Фазилатда тенгсиз ой

Яратганга беадад шукурлар бўлсинки, жисман ва руҳан пок­ланиш ойи бўлган моҳи рамазон — ойларнинг султони яъни муборак рўза ойи ҳам якунланишига саноқли кунлар қолди.

Ўтган улуғларимиз ушбу ойга интиқ бўлишар, ҳатто ойлар давомида: “Ё Аллоҳ, бизни Рамазонга етказ!”, деб илтижо қилишар эди. Рамазон келиб, унинг ҳар лаҳзасини эзгу амаллар учун захира қилишгач, яна бир неча ойлар давомида: “Ё Аллоҳ, Рамазондаги амалларимизни қабул эт!”, дея дуо қилишарди.

Хўш, бундай фазилатли онларни оламларга раҳмат Пайғамбаримиз қандай ўтказганлар?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонни катта хурсандчилик билан қарши олар эдилар. Тайёргарликни Шаъбон ойи рўзасини тутишдан бошлар эдилар. Муборак ой келгач, саҳобаларга унинг фазилатлари ҳақида сўзлаб берар, кеча ва кундузларни ғанимат билишга ундар эдилар. Рўзага доир шаърий ҳукмларни баён қилиб борар эдилар.

Саҳарликда бир нечта хурмо ёки оз миқдорда таом ва сув билан чекланар эдилар. Шунинг­дек, саҳарлик вақтини бомдодга қадар кечиктирар эдилар. У зот алайҳиссалом “Саҳарлик қилинг­лар. Албатта, саҳарликда барака бордир” (Имом Бухорий ривояти), дер эдилар.

Саҳарликдан сўнг эллик оят тиловат қилгулик вақт миқдорида намоз ўқир, азон айтилгач, бомдоднинг суннатини уйларида ўқиб, фарзини масжидда адо этар эдилар.

Масжидда қуёш чиққунига қадар зикр қилар, қуёш кўтарилиб, тахминан йигирма дақиқа ёки ундан кўпроқ вақт ўтгач, икки ракат намоз ўқир, мана шу суннатларни амалга оширган кишига ҳаж ва умра савоби берилишини айтар эдилар.

Рамазон рўзаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилганларининг иккинчи йилида Шаъбон ойидан икки кеча ўтганидан сўнг душанба куни фарз қилинди. Бу милодий 623 йилнинг 7 февралига тўғри келса керак, валлоҳу аълам.

Шаъбон ойи тугаши билан Пайғамбар алайҳиссалом бош­лиқ мусулмонлар илк Рамазон рўзасини тута бошладилар. Бу кунлар жуда иссиқ эди. Рамазон каломининг маъноси ҳам “жуда иссиқ”, “куйдирадиган иссиқ” деганидир. Шояд, Рамазонда рўза тутганларнинг гуноҳлари куйиб йўқ бўлса!

Муборак Рамазон ойининг фазилатлари, рўзанинг нақадар савобли амал эканлиги хусусида Тошкент шаҳар Яшнобод туманида жойлашган “Ислом Ота” масжиди имом хатиби Йўлдошали КАРИМОВ билан суҳбатлашдик.

 

— Ассалому алайкум. Аввало Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин деймиз. Домла, гуноҳлар кечирилиб, кичик амалларимиз учун ҳам катта савоблар бериладиган улуғ рўза ойида Яратган томонидан бандаларига ихлос билан рўза тутгани учун қандай ажрлар берилиши, умуман мазкур ойнинг хосиятлари ҳақида кенгроқ тушунча берсангиз?

— Аввало, шуни айтиш жоизки, ҳар бир инсон Рамазон рўзасининг фарзлиги ҳақида етарли маълумот олмагунча тутаётган рўзасининг аҳамиятини тўлиқ англаб етиши қийин.

Бу ибодат Қуръони Карим оятлари, Пайғамбаримиз Расулуллоҳ алайҳи ва салламнинг ҳадислари ва Ислом умматининг тақвоси, Аллоҳ ризолиги йўлидаги умид ва ишонч ила собит бўлгандир. Шу боисдан ҳам Аллоҳ таоло бу ибодатни серфазилат қилиб қўйган. Мазкур фазилатларни эса санаб адоғига етиш мушкул.

Рўза араб тилида “сиём” деб аталиб, луғатда бир нарсадан ўзини тиймоқликни билдиради. Шариат истилоҳида эса “тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзни тиймоқликдир”. Рўзани очувчи нарсалар деганда емоқ, ичмоқ, жинсий яқинлик қилмоқ ва рўзани очиб юборадиган бошқа нарсалар тушунилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом: “Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди”, дедилар”.

Пайғамбаримиз с.а.в. шундай марҳамат қилдилар:

“Рўза тутган кишининг уйқуси ибодат, сукут сақлашлиги Аллоҳга тасбеҳ, қилган амалининг савоби орттириб берилади ва гуноҳи кечирилгандир”.

“Агар менинг умматим Рамазон ойи ичидаги нарсаларни билганларида эди, албатта, йилнинг ҳаммаси Рамазон бўлсайди, деб орзу қилардилар”.

Рўзадорнинг рўзасини савоби мукаммал бўлиши учун қайтарилган ишлардан узоқ бўлиши ва буюрилган амалларга янаям шижоатли бўлиши керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Рўза фақат ейиш ва ичишдан тийилиш эмас. Балки беҳуда, беадаб сўзлардан тийи­лишдир. Агар сени бирор киши сўкса ва сенга жоҳиллик қилса: “Мен рўзадорман, деб айт”.

Итоаткор рўзадорларнинг иймони комил, хулқи аъло бўлиши уларнинг қалблардаги ниятлари ва тиллари уйғунлигидан далолат беради. Уларнинг улуғ аломат ва мукаррам сифатлардан яна бири қалбларида нафрат, ҳасад ва адоват йўқлигидир. Тилларидан эса ғийбат, чақимчилик ёки ёлғон мутлақо чиқмаслигидир.

Рўзангизнинг аҳамиятга молик жиҳати таом ва ичимликдан тийилсангиз-да, қалбингиз эса Аллоҳнинг бандаларига нисбатан нафрат, ҳасад ва кек сақлашда ифтор қилиши ёки тилингиз ғийбат, чақимчилик, фириб билан муомала қилиш, ёлғон, ҳақорат ва сўкишликда ифтор қилишдан иборат бўлмасин. Чунки кимнинг ҳоли шундай бўлса, бас, у рўзасидан фақат очлик ва чанқоқлик қолибди холос, Рўзанинг бошқа ажру мукофотларидан маҳрум бўлади.

— Рўза ойида кўпроқ қандай ниятлар қилган маъқул? Кўпроқ ўқилиши керак бўлган дуолар ҳамда қўшимча амаллар ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз?

— Энг аввало, оғиз очиш вақтида кўпроқ дуо билан машғул бўлиш тавсия қилинади.

Ифторлик пайтида қилинган дуоларнинг ижобати янада саодатлидир. Шунга кўра, Набий алайҳиссалом ифтор пайтида дуо қилганлар. Айниқса, аҳли аёлларимизни ифторлик вақти яқинлашиши билан дастурхон атрофига жам қилиб қалбдан Аллоҳга ният қилиб, дунё ва охират учун манфаатли бўладиган нарсаларини сўрашни ўрганиш лозим.

Кўпроқ қурон ўқиш, агар ўқий олмаса эшитишлик Расулуллоҳнинг Рамазондан энг кўп машғул бўлган амалларидан.

Улфатлар билан гаплашиш, телефонларни кавлаш, интернетдан фойдаланиш, ижтимоий тармоқларда соатлаб ўтириш, турли суҳбатлар билан вақт ўтказиш, кўчаларни кезиш, истироҳат боғларига бориш, кўнгилочар масканларга ташриф буюриш ва бош­­қа шу кабиларни камайтириб, Муборак ҳадиси шарифда бундай дейи­лади: “Рўза тўсиқдир. Қачонки сизлардан бирортангиз рўзадор бўлса, ёлғон сўз гапирмасин, ҳақорат сўзларни айтмасин”.

Яна фарзандларга Рамазоннинг улуғлигини англатиш ҳам улуғ савоблардандир.

Қолаверса, фарзандларимизга гўзал тарбия бериш динимиз талабидир. Ана шу тарбиянинг бир қисми уларда динимиз шиорларига нисбатан ҳурмат, уни эъзозлаш руҳиятини шакллантиришдир. Бу ойнинг ибодатларига кўп савоб берилиши, мурувват ойи, сабр ойи эканини, Қуръон шу ойда нозил этилганини уларга тушунтириб боришимиз албатта жоиз.

— Муҳтарам домла, маълумки, инсон хато қилади, нуқсонга йўл қўяди. Ушбу муборак кунларда одамларнинг бир-бирларига янада кечиримли бўлиши, турли келишмовчилик ва зиддиятлардан, аразлардан ҳам халос бўлиши учун нима қилмоқ керак?

— Албатта, одамлар орасида турли сабаблар туфайли айрим келишмовчиликлар, зиддиятлар бўлиб туради. Бироқ шу пайтгача ўзаро урушиб, жанжаллашиб яхшиликка эришмаган. Аксинча, муросасизлик, ўзбилармонлик, димоғдорлик биродарлар орасида араз-гина пайдо бўлишига сабаб бўлади. Оқибатда киши гуноҳкор бўлиши ҳам мумкин.

Абу Ҳурайра розияаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин мўминдан уч кундан ортиқ аразлаши ҳалол эмас. Агар у уч кунни ўтказган бўлса, ўша билан учрашиб, салом берсин. Агар унинг саломига алик қайтарса, иккаласи ажрга шерик бўлади. Агар саломга алий қайтармаса, у гуноҳни ўзига олган бўлади”, дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

Афсуски, айрим кишилар, айниқса, мерос масаласида бир оиланинг фарзандлари бўла туриб бир-бирлари билан низолашиб, йиллаб аразлашиб юрганлар ҳам учраб туради. Демак, араз-гина, адоват жуда ёмон иллатлардан экан, мусулмонликка даъвогар одам ўзини тез идора қилади ва ўтмишдан билиб-билмай қилиб юрган гуноҳларини ювиш учун ҳам биродарини кечириши асносида адоват, гина-кудуратдан воз кечади.

Мўмин-мусулмонлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъкидлаганларидек, ака-ука бўлишлари керак. Ораларидан гап-сўз ўтган, аччиғи чиққан, бир-бирига оғир ботадиган гап айтган, иш қилган бўлса, уларни кўнгилдан чиқариб ташлаш учун шариатда уч кун муҳлат берилган. Мусулмон одам уч кун ичида ҳовуридан тушсин, ўз-ўзига насиҳат қилсин ва уч кундан оширмасдан ярашиб олсин, бундай аразлашиб юришни ўзларига эп кўрмасин.

Аразлашиб қолганларни ярашишга тарғиб қилиш лозим. Айтайлик, икки киши урушиб қолган бўлса, йўлда учрашиб қолганда тескари қараб, юз ўгириб ўтиб кетса, орадаги нифоқ икки баравар кўпаяди. Демак, гина гуноҳга айланади. Шунинг учун аразлашиб қолган икки киши учрашиб қолса, шу ерда бир томон савоб умидида яхшиликни бўйнига олиб, салом бериши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биринчи бўлиб салом бергани — яхшиси”, деганлар.

Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ

ёзиб олди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 3 =