Тақдир синовлари ва сийловлари…

Тақдир сийлови ҳақида ўйлаганимда, энг аввало, бағри кенг, кўнгли тоза, ростгўй, лозим бўлганда ўзгалар манфаатини ўз манфаатидан устун қўя оладиган инсон билан умри басар қилиш менга насиб этгани деб биламан. Ҳа, Носир Фозиловдек инсонга ҳамнафас бўлганим, унинг ардоғида яшаганим Яратганнинг менга қилган беназир сийлови эди. Мен у кишини наинки турмуш ўртоғим, балки чинакам устозим, устоз бўлганда ҳам нафақат адабиёт, балки ҳаёт сабоғини ҳам берган раҳнамойим деб биламан.

У киши ўз васиятларида эътироф этганларидек, биз яхши яшадик. Яхши яшаш, бу фақат тўкис, бекаму-кўст умр ўтказиш дегани эмас. Балки, бир-бирингни тилдамас, дилдан ардоқлаб, дилдан тушуниб яшашдир.

Бўйимдай бўй топдим-у, кўнглимдай кўнгил топмадим, деган гап бор. Бизда эса айнан ана шу нарса бор эди: биз кўнгилдан топишган эдик. Тўкис яшаб, ошиб-тошиб кетмадик, сарой қурмадик, қўша-қўша машиналарга, хориж курортларига дам олиб келишларга ружу қўймадик. Иккимиз ҳам баҳоли қудрат қалам қитирлатиб, шунинг орқасидан топганимизга қаноат ва шукур қилиб, камтарона яшадик. Шукр, ҳаётда қувончли кунларимиз оз бўлмади. Ёлғизгина ўғлимиз кўз олдимизда бўй кўрсатиб, оёққа туриб келиши, ҳаётда ўз ўрнини топиши, келин туширганимиз, бирин-кетин ўғил-қиз набираларимиз дунёга келиши, Носир акамнинг ижоддаги қадам-бақадам эришган ютуқлари, унвону орденлар, давлат мукофотлари билан тақдирланишлари, ўзимизда ҳам, қардош қозоқлар юртида ҳам эъзозу эътибор қозонишлари… буларнинг барчаси иккимизни бирдай қувонтирар, кўнглимизни тоғдай кўтарар эди…

Албатта, биргаликда кечган ҳаётимиз давомида ҳам синовли кунлар кўп бўлди. Лекин ёнингда ишонганинг, тоғдай суянчинг бўлса, синовли кунларни енгиб ўтишинг осонроқ кечар экан. Бирга яшасанг-у, ўзингни ёлғиз ҳис қилсанг, бундан ёмони йўқ. Носир ака иккимиз ҳар қандай вазиятда бир-биримизни ёлғизлатиб қўймадик. Бир-биримизни эҳтиёт қилиб, авайлаб-асраб яшадик. Фақат у киши кетдилар-у, назаримда, тақдир биздан юз ўгиргандай бўлди. Кетма-кет келган мусибатлар, йўқотишлар қаршисида ёлғиз қолгандай сездим ўзимни. Чунки энди ёнимда тоғдай суянчиқ бўлиб турадиган инсон йўқ эди-да.

* * *

2017 йилнинг охирларида Носир ака хасталаниб қолдилар. Шифохона муолажалари наф бермади. 2018 йилнинг 13 январида эса… оиламиз устунидан айрилдик. Уйимиз ҳувиллаб қолди. Ичимга чироқ ёқса, ёришмас бир аҳволда қолдим. Устоз бор файзу баракани, тинчлик-хотиржамликни, яхши кунларни ўзлари билан олиб кетгандек бўлдилар.

Аввалига ўғлимизнинг бизнес ҳамкорларининг номардлиги сабаб, уйсиз бўлиб қолдик. Бир неча йил ижарадан-ижарага кўчиб юриб сарсон бўлдик.

Шунда ёрдам сўраб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййидга мурожаат қилдим.

У киши: “Биз Носир бобони яхши кўрамиз, албатта ёрдам берамиз”, деб кўнглимни кўтарди. Кўнглимиз анча таскин топиб юрган кезларимиз оиламиз бошига мусибат тушди. Ёлғиз ўғлимиз Хондамир 42 ёшида тўсатдан инсультга учраб, оламдан ўтди. Боқувчисиз қолдик. Ҳеч кимнинг бошига фарзанд доғи тушмасин экан. Ўзимизни ўнглаб олишим қийин кечди. Яшашга уйимиз, ижарага тўлашга пулимиз йўқ эди. Маслаҳатни бир ерга қўйиб, мен жиянимникига, келин болалари билан ота-онасиникига бориб яшайдиган бўлдик.

Шундай синовли дамларда қариндошлар, меҳр-оқибатли яхши одамлар, Ёзувчилар уюшмаси мутасаддилари ҳолимиздан хабар олиб, кўмак бериб туришди… Аммо кўргиликлар, синовлар ҳали тугамаган экан. Жиянимникида яшаб турганимда бир эҳтиётсизлигим оқибатида оёғим синиб, ўзим тўшакка михланиб қолдим…

Сабрнинг таги сариқ олтин, дейишади-ку, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси Сирожиддин Саййид, устознинг садоқатли, меҳр-оқибатли шогирдларининг саъй-ҳаракати билан қайтадан Ватанли бўлдик. Давлатимиз раҳбари кўрсатмаси билан умр йўлдошим Носир Фозиловнинг адабиётдаги ва халқлар дўстлигини мустаҳкамлашдаги хизматларини инобатга олиб, бизга икки хонали уй совға қилинди. Хурсандчиликдан кўз ёшларимизни тия олмай қолдик. Умр йўлдошим ўзлари жисман орамизда бўлмасалар-да, адабиётга қилган беназир хизматлари, меҳнатлари туфайли бизга ёрдам бердилар.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида нашрга тайёрланган Носир Фозиловнинг “Танланган асарлар”и, яқинда эса “Топдиму йўқотмадим” китобларининг тўлдирилган нашри чоп этилди…

Биз ҳозирда кўрган азоб-уқубатларимиз бир қадар унутилиб, бошпанамиз борлигига шукроналар айтиб, келиним ва набираларим билан бирга Юртбошимиз совға қилган уйда миннатдорлик туйғуси ила яшамоқдамиз.

Набираларимизнинг илмли, билимли бўлиб, хорижий тилларни, компьютер технологиясини пухта ўрганиб, элимизга, юртимизга хизмат қиладиган баркамол инсонлар бўлишига ҳаракат қиляпмиз.

Яхши одамларнинг қўллаб-қувватлови натижасида ҳаётимиз изга тушди. Тинч-хотиржам кунларга қайтдик.

Шукр ва сабрда гап кўп экан. Сийловли кунларга шукр қилдик, синовли кунларга сабр қилдик. Мана, тақдир бизларни яна яхши кунлар билан сийлади.

Аллоҳга беадад, беҳисоб шукрлар бўлсин!

Муборак ФОЗИЛОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − four =