Журналистнинг уч фазилати

Ҳар бир журналист миллий журналистикамиз ривожига ўзига (истеъдодига, ғайрат-шижоатига) яраша ҳисса қўшади. Соҳамиз йирик олимларидан бири бўлган раҳматли профессор Очил Тоғаев журналистларни уч тоифага бўлар эди. Яъни, ижодкор, маърифатпарвар ва етакчи журналистлар. Ижодкорларни таърифлашга ҳожат йўқ. Маърифатпарвар журналистлар ижод қилиш билан бир қаторда илм-у маърифат билан ҳам шуғулланадилар. Етакчи журналист дегани – Бош муҳаррир ва соҳа раҳбарларидир.

Шундай ҳамкасбларимиз борки, уларда ана шу фазилатларнинг барчаси бирдек мужассам. Бугун 80 баҳорини қаршилаётган фахрий журналист, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети доценти, тарих фанлари номзоди Шавкат Аббосович Миралимовнинг бутун фаолияти давомида ана шу уч фазилат яққол акс этиб туради.

У меҳнат фаолиятини 1958 йилда Тошкент тепловоз-вагон ремонти заводида оддий слесарликдан бошлаган. 1963-1964 йилларда “Сирдарё ҳақиқати” вилоят газетасида адабий ходимлик қилган. Қўлига журналистлик дипломини олгач, қатор йиллар ёшлар нашрида, “Кино” журналида, Тошкент вилоят ёшлар қўмитасида, партия кўмитасида, Ўзбекистон Ёшлар ташкилотида, Тошкент вилоят партия қўмитаси матбуот, телевидение ва радио шўъбасида, Тошкент вилояти нашриёт, полиграфия ва китоб савдоси бошқармасида, вилоят Матбуот ва ахборот бошқармасида масъул лавозимларда самарали фаолият кўрсатиш билан бир қаторда муттасил илмий изланишларини ҳам давом эттирди. Шу аснода у турли лавозимларда фаолият кўрсатиш билан бир қаторда ЎзМУ журналистика факультетида талабаларга соҳа сирларидан сабоқ бериб келмоқда.

Шу билан бир қаторда ўтган йиллар давомида жамоатчилик ё ўриндошлик асосида Тошкент вилояти Футбол федерацияси раиси, “Маҳалла” жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими раиси, “Ўзбекистон-Болгария” дўстлик жамияти раиси, “Нуроний” жамғармаси рес­публика бошқаруви раиси маслаҳатчиси сифатида кўрсатган фаолияти ҳам эътиборга моликдир. Унинг Ватан равнақи, эл-юрт манфаати йўлида қилаётган меҳнатлари самараси ҳам эътирофга молик, албатта.

Шавкат Миралимовнинг қарийб 20 йил мобайнида Тошкент вилояти Матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи сифатида матбуот, нашриёт ва матбаа соҳалари ривожи йўлида қилган самарали меҳнатларини замондошлари яхши биладилар. Ўша кезларда унинг саъй-ҳаракатлари билан шаҳар-туман газеталарининг адади, мазмун-мундарижаси кенгайганини, босмахоналар фаолияти замонавий асосда ташкил этилганини, вилоятда ижод қилаётган ёш ижодкорларнинг малака ва таж­рибасини ошириш мақсадида “Журналистлар клуби” ташкил этилганини, бошқарманинг йўлланмаси билан вилоятдаги 50 нафардан ортиқ истеъдодли ёшлар олий ўқув юртларида таҳсил олиш имконига эга бўлганини кўпчилик яхши эслайди.

Шавкат Миралимовнинг ташаббуси билан ўша бошқарма қошида ташкил этилган “Наврўз” нашриётида узоқ йиллар кўплаб таниқли ёзувчи ва шоирларнинг китоблари чоп этилди.

Собиқ мустабид тузумнинг сўнг­­ги йилларида республикамизда Нав­рўз байрами расман тақиқлангани эсдан чиқмайди. Ўша мураккаб замонда Шавкат Миралимовнинг яшариш ва янгиланиш айёми бўлмиш Наврўз байрамини тиклаш ва тарғиб этишдаги хизматлари беқиёс. Унинг Наврўзнинг тарихи ва моҳиятига бағиш­ланган дастлабки “Янги анъаналар, янги одатлар” рисоласи 1975 йилда 15 минг нусхада, китобнинг “Наврўз” номи билан қайта ишланган ва тўлдирилган нашри 1990 ва 1998 йилларда “Ёзувчи” нашриёти томонидан 20 минг нусхада чоп этилган. “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси”нинг 6 томида Наврўз байрамига бағишланган мақолада ҳам айнан Шавкат Миралимовнинг номи қайд этилгани унинг бу соҳадаги меҳнатлари маҳсулидир.

Наврўз тарихи, аҳамияти ва ўрни ҳақидаги изланишларини давом эттириб келаётган фидойи ҳамкасбимизнинг бу йил Наврўз байрами арафасида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон 24” ҳамда “Маданият ва маърифат” телеканалларида “Наврўз миллий қадриятлар таровати” ҳамда “Ҳамиша кўҳна ва навқирон Наврўз: кеча ва бугун” мавзуларида эфирга берилган чиқиш­лари айниқса, бугунги ёш авлод учун ибрат ва маҳорат мактабидир.

Бир пайтлар журналистика факультетида Шавкат Миралимов сабоқ берган устозларидан бири, филология фанлари доктори, профессор Мухтор Худойқулов шундай дейди:

– Шавкат Аббосович Миралимов ҳар тарафлама етук журналист, педагог ва маънавиятшунос олим, камтарин инсон ва қадрли дўстдир. У Тошкент давлат университети журналис­тика факультетини тугатгандан сўнг қатор газеталарда ва Тошкент ви­лояти Матбуот бошқармасининг бош­лиғи сифатида ишлаб кўпчиликнинг ҳурматига сазовор бўлган. Мана, узоқ йиллардан бери ЎзМУ журналистика факультетида талабаларга журналистик ижод илмини ўргатиб келмоқда. Ҳали-ҳали эсимда: Наврўз байрами юртимизда энди ташкил бўлаётган ва бу халқ байрамига юқори идоралар норозилик билдириб уни тақиқлаган бир пайтда Шавкатжон Наврўз тарихи ҳақида мўъжазгина китоб ёзди, мен бу китоб­­га тақриз ёзиб бердим ва шу тарзда Наврўз байрамининг илмий асоси шакл­ланишига илк қадам қў­йилди. Қадр­­ли дўстимиз, меҳрибон шогирдимиз муборак ёшга кирибди, биз у кишини ушбу қутлуғ сана билан чин қалбдан муборакбод этамиз ҳамда доимий сиҳат-саломатлик, узоқ-умр, оилавий бахт ва ишларида катта муваффақиятлар тилаймиз.

Саксоннинг сарҳадида босиб ўтган ҳаёт йўлини сарҳисоб қилаётган Шавкат Миралимовнинг ўзи шундай дей­ди:

– Оллоҳ берган баракотли умримда нимаики яхшиликка эришган бўлсам, журналистика факультетида таълим-тарбия, сабоқ берган устозларим – академик Обид Содиқов, илми макон, бағри дарё домлаларим Абдулла Фузаилов, Лазиз Қаюмов, Анвар Шомақсудов, Расул Муҳаммадий, Озод Шарофиддинов, Очил Тоғаев, Саттор Ҳайдаров, Тўғон Эрназаров, Феликс Нестеренко, Тоҳир Пидаев, Воҳид Абдуллаев, Абдулла Сайфуддинов каби мударрисларга таъзим қиламан.

Самарали меҳнатлари муносиб тақдирланган Шавкат Миралимовнинг кўксини “Ҳурмат белгиси” ордени, 2 та медаль ва 1-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони безаб турибди.

Шу қутлуғ дамларда фидойи ҳамкасбимизга омадлар тилаб қоламиз.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,

Тўлқин ЭШБЕК,

Рамзиддин АБДУСАТТОР,

ЎзМУ журналистика факультети доцентлари

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve + 10 =