Устознинг боқий илмий мероси

ёхуд улуғ арабшунос олим ҳақида ўйларим

 

Халқимизнинг улуғ зотларидан бири бўлган Убайдулла Уватов ҳақида жуда кўп фикрларни баён қилгим келади: унинг одамийлиги, дўстларга меҳр-муҳаб­бати, шогирдларига меҳрибонлиги, оилапарварлиги ва энг муҳими буюк юртимизни севувчи, эъзоз­ловчи, ажойиб   ватанпарварлиги ҳақида кўп ўйлайман. Устоз 80 йилдан кўпроқ умр кўрдилар, албатта бу улуғ ёш. Шундай бўлса-да, ҳозирги кунда жамиятимизда, илмий тадқиқот ишларида, қўйингки, ислом дини маънавияти масалаларида Убайдулла аканинг ўрни яққол сезилиб туради.

Убайдулла Уватовнинг охиратлари обод бўлсин деб дуо қиламиз. У кишини ҳар лаҳза соғинамиз, эслаймиз, жамиятимизда шундай бебаҳо инсоннинг етишмаётганлигидан баъзида азият чекамиз. Ўзимга айтаман — ношукур бўлма, ахир устознинг 100 га яқин китоблари, рисолалари, илмий мақолалари борку. Нафақат ўзимга, балки жамики илм аҳли, маънавият фидойилари, айниқса, ёшларимизга Убайдулла ака қолдирган илмий мероснинг тарғиботини кучайтириш кераклигини ҳамиша таъкидлагим келади.

Мен 1973-1978 йиллар мобайнида Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг тарих факультети халқаро муносабатлар бўлимида таҳсил олиб, уни имтиёзли дип­лом билан тугатганман. Ҳали талабалик йилларимдаёқ Шарқ масалаларига, шу билан бирга араб дунёсида бўлаётган воқеаларга катта қизиқиш билан қараганман. Ўша даврдаёқ Убайдулла Уватовнинг илмий рисолалари ва мақолалари билан танишиб борар эдим.

Тақдир тақозоси билан ўтган асрнинг 80 йиллари бошларида Убайдулла акадек меҳрибон устоз билан танишиш ва у кишининг чексиз илмий салоҳиятидан баҳра олиш насиб этди. Бу борада университетдаги домлачилигим ва телевидениедаги фаолия­тим устоз билан яқинлашишга асос бўлди. Чунки соҳамиз жуда яқин, у киши таниқли арабшунос, мен эса жаҳонда бўлаётган воқеаларни, хусусан, араб дунёсидаги воқеа-ҳодисаларни сиёсий жиҳатдан таҳлил этишга ҳаракат қилар эдим. Айнан шу жараёнда Убайдулла аканинг кўрсатмалари, ўгитлари ва маслаҳатлари мен каби сиёсий шарҳловчилар ижодига кони фойда эди.

Бу борада дастлабки синовлар мустақилликка эришиш остонасида содир бўлди десам хато эмас. Айримларини эслаб қўйсам. 1990 йилнинг сентябрь ойи­­да Абу Исо ат-Термизийнинг 1200 йиллиги кенг нишонланди. У пайтда жонажон Ўзбекистонимиз ҳали мустақилликка эришмаган бўлса-да, бу муқаддас ғоя учун ҳаракат кенг қулоч ёйган давр эди. Албатта, бу йўлдаги интилишлардан бири Абу Исо ат-Термизий каби зотларни англашдан бошланди десак, муболаға бўлмайди. Ушбу юбилей муносабати билан телевидениеда туркум кўрсатувлар йўлга қўйилди. Шундай кўрсатувлардан бир нечтасини олиб боришимга тўғри келди. Диний-маърифий ва маънавий мазмундаги туркум кўрсатувларни тайёрлашда Убайдулла Уватов катта жонбозлик кўрсатдилар. Дарвоқе, у кезлари Убайдулла ака Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари қўмитасига етакчилик қилар эдилар.

Кўрсатувларни тайёрлашда менга жуда оғир бўлган эди деган фикрдан йироқман. Аммо тайёрланаётган кўрсатувларнинг сермазмун ва халқона бўлишида устоз кўплаб маслаҳатлар берганлигини айтиб ўтмоқчиман. Убайдулла Уватов иштирок этган ва мен бошловчилик қилган туркум кўрсатувларда ўша кезлардаги Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг раҳбари, муфтий, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам иштирок этганларини фахр билан эслайман.

Убайдулла аканинг меҳр-муҳаббат борасида тенгсиз эканлиги ҳақида менда жуда кўп хотиралар бор. Аввало, дўстларига садоқатли, ёшларни ҳимоя қиладиган ва илмни ҳар томонлама қадрлайдиган инсон эдилар. Шу ўринда У. Уватовнинг илмий меросидан айримларига тўхталиб ўтишни мақсадга мувофиқ деб топдим.

Устоз 1994 йили “Донолардан сабоқлар” номли мўъжазгина рисолани нашр қилдилар. Унда Имом ал-Бухорий, ат-Термизий, Абу Наср ал- Утбий, Муслим ибн ал- Ҳажжож каби улуғ зотлар ҳаёти ва ижоди ҳақида янги маълумотлар эълон қилинди. Орадан бир йил ўтиб 1995 йили У. Уватов Муслим ибн ал- Ҳажжож ҳақида алоҳида китоб чиқардилар. Маълумки, бу буюк муҳаддиснинг “Саҳиҳ Муслим” асари мусулмон оламида катта ўрин тутади. Шуни эслатиб ўтиш муҳимки, устознинг заҳмати эвазига дунё юзини кўрган ушбу китобда халқимиз орасида “Абомуслим” деб ном чиқарган муҳаддис Имом Абу Муслим ибн ал-Ҳажжожнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида қизиқарли тарихий маълумотлар келтирилган.

Олимлар ҳақида гап кетганда “фалон олим фалончи йилларда роса гуллаган” деган ибора ҳам қўлланилади. Мен устоз ҳақида ўйлар эканман у яшаган 80 йилдан кўпроқ даврнинг ҳаммаси ҳам гуллаган, равнақ топган десам муболаға бўлмайди. Убайдулла ака билан кўп суҳбатлашганман. У киши араб дунёсини жуда чуқур билар эди. Айниқса, Миср, Сурия ва Ироқ каби мамлакатларнинг тарихи, халқлари, урф-одатлари, ютуғу муаммоларини кишини ҳайратга соларли даражада гапириб бергани ёдимда. Масалан, Убайдулла ака собиқ шўро замонида Ироқда фаолият олиб бораётган ҳарбийларга таржимон бўлганлигини айтиб, 60-70 йилларнинг мураккаб сиёсий жараёнлари ҳақида қимматли маълумотларни сўзлаб берганларини ҳамон ёд этаман.

Устоз 1995 йили буюк ватандошимиз Маҳмуд Аз- Замахшарий   ҳақида ажойиб рисола яратдилар. Бу рисолада Шарқ оламининг забардаст олими — Тафсир, Ҳадис, Сарфу-наҳв, яъни грамматика, илми аруз, мантиққа доир китоблар муаллифи хоразмлик Замахшарий ҳазратларининг ҳаёти ва фаолияти кенг ёритилган. Қизиғи шундаки, устоз Убайдулла Уватов бу рисола билан чекланиб қолмасдан, 2006 йили “Янги аср авлоди” нашриётида “Хоразмлик буюк аллома” номли китобини эълон қилдилар. Ушбу китоб илмий салоҳияти ва аҳамияти нуқтаи-назаридан жуда юқори туради. Чунки ушбу китобда Замахшарийнинг ҳаёт ва ижод йўли батафсил ёритилган бўлиб, даҳолар ва тадқиқотчиларнинг аллома ҳақидаги қимматли ўгитлари ҳам берилган. Айнан шу китобда устоз Убайдулла ака Замахшарийнинг “Навобиғ ал-калим” (“Нозик иборалар”) асари таржималари ҳам келтирилган. Дарҳақиқат, хоразмлик буюк ватандошимизнинг ушбу китоби миллий меросимиз хазинасини яна ҳам бойитмоқда.

Профессор У.Уватовнинг асарларида Имом ал-Бухорий, Абу Исо ат-Термизий, Ал-Ҳаким ат-Термизий, Абул Муъийн ан- Насафий каби улуғ донишмандларга алоҳида ўрин ажратилган. Булар орасида У. Уватов томонидан нашр қилинган “Имон нури” (1996 йил), “Муҳаддислар имоми” (1998 йил), “Ал-Ҳаким ат-Термизий” (2001 йил), “Абул Муъийн ан-Насафий” (2003 йил), “Икки буюк донишманд” (2005 йил), (айнан шу китоб 2016 йилда “Икки улуғ донишманд” номи билан тўлдирилган ҳолда қайта нашр қилинди), “Ҳадис илмининг султони” (2009 йил) ва бош­қа ўнлаб китоб­лар, рисолалар ва қўлланмаларни, юзлаб маърифий мақолаларни келтиришимиз мумкин.

Устознинг илмий меросида араб тилидан таржима қилинган бебаҳо китоблар ҳам бор. Буларнинг орасида Ибн Арабшоҳнинг “Амир Темур тарихи” асари, Муҳаммад Усмон Жамолнинг Абдуллоҳ ибн ал-Муборак илмий фаолиятига бағишланган   “Буюк донишманд” асари, шайх Абдуссалом ал-Муборакфурийнинг “Имом ал-Бухорий (ҳаёти ва мероси)” номли асари ва бошқа ўнлаб илмий асарлар учрайди. 2015 йилда нашр қилинган “Исломда кексалар қадри” номли панд-насиҳатларга бой ажойиб китобнинг дунё юзини кўришида ҳам Убайдулла аканинг хизмати катта. Совет даврида мутлақо тақиқланган китобларнинг нашр қилинишида ҳам устознинг салмоқли ўрни бор. “Ҳазрати Муҳаммад (С.А.В.) ҳадислари Лев Толстой сайланмасида” номли катта қийматга эга бўлган китобнинг биринчи бор нашр этилишида ҳам Убайдулла ака жонбозлик кўрсатган эди. Қарангки, айнан шу китобда Лев Толс­тойнинг муқаддас Ислом динига муҳаббати ва эҳтироми баён қилинган “Иқрорнома” асарига ҳам таҳлилий нуқтаи-назардан ёндашилган.

Убайдулла Уватов кейинги 20 йил мобайнида 3 бор нашр қилинган “Ислом энциклопедияси” китобининг халқимиз қўлига етиб боришида ҳам катта хизмат кўрсатди. Айнан у кишининг ташаббуси ва саъй-­ҳаракатлари билан дастлаб 2010 йилда “Ўзбекистон буюк алломалар юрти” номли ажойиб китоб нашр қилинган бўлса, айнан шу китобнинг давоми сифатида 2016 ва 2018 йилларда “Буюк юрт алломалари” номли қомусий асар халқимиз эътиборига ҳавола қилинди. Бу китобларни яратишда, тузишда ва албатта нашрга тайёрлашда Убайдулла аканинг ҳиссаси беқиёс.

У. Уватов нафақат арабшунос олим, ёхуд таржимон, балки у Ўзбекистоннинг илмий-маърифий оламида алоҳида ўринга эга бўлган тарих фанлари доктори ва профессори эди. Устоз катта илмий ишларни амалга ошириш асносида жамоат арбоби сифатида ҳам халқимизнинг ҳурмат ва эътиборига сазовор бўлди. Айтиб ўтилганидек, Убайдулла Уватов Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги диний ишлар қўмитасининг раҳбари сифатида самарали фаолият олиб борди, Имом Бухорий ва ат-Термизий халқаро марказининг директори сифатида катта ҳурмат ва эътибор қозонди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Убайдулла Уватовни жуда эъзозлар ва қаттиқ ҳурмат қилар эди. Ислом оламининг маънавий масалаларида Убайдулла ака билан узоқ суҳбатлар олиб борганликларини телеэкранларда кўриб, рўзномаларда ўқиб, устозга жуда ҳавасимиз келар эди. Бунинг ёрқин мисоли сифатида Президентимиз У.Уватовни дастлаб “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирлаганликларида, кейин эса устозга “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвонини берганликларида ҳам кўриш мумкин.

Устозим Убайдулла ака ҳақида бир неча жилд­­га етадиган   фикр-мулоҳазаларим бор. Аллоҳ умр берса устоз ҳақида ҳали кўп ёзаман, Иншооллоҳ. Мен ҳаё­тимда бир майизни ҳақиқатан ҳам қирққа бўлиб ейдиган инсон тимсолини У. Уватовда кўрдим. Қарангки тўй бўладими, туғилган кунми ёки бирон-бир дўстлар даврасими у киши мени таклиф қилар эдилар. Убайдулла ака ана шундай давраларнинг, гап-гаштакларнинг гули бўлар эди. Айнан шу давраларда мени “ойнаи жаҳон”га етаклаб келган ажойиб устозим — Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Турсунбой ака Қоратоевнинг борлигидан жуда-жуда шод бўлар эдим. Давраларнинг мазмундор, эсда қоларли ва ибратли ўтишида яна бир устозим, тарих фанлари доктори, профессор Аҳад ака Ҳасанов ҳам қатнашардилар. Йиғилишга 10 киши келадими, 50 киши келадими, бундан қатъи назар Убайдулла ака Уватовнинг ҳозиржавоблиги, тарихий воқеаларнинг билимдони эканлиги, айниқса, бошқа олимлардан фарқли равишда араб дунёсини мукаммал ва чуқур билиши ҳаммамизни лол қолдирганлиги ҳеч эсимдан чиқмайди.

Устозимнинг руҳлари шод, охиратлари обод бўлсин!

Қобилбек КАРИМБЕКОВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 3 =