Тарих ҳақиқатларини айтишдан чўчимайлик!

Тарихдан яхши маълумки, “Андижон қўзғолони” номини олган халқ миллий озодлик ҳаракатининг ташкилотчиси ва раҳнамоси бўлган мингтепалик Муҳаммад­али эшон Собир халфа ўғли — Дукчи Эшон ҳақида бугунга қадар тарихий манбаларда нохолис, турли бўёқлар билан айтилган чала ҳақиқат ва адолатсиз фикрлар шу кунга қадар ёзилиб келинмоқда. Қўзғолон аёвсиз бостирилгач, Эшон дорга осиб ўлдирилган деб айтилади. Аслида бу маълумот бугунга келиб асоссиз эканлиги ойдинлашмоқда.

Биз бу ҳақда “Hurriyat” газетасининг шу йил №21-сонида “Дукчи Эшон: Тарих ва ҳақиқат ёхуд тунни ёритган чақмоқ” сарлавҳали мақоламизда атрофлича сўз юритган эдик. Мақола бўйича жуда кўп юртдошларимиз ўзларининг самимий мулоҳазаларини, қўллаб-қувватловчи фикрларини билдиришди. Аммо Андижон давлат университети тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейининг айрим ходимлари томонидан билдирилаётган муносабатга атрофлича жавоб бериш ҳамда ўтмишда “Андижон қўзғолони” деб аталган тарихий ҳақиқатни янада чуқур, холис ўрганиш мақсадида Тожикистон Республикасининг Тавилдара ноҳияси “Лайрони боло” қишлоғига такрор шу йилнинг 11-17 август кунлари сафар қилдик. Чунки Дукчи Эшон бобомиз айни шу қиш­лоқда яшаб ўтган.

Тўғри, биз томондан аниқланган бу маълумотларга бирданига ишониш осон бўлмаслиги мумкин. Аммо ҳақиқат барибир ҳақиқатлигича қолади.

Негаки, чор Россияси, кейин собиқ Иттифоқ замонида, яъни қарийб бир асрдан кўп вақт мобайнида чоп қилинган турли адабиётлар, қўлланмаларда ўша давр сиёсатидан келиб чиқиб ёзилган маълумотлар мавжуд. Лекин бугун давр ўзгарди, замон ўзгарди. Она юртимиз ўз эркига, Истиқлолига эришганига 31 йил тўлди. Энди тарихимизнинг асл ҳақиқатларини юзага чиқариш, халқимизнинг миллий қаҳрамонлари ҳаёти ва тақдирига оид янгиликларни ўрганишдан, ўрганганларимизни ҳадиксирамасдан, иккиланмасдан маълум қилиш бурчимиздир.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Дукчи Эшоннинг тақдирига оид ҳақиқатларни қуйидаги мисоллар асосида баён қилмоқдамиз.

  1. Андижон вилояти Марҳамат тумани “Гар-гар” маҳалласида яшаган 85 ёшли (1997 йил ноябрь ойида) Кимсанбой эшон Парпиев билан унинг хонадонида суҳбатлашганимда у Муҳаммадали эшоннинг шу қишлоқдаги Тўрақул эшонга келин бўлиб тушган синг­лиси Шакаройимнинг набираси эканлигини айтиб, бобомиз Дукчи Эшон 1898 йил 17 майдан 18 майга ўтар кечаси Андижонда юз берган ғазовотдан сўнг, онаси юрти бўлган Қошғорга кетиб, яширинган эди, деб қатъий айтганди. Яъни, Муҳаммадали эшон дорга осилмаган экан, унинг ўрнига олдиндан ҳар эҳтимолга қарши тайёрлаб қў­йилган андижонлик қиёфадош муриди Аллоҳ йўлида шаҳид кетган экан. Шунингдек, Марҳаматнинг Шукурмерган қишлоғидаги “Янги қишлоқ” маҳалласида яшовчи амакиси, яъни Дукчи Эшоннинг қувалик хотини бўлмиш Руқиябиби Исмоил қизидан кўрган иккинчи ўғли Абдукаримнинг фарзанди бўлган Йўлдошбой ота ҳамма гапни айтишини уқтирганди.

Шундан кейин, 1997 йили ноябрь ойининг охирида Йўлдошбой отаникига бориб, у билан   суҳбатлашганимизда, ҳақиқатан ҳам бобоси Қошғарда 6-7 йил яшаб, сўнгра Тожикистоннинг Тавилдара ҳудудидаги “Ҳазрати Бурх Валий” зиёратгоҳи жойлашган “Боршид” қишлоғига келиб, шу қишлоқлик Гулхонимга уйланиб, бола-чақали бўлган экан. Йўлдошбой ота падари бузруквори Абдукарим махсум билан ёшлигида Муҳаммадали эшоннинг баъзи китобларини унга тегиш­ли ҳужжатлар билан қўшиб, иккита эшакка ортиб, бир ой давомида ўша юртга қийинчилик билан олиб бориб, юқоридаги зиё­ратгоҳнинг масъул одамига топшириб қайтишганини, у одам эса китобларни қабул қилиб олиб, “Муҳаммадали эшонга таалуқли” деб ёзиб, китоб жавонига қўйиб қўйган экан.

(“Зулматга қарши исён”, Тошкент, “Ўзбекистон”,

2003, 140-143 бетлар)

  1. Андижон давлат университетининг “Ўзбекистон тарихи” кафед­раси профессори, тарих фанлари доктори Рустамбек Шамсиддинов шундай ёзади:

“… Марҳаматлик журналист, тарихимизнинг жонкуяр фидо­йиси Обиджон Маҳмудов ўзи туғилиб ўсган ҳамда ҳамюртимиз Муҳаммад Али хожи Собир ўғли — Дукчи Эшон бошчилигидаги истиқлол курашини фахр туйғуси ила ватанпарварлик руҳида ёритган. Ул зотнинг ҳозирда яшаб ўтган ва яшаб келаётган авлодлари ва замондошлари ҳақида бир қатор янги маълумотлар келтирган. Муаллифнинг узоқ изланиши натижасида Андижон қўзғолонининг ташкилотчиси ва раҳнамоси бўлган Муҳаммадали эшон шахси ва унинг фожиали ўлими ҳақида тамомила янгича фикр­-мулоҳазаларни баён этган. Бироқ рисолада илгари сурилган баъзи бир фикрлар ҳозирда мукаммал ечимини топмаган бўлса-да ҳақиқат, адолат ва фан йўлида янада изланишга даъват этади.”

(“Зулматга қарши исён”, Тошкент, “Ўзбекистон”,

2003 йил, 102-бет).

  1. Бобур номидаги халқаро жамоат фонди ташкил этган биринчи экспедицияси   “Дукчи Эшон изидан … ” бўлиб, 2019 йил 14-16 ноябрь кунлари амалга оширилди. Фонд раиси ўринбосари Рус­тамжон Мамасолиев, журналист Обиджон Маҳмудов, фонд хизмат автомашинаси ҳайдовчиси Сойибжон Азимовлардан иборат экспедиция тақдим этган ҳисоботга кўра, улар   Дукчи Эшон авлодлари бўлган Қирғизистон Республикаси, Ўш области Новқат тумани “Кўкжар” қишлоғи, “Ёйилма” маҳалласидаги 55-уйда яшовчи марҳум Абдураҳим махсумнинг қизи Ортиқбуви Носирова (Раҳимова) фарзанд­лари бўлган Ўғилча Бадриддинова, Бозорбой Носиров ва Ўғилхон Носировалар биз билан биргаликда Тўпчибой Бад­риддинов хонадонида бўлиб ўтган суҳбатда ҳақиқатан ҳам Тожикис­тон Республикасининг Душанбе шаҳри, Темирйўлчилар районида яшовчи Карим эшон ва унинг ўртанчи ўғли Маҳмадулло ҳамда Сўғд вилояти Ашт ноҳияси “Қалам” қишлоғида яшовчи Зокиржон Рўзиев 1996 йил ноябрь ойида Ортиқбуви қизи Дилбархон (ҳозирда марҳум) хонадонида учрашади. Унда Дукчи Эшоннинг Ўратепа (Истарафшан), Душанбе, Кулоб, Панж вилоятлари ҳамда Тавилдарадаги авлодлари ҳақида гап боради. Қариндошларининг тинчлигини билиб қайтадилар. Шунингдек, Мингтепага ташриф буюришиб, Анорхон Раҳимова ва амакиси Йўлдошбой Абдукаримовларникида ҳам бўлишади.

Тўпчибой Бадриддиновнинг тасдиқлашича, у 2013 йили Тожикис­тондаги яқинларини кўргани борган. Унинг сўзларига кўра, ҳақиқатан ҳам Дукчи Эшон набираси бўлган Карим эшон Тавилдарада, шунингдек, укаси Саиджон эшон Раҳимов оиласи билан Душанбе шаҳри, Темирйўлчилар райони Мирзабек посёлкаси 2-проезд, 44-хонадонда яшаб келишаётган экан.

Бундан ташқари, Сўғд вилояти Ашт ноҳияси, “Қалам” қишлоғи, Раҳимжон Турсунов кўчаси, 2-уйда яшовчи Зокиржон Рўзиевнинг хонадонида бўлинганда, унинг онаси Гулшаҳар ая Рўзиева 1997 йилнинг февраль ва май ойларида икки маротаба Тавилдарадаги “Лайрони боло” қишлоғида бўлиб, Карим эшон ва укаси Саиджон эшон хонадонларида бўлиб, ҳарбий хизматда бўлган иккинчи ўғли Назиржон Рўзиевни кўргани борган ва кейинчалик уйига олиб келган. Гулшаҳар ая Рўзиеванинг айтишича ҳақиқатан ҳам Муҳаммад­али эшон (Исхоқ эшон) авлодлари ўша юртда яшаб келаётганини тасдиқлаган. Эшон авлодлари яшаш манзилларини ва айрим фарзандларининг телефон рақамларини олиб қайтишган.

  1. Шундан сўнг Бобур номидаги халқаро жамоат фондининг фаол­лари “Дукчи Эшон изидан…” иккинчи сафарини ташкил этди. 2022 йил 13-18 январь кунлари Тожикистоннинг Душанбе шаҳри, Темирйўлчилар райони Мирзабек посёлкаси 2-проезд,   44-45-46 хонадонларда яшовчи Дукчи Эшон ўғиллари бўлган марҳум Абдураҳим ва Абдураззоқ эшонлар фарзандлари бўлмиш Маҳмудулло, Абдуллажон, Файзулло, Саиджалол Раҳимовлар ҳамда Қисматулло Раззоқов билан учрашилди. Абдуллажон Раҳимов (46-уй) хонадонида бўлиб ўтган суҳбатимизда тарихий ҳақиқат рўёбга чиқди. Суҳбатдан сўнг Маҳмудулло билан бирга Тавилдара ноҳияси “Лайрони боло” қишлоғига, яъни марҳум Карим эшон ўғли Абдусалом уйига борилди. Дастлаб шу қишлоқдаги “Мавлоний” қабристонига борилди. У ерда Муҳаммадали эшон (1856-1933) ва набираси Карим эшон (1904-2018) қабрларини зиёрат қилиб, улар ҳақига Қуръон тиловат қилинди. Шундан сўнг, адолат йўлида курашган бобомиз ўз қўли билан қурган ҳужрада икки кун бўлиниб, шу ердаги авлодлари ва маҳалла фаоллари билан гаплашилди. Унга кўра, ҳақиқатан ҳам Муҳаммадали эшон Қошғардан Помир тоғлари оша Қирғизистоннинг Жилғатоли орқали Тавилдара ноҳияси “Боршид” қишлоғига Исҳоқ (Исоқ) эшон исми билан келган экан. У шу ердаги “Хазрати Мавлоний” масжидида бир муддат яшаб, шу қишлоқнинг оқила қизи Гулхонимга уйланган экан. Сўнгра юқоридаги тилга олинган “Лайрони боло” қишлоғига келиб уй-жой қуриб, умрининг охиригача яшаб, 1933 йилнинг 25 ноябрида 78 ёшида   вафот этган. Бобомиз шу қишлоқдаги “Мавлоний” қабрис­тонига дафн этилибди.
  2. Шу йилнинг 11-17 август кунлари Бобур номидаги халқаро жамоат фондининг жамоатчи аъзолари сифатида бизлар “Дукчи Эшон изидан…” ҳал қилувчи сафарда бўлдик. 12 август куни Муҳаммад­али эшон (Исоқ эшон) яшаб ўтган юрт — Тожикистоннинг Душанбе шаҳридаги Темирйўлчилар райони Мирзабек посёлкаси 2-проезд 45-хонадон соҳиби Муҳаммадали Эшон чевараси, Махмадулло Карим эшон ўғли билан кўришиб, унинг ҳамроҳлигида катта бобоси Дукчи Эшон яшаган Тавилдара ноҳияси “Лайрони боло” қиш­лоғига яна бордик. У ерда бизларни ака-ука Абдусалом ва Файзулло эшонлар ҳамда уларнинг қариндоши Асадулло Файзуллоев кутиб олишди. Барчамиз биргаликда уларнинг уйларидан 80-100 метр масофада бўлган “Мавлоний” қабристонига бориб, Дукчи Эшон ва набираси Карим эшон қабр­ларини зиёрат қилиб, Қуръон тиловат қилдик. Ушбу маросим видео тасмага муҳрланди ва қабр лавҳаси суратга олинди. Ушбу лавҳада шундай ёзувлар бор эди:

“Бисмиллахир раҳмониир Роҳийм. Муҳаммад Али эшон ибни Собир дуктарош Исҳоқи. 1856-1933”

Қабристондан қайтгач, тўғри Дукчи Эшон бобомиз ўз қўли билан қурган ҳужрада бўлиб, ул зот авлодлари билан узоқ суҳбат қурдик. Маълум бўлишича мингтепалик Истиқлол курашчиси Муҳаммадали Эшон Собир халфа ўғли — Дукчи Эшон 1898 йил 17 май кунги ғазовотдан кейин, онаси Асалбиби юрти Қошғарга кетиб, у ерда 6-7 йил яшаб, 1903-1904 йилларда юқорида тилган олинган Боршид қиш­лоғига Исҳоқ эшон номи билан келган. Шу қишлоқлик Гулхоним исмли аёлга уйланиб, 3 ўғил ва 3 қиз кўришади.   Улар:

Сатторқул, Абдураҳим, Абдураззоқ, Асалбиби, Ширинбиби ва Халифабиби эди.

Марҳамат туманидаги Гар-Гар қишлоғида яшаган Кимсанбой эшон Парпиев билан 1997 йил февраль ойида бўлиб ўтган суҳбатимизда Тожикистоннинг Панж вилоятидан амакиси Сатторқул эшон 1938 ва 1958 йилларда қариндошларини йўқлаб Мингтепага келганини таъкидлаган эди. Шунингдек, амакиси Йўлдошбой Абдукарим ўғлиникида ҳам бўлган экан.

(“Зулматга қарши исён”, Тошкент, “Ўзбекистон”, 2003 йил 146-бет)

Бизларга Моҳинав Наботова, тўнғич ўғли Абдусалом ва кенжа ўғли Файзулло эшон, яқин қариндоши Асадулло Файзуллоев видео суҳбатда Дукчи Эшон ҳақидаги тарихий ҳақиқатларни тасдиқладилар ва ўзлари унинг авлодлари экани билан фахрланишини қайта-қайта таъкидладилар. Қўлимизда Карим эшон ва турмуш ўртоғи Моҳинав она никоҳ гувоҳномасининг нусхаси мавжуд.

2022 йил 16 январь куни Тавилдара ноҳияси маркази Сангворда Маҳмадулло Раҳимов видео тасвирда Дукчи Эшонга тўртинчи авлод эканини айтди ва катта бобоси ҳақиқатан ҳам 1933 йили 78 ёшида вафот этганини тасдиқлади. Ушбу кўрсатув Ўзбекистон телевидениеси ва Андижон телевидениелари орқали намойиш қилинди.

  1. Яна бир муҳим факт:

Сангвор ноҳияси ижроия комитети қошидаги архивда 42-сонли ҳужжатлар тўплами мавжуд бўлиб, унда “Оромгоҳи эшони Исҳоқ” ҳақида маълумотлар борлигини Дукчи Эшон авлодларидан бирига уйланган Асадулло Файзуллоев бизларга маълум қилди. Эндиликда унинг нусхаларини Маҳмадулло Раҳимов бизларга юборишга ваъда берди.

Шунингдек барча ўғил-қизлари, зиёли фаоллар ва маҳалла оқсоқоллари бу фикрга қўшилдилар.

Бизлар, ўша жойдаги қабр олдида Муҳаммадали Эшон авлодлари бўлган чевара ва эваралари ҳамда, яқин қариндошлари биргаликда Қуръон тиловат қилиб, у кишининг ҳақларига дуо фотиҳа ўқидик.

Эшон бобо ўз қўли билан қурган ҳужрада барчамиз тўп­ланиб узоқ суҳбат қурган чоғимизда яна бир ҳақиқатдан кўнглимиз ёришди. У ҳам бўлса,   улар зарурият туфайли Дукчи Эшон боболарига оид тарихий ҳақиқатни илмий жиҳатдан тасдиқлашда кўмак сўраб Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёевга хат орқали мурожаат қилиш ниятида эканлигини айтишди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий ва Ўрта махсус таълим вазирлиги Андижон давлат университети тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи томонидан муаллифлар: тарих фанлари доктори, профессор Шамсутдинов Рустамбек Темирович, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (РhD), Ҳасанов Жасурбек Маматқодирович, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (РhD) Тожимирзаев Элёрбек Акромович, таянч докторант Иминов Жасурбек Тўлқинович, таянч докторант Ҳомидов Дилшодбек Илҳомовичлар томонидан (Академнашр, 2021) ёзилган “Қатағон қурбонлари хотира китоби” Андижон вилояти (1865-1991 йиллар) 1-қисм китобида Дукчи Эшон тўғрисидаги шаҳримиздаги тарихчилар томонидан ёритилган юқоридаги манбалар бугунги кунга жавоб бермайди. Бу каби маълумотлар фақатгина бизнинг тарихни ёритишга бўлган ишончимизни сусайтирди. Дукчи Эшоннинг осиб ўлдирилганлиги баён қилинган “Андижон тарихидан лавҳалар” китобида баён қилинган маълумотлар нотўғридир. Унинг зурриётлари шу кунларда бу каби асоссиз ёзилган воқелик­ларга эътироз билдиришларига ҳақли деб биламиз. Шунинг учун ҳам юқорида номлари келтирилган адабиётлар Олий ва Ўрта таълим вазирлиги томонидан ўқувчилар эътиборига ҳавола этилиши ножоиз эканлигини ўйлаб кўрадиган вақт етмадимикин?

Муҳаммадали Эшон Собир ўғли-Дукчи Эшоннинг фожиали ўлими ҳақидаги архив материаллари ва Фозилбек Отабек ўғлининг 1927 йили Самарқандда нашр этилган “Дукчи Эшон воқеаси” китобидаги тафсилотлар берилган.

Шунингдек, Мусо Туркистонийнинг “Улуғ Туркистон фожеаси” (Мадинаи Мунаввара, 1979 йил)да ҳам юқоридаги фактлар келтирилгани баён қилинади.

Бундан ташқари, “Андижон иши” кичик сарлавҳа билан босилган, узоқ йилга қамалган, сургун қилинганлар бўйича рўйхат (жадвал) берилгандир. Улар 229 кишини ташкил қилган.

“Қатағон қурбонлари” хотира китобига кирган Муҳаммадулло Эшон Собир ўғли – Дукчи Эшон жадидчилик ҳаракатининг улкан фаолларидан бири деб қаралиши мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан муносиб баҳосини олган бўлса-да, уни бугун айрим тарихчи ҳамюртларимиз “Туркистон жадид­чилигига алоқаси йўқ”, десалар… Бу гапларга асло қўшилиб бўлмайди.

Юқоридаги китобнинг 5-саҳифасида хориждаги турли архив, музей, кутубхона ва бошқа марказий муассаса ҳамда тегишли мутахассислар билан ҳамкорлик ўрнатган ҳолда илмий экспедициялар ташкил этиш қайд этилган, аммо бугунгача бу борада бирон-бир амалий иш қилинмаган. Шу жумладан, “Мерос” жамғармаси томонидан ҳам (архивдан олинган маълумотларни баён этишдан ташқари) ҳеч бир ҳаракат бўлмади. “Мерос” илмий-амалий халқаро экспедиция хайрия жамғармаси раҳбари Рустамбек Шамсутдиновнинг “Мерос” жамғармаси ҳисобидан Тожикистоннинг Тавилдара ноҳиясига боришига розилик берса, биз уларни бошлаб боришга тайёрмиз.

Абдусалом эшон ва укалари, Моҳинав ая ва қизларидан бобоси Дукчи Эшон қабридан унинг “Ҳоки-тупроғи”ни бобомиз ватани Андижоннинг қадим Мингтепа гўшасига олиб келишни ният қилган­ликларини эшитиб, кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Аллоҳ сизлардан рози бўлсин, деб қайтдик.

Юқоридагилардан келиб чиқиб барча далил ва фактлар Муҳаммадали эшон Собир ўғли – Дукчи Эшон Чор Русияси маъмурлари қўлига тушмагани ва дорга осиб ўлдирилмаганлигини узил-кесил тасдиқлайди.

Ваҳоб РАҲМОНОВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган маданият ходими,

филология фанлари номзоди,

доцент,

Обиджон МАҲМУДОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси,

публицист,

Маҳмудулло РАҲИМОВ,

Муҳаммадали Эшон чевараси,

Тожикистон, Душанбе шаҳри

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 + 11 =