асар воқеасини бир ҳалқага олганлигида кузатилади. Анвар ва Раънонинг севгиси бир баҳонадир, аммо хонлик таназ­зулининг аянчли қиёфаси сарой аҳкомларининг залолат ботқоғига ботиб, ўзлик ўзагидан айролигида кўринади. Ҳақпарвар, адолатпарвар, эл дардида ёнган уламолар кўчага улоқтирилган. Уларнинг сиёсий, ижтимоий муносабатларда қарашлари инобатга олинмаган.

Ўзига маҳлиёлик, ишратпарастлик ва жаҳолатпарастлик урчиган маконда қабиҳлик, тубанлик, фис­қи-фасод, ғийбат ва бўҳтон каби жирканч иллатлар болалайди.

Хонликнинг бўғзигача мутаассиблик ғули чирмаган, фикр фалажланган, сох­­та ҳамду сано “туя” минган, иффатсизлик давр туғросига айланганлиги асарнинг воқеа чизиғида бир ипга тортилган. Шармандалик ҳаё нуқсида кўнгил меҳроб­ларигача кўчган, амалдорга қуллиқ қилиш ифтихор яловига айланганки, хонликнинг бадбуруш башарасида қон ҳиди силқийди.

Солиҳ махдум   хасислик, қизғанчиқлик домига тушган, пул учун ўзини сотадиган қиёфасиз кимса бўлиб, тирноғининг кирини пуллашни ор билмайди. Олтину сандиқ тўла сарпоси бўла туриб, хотини Нигорхониму болалари, ҳатто ўзига ки­йимликка сарфлашдан тийилади. Чунки унинг мақсади бешни ўн қилиб бойишдир. Қора тангани тишининг кавагида асрашни эп билган мумсик мударрис ўқувчиларнинг ота-онасидан берилган ҳаққа қараб боланинг фандан баҳоланиши авлод тарбиясига хиёнатидир. Мадрасаларда ўқитиш тизими йўқлиги, таълим-тарбиянинг сустлиги, қироатхонлик, “кун ўтса бўлди” деган мақсадда сабоқ бериш таваккалчиликнинг илдизи эканлигини адиб маҳорат билан асарида тасвирлаган.   Ҳафтиякни жўровозда ёддан ўқиш машқи бола шуурида фикрлаш ҳиссини сўндиради. Тўғрироғи, юзаки қироатхонлик мағзавасига чўктириш ҳолатини синчилик билан ёритади адиб. Нигорхоним 20-30 ўқувчига сабоқ берса-да, иш ҳақини чақасигача санаб оладиган Солиҳ махдум каби бойлар оиласи фожиаси ҳам чуқур ёритилган. “Уларнинг уй можаролари ва бола-чақани ит каби сиқишлари нимада?”дея адиб ўзига савол қўяди ва унинг жавобини асарда акс эттиради.

Анвар ёшлигида қолиб, поччасининг уйида яшайди. Аммо поччанинг ит феъл­лилиги бир чимдим тузни кўп кўриб зуғум кўрсатаверишидан юраги зада бўлган опаси Моҳларимойимдан паноҳ сўраб (Нигорхонимнинг онаси) йиғлаб-сиқтаб илтижо қилгани манзараси ҳам инсон тақдири муаммоси ўз даврида очиқлигини, меҳрсизлик ришталари салқилигини англатади. Хон сармуншийи Муҳаммад Ражаббек қўлида Анварнинг иш ўрганиши билан ўрдадаги дафтардорлик, форсийча ва туркийча номанавислик ҳунарларини тўлиқ ўзлаштириши унга ҳаёт йўлини очади. Сармуншийнинг назарига тушади. Унинг ўғли Анварнинг мактабдоши ва дўсти эди. Ўғлининг вафотидан кейин Анварга алоҳида меҳр кўрсатади. Шунда нега Абдулла Қодирий муншийликка (котибият) эътиборни қаратган деган   саволимизга дарров жавоб топамиз. Чунки унинг ўзи Туркистон губернаторлик идораларида саркотиб бўлиб озмунча ишлаган. Хатлар, шикоятлар инсон тақдирининг меҳвари эканлигини ошкора билган. Шикоят ва арзлари ҳавода қолган халқ хонликнинг пуч ваъдаю сохта, қуруқ сийловларидан задаланган ва кўнг­­ли қолган.

Муншийхонада, яъни сарой салтанатининг меҳробида ин қурган мулла Калоншоҳ, Шаҳодат муфти каби муншийлар дин илмидан чуқур хабардор бўлса-да, иғво кўпигидан бебаҳра қолмаганлиги зимдан Анвар мирзага қарши фитнасида сув юзига қалққан пўпанакдай аён бўлади. Мулла Абдураҳмон дин пешвоси, лекин ахлоқсиз ва кўрнамак. Баъзида мени бир савол қийнайди: бизку даҳрий замонда яшаб, танглайимиз шўро мафкураси билан кўтарилган. Танглайи Қуръони карим билан кўтарилган баъзи бир боболаримизнинг (айнан саройда ишлаганларни назарда тутаяпман) бундай ахлоқсизлигини қандай баҳолаш мумкин?! Комиллигу орифликдан асар йўқ бандаларининг назди суқ, разилликни салласининг пеш бандига ўраган, қабиҳликни дастуриламал қилганлари таъбингизни хира қилиши бор гап! Бунинг барчасига муттаассибликнинг қора ёвғони, разилликнинг истилоси сабабмасмикан? Ёлғонликнинг қасри пойдевори тубанликдир. Ёлғон ҳамду санолар илмсиз кишини тезда гирдобига тортади. Жасоратсиз, илми заифлар ёлғонга ўч, ўзлигидан мосуво, ўзини эмас, ўзгалар қадамини ўлчагувчилардир. “Мақтов ширин оғу, ширин ўлдирар” (Рауф Парфи) мақомидан бенасибдирлар ҳам. Комил инсон ўзини ноқис билгай ва шу ноқислигидан ориф ва комиллик пиллапоясига кўтарилади. Демак, илоҳий китобни ўқиб уқмаган “мусулмон” мусулмон эмас, нари борса шайтон малайларидир.

Асарда “Ҳарам” бобида гўзал қизларнинг таҳқирланган қисмати одам ўзига ёв деган тушунчани туғдиради. Ҳарамдаги канизаклар ҳаёти ишратпарастликнинг жирканч манзараси бўлиб, аёл қисмати вазнсизлик, хаёлоти турмушнинг аччиқ зардаси омилида гул кўнгилни чўғлантиради ва куйдиради. Ер солиғини тўламаган камбағалнинг қизини ҳарамга келтирилиши хонлик сиёсатининг чиркин ва тубанликдан далолат эканлигини, эл ор-номусини топташ кундалик иш амалига айланган даражадалигини ўқувчи ўқийди. Юз канизак ва тўртта хотинлик “рутба”сида сийланган хон маишатпарастлик ботқоғига чўкиши бор гап. А. Қодирий ўтган асрнинг йигирманчи йилларида хоннинг тўртинчи хотини Розия буви билан учрашиб, ҳарам воқеаларини унинг эсдаликлари орқали далиллар асосида тасвирлайди. На хонлик, на халқи билан иши бўлармиди бундай элбошиларнинг? Аҳмоқликнинг чегараси йўқ дей­ди машойихлар. Хон ўғли Ўрмонбекнинг   суннат тўйини бир юз йигирма кун ўтказганлигидан ўйсиз, нодон, қўғирчоқсифат эл бошқони эканлигидан огоҳ тортасиз. “Кирланган” хонликнинг ўз халқини ёв кўриб тутқунлик ва қулликда сақлаши билан кечаги аждодларимизнинг қора ўтмиши қалбимизни қавартиради. Қўқон хонлигини Нобель мукофоти совриндори Габраил Маркеснинг “Ёлғизликнинг юз йили”даги Макондосига қиёс қиламан. Макондо жаҳолатпарастлик, ишратпарастлик, ишқпарастлик, зўравонлик ва шунга ўхшаш иллатлар гирдобида Ер юзидан супурилиб кетади. Бу ёзувчининг дунё гегимонларига “туҳфа”си эди. Аммо Қўқон мавжуд ва тарихий макон. Ўрдани эгаллаб олган риёкорлик инсон рутбасига қиёмат қоим тамғасини ёпиштирди. Олчоқ салтанатни юқоридаги каби иллатлар емирди.

Анвар ва Раъно муносабатида ўзбекона серлутфлик, ҳалимлик, поклик, жасурлик, муҳаббатда содиқликни англаб, қалбга нур улашгувчи туйғуга ошно бўламиз. Раънонинг хон овчиларига “илиниши” унда жасорат туйғусини гуриллатади. Ўз севгисига эришолмай тушкунлик исканжасида заъфарон бўлган Анварни чорлаб у билан дўсти Султонмуродникига келиши воқеаси қалбни титратиб, вужудни силкитади.   Анвардаги қўрқув ўрнини жасорат чулғайди. Бу Султонмуроднинг хон томонидан қатл этиш ҳукми дамларида кўзгуга солинади. Дўстини қутқазиш учун Анвар хон саройига ўзи боради. Мулоқот чоғида кўрамизки адиб Худоёрхон ҳолатини сўз бўёғида маҳорат билан чизган. Қарангки, хон саро­йида хизмат қилган амалдорларнинг одамовилиги йўқ. Борлари ҳайдалган, бадарға қилинган.

“Рақибни бу борада жасоратда кўрган Худоёрхоннинг киприк остлари учиб, соқол тўклари силкинди. Ва бироз сўз тополмаганидек тамшаниб турди.

— Сен бизга хиёнат қилдинг, ит увли!

Анвар бош ирғатди.

– Иқрорман.

– Тузимни унутдинг.

– Тонмайман.

– Иқрорсен, тонмайсен, ўбдан иш! – деди заҳархандалик қилиб хон, – ўлувдан ҳам қайтмайсен!

– Мен сиздан марҳамат сўраб келган эмасмен, –деди илжайиб Анвар. –Ўзимни ўлимга бериб, бир гуноҳсизни қутқазиш учун келганман.

Ҳамнишинлар лабларини тишлашдилар. Худоёрхон истеҳзолик кулди:

– Пусулмончилик қигансан-да?

– Албатта, — деди Анвар, – бошқалар киши гуноҳи учун гуноҳсизни тутиб пусулмончиликдан чиққач, мен пусулмонлик билан ўлишни ўбдан билдим”.

Гўё хон мусулмончилик (меҳри дарёлик) устидан кулиб, уни мазахлаётгандай эди. Эзгулик йўли разилликни туғдиради деган хулоса ҳам ўйингизда чарх уради.

Хонга юзланиб ўлимни мақбул топ­ган Анвардаги жасоратни кўрганда аждодларимиз бутунлай ғафлат чоҳида қолмаганлигини анг­лаймиз ва қалбимизда ғурур ҳисси чечак очади.

Улуғ адиб асари халқимизнинг маънавий мулкига айланган. Ҳақиқий китоб­лар   ёндирилади, куйдирилади, аммо миллат хотирасидан ўчмайди. Ўз даврида кутубхоналардан улоқтирилган бу асар ҳам китоб жавонларимизга қайтарилганига ярим асрдан ошди. Ертўлалардаги сандиқларда асралгани ҳам чин. Барибир, халқ ўзининг улуғ ижодкорини яккалаб қўймайди, қатлиомдаям юрагига яширади. “Меҳробдан чаён” ҳам шундай асар. Миллат юрагига айланган асарлардан биридир.

Отабек ва Анварда адиб феъл-атвори ва қиёфасини англагандай бўламан. Гарчи Антонио Порьке “Тубанлик абадий, қолган барчаси ўткинчи”деб айтса-да инсон курашларда маънавий ғолиб бўлишини, шу ғолибликда ҳаёт завқини суришини улуғ адибимиз Абдулла Қодирий асарларидан топамиз ва кўнгилга таскин берамиз.

Ўроз ҲАЙДАР,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 − 2 =