Тўрт “ака-ука” ёки истараси иссиқ китоблар

Кўпжилдликлар нима учун тузилади? Уларга жамланган барча асарлар аввал газет-журналларда, кейин китоб ҳолида нашр этилган-ку. Керак одам ўшаларни олиб ўқийверади-да. Яна қайта чоп қилишга эҳтиёж борми?

Мен дастлаб шундай фикрда эдим. Бир неча йил бўлди – фик­рим ўзгарган.

Кўпжилдликлар керак! Унга эҳтиёж бор!

Бундай фикрга келишимга Пушкин, Лермонтов, Лев Толстой, Чехов, Шолохов каби рус ёзувчилари, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Асқад Мухтор, Одил Ёқубов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Шукур Холмирзаев сингари ўзбек адибларининг кўп­жилд­ликлари сабаб бўлган. Кўпжилдликларни ўқиганда ёзувчининг бор-бутун қараши, фикр дунёси, фалсафаси, борингки, маҳорати тўла, яхлит ҳолда намоён бўлади.

Шу ўринда кичик чекиниш. Бир вақтлар Лев Толстой ижоди билан бироз шуғулланганман. Улуғ адибнинг 90 жилддан иборат тўла асарлар тўпламига ҳавас қилганман. Унда Толстойнинг барча асарлари, асарларининг вариантлари, хатлари, қў­йингки, бу донишманд чолга тегишли барча нарса жамланган. Ўшанда шундай фикр кечган хаёлимдан: “Нега бизда шу тажриба йўқ? Нима, ўзбек адиблари асарларини бир ўтиришда ёзиб ташлаганми, вариантлари йўқми, таҳрир қилмаганми? Устоз ёзувчиларимиз ҳар бир жумла, ҳатто ҳар сўз устида қайта-қайта ишлаганини эшитганмиз, ўқиганмиз, айримларига гувоҳ ҳам бўлганмиз-ку. Ёки бизнинг ёзувчиларимиз хат-нома ёзмаганми? Ёзган! Бунга мисоллар кўп…”

Тасавур қилинг: бир йигит вояга етиб, уйланади – рўзғор қуради, бола-чақали бўлади. Вақти-соати билан фарзандлари ҳам уйли-жойли бўлади. Ёши бир жойга борганда ўғил-қизларини, келину куёвларини, невараю эвараларини тўплайди. Қараса, йигирма-ўттиз чоғлиқ катта оила. Улар турли ёшда, турли феъл-атворли, ҳар хил қиёфада. Аммо барчасининг томири бир – қирқ-қирқ беш йил бурун сириқдай йигит бўлган, бугун кексалик гаштини (гашт дейиш жоиз бўлса) сураётган оқсоқолга бориб тақалади.

Бир жойга тўпланган мана шу катта оиланинг яхлит кўриниши қандай гўзал, нақадар ҳавас қилгулик!

Мен кўпжилдликни бир жойга жам бўлган ана шу катта оилага ўхшатаман. Зеро, ижодкорнинг асарлари – унинг “фарзандлари”. Ҳар бир ўғил-қизи дунёга келганда қанчалар суюнса, ҳар асари битганда ҳам шунчалик қувонади ижодкор…

Яқинда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам тўрт жилдлик “Танланган асарлар”ини тақдим этди. Бу тўрт китоб, юқоридаги менгзашдан қаралса, тўрт “ака-ука”дир. Уларнинг ҳаммаси “серфарзанд”. Бу китоб­ларни варақлаб ўтириб кўпжилд­ликлар керак, деган фикрим тўғри эканига яна бир бор иқрор бўлдим.

Аввалдан айтиб қўяй, мақоламизда Эркин Аъзам ижодини таҳлил қилиш, тўрт жилд­­ликка тақриз битиш мақсади йўқ. Ёзувчининг асарлари ҳақида мақолалар, илмий тадқиқотлар, китоблар ёзилган. Буни адибнинг ўзи ҳам эътироф этади. Мана шу кўпжилдликка ёзган сўзбошида у бундай дейди: “Шусиз ҳам “меншунос”лар (Эркин Аъзамшунослар – М.Ҳ.) етарли, бири камина тўғрисида китоб-рисолалар битган, яна бири диссертация ҳимоя қилган”. Бундай тадқиқотлар ҳали кўп ёзилади. Шу боис “аъзамшунос”ликни давом эттиришни ўша “шунослар”га қолдирамиз. Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин-да, нима дедингиз? Ушбу қораламаларни битишдан муддао ёзувчи Эркин Аъзам ижодига бир қур назар ташлаш, асарларидан олган таассуротларни оддий ўқувчи сифатида баён қилиш, шу аснода кўнгилда туғилган баъзи фикрларни баҳам кўриш, холос.

Аввало, кўпжилдликнинг тартиб берилиши эътиборни тортади. Ниҳоятда дид билан, асарларнинг яратилиш даври инобатга олиниб тартибланган. Ортиқча ҳашам, бе­заклар, ҳатто суратлар ҳам йўқ. Эркин Аъзам тутими, феъл-атвори билан таниш бўлган китобхон бунинг боисини дарҳол англайди. Адибнинг “Ёзувчининг боғи” китобига сўнгсўз ёзган Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид буни чиройли тасвирлаган: “Дастхат бериш учун ҳам катта тадбирга ҳозирланаётгандек астойдил тайёргарлик кўради. Стол устини кераксиз қоғозлардан обдон тозалаб, кулдон, чойнак-пиёла ва телефонларни бир четга қўяди, сўнгра ҳафсала билан артиб сидиради. Изидан кафтини бир сидра юргизиб бўлгач, столнинг кенг, озода сатҳини яна бир карра эринмай пуфлаб чиқади. Бу жиддий тадорик анчагача давом этгач, ниҳоят мақсадга кўчилади. Тахминан кичикроқ бир ҳикоянинг таҳририга кетадиган вақт ўтгач, алал-охир қисқагина дастхат дунёга келади: “Азиз иним… Аканг сенчалик китоб ёзолмаса керак. Бори-да! Ўқирсан”.

Шугина дастхатни ёзиш учун шунча тайёргарлик кўрган бўлса, бу тўрт китобни (ҳар бири беш юз бетдан зиёд) тайёрлагунча қанча тадорик кўрди экан?!

Йўқ, бу инжиқлик эмас, олифтагарчилик ҳам эмас. Масъулият! Сўзга, китобга ва китобхонга нисбатан масъулият! Ҳар бир сўзнинг жавоби борлигини теран англаш масъулияти.

Ўрнак олгулик, ҳавас қилгулик мисолми?!

Қисқагина дастхат битиш учун стол обдан тозалангани адиб озодаликка, тартибга ниҳоятда қатъий риоя қилишидан дарак. Зеро, тозалик, озодалик, тартиб-интизом – бараканинг муҳим омили.

Шу боис Эркин Аъзамнинг тўрт жилддан иборат “Танланган асарлар”ини қўлга олган ўқувчининг дили равшан тортади. Чунки бу китобларнинг истараси иссиқ, китобхонни ўзига жалб этади. Ва уларни беихтиёр ўқишга киришади, кўнглидан ажиб туйғулар кечади. Гўзалликни кўрганда ҳайрат ила нималардир дегиси, бир нарсалар ёзгиси келгани каби ушбу китоблар ҳақида ҳам бир нималар битгиси келади. Аслида мана шу қораламалар ҳам ўшандай туйғу-таассуротлар “меваси”…

Тўрт жилдлик ҳикоялар билан бошланади. Кейин қиссалар, киноқиссалар, драматик асарлар, роман. Тўртинчи жилд “Эски дафтар” деб умумий номланган ўн иккита ҳикоя билан якунланади. Улар биринчи марта китобга киритилиши. Бу ҳикоялар ҳали адабиёт оламида танилмаган ёш қаламкаш томонидан ёзилган. Буни ҳикоялар ёзилган сана айтиб турибди. Масалан, ушбу туркумдаги биринчи ҳикоя “Сабил” 1969 йилда ёзилган. Демак, у пайтда Эркин 19 ёшда бўлган. Қолганлари ҳам ўша йиллар маҳсули. Бу ҳикоялар тўрт жилдликка шунчаки, китобни тўлдириш учун киритилмаган. Тажрибали, таниқли, халқ ёзувчиси Эркин Аъзам ёш ёзувчи Эркин Аъзамов битикларини обдон ғалвирдан ўтказиб, юраги жизиллагани, бугунги талаб билан қараганда ҳам ўзига маъқул бўлгани учун киритган. Бугун нимани берсам журналу нашриётлар жон деб чиқараверади, чунки Эркин Аъзам деган номим бор деб ёндашганида ушбу кўпжилдлик тўрт китоб эмас, эҳтимол яна шунчага кўпаяр эди. Адибнинг ўзи бу ҳақда шундай ёзади: “Кечаги мудҳиш “чилла” (пандемия карантини) кунлари уйда ўтириб қоғоз бисотимни титкилаганимда даста-даста қиссаю ҳикоя чиқди. Кўплари тамом хотирамдан кўтарилиб кетган, хатим танишлигини айтмаса, айримларини ўзим ёзганимга ҳам ишонолмадим. Ўзиям қип-қизил графоман – ёзағон бўлган эканман-да!”

 

Хўш, Эркин Аъзам асарлари нега ўқишли, нега китобхон севиб мутолаа қилади? Долзарб мавзулар кўтарилгани учунми, ҳаётий воқеалар тасвирлангани сабабми, “одамларнинг тили учида турган гаплар” (А.Қаҳҳор) айтилгани боисиданми? Ҳа, шундай! Бу таърифу тавсифларни яна давом эттириш мумкин. Мен булар қаторига, балки энг олдига Эркин Аъзам асарлари тилини қўйган бўлар эдим. Бу тил – очиқ-дангал, дадил, шакару асали ҳам, қалампиру мурчи ҳам бор тил, “Анойининг жайдари олмаси” дегандай жайдари тил, сунъийлик йўқ, китобийлик йўқ. Эркин Аъзам қаҳрамонлари инсон ҳаётда қандай гапирса шундай гапиради. Ҳар бир персонаж ўзи яшаётган жой шевасида, касби-кори лексиконида сўзлайди. Бадиий асар шундай бўлиши керак-да, дейсизми? Тўғри, шундай бўлиши лозим, буни ҳамма билади, аммо ҳамма ёзувчи ҳам бунга амал қилмайди, аниқроғи, амал қила олмайди.

 

Эркин Аъзам китобини ўқисангиз қаҳрамонлари сиз билан гаплашаётгандай туюлади, уларни “танийсиз”, ие, бу фалончи-ку, ёзувчи бу одамни қаердан билар экан, деб юборасиз. Бир-иккитасини эсингизга солайми? Навоийни ўқиган болалар (Жаноб, Малика ва асосий қаҳрамон) сизга танишми? Таниш, шундай воқеалар кимнинг бошидан ўтмаган? Асқарни ҳам биласиз, Аҳмадхонов билан ўчакишиб юрадиган шартаки талаба-чи? Эсладингизми? Ҳа, баракалла! Болта Мардонни аниқ танийсиз, қиш­лоғингиздаги оқсоқол-да, Эркин Аъзам ўшани ёзган. Ишонмасангиз ўзидан сўранг. Фарҳод Рамазонни шахсан танимасангиз ҳам телевизорда кўп кўргансиз…

Етарли-я, ҳаммасини бирма-бир санаб чиқиш шарт эмасдир.

Дарвоқе, яна бир гап. Бу ёзувчининг хоҳлаган асарини ўқишга тутинсангиз охирига етмагунча ўрнингиздан туролмайсиз. Истасангиз синаб кўринг. Мана, тўрт жилд китоб. Эркин Аъзамнинг деярли бор бисоти шунда жам. Ўқувчиларга қулай бўлсин деган-да.

Булар ҳазил эмас, чин гаплар, жиддий мулоҳазалар.

Очиғи, бугунги кун адабиётимизда қаҳрамонлари тирик одам сифатида кўринадиган асарлар кам. Баъзи китобларни варақлаб, тилга эътибор шу даражада сусайиб кетганидан ачинади одам.

Шуларни ўйлаганда Ҳамза, Қодирий, Чўлпон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Одил Ёқубов, Саид Аҳмад, Асқад Мухтор каби устоз­лар қатори Эркин Аъзам, Мурод Муҳаммад Дўст, Хайриддин Султон сингари тенгдошларимиз асарларини қайта-қайта ўқигингиз, гўзал, бой, жозибадор она тилимиз лаззатидан баҳраманд бўлгингиз келаверади…

Эркин Аъзам дастлабки ҳикоя, қиссалари биланоқ ўзига хос услубини намоён этди. Бу озгина киноя, озгина юмор, озгина рамз, озгина жиддийлик қўшилган, яхлит холда олиб қараганда, бироз заҳарханда, аммо мақсади пок, нияти эзгу бўлган халқ тили – услубдир. Бу услуб устозлардан кимнинг услубига ўхшайди? Гулханийми, Муқимийми, Ҳамза ёки Ғафур Ғуломми (Ғафур Ғулом прозасининг тилига эътибор беринг-а), Неъмат Аминов­ми? Йўқ! Ўйлаб-ўйлаб топдим. Бу Эркин Аъзам услубига ўхшайди, худди ўзи! Унинг ҳеч кимникига ўхшамаган услуби бор. Демак, бу – Эркин Аъзам услуби! Ким илк қиссасига “Шартакилик қиссаси” деб қўйиши мумкин? Бунақа “жанр”ни олдин учратганмисиз? Учратмагансиз! Буни фақат Эркин Аъзам ёзиши мумкин. У йигирма етти ёшида ёзган “Отойининг туғилган йили” қиссасини шундай атаган…

Асарлар ҳам одамларга ўхшайди. Баъзи асарлар омадли келади. Дарров тилга тушади, мақталади, мукофотлар олади. Айрим асарлар эса турли машаққатларни бошидан кечиради. “Туғилганидан” кейин ҳам йиллаб дунё юзини кўрмай ётади, Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи каби. (Ёзувчининг ўзи кўнгли тўлмай ташлаб қўйгани бошқа масала.)

Эркин Аъзам тўрт жилдлигини варақлаб, улардан жой олган асарларнинг (ҳаммасини эмас, албатта) “босиб ўтган йўли”ни эсладим. “Отойининг туғилган йили” “Гулистон” журналида босилди аввал, кейин китоб бўлиб чиқди. Эсимда, қанча шов-шув бўлувди. Мақтаганлар билан бирга тош отганлар ҳам кам эмасди. У пайтларда ҳали ўттизга бормаган ёш ёзувчининг бундай китоби чиқиши воқеа эди, бундай бахт камдан-кам ёзувчига насиб этар эди.

Ёш ёзувчига отилган тошларга ёшларнинг меҳрибон, ҳақиқий устози, қалбидарё адиб Асқад Мухтор балогардон бўлди. Эркин ёзади: “Андак кечикиб бўлса-да, сўнгроқ тўрт-беш йил унутилмас устоз Асқад Мухтор паноҳида юриш насиб этди. Ул табаррук одамдан кўп нарса, аввало, тубанликдан ҳазар қилмоқни ўргандик, кўп беғараз мурувватлар кўрдик. Мен учратган бутун одамлар даврасининг бошида шу зот туради. Ёш умрнинг дастлабки аччиқ-чучуклари шу киши раҳбарлик қилган донгдор журналда кечди. Муаллифига кўп мукофоту шу баробари кўп маломатлар ҳам келтирган “Отойининг туғилган йили” асари “Гулистон” кунлари ёзилган, “Гулистон”да босилган”.

Шу ўринда устоз Асқад Мухторнинг ёшларга ғамхўрлиги, уларни қўллаб-қувватлагани ҳақида икки оғиз айтиб ўтиш жоиз, деб ўйлайман. У зотнинг марҳаматини кўрганлар кам бўлмади. Улар фақат устоз билан бирга ишлаганларгина эмас. Маҳмуд Саъдий, Сулаймон Раҳмон, Абдулла Шер, Мурод Хидир, Эркин Аъзам, Хайриддин Султон, Саъдулла Аҳмад, Аҳмад Аъзам сингарилар Асқад ака билан бир идорада ишлаган, Рауф Парфи, Машраб Бобоев, Анвар Эшонов, Алишер Ибодинов каби ўша пайтдаги ёш ижодкорларнинг бирига оқ йўл тилаб, бирининг асарини журналда босиб ҳимоя қилган. Энг асосийси, у кишининг барча ёрдаму марҳамати мутлақо беғараз бўлар, иложи борича ошкор этилмас эди…

Эркин Аъзамнинг бошқа асарлари ҳам муайян саргузашту ташвишларни бошидан кечирган. “Дилхирож”, “Сув ёқалаб”, “Паризод” фильмлари турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Айтайлик, “Паризод” воқеалари миллатимиз шаънига тўғри келмайди, дейилди, “Сув ёқалаб”да фильм ижодкорлари нима демоқчи, мақсад нима, деган мазмунда фикрлар билдирилди.

 

Бадиий асарда ҳамма нарсани батафсил тушунтириб бериш шартми? Китобхон ҳам, томошабин ҳам ўйлаши, фикрлаши лозим. Адабиёт ва санъатнинг вазифаси шу.

Эътиборлиси шундаки, ушбу фильмларнинг аксарияти турли халқаро фестивалларда юксак мукофотлар билан тақдирланди.

Аслида бирон бир асар (у қиссами, романми, фильмми, спектаклми) ҳақида турли, қарама-қарши фикрлар айтилгани яхши. Бу ўша асарнинг ўзига хос тарғиботига айланади. Айниқса, танқид қилинган асарлар машҳур бўлиб кетади. Совет даврида компартияга ёқмаган асар тақиқлаб қўйиларди. Нашрдан чиққан баъзи китоблар йиғиб олингани ҳам бор гап. Ҳатто айрим газеталар ҳам. Кейин одамлар ўша китобни яширинча қўлма-қўл олиб ўқир, нархи кўтарилиб кетарди.

 

Яна бир мулоҳаза. Ўзбекистонимиз мус­тақилликка эришганидан сўнг бир неча ижодкорлар давлат ишларига жалб этилди. Юртимиз мустақил бўлишини биринчи галда ижодкор зиёлилар истар, бу йўлда гоҳ ошкора, гоҳо пинҳона, асарлари орқали ҳаракат қилишарди. Бу табиий жараён эдики, яқин тарихимизда ҳам шундай бўлган. 1989 йилда, ҳали компартия қиличини қайраб турган пайтда ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш ҳақидаги қонун қабул қилинишида ҳам ижодкор зиёлиларнинг саъй-ҳаракати муҳим роль ўйнагани барчага аён. Зеро, мустақилликни мустаҳкамлаш, мамлакат тараққиётига ҳисса қўшиш зиёлиларнинг бурчи, вазифаси.

Шундай бўлди. Ўнлаб шоир, ёзувчи ва олимлар юқори идораларда, турли нуфузли ташкилотларда ишлади ва ҳозир ҳам ишламоқда. Улар мустақил давлатимизда ижтимоий соҳани, хусусан, маданият, адабиёт ва санъат, маънавият ва маърифат соҳалари ривожи учун баҳолиқудрат хизмат қилди ва хизмат қилмоқда. Истиқлолнинг дастлабки йилларида шаклланмаган, изга тушмаган соҳалар, ишлар кўп эди. Бундай ҳол барчадан фидойилик билан, ўзининг шахсий ишидан, ҳузур-ҳаловатидан кечиб ишлашни талаб этарди. Ўша вақтларда юқори ташкилотларда фаолият олиб борган ижодкорларнинг кўпчилиги ана шундай шароитда ишлади. Оқибатда уларнинг баъзилари ижоддан бироз узоқлашди, маълум муддат ижодни бир чеккага суриб қўйишга тўғри келди. Чунки ижтимоий фаолият билан ижодни баравар олиб бориш осон эмас, ҳамма ҳам уддалай олмайди. Натижада адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин олиши мумкин бўлган қанча асарлар ёзилмай қолди. Бундай дейишимизга давлат идораларида ишлаган адибларнинг унгача ёзган асарлари асос беради. Албатта, давлат ишида ишлаган ва ишлаётган барча ижодкорларни бу тоифага қўшиш фикридан йироқман. Дарвоқе, улардан айримлари кейинги йилларда бир-иккита китоб чиқариб, “истеъдоди сўнмаганини” (А.Орипов), ижодий режалари мўллигини, вақти-соати билан улар қоғозга туширилажагини исботлади. Бу ҳам сўнгги йилларда ижод аҳлига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг самарасига бир мисолдир.

Эркин Аъзам ҳам маълум муддат ўша сафда бўлди. Унинг таржимаи ҳоли билан танишганлар буни билади. Ўзи шундай ёзади: “Ўн йил депутатлик мажлису машваратлари ва “Тафаккур”ни йўлга қўйиш билан ўтди деса бўлади… Олиймақом давраларда ҳавойи от суриб юрилганда, адабиёт-санъат юмушлари анчайин бир икир-чикир бўлиб кўринар экан… Аттанг!” . Ёзувчи буни “Шовқин” романига ҳам сингдирган. Асар қаҳрамони Фарҳод Рамазон ўйлари: “Сен энди фақат ўзгаларга маслаҳат берасан, ақл ўргатасан, ёзув-чизув ҳам, бош­қаси ҳам назарингда пашшадек майда, кераксиз бир машғулотга ўхшаб қолган. Бари мана бу арбоблик савлатига, шу савлат берган майда-чуйдаларга алмаштирилди, қурбон берилди. Бирмунча иккиланишлар, ўртанишлар билан, лекин айрибош қилингани ҳақиқат. Негаки ишни ўзингиз бажаргандан кўра, унга ҳайбаракаллачилик қилмоқ, бошчилик қилмоқ осон ҳам мароқли. Бу эса шундай ширин, шундай мазали бир нишолдаки, ялайтуриб ҳар қандай қаламни синдириб отгингиз келади”.

Ёзувчи кечроқ бўлса-да, ўша “ҳавойи от суриб юрган” йиллар ўрнини тўлдирмоққа бел боғлади. “Кейинги ўн йилликда ўшанинг ҳиссасини чиқаришга баҳоли қудрат саъй қилинди. Кўнгилдаги бирмунчаси уддалангандек” (Э.Аъзам).

Шунисига ҳам шукр. Акс ҳолда ҳозир биз фикр юритаётган тўрт жилдлик бўлармиди-йўқми, Худо билади.

Ва ниҳоят…

Эркин Аъзам каминага учта китобини дастхат ёзиб берган. Биринчиси “Отойининг туғилган йили”, 1981 йилда чиққан. Унда ҳали Аъзамов эди. “Маматқул жўра! Шу китобни кечикиб тақдим этаётганимни ҳам самимий тушунинг. Имзо. 15.IX.82”. Албатта самимий тушунганмиз. Иккинчиси “Ёзувчининг боғи”. 2019 йилда нашр этилган. Унда қуйидаги дастхат битилган: “Маматқул ака! Сиз билан биз Тошкентга келиб боғ барпо этмаган бўлсак-да, ҳар кун кезадиган бир хиёбон кашф қилганимиз ҳақиқат. Кўп йиллар ана шу хиёбон фуқароси бўлмоқлик насиб этсин деймиз-да, ака! Имзо. 20.12.19”.

Бир-бир ярим йил таҳририятларимиз (“Гулистон” ва “Тафаккур”) қўшни бўлиб турди. Ўша йиллар тушликдан кейин Навоий номидаги театр атрофидаги хиёбонларда иккаламиз сайр қилар эдик. Кўп ажойиб гурунглар бўлган эди-да. Тақдир буни бизга кўп кўрди – “Тафаккур” Шаҳрисабз кўчасига, “Гулис­тон” “Навоий, 30”га кўчди. Натижада “ўзимиз кашф қилган хиёбон фуқаролиги”дан маҳрум бўлдик. Аммо суҳбату гурунгларимиз кунда бўлмаса-да, давом этаётир.

Учинчи китоб – мана шу тўрт жилдлик. Бунга узундан-узоқ дастхат ёзгандир, деб ўйлаётган бўлсангиз адашасиз. Тўртта китобнинг ҳар бирига фақат имзо қўйилган, холос. (Ким ишонмаса суратини олиб жўнатаман.) Бунда ҳам катта маъно бор, билсангиз. Ярим асрлик қадрдонлар бир-бирини сўзсиз тушунади, агар ҳақиқий қадрдон, чинакам фикрдош бўлса! Оллоҳга шукрки, биз шундайлар тоифасиданмиз.

Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × two =