“Кўза синмаганида…”

“Кўза синмаганида…”

 

…Ўқиш бошқа экан-у, уқиш бошқа экан. Айниқса, жўрналист бўлиш учун озгина Худойим юқтирмасами… Гапирмай қўяверинг! Тиғиз пайтда бир абзац матн ёзиш учун кечгача кетмон чопишга рози бўласиз. Рост айтаяпман. Тўрт-бешта маълумот билан хонага кун бўйи қамаб қўйишса ҳам бир чизиқ мантиқли жумла тузолмасликни камина бошимдан ўтказганман. Ҳою-ҳавас билан жўрнолист пакультетига ҳужжатларни топширдим. Омадимни берди чоғи ТЕСТдан муваффақиятли ўтдим. “Аканг қарағай, олий даргоҳ талабаси”, деб тўрт йилни қандай ўтказганимни ҳам сезмай қолибман. Дип­лом қўлга теккач, буёғида нақд “буксоват” қилиб қолдим-ку!…

Тўғриси, бир иккита таҳририятга ишга кирдим. Иккисида ҳам синов муддатидан ўтолмадим. Қўлимдан иш келмаслигини сезиб қолишди. Ҳақиқатан ҳам ҳаммаси ойдек равшан эди-да. Мактабга ишга киришга уриндим, афсуски: “соҳангиз тўғри келмас   экан”, деб яқинлаштиришмади. Бош қотди. Ниҳоят, йўлини топгандек бўлдим. Омадим чопди. Битта бошқармага ахборот хизматига ишга бир амаллаб жойлашиб олдим. Интернетга у ёқ, бу ёқдан тайёр матнларни олиб, маълумотини алмаштириб қўйиб раҳбарни олдида ишлаётганимни кўрсатиб турдим. Худо омадингни берса, ҳеч гап эмас экан. Иш билганга минг тангга, дея бундан зўр “йўли”ни топдим-қўйдим. Бошқарма тизимидаги раҳбарларга қўнғироқ қилиб: “Янги ҳафтада газетада чиқишингиз бор. Мақолани мукаммал тайёрлаб етказинг! Оддий хатоси бўлса ҳам бошлиққа “Билдирги” киритаман!”, дея телеграммдан хабар ёзаман. Ортиқча бош қотиришга ҳожат ҳам қолмайди…

….Тўғри, тизимдагилар жўрнолист эмас. Аммо топшириқни бажариш учун кимгадир илтимос қилибми, нима йўл билан бўлса ҳам мақолани каминага тайёр жўнатишади. Менга, шунинг ўзи кифоя. Улар қай йўсинда тайёрлашларининг қизиғи йўқ! Мақолани олгач, ўзим мўлжаллаган босма нашрга жўнатаман. Кези келганда, ўзимни номимни қўшиб, ҳаммуаллифлик ҳам қилавераман…

…Шу “Кўза кунда эмас, кунида синади”, деб ким айтган экан билмадим-у, аммо “қотириб” айтилган экан. Ҳеч ким билмаяпти, деб гумбура қарс юрган пайт­ларимда “кўзанинг синиб қолгани” чатоқ бўлди-да! Агарда, ҳа…ҳа кўза синмаганида ҳаммаси силлиқ кетаётганди…

Мендан икки курс тепада ўқиган ҳамкасбимга телефон қилиб, бир пиёла чойга таклиф қилдим, мен аҳмоқ. Яхшигина топаётганимними, сизлардан зўрман, демоқчи бўлдим-ми?! Хуллас, суҳбат асносида:

— Таҳририятда маошлар яхши бўлиб қолдими?!, — дея сўрадим яхшигина маош олаяпганимни бироз писанда қилиб.

— Қайдан, Олчинбек! Ўша, ўша… Обунани мазаси йўқ бўлгандан кейин бир нави кун кўриб юрибмиз. Аммо сизни топишингиз зўрлигини ҳамма ҳамкасблар айтиб юришибди, — деди биродаримиз.

Бу гапдан кейин бироз виқор билан:

— Ака, ахир ўрусларда бир гап бор-ку: “Хочеш жыть умей вертиться… миди?!” Ҳа, энди.., — дея давом этмоқчи эдим. Ака: “кўпчилик ҳамкасблар сиздан тез орада каттагина гонорар ундириб олиш­ларига умид боғлаб туришибди”, деб қолди. Шу пайт томоғимга бир нима тиқилгандек, овозим бироз хирриллаб: “нимага?!” дедим шошиб.

— Сизнинг топшириғингиз билан бош­қарма тизимидан жўнатилаётган мақолаларни тайёрлаганлар ўз услубларидан ижодларини таниб олишибди. Ҳатто, баъзиларига ўз номингизни дадил қўяётганингиздан бироз ранжишибди-ю, муаллифлик ҳуқуқи доирасида биратўла каттароқ қилиб йиғиб оламиз, деган ниятда юришибди-да. Бу — биз қалам аҳлини тилида гонорар, дейилади-ку!, — дея хотиржамгина гапирди. Ишонинг, шу пайт­­да уни чойга чақирганимга минг пушаймон бўлганимни ҳам, “кўза” синган ёки синмаганини ҳам билмай довдираб қолдим…

 

“Янгисидан борми?!”

 

Табиатан ўта жиддий ва талабчан, қатттиққўл, харажатни кўп ҳам хушламайдиган   бошлиқнинг важоҳати бош­қача. Буни сезган котиба Шодияхон аллақандай ҳадик аралаш салом берди-ю, кўзларини олиб қочди. Айни пайтда нозланишни фурсати эмасди.

Салим Сабирович қадрдон креслосига ўтирибоқ: “Наҳот икки кундан бери чиқаса бўлаверса. Унга сарф, бунга сарф… Камига хотинни ҳам харажати тугамайди”, дея ғудурлаб, тугмачани босди. Эшик олдида ёши ўттизга яқинлашса ҳам турмуш қуришни ҳаёлига келтирмайдиган, фақат бўш қолди дегунча ўзига оро бериб ўзидан қувонадиган Шодияхон пайдо бўлди.

— Менга зудлик билан профсоюзни чақиринг, — деди қовоғини носқовоқдек осилтириб. — Зудлик билан кирсин олдимга, икки ҳафтадан бери кўрмайман. Ўзи нима билан банд?! — дея камига столни муштлаб қўйди. Муштнинг зарбига эса котиба бир сесканиб тушди. Бошлиқни бу ҳолда анчадан буён кузатмаган котиба профсоюзни қидира бош­лади. Ниҳоят   тополмагач, бошқалардан ёрдам сўради. Беш дақиқа ўтиб-ўтмай бошқармада ҳамма оёққа турди. Профсоюзни топиш керак?! Аҳвол чатоқ. Ходимлар профсоюзни тополмай, бир-бирларига: тинчликми?! Нима гап экан?! Профсоюз Юсуф қизиқ нега телефонини олмаяпти?!… Кимдир “профсоюз пишди!”, деса яна биров; “Бунча ваҳима қиласизлар. Юсуф қизиқ хўжайинни эркатойи бўлса. Жин ҳам урмайди”… дея муҳокама қилишарди.

Бу тўполондан бехабар Юсуф қизиқ эса қайсидир чойхонада одамларни оғзига қаратиб, латифалари ортидан пул ишлаётганди. У қаёқдан ҳам билсин, бош­лиқнинг хуноби ошганлигини.   Яхшигина “қисм”ни ишлашга кейинги пайтда одатланган Юсуф қизиқ кулгу шайдоларини шовқинида телефон жиринглаганини эшитмаган экан. Нақд бир соат давомида бошқарма ходимларининг қўнғироқлари “пропущен”да турибди. Буни кўриб, бошқармага шамолдек учди. Қабулхонага кирганда ҳам чуқур-чуқур нафас оларди.

— Ҳай, барака топгур, қаерда эдингиз?!   На телефонни оласиз, на қорангизни кўрсатасиз. Яна бу киши профсоюз, хўжалик мудири, кассир яна алланима балолар штатидаги масъул ходим эмиш, — деди котиба.

— Майли, майли. Нима гап?! Эшик тагида “академик” (исталган мавзуга ўзича аралашадиган қоровулни ҳамма “академик” дерди ортидан) бироз ваҳима қилди. Тинчликми?!

— Тинчлик эмас! Бир соатдан бери хўжайин сизни қидиртиради. Ҳатто ҳайдовчиларини уйингизга ҳам юбордим. Уйда ҳам йўқсиз! …

— Хўжайинни авзои чатоқми?! Шуни айтинг, шуни?!, — деди Юсуф қизиқ ранги бироз оқариб.

— Нимасини айтасиз. Киринг, тезроқ. Ҳозир эшитадиганингизни эшитиб, паттангизни олиб чиқасиз, — деди котиба бироз виқор билан.

Бошлиқ айланма қора чарм креслосида ўгирилган бўйи ялпайиб ўтирарди. Юсуф қизиқ: “Мумкинми?!”, дея астагина қадам ташлаб кирди. Бошлиқ жавоб ҳам қилмади, у томонга ҳатто креслосини ҳам бурмади. Бу ҳолдан Юсуф қизиқни янада ваҳима босди. Яшин тезлигида хаёлидан: “Финишга етиб келибман, шекилли!” деган ўй ҳам ўтди. Яна астагина:

— Хўжайин, шу бир оз…, — дея довдираётганди.

— Келдингми, пичча мизғиб қолибман. Қани янгисидан бир жуфт айт. Асабларни жойига келтирайлик, — деди бош­лиқ креслода виқор билан бир айланиб…

 

“Мулозамат”

 

Собир Собирович … бу номни эшитган ходимнинг “зир” титрашини янги иш бошлаган куним хонадошим батафсил айтганди. Ишламай қўя қолай, десам ўзи бир амаллаб жойлашгандим. Ўша куни иш ўрганишдан кўра, Собир Собировичнинг кўнглига “йўл топиш” ҳақида бош қотирдим. Ора-сира ҳамкасбимдан у кишининг феъл-атворини яна ҳам синчковлик билан ўрганишга уриндим. Хуллас, гарчи қаттиққўл, калондимоғ бўлса-да, хушомадни ўта ёқтирадиганлар хилидан экан…

— Настинбой иккинчи раҳбар сизни сўрабди, бир кирар экансиз, — деб қолди хонадошим. Мен иккинчи раҳбар кимлигига қизиқдим:

— Ким эди, иккинчи раҳбар?!

— Ахир бевосита бизни “куратор” — бўлим бошлиғи Собир Собирович-да, — дея шеригим мийиғида кулиб қўйди. Ўзимга-ўзим, демак, “имтиҳон” бош­ланди: “ё остидан, ёки устидан”, дея иккинчи бошлиқни олдига ошиқдим. Хонага бош суқиб, “Мумкин-ми?!”, де­йишим билан: “намунча довдирайсан, укам! Тез пастдан сув олиб чиқ!”, дея топшириқ берди. Бир “бакалашка” сув­ни хўжайинга етказдим-у, мулозаматни жой-жойига қўйдим. Шу аснода кўнглим анча таскин топди…

Ҳаммаси одамнинг ўзига боғлиқ. Қаловини топиб қор ёқиш ҳеч нима эмас! Мулозаматни “қотириб” қўйсангиз, ишингизда муаммо бўлавермайди. Қисқа фурсатда Собир Собировичнинг эркатойига айланиб қолганимга айрим ҳамкасбларимниннг “рашк”и келгани, зимдан кулиб юришганини ҳам сезиб турдим. Мен ҳам улар нима фикрга боришса бораверишсин, асосийси “акахон”нинг кўнглига йўл топдим-ку, дея хотиржам юравердим. Аммо хўжайин қудуқми билмадим-у, хонасида бўлса кун бўйи икки-уч бор сув сўраши бироз ҳиқилдоғимга келганди. Албатта хонасига чақиртиради. “Мумкин-ми?!” дейишим билан “Битта сув олиб чиқ!”дейди. Ҳа, шуни телефонда айтса ҳам бўлади-ку! 5-қаватга чиқ, яна туш, яна чиқ…Занғар жуда амалпараст экан-а…

Тунов куни кечки пайтда уйимга энди етиб борсам, Собир Собирович телефон қилиб: “Тез ҳузуримга етиб кел!” деб қолди. Тинчликмикин, дея ҳовлиқиб етиб келдим. “Акахон”нинг хонасига “мумкин-ми?!” дея энди қадам қўйишим билан: “Пастдан битта сув олиб чиқ!”, деса бўладими! Ҳе, хонанг куйгур, битта сувга уйимдан чақирасанми?! Нақд 25 километрдан-а?!, деб “хонаси баробар” сўкмоқчи бўлдим-у: “Мана сенга мулозаматли бўлиш!”, дея ўзимни-ўзим койиб қўя қолдим…

Одилжон МУҲАММАД

 

Муаллиф ҳақида:

Одилжон Иномов (Одилжон Муҳаммад) — 1963 йили Чортоқ туманида туғилган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тугатган. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.

Меҳнат фаолиятини Чортоқ туманлараро босмахонасида оддий ишчиликдан бошлаган О.Иномов кейинчалик “Чортоқ ҳақиқати”, “Наманган ҳақиқати”, Наманган вилоят телерадиокомпанияси, “Халқ иродаси”, “Шифокор ва ҳаёт” газеталарида меҳнат қилган.

2019 йилдан буён Наманган вилоят ҳокимлигининг “Наманганская правда” газетаси бош муҳаррири вазифасида ишлаб келмоқда. Бир неч­та ҳажвий китоблари нашр этилган.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − eleven =