Совға

Ҳазилни тушунмайдиган одамларни кўришга кўзим йўқ. Бундай одамлар жамиятга катта зарар келтиришларини ўзлари ҳам билишмаса керак.   Бир дўстим бор, ҳазил билан чинни фарқига бормайди. Уни йигирма йилдан бери ҳар 1 апрелда, янги йил ва Худонинг бошқа кунларида ҳазиллашиб, чув тушириб юраман. Уни якшанба ва байрам кунлари “шошилинч тарзда” ишга чақириб қолишади, ишдалигида эса тезда уйга етиб бориши ёки фалон жойда кимдир — биров унинг ёрдамига интизор бўлиб турган бўлади. Албатта, булар менинг ҳазилларим бўлади ва мазза қилиб кулмоқчи бўлганимда: “Ўртоқ, бунақамас-да, энди кичкинамасмиз, бошқа қайтарилмасин”, дейди холос.

Ана шу дўстимга яқинда охирги марта жудаям қақшатқич ҳазил қилдим-у, унинг ҳазилни тушунмаслик касалини даволаб бўлмаслигига кўзим етди,   бунга каттакон нуқта қўя қолдим. Воқеа бундай бўлганди.

Иккаламизни тажриба алмашлаш учун корхонамиз хизмат сафари билан Хитойга юборди. Икки ҳафта Шанхай шаҳрида бўлиб, мазза қилдик. Қайтишдан олдин уйдагиларга совғалар харид қилиш учун дўконларни айландик. Хотинларни хурсанд қилиш учун, уларнинг иккисига ҳам бир   хил қип-қизил чарм этикчалар   сотиб олдик. Ётоқхонамизга қайтгандан сўнг, унинг кўзини шамғалат қилганча этикларни пойма-пой қилиб алмаштириб қўйдим. Хотинимга иккита чап, уникига эса иккита ўнг оёқники бўлиб қолди. Энди уйига борса, хотини бошида ёнғоқ чақишини ўйлаб, мийиғимда жилмайдим.

Хуллас, ҳужжатларни расмийлаштиришу, юкларни йиғишга икки кунни сарфлаб, ниҳоят жонажон хотинлар ҳузурига қайтдик. Совғалар билан.

Хотиним сўрашишни нася қилганча ўзига аталган қутилардаги   қип-қизил этикчаларни бағрига босганча, дўстимга қилган ҳазилим ҳақида оғиз очиб улгурмай, уларни кийиб кўришга тушиб кетди. Ва “Билардим, бир нарсани бошлайсиз деб! Ҳазилларингиз жонимга тегиб кетди! Нимага иккаласиям бир оёқники?! Қани асл пойи!” — деб аразлай бошлади.

Бир илож қилиб, воқеани тушунтирганимдан сўнг унинг чиройи очилиб: “Боплабсиз! Қани бир дугонамга телефон қилай-чи, эрини нима деб ҳақорат қиларкан?!” — дея, телефоннинг овозини эшитиладиган қилиб қўйди:

— Этикчалар моро бўлсин, дугонажон!

— Раҳмат, ўзингизгаям моро бўлсин! Хўжа­йинимдан бундай совға оламан деб кутмагандим. Яхшига яқинлашсанг муродга етасан дейишади-ю. Хўжайинингизга раҳмат! Қалай, лоппа-лойиқ эканми? — деди дўстимнинг хотини сир бой бермасдан. — Меники озгина қисди-ю, бирор ҳафтада лойиқ келиб қолади. Ҳали, янги-да. Дўкон баҳона қўшниларгаям кўз-кўзлаб қайтдим. Ўзингизам кўрсатгани чиққандирсиз?!

Ҳа-а, — бунақа пайтларда ёлғоннинг онасини Учқўрғондан кўрсатворадиган хотиним чап оёғидаги этикчага қараганча аранг жавоб бераркан, гўшакни беркитганча : “Ёлғон гапиришини қаранг буни! Мени алдамоқчи!” – дея менга шивирлади ва ўсмоқчилашга тушди:

— Иккаласида чиқиб келдингизми ё шошганингиздан биттасида чиқдингизми?

— Вой, ҳазилингиз бор бўлсин, ўртоқ, албатта иккаласида! Ҳа-ҳа-ҳа!!! – дўстимнинг хотинининг хандон отиб кулиши хотинимнинг эмас, менинг ҳазилимдан завқланаётгандай бўлиб туюлди менга. — Келинг дугонажон, ҳангомалашамиз!

— Ҳангомалашишни кўрсатиб қўяман! – деди хотиним телефонни жаҳл билан ўчираркан. — Ҳозироқ бориб, ўнг пойимни қайтариб оламан! Тағин каттартириб юбормасин!

— Ўзингни босиб ол! – дея чап пой этикчани сувқоғозга солаётган хотинимга тасалли бердим. – Аввал кўзинг билан кўр, кейин вазиятни секин тушунтир.

Дугонасиникига бир кетса уч-тўрт соатсиз қайтмайдиган хотиним, бир соатга бормай сувга тушган мушукдай уйга кириб келди.

— Ҳазилингизам қурсин! — Хотиним қўйнидаги чап пой этикчани сувқоғоздан чиқарганча уйда қолган яна битта чап пойнинг ёнига ирғитди. – Неча марта айтдим, шу ўртоғингизга ҳазил қилманг деб! Ҳазилни тушунган одамга қилинг!

— Нима, этигингни бермадими? — дедим юрагим товонга тушганча. – Иккита ўнг оёқни нима қиларкан унақада?!

— Ҳамма бало шунда-да! – деди хотиним бош­оғриқ дорини оғзига ташларкан. — Унинг иккала этигиям жойида. Айтишича, эри қутини очиб кўриб, дўкондагилар адашган бўлса керак деб, алмаштириб олган экан. Сизники жойидами деб сўраганига ўлайми?!

— Ие!   Шунақа қилибдими, писмиқ! – дедим ҳазилни тушунмайдиган дўстимдан жаҳлим чиққанча. — Буни ҳазиллигини билмаганмикан?! Билган! Била туриб атайин шунақа қилган! Айтмадингми!

— Қандоқ айтаман?! – деди хотиним бир-бирига чаппа қараб ётган иккита чап пой этикчаларга ғамгин қараб. – Шармандалик-ку! Яхшиям, бирровга кирдим, деб пальтомни ечмаганим. Ўзимникини ранги ёқмади, синглимга совға қилмоқчиман дедим. Бошқа нимаям дейман.

— Яхши қилибсан, — дедим оркаш хотиним­­ни ёқлаб. — Бунақа пайтда сир бермаслик керак.

Шу-шу, дўстимга ҳазил қилишни йиғиштирдим. Бошқа, ҳазилни тушунадиган дўст топмоқчиман. Бир таҳририятга бўлган воқеани баён қилиб, ҳазилни тушунадиган дўст қидираётганимни илова қилганимда, муҳаррир қиз: “Майли, ёрдам берамиз, телефонингизни ташлаб кетинг!” – деди. Ҳали муштдеккина бўлсаям-чи, анча ҳазилни тушунадиган қизлиги кўриниб турибди. Майли, сизлар дўст топиб берамиз дейсизлару, телефонимни аяйманми дея, Хитойдан олиб келган сабзитахтадай айфонимни ўша қизга қолдирганча чиқиб келавердим. Хуллас, телефоним таҳририятда! Қўнғироқ қилишларингизни сабрсизлик билан кутишмоқда, ҳурматли ҳазилкаш дўстлар!..

Оллоёр Бегалиев

 

Муаллиф ҳақида: Оллоёр Бегалиев Тошкент вилоятида туғилган.

Унинг “Сеҳрли уйқу” (1990 й.), “Ёлғонга ишонган дарахт” (1992 й.), “Бир булоқ бор” (1994 й.), “Рангин қорлар” (2003 й.), “Жин чалган жувон” (2005 й.), “Бекободлик самурай” (2010 й.), “Яхшилик занжирлари” (2021 й.) каби китоблари чоп қилинган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − thirteen =