Олис кетма, сенсиз қандай ухлайман…
Абдураззоқ ОБРЎЙ
Муаллиф ҳақида: Абдураззоқ ОБРЎЙ — 1956 йилда Пастдарғом туманида туғилган.
Москва давлат университетининг журналистика факультетида ўқиган. ЎзА, “Муштум” журнали, “Ватанпарвар” газетаси таҳририятларида фаолият юритган. Ҳарбий унвони — подполковник. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист. Ўндан зиёд ҳазил шеърлар ва пародиялардан иборат китоблари чоп этилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
КАЛЛАГА ЯРАША АЛЛА
Чапдан борсанг қиз бўлар,
Ўнгдан ўғил тез бўлар.
Ё умуман бормасанг,
Хотининг ҳам без бўлар.
Алла болам алла-ла,
Бошқа гап йўқ каллада.
Мурод Али ЎТАМАЛИнинг
“Эркакча алла” шеъридан.
Билмам, нима ичгансан сен,
Зўр ботқоққа кечгансан сен.
Мурод Али яхши эмас,
Иштон боғинг … сен.
Бўлди, бас қил, алланг қурсин,
Шу гап чиққан калланг қурсин!
Хоҳласанг, хўп, гапдан келгил,
Майли, ўнг ё чапдан келгил.
Аллоҳ иши қизми, ўғил,
Билмасанг гар, шуни билгил.
Бўлди, бас қил, алланг қурсин,
Шу гап чиққан калланг қурсин!
Тилнинг жўра, суяги йўқ,
Лаб кўп, аммо бўёғи йўқ.
Бунақанги алла айтма,
Болаларга кераги йўқ.
Бўлди, бас қил, алланг қурсин,
Шу гап чиққан калланг қурсин!
БАЛОГАРДОН
Кеча бағримда эдинг,
Яна соғиндим, яна.
Аҳад ҚАЮМ.
Тортиб қўйдим бурнимни,
Яна соғиндим, яна.
Йиққаним йўқ ўрнимни,
Яна соғиндим, яна.
Кўрсам эди онангни,
Яна соғиндим, яна.
Яшаринган шу танангни,
Яна соғиндим, яна.
Бу туйғуни деманглар,
Хонандага доирдир.
Ҳаммасига айбдор
Аҳад деган шоирдир.
Бўлди, бас, нуқта қўяй,
Балогардон хотин-да,
Айтаверди хонанда
Нима бўлса матн-да!
2010 йил 1 июнь.
ДАВОСИ БОР
Тегаман!
Тегаман!
Тегаман!
Қўшиқдан.
Қайси ҳофиз юрибди,
Шоирлардан шеър сўраб.
Ҳозир ҳамма хонанда,
Қўшиқ айтар эрсираб.
Тинглаб туриб қўшиғин,
Мен бошимни эгаман.
У-чи роса бақирар,
Деб: -Тегаман, тегаман!
Келса мовга мушук ҳам,
Безор қилар миёв деб.
Уят нима билмайди,
Ўша битта “куёв” деб.
Айтгин ёқар кимга ҳам,
Сигир қолса мо-молаб.
Битта ахир чораси,
Ҳўкиз қўяр “даволаб”.
2015 йил 18 февраль.
ЕТТИ ҚАДАМ КЕТСАНГ…
Магар ўлсам, о,
бағрингда ўлгим келар,
Олис кетма,
сенсиз бўзлаб қолмасин дил.
Садоқат ҚУРБОНОВАнинг
“Олис кетма” шеъридан.
Олис кетма, мен сигарет чекаман,
Олис кетма, мен ҳаттоки ичаман.
Олис кетма, сенсиз қандай учаман,
Олис кетма, бошқасини қучаман.
Олис кетма,
чин юракдан уфлайман,
Олис кетма,
сенсиз қандай ухлайман.
Олис кетма, мен-чи кимни топаман,
Олис кетма, мен-чи кимни ўпаман.
Олис кетма, нима бўлсам бўлайин,
Олис кетма, шеър ёзмайин ўлайин.
2021 йил 18 ноябрь.
БИЛМАДИМ…
Билмадим…
Нафсгами,
Орзугами,
Восвосгами,
Девоналикками,
Хуллас,
бир нарсага эргашиб юрибман.
Барака БОҚИЙнинг
“Ғурур” деб номланган шеъридан.
Билмадим…
Аллам борми,
Яллам борми,
Саллам борми,
Каллам борми,
Хуллас,
думалоқ нарсани кўтариб юрибман!
Билмадим…
Сўзим борми,
Кўзим борми,
Тузим борми,
Ўзим борми,
Хуллас,
бақалоқ нарсани кўтариб юрибман!
Билмадим…
Изим борми,
Безим борми,
Сезим борми,
Эсим борми,
Хуллас,
шунақа нарсани кўтариб юрибман!
Торим борми,
Орим борми,
Қорин борми,
Борим борми,
Хуллас,
анақа нарсани кўтариб юрибман!
2021 йил 8 ноябрь.
ОШГА КЕТГАН ЎША ХУЛИГАН
Зекрикарли ўтади ҳаёт,
Эркак зоти бўлмаган жойда.
Рўзимурод МАҲМУДОВнинг
“Эркак бўлмаган жойда” шеъридан.
Бақир-чақир ва муштлашиш йўқ,
Худди итдай ҳеч тишлашиш йўқ,
Асов отдай хўб кишнашиш йўқ,
Эркак зоти бўлмаган жойда.
Ўчиб ётар бир четда сотка,
Қадаҳларга қуйилмас водка,
Чўкиб кетар денгизга лодка,
Эркак зоти бўлмаган жойда.
Суҳбат бўлмас хаёл ҳақида,
Пар тўшаклар, адёл ҳақида
Энг муҳими, аёл ҳақида,
Эркак зоти бўлмаган жойда.
Ҳамма жойда рўмол ўраган,
Эркак борми, дея сўраган,
Ошга кетган ўша хулиган,
Эркак зоти бўлмаган жойда.
2021 йил 21 ноябрь.
РЕКЛАМАНИНГ ШОИРОНА ТУРИ
Турган эди сумкамда шундоқ,
Тилла узук, бриллиант, болдоқ,
Ҳаммаси бор, китоб йўқ , бироқ.
“Марҳабо”ни ким ўғирлади?
МАРҲАБОнинг
“Навоийни ким ўғирлади?”шеъридан.
Ҳўкиз сотманг жуви билан-да,
Маймун чаққон думи билан-да,
Ёлғон ёзиш эви билан-да,
Ким ҳам сувни ўғирлар эди?!
Мен биламан балли, баллисиз,
Шакалод ё толли, толлисиз,
Ёзганлари олли оллисиз,
Ким ҳам увни ўғрилар эди?!
Майлига, хўпми, ўзингиз-ку,
Жуда ўткир кўзингиз-ку,
Қуп-қуруқ скелет сўзингиз-ку,
Ким ҳам чувни ўғирлар эди?!
Бошни қотирманг, китоб йўқ деб,
Дўконда ётар, гўё ўқ еб.
Бўлди-да, бас-да, қолманг дўқ еб,
Ким ҳам қувни ўғирлар эди?!
2022 йил 2 май.
КЎЗЛАРИМНИНГ ОШНАСИ
Кўзларимнинг ичи тўла дард,
Киприкларим намланган она.
Мирзо ОЗОДнинг
сарлавҳасиз шеъридан.
Кўзларимнинг қорачиғи йўқ,
Ичи тўла қоп-қора кўмир.
Киприкларим қуриб қолганда,
Киприкларим металлом, темир.
Кўзларимнинг ичига қаранг,
Тўлиб кетган чиқиндиларга.
Киприкларим қарамай қўйган,
Бунақанги йиғиндиларга.
Кўзларимнинг ичидан чиқди,
Талай қизнинг туфли, пошнаси.
Ёрим ташлаб кетгандан буён,
Кўзларимнинг шулар ошнаси.
2020 йил 18 сентябрь.
СОҒИНИШ
Мен сени соғиниб яшайман,
Сен эса ўзгалар қўйнида.
Масиҳуллоҳнинг
“Дарахтдан тўкилди япроқлар”
шеъридан.
Турган эдим кўчада,
Дўстим билан чекишиб.
Кўчадан ўтиб қолдинг,
Бир йигит-ла ўпишиб.
Дарҳол дедим дўстимга:
“Соғингандим тозаям.
Яхшиям ўтиб қолди,
Безовтайдим росаям” .
ТАНТИ ШОИР БОЙВАЧЧА
Балки у кимнингдир париси,
Сўраса жонимни бераман.
Ҳасан АЛМАТнинг
“Сўраса жонимни бераман”
шеъридан.
Менинг эсим жойида-ку,
Менда шундай қоида-ку,
Бўлмаса ҳам бир фойда-ку,
Ёт парига қўл бераман.
Бу гапларни қўйгил дема,
Ўз ёрингни суйгил дема,
Бундоқ ўзинг тийгил дема,
Ёт парига гул бераман!
Йиғиштириб оримни мен,
Ичиб олиб доримни мен,
Сарфлаб буткул боримни мен,
Ёт парига пул бераман!
2021 йил 6 ноябрь.
ЎЗИМГА
Абдураззоқ Обрўйнинг доим
обрўйи баланд,
Ўзи ўртабўй, лекин сўзининг бўйи баланд.
Пародия ғазнасин пароли унда бордир,
Кулгуси аччиқроғу, фикрию ўйи баланд.
Эшқобил ШУКУР.
Неъмат Амин бўлмоқчийдим,
Бошимда бир оқ соч йўқ.
Саид Аҳмад бўлмоқчийдим,
Уникидай бурун йўқ.
Эргаш Карим бўлмоқчийдим,
Экранда ҳеч ўрин йўқ.
Шукур ака бўлмоқчийдим,
Қайда унинг шляпаси?!
Бош кийими ғалатироқ,
Ёқмайди Оврўпаси.
Топилибди қаердандир
Эркин Воҳид кепкаси.
Ҳеч ерда йўқ қўлёзма бор
Шайхзоданинг папкаси.
Музейда деб беришмади
Ғафур Ғулом қалпоғин.
Шеър ёзишда излаяпман
Абдулланинг бармоғин.
Тоҳир Малик бўлмоқчийдим,
Менда ундай тоқат йўқ.
Ё маддоҳлик қилай десам,
Юрагимда хитоб йўқ.
Бўлди энди санайверма,
Ураверма менга дўқ.
Мен-чи, ўзим бўла қолай,
Бошқа Абдураззоқ йўқ!
2020 йил 21 декабрь.