Хотирамни яшнатган аёл

Фаттоҳ Баратов менинг амаким бўлади. География фани бўйича профессор даражасига етган. Бугун тўқсон ёшда. Ҳали ҳам олийгоҳда дарс беради. Отам Тўлаган Баратов кўп йиллар Ғазалкентда мактаб директори бўлиб ишлаган. “Бўстонлиқ овози” газетасида ҳам муҳаррирлик қилган. Болалигим уларнинг китоб алмашиб ўқишлари ва ҳаётий масалаларда суҳбатларига қизиқиш завқи билан кечган. Отамнинг ҳам, Фаттоҳ амакимнинг ҳам шу даражага етишиш­ларига катта амаким Ваҳоб Баратов сабаб бўлган. Баъзан Фаттоҳ амакимнинг кўзларида ёш айланганини кўраман. Бунинг боиси, унинг учун қадрдон бўлган Ваҳоб амаким ва янгам Рихсихон Ҳаққуловалар, менинг отам каби, бугун бу дунёда йўқ.

Фаттоҳ амаким акаси Ваҳоб амакимга уйланмоқчилигини айтганда анча улғайиб қолган эдим.

— Институтда ўқийсан, келажакда илмий иш қилмоқчисан, — укасига синчковлик билан қаради ака, — бу масалага жиддий қараш керак. Уйланиш – ҳаёт-мамот масаласи. Феъли, дунёқараши бўлажак турмуш ўртоғига мос келмайдигани учраса, бу – жуда ёмон. Кейин арзимас нарсани баҳона қилиб, жанжал кўтаришни одат қиладигани сенга тўғри келмайди. Ундайлар билан илмнинг остонасига ҳам ета олмайсан. Ҳар қандай эзгу иш яхши умр йўлдошни талаб қилади.

Акаси қанчалик куюнчаклик билан гапирмасин, Фаттоҳ амаким кулимсираб турди ва оҳиста деди:

— Ака, меники унақамас. Сиз у қизни танийсиз. Синфдошим Рихсихон бор-ку, ўша!

— Шундайми? — Ваҳоб амакимнинг юзи ёришди. — Асл одамнинг қизи у. Сенга маъқул бўлган бўлса, қарши эмасмиз…

Ҳақиқатан ҳам Рихсихон янгам турмушда асл одамнинг фарзанди эканлигини намоён этди. Фаттоҳ амакимнинг ҳаёт йўлини меҳр қуёши билан ёритди. Улар Тошкент Педагогика институтининг геог­рафия факультетини битириб, Халқ хўжалиги институтида иш бошлашди. Амаким қанчалик истамасин, янгам аспирантурага киришни истамади. Кейин ҳам эрининг илмий даражаларни эгаллаши учун имкон яратиш мақсадида бирор мавзуда тадқиқот олиб боришни ўйламади. Бирин-кетин туғилган фарзандлари тарбияси билан шуғулланишни афзал билди. Натижада амаким номзодлик, докторлик диссертацияларини ҳимоя қилди. Фарзандлар ҳам ўсди, улғайди, ўқиди. Шавкат, Фурқат (иқтисод фанлари номзоди), Ғайрат ва Дилшоджонлар турли соҳаларда хизмат қилиб, эл орасида обрў-эътибор қозондилар.

Талабалик давримда Фаттоҳ амаким янгам билан Тошкент шаҳрида яшашар, мен каби қариндошлари, қишлоқдошларининг чин маънода ғамхўрига айланишган эди. Мен уларникида турардим. Айтсам, ишонмайсиз. Уйларига келган куним эрталаб уйғонсам, кечқурун ечиб бир четга улоқтирган шим ва кўйлагим жойида йўқ. Жавоннинг эшигини очдим. Улар кийим осгичда ювилган, дазмолланган ҳолда турарди. Мамнун бўлиб кийинарканман, кўйлагимнинг олд чўнтагига пул солиб қўйилганлигини билдим. Амаким билан янгам ишга, жиянларим ўқишга кетишган. Беихтиёр ошхонага ўтдим. Нонушта тайёрлаб қўйилган. Ҳатто чой қўйиб дамлаб олишимга ҳожат йўқ – термизда иссиққина чой турарди. Энди ўйлаб қарасам, ўшанда янгам фақат мени эмас, хонадони хавфсизлигини ҳам ҳисобга олган экан. Ўзи талабаларга сабоқ бермайдими, уларнинг уйғонишга эриниб, дарс бошланишига озгина вақт қолганда, тура солиб ташқарига отилишини билади. Мен ҳам ўшанда чой қўйганимни унутиб, газни ёқиқ ҳолда қолдириб кетишим мумкин эди-да!

Янгамнинг менга бўлган бундай муносабати ўқишни тугатгунимга қадар давом этди. Фаттоҳ амакимнинг шогирди бўлмиш, ёзувчи Ўктам Усмонов ҳам тирик бўлганда Рихсихон янгам ҳақида худди шундай гапларни айтарди. Адабиётшунос олим Ортиқбой Абдуллаев билан учрашиб қолсак, суҳбатимиз албатта янгамга тақалади. Эрининг яқинларини яқинидай билгани, тўй-маъракаларда урф-одатларни жо­йига қўйиб ўтказишга бош бўлгани, қариндош талабаларни ётоқхонадаги аҳволидан доимо хабар олгани, пахта терими пайти Фаттоҳ амакимни эргаштириб вилоят далаларига бориб уларни кўриб келганини айтиб, шундай аёл меҳрига сазовор бўлганимизга шукурлар қиламиз.

Рихсихон янгамни эсласа юзи ёришадиганлар кўп. Мен бу аёлни, аввало, амакимга ниҳоятда содиқ бўлгани учун ҳурмат қиламан. 1965 йиллар, чамаси. Профессор Баратовнинг ютуқларини кўролмайдиган ғаламислар уни иғво қилишган — бошқа бир аёлга илакишиб қолганликда айб­лашган. Натижада амаким партиядан ўчирилиб, ишдан четлатилган. Амакимдан кўп яхшиликлар кўрган бир нонкўр пайт пойлаб янгамнинг ёнига келади. Эри ўйнашиб юрган аёлнинг кимлигини айтадиган бўлиб, янгамнинг билагига қўл узатади. Ўша заҳот у нобакорнинг юзига тарсаки тушади. Рихсихон янгам унга ўшқириб, дей­ди: “Эрим ўзига мафтун бўлган ёки уни бадном қилиш учун атай юборилган бирор таъвияга алдангандир. Лекин менинг хўжайиним сендай пасткаш, ҳезалак эмас. Қани, йўқол уйимиздан?!”.

Янгам эртасигаёқ Шароф Рашидов ҳузурига боради. Эрига нима учун тузоқ қўйилганлигининг са­бабларини асос­лаб беради. Ҳар қандай масала моҳиятини ишорадан анг­лайдиган давлат раҳбари янгамни эшиккача кузатиб қўяркан, шундай дейди: “Қани эди, барча ўзбек аёли ўзининг, турмуш ўртоғининг шаънини сиз каби ҳимоя қилса?”.

Кўп ўтмай Фаттоҳ амаким партия аъзолигига тикланади, ўз ишига қайтади.

Рихсихон янгам онамни Мукамбар отинойи дердилар. Волидаи муҳтарамам ҳозир 95 ёшда. Янгамнинг оталари билан ҳозирги Бўстонлиқ туманидаги Сойлиқ маҳалласи ҳудудидаги хўжаликда бирга ишлашган. Ҳаққул бува онамга: “Мен-ку туғилган жойим — Келесдан қулоқ сифатида қувилиб, бу ерларда ишлаб юрибман. Сен — Тошкентнинг эрка бир қизи, бу ерларда нима қилиб юрибсан?” деган экан.

Онам айтиб берган. Ҳаққул бува Сойлиқнинг қаровсиз гўшаси — Чолдорда уй-жой қилган. У ернинг кўркам бир мас­канга айланишида унинг бениҳоя меҳнати синганини кўп­лар ҳамон эслайди. Демак, Рихсихон янгам болалигида ота-онасининг чеккан азобу-уқубатларини кўриб, ҳис қилиб улғайган. Яхши-ёмонни кўрган. Ёшлигиданоқ оила қадрига етадиган баркамол инсон бўлиб етишган.

Дунёда бирор она йўқки, фарзандини қўллаган, юриш-туришини кунда назорат қилган, меҳрини аямаган инсонни ҳурмат қилмаса?! Нафақат онам, Фаттоҳ амакимнинг барча хешу ақраболари Рихсихон янгамни ҳар эслаганда руҳига дуо ўқийдилар. Турфа табиатли – қизлигида нозанин, бирор хонадонга келин бўлганда эса эрининг “ҳукмдори”га айланадиган жувонларга ибрат сифатида давраларда нуронийлар Рихсихон янгамнинг бир гапини такрорлаб туришади: “Фақат турмуш ўртоғини эмас, унинг оила аъзолари, қариндошларини ҳам эъзозлаб яшаш ҳар бир аёлнинг бурчи”.

Рихсихон янгамга ўхшаган аёллар омон бўлсин!

Абдусадир ТЎЛАГАНОВ,

биология фанлари номзоди, доцент,

Ўзбекистон Халқ табобати академияси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 5 =