Уялдим, пушаймон бўлдим…

Яқинда юртимиздаги бир банк тадбиркорлик фаолиятига бағишлаб пресс-тур ўтказди. Унда турли таҳририятлардан журналистлар ҳамда блогерлар қатнашишди. Тадбир мутасаддилари ОАВ вакилларини банкнинг ёрдамида фаолият бошлаган тадбиркорлик субъектларига олиб бориб, иш жараёни билан таништирди. Банк ва корхоналар фаолиятидан жуда мамнун бўлдик.

Аммо… баъзи касбдошларимнинг (касбдош дейишга уяласан) тўғриси шу тадбирда иштирок этаётганларнинг ўзларини тутишларидан уялдим. Очиғи, тадбирга борганимдан минг пушаймон бўлдим.

Корхона раҳбаридан савол-жавоб тариқасида маълумот оларканмиз, шу пайт хусусий телевидениеларнинг қайсисидандир “ташриф буюрган” “журналист” микрофонини кўтариб, шу маълумотларни энди яна бошқатдан айтиб беринг, деб суҳбатни бўлса бўладими?

Барчанинг энсаси қотди. Ўша телевидение муҳаррири биз билан бирга маълумотларни дафтарига ёзиб, савол-жавоб тугагандан кейин ўзига керакли жавобларни тасвирга олиши мумкин эди-ку!

Бошқа тадбиркорлик субъектида бўлганимизда бундан ҳам хижолатлироқ ҳолат юз берди. Кўпчилик одатдагидек раҳбарнинг оғзига микрофон, диктофон тутиб маълумот олишяпти-ю, бир-икки иштирокчи бўлса ҳеч бир маълумот билан қизиқмай, совға сифатида берилган муқовасига корхона белгиси туширилган янги дафтар-ручкаларни қўлига олиб томоша қилиш билан банд эди. Буни ҳам қўя туринг, мезбон хонасига киришимиз билан корхона раҳбарининг креслосига оёқ-қўлларини ёйганча, кимдир тарвақайлаб ўтириб олган яна бири елпиниб, раҳбарнинг столида турган конфетлардан (ҳеч ким таклиф қилмаган бўлса ҳам) олиб бемалол паққос туширарди. Хона бурчагида интервью бераётган раҳбар унга бир-бир қараб қўйганига эътибор ҳам қилишмасди. Фаросат бўлмаса қийин экан-да! Яна “конфетхўр мухбир” ўзини унга яқин тутгандек, бўш қўлининг бош бармоғини кўрсатганча, зўр гапиряпсиз, дея ишора ҳам қилди. Хонадан минг хижолатда чиқарканмиз, дафтарларни қўлтиққа қис­тирганча ручкаларини ўйнаб чиқаётганларни кўриб, ориятли журналистларнинг хижолат ҳисси янада ошди.

Кун ботиб, пресс-тур якунлангач, бизни яхши бир кафеда ташкил этилган кечки таомга таклиф қилишди. Бу ерда ҳам ҳеч уят йўқ, тортиниш йўқ дастурхон тезда “чиғириқдан чиқарилди”. Ўзини билган ҳамкасблар хижолат тортиб, биз кеч қоляпмиз, шаҳарга етиб олишимиз керак, деб ўринларидан туришга мажбур бўлишди. Аммо бир иккита ўзларини блогер деб атаган бефаросатлар (минг бор узр-ку-я) сира еб-ичишдан бўшамади, ҳамма туриб кетса ҳам улар чўқинишда давом этарди. Ноилож, бутун тадбир иштирокчилари уларни микро автобусда кутиб ўтиришига тўғри келди. Яна улар йўл давомида худди овқат кўрмагандек, “зиёфат зўр бўлди-я, мазза қилдик-да ўзиям”, деб гапиришарди.

Эҳ…!

Ўйлаб қолдим, журналист тадбирга нима учун боради? Албатта, ўрганиладиган мавзу хусусида тўлиқ маълумот олиб, тайёрлаган мате­риалини ўзи хизмат қилаётган матбуот воситасида ёритиш учун. Шундай экан, биз касб этикасига амал қилган ҳолда, одоб доирасида   хизмат вазифамизни бажаришимиз лозим эмасми?

Тўғрисини айтсам, яна бир нарсага тушунолмадим. Пресс-турга яъни матбуот ижодий тадбирига таклиф этилганларнинг ҳаммаси ҳам мат­буотга тегишли одамлармиди?

Менга сира шундай туюлмади.

Камолиддин РЎЗИМАТОВ,

“Hurriyat” мухбири

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 + sixteen =