“Effect.uz”нинг юзаки “эффекти”

Одатда, савияси паст одам савияси, обрўси, мақоми юқори бўлган кишига тутуриқсиз, ноўрин савол берганда, нима деб жавоб қилинади? Ўринли жавоб қилинади ночор. Лекин… шу ерда умумий савия ўзини намойиш қилмай қолмайди, барибир.

Афсуски, кўп жойларда ўзидан “журналист” ясаб олганлар пайдо бўлди. Улар ким, қаерда ўқиган, маълумоти қандай, биров билмайди… Бу эса шубҳасиз матбуотнинг обрўсини туширишда давом этаверади…

Қаранг, яқинда бўлиб ўтган бир матбуот анжуманида Effect.uz сайти мухбири Мудофаа вазирлиги вакилига битта савол ва битта таклиф билан юзланибди (https://effect.uz/2857). Мухбирнинг таъкидлашича, “мудофаа вазирининг ташқи ҳамкорлик бўйича фаолияти оммага сирлидек туюлади. Вазир кўп ҳам кўриниш беравермайди… унинг ташқи ҳамкорликлардаги учрашувларининг ёритилиши қониқарли эмас”.

Савол эса шундан иборатки, “нега ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлган Термиз шаҳри атрофида Ўзбекис­тон ҳарбийлари Афғонистон ҳудудидан ўққа тутилгани тўғрисида асоссиз хабарларга Президент матбуот хизмати муносабат билдирди, бу ишни аслида Мудофаа вазирлиги қилиши керак эмасмиди?”.

Фикримизча, Effect.uz мухбирининг таклифи ва саволининг юки ўта енгил.

Чунки керак бўлса, ҳар бир давлат идорасининг кенг оммага маълум қилинмайдиган ички ахбороти бўлади. Расмий айтганда давлат сири деган тушунча ҳам бор. Бундай ички ахборот, айниқса, мамлакат ички ва ташқи хавфсизлигини таъминловчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда кўп бўлади. Мудофаа вазирлиги ҳам шундай идоралар сирасига киради. Бинобарин, Effect.uz мухбири таклифига “Мудофаа вазири Адлия, Иқтисодиёт, Молия вазирликлари каби ёки Давлат солиқ қўмитаси каби идора раҳбари эмаски, у кенг оммага тез-тез кўриниш бераверса”, деб айтиш мумкин.

Қолаверса, Ўзбекистон ҳарбийлари Афғонистон ҳудудидан ўққа тутилгани тўғрисида ёлғон хабар юзасидан биринчи бўлиб Мудофаа вазирлиги эмас, Президент матбуот хизмати ахборот бериши асло мантиққа зид эмас. Ўз-ўзидан тушуниш мумкинки, Мудофаа вазирлиги Президент Администрациясига ҳақиқий аҳвол юзасидан маълумот тақдим этган, шу маълумотга асосан расмий баёнот берилган. Шундай экан, вазирликнинг ўзи алоҳида маълумот бермаганлиги ёки Президент матбуот хизматидан кейин маълумот берганлигининг нима аҳамияти бор?

Effect.uz сайти нисбатан янги сайт, у 2019 йил охирида ташкил топган. Бу сайт ўзбек медиа бозоридаги бошқа кўпгина хусусий бизнес-медиа тузилмалари сингари “шов-шув”ли ахборотларни тарқатиш орқали одамлар эътиборини тортишга, обрў ошишига ва шу йўл билан реклама берувчиларни қизиқтириб, жалб қилиб, ўз ташкилотчиларига кўпроқ даромад келтиришга интилаётган кўринади. Энг ёмони, бу йўлда ушбу сайт “ижодкорлари”, сўз эркинлигини суиистеъмол қилиб, ахборот соҳамизни тартибга солувчи қонунларимиздаги камчиликлардан, ахборот тарқатиш борасидаги қонун талабларига риоя этилиши етарлича назорат қилинмаётганлигидан фойдаланиб, беодоб, уятли материалларни эълон қилишдан ҳам тап тортмаяптилар.

Масалан, 2021 йилнинг 5 апрелида Effect.uz бир материал эълон қилганки, унинг сарлавҳасини айтишга, ёзишга ҳар бир ўзини ҳурмат қилувчи, эс-ҳуши жойида бўлган одам журъат эта олмаса керак. Бутун дунё ўқиши, кўриши мумкин бўлган ҳолда ўзбек тилида қуйидаги сарлавҳа остида бир актриса билан видеосуҳбат эълон қилинган (узр, фикримизга далил сифатида келтиришга мажбурмиз): “Бола деганимда жинсий аъзомга тепди. Ҳаттоки уйимга қизларни олиб келган”… (видео)”. (https://www.facebook.com/effectuz/posts/876654049847301/). Нимаям дердик… Бир сўз билан айтиладиган бўлса: ШАР-МАН-ДА!

Афсуски, ижтимоий тармоқлар, турли “профессионал” сайту яна нимабалоларда шу каби беҳаёликлар “реклама”си авж олиб бормоқда.

Хуллас, “Effect.uz”чиларга маслаҳатимиз: давлат идораларига таклиф ва савол беришдан олдин сиз, аввало, журналист касби қоидалари ва одоб-ахлоқ доирасида ахборот тақдим этишни ўрганиб олинг!

Матбуот ва ОАВларидек эзгу соҳада ўз ўрнида фаолият юритиши учун очиқлик билан бир қаторда ким бўлса ҳам билим, савия ва чуқур салоҳият ҳам зарур эканлигини унутмаслик керак.

Фарҳод ҚУРБОНБОЕВ,

иқтисод фанлари номзоди

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 1 =