Меҳр севимли машғулоти эди

Инсоннинг беқиёс фазилатлари сероб. Айниқса ҳаётда яхши ва меҳрли инсон бўлиш катта бахт. Бутун ҳаётини яхшиликка ва мудом меҳр кўрсатишга бағишлаган фидойи ва ажойиб инсон, узоқ йиллар рес­публика болалар нашрларида турли вазифаларда ҳалол ва фидойилик билан ишлаган Манзурахон Убайдуллаева вафот этди. Унинг 60 ёш остонасидан ўтганига кўп бўлгани йўқ. Манзурахон ҳали яшаши керак эди. Афсуски, сўнгги йилларда унга ёпишиб олган дард олдин соғлиғига путур етказди, сўнг ҳаётига якун ясади.

Бу камтарин ва самимий инсонни билганлар, у билан ишлаганлар бевақт вафот этганини эшитиб қайғуга ботдилар. “Яхшилар у дунёга ҳам керак экан”, деб ўзларига таскин бериб, руҳи покига йиғлаб дуолар қилдилар.

Тўғриси, сира ишонгим келмаяпти. Лекин Оллоҳнинг хоҳиши шундай бўлса, биз, ожиз бандаларнинг қўлимиздан нима ҳам келарди? Шоир Махтумқули ёзганидек: “Келиб кетмоқ дунё бу”.

Манзурахон билан бирга ишлаганлар, таҳририятларга хизмат билан келганлар ёки меҳмон бўлганлар албатта бу меҳрибон ва ширинсўз аёл қўлларида чой эмас, балки бир пиёла лиммо-лим меҳр узатган экан. Энди бу меҳр тўла пиёлаларни қўмсаймиз. Қўмсаб юракларимиз ўртанади. На илож? Ҳамкасбимиз, таниқли ижодкор Муҳаббат Ҳамидова айтганидек, “Манзура оддий чой билан ҳам бизга юксак инсоний меҳрини намоён этиб, ҳаммамизга бетакрор сабоқ бериб кетган экан…”

Ҳақиқатан у ҳамкасбларига очиқ кўнгил билан яхшилик қилишни, чин дилдан меҳр кўрсатишни ҳар кунлик инсоний бурчи ва севимли машғулоти, деб биларди Бемор бўлиб касалхонага тушган ходимлардан албатта, биринчилардан бўлиб хабар оларди. У яхшилик ва меҳр кўрсатишда одам танламасди. Масалан, “Гулхан” журналида турли даврларда журналга раҳбарлик қилган устозлардан Абдулла Орипов, Сафар Барноев, Омон Матжон ва камина ҳам бу дарёдил инсоннинг юксак меҳридан, яхшиликларидан, самимий сўзларидан бебаҳра қолмаганмиз. Айниқса, Манзурахон Убайдуллаеванинг таниқли шоир Омон Матжонга бўлган ҳурмати, меҳри бўлакча эди. Шоирнинг рафиқаси Мақсудахон опа билан тез-тез телефонлашиб, шоирнинг аҳволидан бохабар бўлиб турарди. Жиндай тоби қочса ё касалхонага тушса, албатта бориб кўриб келарди ва эртаси куни ишга келибоқ, ҳаммага бирма-бир шоирнинг самимий саломини етказарди.

Шунингдек, узоқ йиллар “Ғунча” журналида ишлаган таниқли журналист Турсунпўлат Холмуҳаммедовни “додам”, таниқли болалар шоири Маҳмуд Муродовни “отам”деб, меҳр кўрсатиб, уларга жуда меҳрибон эди. Бу инсонлар ҳам Манзурахонга ака-отадек меҳр кўрсатиб, гўё туғишган сингилларидек ардоқлар эдилар. Бундай беминнат меҳрдан барча ишлаганлар – Васила Пўлатова, Тўлқин Ҳайит, Феруза Одилова, Феруза Жалилова, Мирвосил Одилов ва бошқа кўплаб ижодкорлар баҳраманд бўлганлар.

У бирор таъма, хушомад учун ёки муҳаррирларга ёқиш учун бундай ишларни асло қилмас эди. Унинг характери, феъли шундай эди. Барча фазилатлари, муомаласи инсоний ва табиий эди. У ҳеч қачон одамлардан ёмонлик, бирор иллат қидирмаган. Ва “фалон одам ундоқ, писмадончи бундоқ”, деб гапирганини биров эшитмаган. У инсон зотига яхшилик ва меҳр кўзлари билан қараган, ҳаёт ҳам яхшилик ва меҳрдан иборат, деб билган.

Биз кўпинча машҳур ва улуғ зотларнинг сермазмун ҳаёти, умр йўллари ва фазилатларини бошқаларга ибрат қилиб ёзамиз. Лекин оддий инсонларнинг намуна бўладиган ёрқин ҳаётини, инсоний амалларини кам эслаймиз.

Ҳазрат Жалолиддин Румий шундай ёзганлар:

Меҳри покларни азиз тут эрта-кеч,

Меҳри йўқларга кўнгил берма ҳеч.

Манзурахон ҳамма ҳавас қиладиган баркамол оиланинг соҳибаси эди. Турмуш ўртоғи Носиржонни доим “Бой ота”, деб чақирарди. Унинг пок ниятлари ижобат бўлиб, бу ажойиб оила бой-бадавлат бўлиб кетди. Ўғли Лутфулла, қизлари Нозима, Гулчеҳрани ўзидай меҳрибон, самимий, оилапарвар инсонлар қилиб тарбиялади. Улар турли олий ўқув юртларини тамомлаб, ўз касблари бўйича ишламоқдалар. Фақат ширин-шакар набираларнинг меҳр-муҳаббатига тўймай кетди, Манзурахон!

Бу оддий, камтар, хокисор инсон бизларга яхшилик умр безаги эканлигига ва юксак инсоний меҳрдан бебаҳо сабоқлар бериб кетди. Меҳрдан йироқ кимсаларга меҳр борлигини, меҳр билан яхшилик инсон умри барҳаётлигини ўз ҳаёти мисолида кўрсатиб намоён этди.

Болалар нашрларида кўп йиллар техник муҳаррир, хатлар бўлими мудири вазифаларида сидқидилдан меҳнат қилди. Ўзининг камтарлиги, самимийлиги ва барчага яхшилик соғиниши билан юракларда қолди. Ижодкор дўстимиз Баҳром Акбаров эса унинг вафотини эшитиб, ҳаёт ва умр йўллари чин инсон қиссасига арзигуликдир, дейди.

Мен эса Манзурахоннинг вафот этганлигини эшитганимда беихтиёр хассос шоирнинг ушбу мис­раларини дилимдан ўтказдим:

Назар этгил, ёшу кекса,

Бир малҳамга зордир бу кун.

Ғазабни қўй, фақат меҳр,

Фақат меҳр кордир бу кун.

 

Ашурали ЖЎРАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five + five =