Яқинда Накуртга бордим…

Накурт қишлоғини эшитмаган одам кам бўлса керак. Чунки унинг гўзал табиати, олийжаноб ва мард инсонлари ҳақида кўп­лаб ёзилган. Ўзбекнинг таниқли шоири Азим Суюн ҳам ана шу қишлоқда таваллуд топган эди. Раҳматли Азим ака она қиш­лоғининг янада гўзал, обод, йўли равон бўлишини доим орзу қиларди. Бунинг учун қўлидан келган барча ишни қилишга ҳаракат қиларди. Чунончи, ўтган асрнинг 90-йилларида Накурт қишлоғига борадиган йўлни таъмирлаш, бир қисмига асфальт ётқизиш юзасидан соҳа мутасаддиларига бир неча бор мурожаат қилганига шахсан гувоҳ бўлганмиз. Аммо 18 км. узунликдаги қишлоқ йўлини таъмирлаш ва асфальт ётқизиш ишлари бир бошланарди-ю, ўлда-жўлда қолиб кетаверар эди.

Шубҳасизки, йўл ҳамиша жуда муҳим аҳамиятга эга. Йўли абгор манзилга меҳмон ҳам оғриниб боради. Лекин ўтган йиллар давомида бу табиати бетакрор, одамлари содда ва самимий қишлоққа қанчадан-қанча таниқли, машҳур кишилар қадам ранжида қилмаган дейсиз.

Яқинда дўстлар билан дийдорлашиш мақсадида Накуртга бордим. Маржонбулоқ – Зармитан йўлидан қишлоқ томон бурилар эканман, янги асфальт ётқизилган, кафтдек текис, ойнадай равон йўлни кўриб кўнглим ёришиб кетди.

Маълум бўлишича, йўлсозларнинг назари ниҳоят Накуртга ҳам етиб келибди. Самарқанд вилояти ҳокимининг фармойишига кўра, бюджетдан 1 миллиард 400 миллион сўм маблағ ажратилибди. Пайариқ туман йўл қурилиш-таъмирлаш идораси жамоаси эса жуда узоқ кутилган ишни жуда   қисқа муддатда амалга ошириб, Накурт йўлини тўлиқ таъмирдан чиқарибди.

Норбобо ШАКАРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + 16 =