Юракдаги сўзимиз

(Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али 80 ёшда)

 

Дадамлар ҳақида ёзиш… Бу ҳам осон, ҳам қийин. Осонлиги – уларга боғлиқ воқеалар, маълумотлар менга яхши маълум. Қийинлиги – ўша билганларимдан қайси бирларини ёзиш, қайси бирларини танлаш осон эмас. Ҳа, бу чиндан ҳам осон иш эмас. Биз Наргиза опам, Нодира опам, Азиза синглим ва укам Комрон билан ўзимизча кенгашган бўлдик. Қайсимиз ёза оламиз?! Бу қутлуғ вазифа менинг чекимга тушди. Жондан азиз аяжонимиз – (қўшни кампир-холалар уларни “Манзурахон” деб чақиришарди) етти йил бўлди, оламдан ўтдилар. Агар бугун ҳаёт бўлганларида менинг бу ёзганларим янада кенгроқ, янада бойроқ бўлармиди. Чунки мен аяжонимдан ҳам албатта маслаҳат, фикрлар олган бўлардим-да. Аяжонимиз ва дадамлар табиатан хушчақчақ, ҳазилни ёқтирадиган одамлар. Дам олиш кунлари нонуштадан кейин чой ичиб ўтирганларида дадам Насриддин Афанди латифаларини айтиб беришни яхши кўрадилар. Бизларга жуда меҳрибон, ҳадеб тергайвермасдилар, эркин фикрлашга ўргатдилар. Фақат доимо: “билим ол, китоб ўқи”, дердилар. Қайси ўқишга кириш ҳақида дадамлар ўзимизга эрк берардилар. “Қайси фанни, соҳани яхши кўрсанг, ўшанга ҳаракат қил, ҳамма фан ҳам яхши”, дердилар. Наргиза опамнинг ин­­­­­­­­­­­г­лиз тили ўқитувчиси бўлишга, Нодира опамнинг врач-аллерголог касбига, менинг филологияга, Азизанинг халқаро журналистикага, Комроннинг молия соҳасига қизиқиш­ларимиз барчаси ўз хоҳишимиз билан бўлган. Дадамлар ҳам, аямлар ҳам бу маънода бизларни қўллаб-қувватлардилар. Ҳар биримиз ўзимиз севган касбга ўқидик, олий маълумотли бўлдик.

Оилада байрамлар, ҳар биримизнинг туғилган кунларимиз алоҳида нишонланади. Шундай кунларда бутун оила   пухта тайёргарлик кўрарди. Айниқса, болалик чоғларимиз… Ҳар бир нишонланадиган сана ўша куни байрам бўлиб кетар, аямлар эрталабдан тин билмай бизларга ёқадиган таомлар пиширар, сомсалар ёпардилар. Ҳар биримиз ёд олган шеъримизни айтиб берардик, ўйинга тушардик, таб­рик сўзларини айтардик. Катта япон магнитофонимиз бор эди, ўша пайтда ёзиб олинган аудиокассеталарни қайта-қайта эшитардик, ҳозир ҳам баъзан қўшилишиб тинглаб турамиз. Олис овозларимизни эшитганда қувониб кетамиз, айниқса, Комроннинг жуда қизиқ, ширин гаплари ҳаммамизга ёқиб тушади, аммо Комрон укамиз: “мен бундай гапирмаганман”, деб бугун тан олгиси келмайди…

Дадамлар кўп мутолаа қиладилар, тарихий мавзудаги асарларни ўқийдилар, айниқса, В.Скотт, В.Гюго, Л.Толстойларнинг романларини яхши кўрадилар. Тонг саҳардан — соат 4:30 ларда   туриб ишлайдилар. Оқшомлари, тунлари ижодий иш билан кам шуғулланадилар. Телевизорда янгиликлар ёки футбол, бокс кўриб дам оладилар. Эрталаб туриб иш кабинетларига кирсам, доим чироқлари ёниқ, ижод билан машғул бўлганларини кўраман. Буни ёшлигимдан буён кузатиб келаман. Стол устида ҳар хил китоблар, газета-журналлар тартибсиз, айримлари ярим очиқ ҳолда ётади, хонанинг ўртасидаги каттароқ столда эса луғатлар, энциклопедиянинг ҳамма жилд­лари айқаш-уйқаш бўлиб кетган, бир четда пала-партиш тахланган янги китоблар ҳам кўзга ташланади.

Бир куни Азиза синглим, (жуда ҳам тартибни яхши кўрадиган, тозаликни баланд тутадиган феъли бор) дадамлар ишга кетганларида, келгунларича ҳамма нарсани тартибга келтириб қўяй, дадамларнинг вақтлари бўлмаяпти, хурсанд бўладилар, деб ўйлабди, китобларнинг барини тахлаб, саранжом қилиб, бир чеккага чиройли қилиб териб қўйибди. Столларнинг устлари ҳам топ-тоза эмиш.

Дадамлар ишдан келиб, хоналарига кирсалар, аҳвол шунақа…

— Ким бундай чаққонлик қилди? – сўрабдилар жаҳллари чиқиб.

— Мен… – дебди Азиза. – Тартибга келтириб қўювдим…

— Ўзи тартибли эди, энди бари бетартиб бўлибди… Керакли китобларни очиб қўяман. Бу ерда зарур китоблар, журналлар туради. Дарров топаман. Сен эса барини тахлаб бир четга йиғиштириб қўйибсан… Энди ҳаммасини янгидан қидириб олиб тартибга солишим керак…

Ҳали-ҳали буни эсласак,   кулиб қўямиз.

Синглим Азиза исмининг ўзига хос тарихи бор… Оилада кетма-кет уч қиз туғилади… Шуни айтиш керакки, дадамлар бу – қиз, бу – ўғил, деб ажратмасдилар. Тенг кўрардилар. Ҳеч бошқача гап эшитмаганмиз. Фақат бу аямларга унча маъқул келмасди, аммо билдирмасдилар. Тўртинчиси ўғил бўлиб қолар, деган умидда юрардилар.

Лекин… тўртинчи фарзанд… ҳам қиз туғилади! Аямнинг изтиробларини тасаввур қилардик. Иттифоқо, туғруқхонада онамларнинг ёнидаги аёл   оилада тўртинчи марта ўғил кўрибди! Улар уч ўғилдан кейин қизалоқ бўлсин, деб кутишган экан… Аёл бирдан қизиқ ва ҳеч кутилмаган ножоиз бир таклиф айтибди: “Икки кунлик чақалоқларни … алмаштириб олсак-чи?.. Сизларга ўғил керак, бизга – қиз…” Бундай ишни хаёлига ҳам келтира олмаган аямлар қўрқиб кетадилар: “Йў-ў-ўқ… нималар деяпсиз?! Гуноҳи азим-ку!? Ундоғ деманг!! Йў-ў-ўқ!..”   Қўшни аёл қўярда қўймай, дадамларга хат туширтириб юборади… Дадамлар пастда – дераза тагида турган эканлар. Хатга дарҳол жавоб ёзиб чиқарадилар. Жавоб қисқа эди: “Битта тукини ҳам алмаштирмайман!!! Исмини “Азиза” қўйдим!..” Қўшни хотин ҳайратда дебди: “Агар уч ўғилдан кейин қиз туғилса, Азиза деб от қўйиларди. Сизларда тўртинчи қиз Азиза бўлибди-да…”

Орадан икки йил ўтиб, укам Комрон туғилганда, дадамлар аямларга кулиб: “Кўрдингизми, нима учун тўртинчи қизимиз “Азиза” бўлди ўшанда? Чунки унинг изидан ўғлимиз Комрон дунёга келди… ” деган эканлар.

Дадам ва аямлар бизга доим камтар бўлишни, ҳалол меҳнат билан ютуқларга эришишни уқтириб келганлар. Ҳар бир бошланган ишни охиригача   етказишни ўргатишарди. Бировдан ҳеч нарсани сўрамай олиш мумкин эмаслигини, етти ўлчаб бир кесишни, шошилмай равон сўзлашни, катталарни ҳурмат қилишни, опа-укалар бир-биримизга оқибатли ва иноқ бўлишимизни таъкидлашарди.

Ажойиб бир воқеани эсламай ўтолмайман. Укам Комрон Тошкент Молия институти магистратурасини битирган кунлар эди. Биз, опа-ука хурсанд Амир Темур хиёбони ёнида гавжум Сайилгоҳ кўчасида   рассомларнинг кўргазмаларини, сотувга қўйилган ёйма китобларни кўриб юрибмиз. Бирдан китоблар ичида   шарқшунос олим В.Бартольд асарларининг бир жилдини кўриб қолдим. Дарров дадамларнинг бир кун қандайдир дўсти билан телефонда гап­лашганлари, ундан Бартольднинг иккинчи жилдини оз муддатга бериб туришини илтимос қилганлари эсимга тушди… “Комрон, — дедим, — мана бу китоб дадамларга ниҳоятда зарур. Дадамларда йўқ… Сотиб олиб совға қиламиз!”. Комрон ҳам қувониб кетди: “Сотиб олайлик!”, — деди у ҳам. Маълум бўлдики, ҳозир сотувчида Бартольднинг тўққиз жилдлиги тўлиқ ҳолда йўқ экан. У етишмаган бир жилдни уйидан олиб келишга ваъда берди. Эртасига Бартольд асарларининг ўн жилдлигини дадамларга совға қилдик. Дадам кутмаган эканлар, аввалига ҳайрон бўлиб қолдилар, кейин хурсанд бўлиб кетдилар, манг­лайимиздан ўпиб: “Илоҳи, бахтимизга униб-­ўсиб юринглар!” деб дуо қилдилар ва табассум билан аямларга қараб қўйдилар… Бизлар ҳам қилган ишимиздан мамнун эдик.

Мен ўзим ҳақимда ҳам қисқача гапирсам, Ўзбекистон Миллий университети магистратурасини битириб, 2002 йилда АҚШнинг Сиэтл шаҳридаги Вашингтон университети магистратурасига ўқишга кирдим. Шу пайтлар дадамлар дунёда таниқли туркшунос олима, (менинг ҳам устозим!) Вашингтон университети профессори, Ўзбекистон Миллий университети Фахрий доктори Ильза Лауде Сиртаутас ташкил этган Марказий Осиё тиллари Ёзги дастурига таклиф қилингандилар, Америка ёшларига ўзбек тили ва адабиётидан сабоқлар берардилар. Ўзим ҳам уларнинг дарсларида иштирок этардим. Тингловчилар дадамларнинг сабоқларини жуда ҳам яхши кўришарди, чунки улар нафақат тилдан, балки тарих, адабиёт ва санъатимиздан ҳам билимлар берардилар. Ҳатто ўзбек халқ оғзаки ижодидан қўшиқлар ҳам ўргатардилар. Америкалик талаба-шогирдлар ҳалигача уларни йўқлаб, илиқ саломлар йўллаб туришади.

Бир кун дадамлар мендан магистрликни битиргандан сўнг изланишларни қандай давом эттиришим ҳақида сўраб қолдилар. Мени умуман адабиётимизнинг АҚШда ўрганилиши қизиқтиришини айтдим. Шу йўналишда “Бобурнома” инглиз тилида”   номли мақола ёздим ва у “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида босилиб чиқди. Бирин-кетин “Тарихий Рашидий,” Рабғўзийнинг “Қиссас ул-анбиё” каби асарларнинг инглиз тилига таржималари, Навоийнинг Америкада ўрганилиши ва бошқа мавзуларда мақолаларим эълон қилинди.

— Хожа Аҳмад Яссавий шахсияти ва ижоди жуда қизиқ, бағоят муҳим, — дедилар бир кун дадамлар. — Бизда машҳур, Навоий ул зотни “Туркистоннинг шайхул-машо­йихи” деб атаганлар. Адабиётимизда “Ҳикмат” жанрини яратганлар. Ғуруримиз чексиз. Аммо уни Шахс ва Шоир сифатида олам билмайди. Ўша улуғ зот ижодини, ҳаётини ўрганишга киришсанг, руҳини шод этиб, унинг ҳикматларини инглиз тилига(қофияли бўлмаса ҳам) таржима қилсанг,   олам аҳлини улуғ донишманд шоир ижодидан баҳраманд этсанг, деб орзу қиламан… Инглиз тилини чуқур ўргандинг, бундан хурсанд­ман. “Абадий соғинчлар” китобимни инглизчага таржима қилдинг ахир. Яхши чиқди… Раҳмат сенга. Заҳмат чекиб олган билиминг энди ишласин! Бу ишингни инглиз тилида адо этасан! Токи кенг ёйилсин!

Ҳа, бу — улуғ орзу! Бу ҳақда изланишлар олиб бормоқдаман. Аллоҳ ўзи йўл берсин дейман.

Дадамларнинг ижодига, албатта, мен баҳо беролмайман. Лекин бу ўзига хос ижод йўли ўзбек адабиётида   биринчи эпопея муаллифи, меҳнат қилиб   толмайдиган ижодкорлар. Қутлуғ 80 ёшга тўлган шу кезларда ёшлик ши­жоати билан узоқ тарихимизни чуқур ўрганиб, “Клеопатра” романини ёзиб ўқувчиларга тақдим этдилар.

Азиз дадамиз биз учун бугунги кунда ҳам дадамиз, ҳам аямиз. Ўн бешта набиралари бор – 8 ўғил, 7 қиз. Набираларининг олди олий ўқув юртини битиришни бошлади…

Шу кунларда Алишер Навоийга бағишланган бир асар устида ишлаётганларини эшитиб, ниҳоятда қувониб кетдим!

Дадажонимизга узоқ-умр тилаб, қўлимни кўксимга қўйиб, барча фарзанд ва набиралари номидан табаррук ёшлари   билан чин дилдан муборакбод этишдан бахтиёрман.

Дилбархон АҲМЕДОВА,

Вашингтон университети магистри,

адибнинг қизи

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × five =