Тўқсон ёшли йигит
(Отахон журналист-таржимон Собит Тоиров портретига чизгилар)
Ўйлаб қарасам, Собит ака билан кўришмаганимга ўттиз уч йил бўлибди. Ўтган вақтни қаранг, сувдай оқиб кетибди-я. Шундаймикан, тез ўтганлиги тўғри. Бироқ самарасиз эмас. Айниқса, Собит ота Тоиров учун.
Собит ота Тоиров ким, дейсизми?! Бугун 90 ёшга кирган отахон, э, узр, йигит. Бундай дейишимнинг сабаби бор. Собит отанинг юзида ҳали унча ўсмаган соқол ва мўйловини яхшилаб олиб ташласа оқарган сочларини қорага бўясангиз, бўлди. Ана шунда Собит ота 90 ёшга кирмаган навқирон йигит бўлади-қолади.
Кўзлари ўткир. Кўзойнак тақмайди. Фақат китоб ёки газета ўқиганда кўзойнакдан фойдаланади, холос. Компьютерда қандай ёзишини билмайману, бироқ ручкада жуда чиройли ёзади. Ҳозир лотин алифбосида ҳам бехато ёзади ва қийналмай ўқийди. Қойилмисиз?!
Ота мендан дадил ҳаракат қиляпти, гаплари дона-дона, аниқ, энг муҳими, ҳар бир гапида ҳикмат мужассам.
МАЪЛУМОТНОМА: Собит Тоиров 1932 йилнинг 15 апрелида Тошкент шаҳрининг Чиғатой Дарвоза маҳалласида дунёга келган. 1949 йил ўрта мактабни тамомлаган. 1954 йили Ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг филология факультети журналистика бўлимининг илк қалдирғочларидан. 1955 йилда курсдоши Раънохон билан турмуш қурган. Тўртта фарзанднинг падари бузруквори: Нодира, Камола, Одилбек, Оқилбек.
1985 йил, 5 август. Шу куни Москва давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаб келиб, ЎзТАГ (ҳозирги ЎзА) нинг таржима бўлимида иш бошлаганман. Ўша пайтлари таржима бўлими ЎзТАГнинг юраги ҳисобланган. Бу ерда эрталаб саккиздан кечаси ўн, ўн бир, гоҳида тонг отгунча иш қайнар эди. Маҳаллий ва чет элдан келаётган ўрисча ахборотлар, Олий Кенгаш қабул қилган қарорларию, турфа нутқ ва маърузалар тезкорлик билан ўзбекчалаштирилар эди.
— Энди биргаликда аравани тортаверамиз. Ишимизнинг оғир томони ҳам енгил томони ҳам бор. Биргаликда ҳал қилаверамизда энди, — деди Собит ака.
МАЪЛУМОТНОМА: Собит ака меҳнат фаолиятни 1954 йилда “Қизил Ўзбекистон” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетасида оддий адабий ходим бўлиб бошлаган. Тез орада газетанинг “Қурилиш ва саноат” бўлими мудири бўлган.
1962 йилдан ЎзТАГ (ҳозирги ЎзА)да таржима бўлимида таржимон, бўлим мудири, бош муҳарририят раҳбари лавозимларида фаолият юритган. 1993 йилдан эса маълум муддат банк соҳасида ишлади. 1998 йилдан Ўзбек Миллий Энциклопедияси таҳририятида меҳнат қилди.
Собит Тоиров ўзининг иш фаолиятини республиканинг етакчи, отахон газетаси “Қизил Ўзбекистон”да бошлар экан, тиришқоқлиги, заковати, ўзига ҳам, ҳамма-ҳаммага қатъий талабчанлиги билан журналист сифатида комил шаклланиб, етук адабий ходим, мулоҳазали, ўй-фикрини бемалол қоғозга ижодкорга қўйиладиган талаблар асосида тушира оладиган қаламкаш сифатида танилади. Унинг журналистга хос ушбу фазилатлари меҳнатсеварлиги, янгиликка ўчлиги, тинмай изланиши билан янада бўртиб кўзга ташланади. Саноат бўлимининг мудири даражасига кўтарилади. Саноатда эса ўша даврдаги бир ёқламаликка асосланган мафкурага кўра, русийзабон кишилар кўпроқ ишлар, улар билан ўз тилида гаплашиш, фикрлашиш талаб этиларди. Собит ака одатига кўра ҳар қандай мавзунинг ич-ичидан ҳар томонлама чуқур ўрганиб ёзиш учун рус тилини янада қунт билан ўрганишга киришади ва бунга эришади. Энди у расмий ҳужжатларни, бутун газета таҳририятининг барча бўлимлари рус тилида оладиган хатларини, мақолаларини ҳам таржима қилишда асосий кучга айланади.
— Газетамиз жамоат ташкилотларига оид маълумотларни, раҳбарларнинг рус тилидаги маърузаларини тайёрлашда ҳам биринчи ижодкорга айланади. Талабалик йилларида аъло баҳоларга ўқиган миришкор деҳқон фарзанди, ўзининг бу соҳадаги истеъдодини, иқтидорини ҳам ўз ижодида намоён этади, — деб ёзганди ўз хотираларида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Расул Раҳмонов.
— Собит ака 1961 йил танишганимизда чиройли бир йигит эди, ҳозир ҳам шундай. Майин сочлар, қуралай кўз, вазмин қадам. Таниш-нотанишга хушмуомала ва меҳрибон. Ёш улғайган сайин баъзиларнинг феъл-атвори ҳам ўзгаради. Ярим асрдан бери билсам ҳам, акамиз ўша-ўша, давраларнинг гули, кичиклар билан кичик, катталар билан катта, қувноқ билан қувноқ, завқли билан завқли, — деб қайд этганди кўп сонли шогирдларидан бири Абдулла Абдуқодиров.
“Журналистикада шундай соҳа ҳам борки, унинг заҳматкашлари бошқа қаламкашларга ўхшаб кенг жамоатчиликка тез танилавермайдилар. Аммо меҳнатлари ҳар қанча эъзозга, таҳсинга лойиқ ва жуда зарур. Айтайлик, республикадаги кўпдан-кўп газета ва журналлар ўз муштарийларини, радио ва телевидение ўз тингловчилари-ю, томошабинларини жаҳонда ҳар кун, ҳар соатда рўй бераётган воқеалардан хабардор қилиб туришлари лозим. Бу иш асосан таржимонлар зиммасига тушади. Собит Тоиров ана шундай соҳа соҳибларидан. Ер юзидаги турли ахборот агентликларидан Ўзбекистонга эрта тонгдан кечасигача оқиб келадиган турфа хил хабарлардан саралаб олиб, ўзбекчага ўгириб, турли матбуот нашриётларига юбориб туриларди. У миллий ахборот агентлигида шу иш билан шуғулланаётган жамоага бошчилик қилди.
“Газеталарда чиқадиган мақолалар ҳафталаб, ойлаб тайёрланади, қайта-қайта ўқилиб, пухталаштирилади. Бироқ таржимонда ўйлаб ўтиришга вақт йўқ: мақолалару, катта-кичик хабарларни жуда қисқа фурсат ичида ўзбекчалаштириб бериш керак. Рўзномалар, радио ва телевидение таҳририятлари ҳамиша унга маҳтал туришарди. Демак, ҳар соат, ҳар сония ғанимат. Собит ака бу ишнинг пири бўлиб кетган эди”. Бу фикрлар тажрибали журналист Ҳайдарали Иброҳимов қайд этган.
МАЪЛУМОТНОМА: Собит Тоировнинг 1978 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвон билан тақдирланганлиги кўп йиллик самарали меҳнатига муносиб баҳо эди.
Бугунги кунда Собит аканинг шогирдлари Дилдора опа Маҳсумова, Васила опа Насриддинова, Турсунали ака Саъдиев, Ақида опа Азизова ва бошқа ўнлаб моҳир журналист-таржимонлар ўзбек матбуотида фаолият юритиб келадилар…
— Собит ака, — дейди шогирдларидан бири Дилдора опа, — Олий даргоҳни тамомлаб, “ЎзТАГ”га ишга келганимда жуда илиқ қаршилади. Таржимонликнинг ипидан игнасигача ўргатди. Ростини, айтсам Собит ака менинг ишдаги отам. Ҳозир ҳам худди отамдай кўраман. Турмуш ўртоғим билан бирга у кишидан тез-тез хабар олиб турамиз.
— Мен иш бошлаган чоғим, — дейди Васила опа, —таржимонлик журналистиканинг ажралмас қисми эди. Менинг таржимон бўлиб етишишимда Собит аканинг хизматлари беқиёс. Менга кўрсатган ғамхўрликларини, маслаҳатларини ҳеч қачон унутмайман.
— Сўзни эмас. Маънони таржима қилишни менга Собит ака ўргатган, — дейди бугун саксон ёшли Турсунали ота Саъдиев.
Собит отанинг “Умр дафтари” деган хотира китоблари бор. Ўша китобни варақлар эканман. 1986 йил 15 апрелда ўзимизга шеър деб ёзган сатрларга кўзим тушди. Мана ўша сатрлар:
Маҳорату кўп билишда
сиз кўпларни куйдирасиз,
Русча сўзга бир зумда-чи,
ўзбекча тўн кийдирасиз.
Қирчиллама ёшга кириб
кучли бўлди билагингиз,
Амалга тез ошаверсин эзгу ният,
тилагингиз.
Ижодингиз завқ-шавқ берсин,
кўпчиликка сеҳри билан,
Бу табрикни ёзди
сизга қизларингиз меҳри билан.
Бу содда сатрларни бундан 36 йил аввал “ЎзТАГ”нинг қизлари номидан мен ёзган эканман. 13та ходималаримиз эса имзо қўйишган…
Айни кунларда Собит ота Тоиров Шайхонтоҳур туманидаги Ипакчи маҳалласида умргузаронлик қилмоқда.
Бой кутубхоналари бор. Мен борганда китоб жавони ёнидаги столда бир талай газеталар, журналлар, китоблар турган экан.
— Қарияларнинг иши нима?!—деди Собит ота. — Бўш вақти оламжаҳон. Китоб ўқийман, газета ўқийман. Гоҳо беш юз-олти юз қадам юриб ҳам келаман. Китоб ўқишда сеҳр бор, жозиба бор. Буни китоб ўқийдиганлар яхши билишади.
Ўқиганларимни, ўрганганларимни, ҳаётий тажрибаларимни фарзандларимга, набираларимга сўзлаб бериб ўтираман.
— Отахон, шундай улуғ ёшларда ҳам тетикликнинг сири нимада?
— Бунинг ҳеч қандай сири йўқ аслида. Газеталарда ҳам ёзишади, шифокорларимиз телевизорда ҳам гапиришади-ку. Бунинг учун энг муҳими, ҳаракатдан тинмаслик керак. Ҳар куни эринмасдан бадан тарбия қилиш керак. Эринмай, пиёда юриб, табиат гўзалликларидан завқланиш, гўзал шаҳримизнинг кўркига-кўрк қўшиш учун ҳовли-жойларни, кўча четларини кўкаламлаштиришга ҳисса қўшиш керак. Ана шунда тана аъзолари доимо ҳаракатланиб туришга одатланади, ҳузур қилади. Меҳнатнинг самарасини кўриб кўнгил тоғдай кўтарилади, сўна бошлаган томирлар, пайлар уйғонади. Фарзандларингиз, набира-абираларингиз ҳам сизга эргашади, қандай яхши!
Собит ота билан гурунгимиз роса қизийди. У киши суҳбатларида “Hurriyat” газетаси ҳақида гапириб ўтдилар:
— Биласизми, мен кўпгина газета-журналлар қаторида “Hurriyat”ни алоҳида меҳр билан ўқиб бораман. Уни ўқиган сари кўнглим тоғдай кўтарилади. Шундай издошларимиз, давомчиларимиз бор экан, деб чин дилдан қувонаман…
Собит ота, муборак 90 ёшингиз қутлуғ бўлсин! Фарзандларингиз, набираларингиз, чевараларингиз, шогирдларингиз, мухлисларингиз бахтига ҳамиша соғ-саломат бўлинг! Узоқ умр кўринг, деймиз!
Очиғини айтганда, Собит отанинг ўзи — тирик китоб. Биз бу китобни ўқиб-ўрганишимиз керак!
Собит ота, қолган гапларни, Худо хоҳласа, 100 ёшга кирганингизда гаплашамиз.
Ҳаётда асосан ҳажвий, ҳазил шеърлар, қисса ва ҳикоялар ёзиб юрганим учунми, “жиддий” ашъорлар битишим осон бўлмайди. Аммо 90 ёшни думалатиб қўйган Собит ака билан асло “ҳазиллашгим” йўқ, чунки устоз ҳали йигитдай кўрингани билан улуғ ёшда. Бу ёшни ҳам шундай самимий, беғубор қалбни ҳурмат қилмай бўладими. Қуйидаги сатрларни у кишининг муборак ёшига атаб қораладим:
Озгина эътибор, сийлов тойга етади,
Суви оқиб турса бўлди, сойга етади,
Собит ака таржимаси ойга етади,
Таржиманинг устаси —
Собит Тоиров-да!
Ҳали ҳам тетикдир,
гўёки йигит дейсиз,
Баланд парвоз қилаётган
нақд бургут дейсиз,
Босиб ўтган йўли
ибрат ва ўгит дейсиз,
Таржиманинг устаси —
Собит Тоиров-да!
Аллоҳ берган умрни яшанг ота,
юздан ошинг,
Кўролмаган кимсаларни,
шундай яшаб, майли, изза қилинг,
Абдураззоқ ҳаётингиз ёзмоқ бўлса,
дейсиз — қисса қилинг,
Таржиманинг устаси —
Собит Тоиров-да!
Абдураззоқ ОБРЎЙ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист