Юлдузлар ёғдуси хира тортмасин

Глобаллашув жараёни янада чуқурлашиб бораётган ҳозирги шароитда миллий ўзликни англаш, ҳақиқий тарихимизни тиклаш зарурияти ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Айниқса, юртимиздаги миллий озодлик ҳаракатлари тарихини ўрганиш, уларнинг йўлбошчилари фаолиятини кенг ёритиш, ўсиб келаётган ҳозирги авлод онгу шуурига сингдириб бориш долзарб вазифалардандир. “Hurriyat” газетасининг шу йил 2 июнь кунги 21-сонида эълон қилинган ва ижтимоий тармоқлардаги айрим саҳифалар орқали тарқатилган “Дукчи Эшон: Тарих ва ҳақиқат ёхуд тунни ёритган чақмоқ” сарлавҳали мақола айни шу мавзуга бағишланган.

Мақолада 1898 йилги Андижон қўзғолони етакчиси Муҳаммадали эшон Собир Халфа ўғли – Дукчи Эшон қисматига оид янгилик сифатида бу қўзғолон бостирилгач, асирга тушган исёнчилар қатори Дукчи Эшон осиб ўлдирилмагани, аксинча, исён кўтарилган 17 май куни ярим тунда синглиси Шакаройимнинг уйи­­га оқ от миниб кириб келгани, “Шакаройим хонадонидаги “туя сандиқ”нинг орқа тахталари олиб ташланиб, унинг ичига Муҳаммад­али Эшонни кўрпага ўраб беркитганлар(и) ва икки-уч кун сақлаганлар”и, “сўнгра 3-4 отлиқ кишилар келиб, Олой орқали Қошғарга… олиб кетишган”и баён қилинган. Мақолада таъкид­ланишича, Эшон Қашғарда 6-7 йил яшаб, кейин у ердан Помир тоғлари оша Жилғатол орқали Тавилдара қишлоғига келган, 1933 йил 25 ноябргача шу қишлоқда яшаб, 78 ёшида вафот этган. 1898 йил 12 июнда Андижонда Эшон ўрнига “унинг андижонлик муриди, энг яқин мирзоси” дорга осилган.

Албатта, тарихий воқеа ҳақида илгари сурилган бундай фикрлар, аввало, архив ҳужжатларига, далилий ашёларга мурожаат қилишга ундайди. Ана шундай ҳужжатлардан бири Туркистон ҳарбий округи қўшинлари бўйича 1898 йил 9 июнда чиқарилган 186-сон буйруқ (“История Андижана в документах и материалах” (1876-1917гг.) – Андижон, 2009 й. 354-355 б.) бўлиб, унда: туб жойликлар: 1) мингтепалик эшон Муҳаммад Али Халфа Муҳаммад Собир ўғли, 2) собиқ Кулла волости бошқарувчиси Мулла Ғойибназар Ортиқхўжа ўғли, 3) Субҳонқул Араббоев, 4) Руагтамбек (Рустамбек – бўлиши керак – муалл.) Сотиболдибек ўғли, 5) Мирзаҳамдам Усмонов ва 6) Боботой Ғойнабоев “Жиноий ва ахлоқ тузатиш жазолари тўғрисидаги Низомнинг 249-моддасида кўзда тутилган жиноятни содир этгани” учун округ қўшинлари қўмондони, генерал-лейтенант Духовской томонидан Туркистон ҳарбий округи судига берилаётгани айтилган. Ўзбекистон Республикаси Миллий давлат архивининг Ф-И 1 фонди (оп 31, д 78. Л 35)да сақланаётган ҳужжатда юқорида номлари зикр этилган кишилар Муваққат ҳарбий суд томонидан айбдор деб топилгани ва дорга осиб ўлдиришга ҳукм этилгани, ҳукм 12 июнь куни кундузи соат 12 ½ да ижро этилгани, эшон шахси ҳақиқийлигини тасдиқлаш учун маҳаллий аҳолига қатл вақтида ҳозир бўлиш буюрилгани кўрсатилган.

“Туркестанские ведомости” газетасининг 1898 йил 2 (14) июль сонида босилган “Казнь ишана и его главных сообщников” сарлавҳали материалда ҳам эшон ва унинг маслакдошлари қатл қилиниши жараёни айнан юқоридагидек тасвирланган. “Hurriyat”даги мақолада тилга олинган Фозилбек Отабек ўғли воқеа иштирокчиси сифатида ўзининг “Дукчи Эшон воқеаси” асарида Андижон қўзғолони билан боғлиқ воқеаларни, жумладан, қатл жараёнини анча батафсил ёритган.

“Ўзбекистон миллий энциклопедияси”нинг 1-жилдида Дукчи Эшон ва унинг сафдошлари тақдири ҳақида шундай маълумот берилган: “…қўзғолон раҳбари Муҳаммадали Эшон ва унинг яқин маслакдош­ларидан 5 нафари 1898 йил 12 июнда Андижон шаҳри марказида бутун водий жамоатчилигининг 8 мингга яқин вакили кўз ўнгида осиб ўлдирилди” (Ўзбекистон миллий энциклопедияси. 1-жилд. Т., 2000. 339-340-бетлар). Умуман, 1898 йилги Андижон қўзғолони ва унинг етакчилари тақдири Мусо Туркистонийнинг 1979 йилда Саудия Арабистонида чоп этилган “Буюк Туркистон фожиаси” (https://e-tarix.uz/milliyat-insholari/191-ulug-turkiston-fojeasi.html), А.Эгамназаровнинг “Сиз билган Дукчи Эшон” (Т., “Шарқ”. 1994), Ҳ.Зиёевнинг “Туркистонда Россия тажовузи ва ҳукмронлигига қарши кураш” (Тошкент, “Шарқ”. 1998), С.Жалиловнинг “Салтанатни титратган кунлар” (Тошкент, “Фан”, 1998), Ҳ.Содиқов, Р.Шамсутдинов ва П.Равшановнинг “Ўзбекистоннинг янги тарихи. Биринчи китоб (Туркистон чор Россияси мус­тамлакачилиги даврида)” (Тошкент, “Шарқ”, 2000), Б.М.Бобожоновнинг “Манакиб-и Дукчи Ишан (Аноним жития Дукчи Ишана – предводителя Андижанского восстания 1898 года)” (Ташкент-Берн-Алматы, 2004, стр. 393), “Андижон тарихидан лавҳалар” (Андижон, “Andijon nashriyot matbaa” ОАЖ, 2008), Р.Шамсутдинов ва А.Исҳоқовнинг “Андижон тарихидан лавҳалар” (Т., “Шарқ”, 2013) китобларида, Р.Шамсутдинов ва Х.Мўминовнинг “O’zbekiston tarixi” дарслиги (Tошкент, “Akademnashr”, 2019. 299-303-бетлар)да ва бошқа манбаларда атроф­лича ёритилган. Бу ҳамда бошқа китобларда ушбу мавзу юқоридаги каби тегишли архив ҳужжатларига, тарихий манбаларга, воқеа иштирокчилари ҳамда гувоҳларининг, жумладан, Фозилбек Отабек ўғлининг маълумотларига асосланган ҳолда тақдим этилган.

Мақолада тилга олинган тарих фанлари доктори, профессор Рус­тамбек Шамсутдинов ва бошқа муаллифларнинг “Қатағон қурбонлари. Хотира китоби. Андижон вилояти (1865-1991 йиллар) (1-2 қисмлар)” (Тошкент, “Akademnashr”, 2021) китобидан келтирилган иқтибос аслида “Туркестанские ведомости” газетасининг 1898 йил 2 (14) июль сонида босилган материалдан келтирилган бўлиб, бу ҳақда китобнинг 20-саҳифаси остида ҳавола қилинган. Ўрни келганда айтиш жоизки, мазкур китобнинг 1-қисмидаги маълумотларни, яъни бутун бир 47 босма тобоқдан иборат китобдаги маълумотларни гўё “тасдиқланмагани”ни айтиб ўтилади. Ҳолбуки, бу китобга киритилган барча маълумотлар, жумладан, 1898 йилги Андижон қўзғолонига доир маълумотлар асосан Ўзбекистон Республикаси Миллий давлат архиви фондларида сақланаётган материалларга, юқоридаги каби кўплаб манбаларга таянган ҳолда нашрга тайёрланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 8 октябрдаги “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5598-сонли фармойиши ижроси доирасида республика вилоятлари ўртасида биринчи бўлиб чоп этилган.

“Hurriyat” газетасида эълон қилинган мақоладаги Дукчи Эшоннинг 1898 йилги ғазовотдан кейин омон қолгани, Тавилдарада яшаб, 1933 йили вафот этгани, унинг авлодлари ҳозир ўша жойда яшаб келаётгани ҳақидаги ҳикоя эса фақат оғзаки маълумотлар асосида баён қилинган. Тавилдарада яшаб ўтган киши ҳақиқатан ҳам мингтепалик Дукчи Эшон эканлигини тасдиқловчи бирон-бир ҳужжат, далил-исбот тақдим этилмаган. Шу боисдан ушбу ҳикоянинг ўзи жуда мунозарали ва у билан танишган ҳар қандай кишида кўплаб саволлар туғилади.

Шу ўринда Фозилбек Отабек ўғлининг “Дукчи Эшон воқеаси” асаридан олинган қуйидаги сатрларга эътибор қаратайлик: “Эшон ушланиб, ниҳоят ҳақорат ва таҳқир билан бир қора аравага боғланиб, эски шаҳардан ўтган вақтда ҳамма халқни мажбурий кўчага турғузиб қўйдилар. Солдат ва амалдорлар аравани ўртаға олиб, секин-секин юрғизиб, ҳар жойда 5 – 10 минут тўхтаб: “Йикчи эшон шу одамми? Таниғон одамлар бўлсалар айтсунлар!” деб фуқародан сўрар эди. Эшонни кўрган ҳар ким ерга қарайдир, эшонга қарамайдир. Чунки эшон таниб сўрашиб қолмасун, деб қўрқадир. Ўша йилда эшонни бориб кўрмағон одам Андижонда кам қолғон эди. Балки ҳамма кўрган деса бўлур эди. Золим тўралардан қўрқуб, ҳеч ким эшонни танимайди…” (Таъкид бизники – муалл.) (Тошкент, “Чўлпон”, 1992. 41-б.). Бу парчадан шуни англаш мумкинки, чор маъмурлари Дукчи Эшонни Андижонда ҳам кўпчилик яхши танишини билишган. Йўқса, эшон яшаган қишлоқдан уни таниши аниқ бўлган беш-ўнта кишини Андижонга олиб келиш улар учун катта қийинчилик туғдирмас эди, албатта.

Газета мақоласини ўқиган одамда, бизнингча, қуйидагича саволлар туғилиши табиий: “Помир тоғлари оша” келган киши Тавилдарада қандай исму шариф билан, қандай ҳужжат асосида истиқомат қилган? Унинг ҳақиқатда Дукчи Эшон эканлигини тасдиқлаши мумкин бўлган, у ўз қўли билан ёзган бирон-бир хат-мактуб, муҳри босилган ҳужжат йўқми? (Ахир, тарихда сохта подшолар, шоҳлар, саркардалар бўлган-ку!).

Дукчи Эшон Тавилдарада 1933 йилгача яшаган бўлса, 1898 йилги ғазовотдан сўнг, Мингтепада қолган қариндошларининг, бир нечта хотинидан кўрган фарзандларининг тақдири қандай кечгани билан қизиқмаганми? Айниқса, замонлар ўзгариб, ҳокимият тепасига советлар келгандан кейин ҳам улар билан алоқа боғлашга уринмаганми? Тавилдарада янги оила қуриб, индамай яшаб юраверганми? Чоризм истибдодига қарши курашишни бутунлай тарк этганми? (У ҳолда ўз жонини сақлаб қолишдан муддао нима эди?).

Яна бир савол: Дукчи Эшон жонини сақлаш учун ўзининг ўрнига бошқа кишининг муқаррар ўлимга боришига рози бўла олармиди? Бизнингча, унинг дину диёнати, маънавияти, исломий билими бунга йўл қўймас эди. Чунки Муҳаммад Али Халфа Муҳаммад Собир ўғли 30 поралик Қуръони каримнинг, ислом таълимотининг мазмун-моҳиятини чуқур англаган, довруғи ўзи яшаган ҳудудлардан чиқиб, олис-­олисларга етган йирик ислом уламоси, ўта тақводор мусулмон бўлган. Бизнингча, чиндан ҳам эшоннинг қиёфадоши бўлиб, унинг ўрнига ўзини чор маъмурларига тутиб берган тақдирда ҳам эшондай инсон охиратни ўйлаб, ҳақиқатни ошкор этиб, эҳтимол, бир неча ноҳақ ҳибсга олинганларни озод этиш шартини ўртага қўйиб, дор остига ўзи дадил борган бўларди. Буни Дукчи Эшон қўлга олингандан кейин уни сўроқ қилган ҳарбий терговчининг: “Нега ўз яқинларингиз яшайдиган жойларга эмас, кимсасиз тоққа қочдингиз?” деган саволига: “Мен қаерга бориб, кимнинг хонадонида тўхтасам, ўша хонадон эгаларини ҳибсга олишларингизни билардим, шунинг учун одамсиз тоққа қочишни маъқул топдим” (А.Эгамназаров, “Сиз билган Дукчи Эшон” – Тошкент, “Шарқ”. 1994, 25-бет), деб берган жавоби ҳам тасдиқлайди.

А.Эгамназаров шу асарида ёзишича, терговчилар иложи борича кўпроқ маълумотга эга бўлиш учун уни жуда қаттиқ қийнашган. У эса тергов бошида асосий даъволарини қисқа баён қилгач, ортиқча ҳеч бир гап айтмаган, шерикларини ҳам сотмаган, аксарият ҳолларда айбни ўз бўйнига олиб, бошқаларни ҳимоя қилган. Калтаклашган пайтларида бирон марта ҳам оҳ-воҳ чекмай калимаи шаҳодат (“Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадар расулуллоҳ…”)ни такрорлайверган. Метин иродали инсоннинг бу мардона хатти-ҳаракатлари тергов баённомаларида ўз аксини топган.

Шунингдек, Советларнинг ҳамма жойда саноқсиз “агент”лари бўлган “ВЧК”–“ЧК”–“ОГПУ”–“ГПУ”–“НКВД” каби куч ишлатиш органлари Тавилдарада Андижон қўзғолони раҳбари Дукчи Эшон яшаётганидан у оламдан ўтиб кетгунча ва ундан кейин ҳам бехабар бўлганига ишониш қийин.

Тарихий манбаларда қўзғолон зарур даражадаги тайёргарликсиз, пухта ишлаб чиқилган режасиз бошлангани қайд этилган. Бу шароитда Муҳаммад Али Эшонда ўзига қиёфадош топиб, уни ўзининг ролига ҳеч кимда шубҳа уйғотмайдиган даражада тайёрлаши учун фурсат бўлгани ҳам ишонарли эмас.

Бунинг устига газетадаги мақолада бир қатор ноаниқликлар, нотўғри ахборот бериш ҳоллари учрайди. Жумладан, унда: “…қўзғолонга Андижон губернияси, Избоскан кенти маркази, яъни пойтуғлик Эшон Султонхон Тўранинг муриди мингтепалик “Дукчи Эшон” номи билан машҳур бўлган 42 ёшли Муҳаммад Али Эшон уста Собир ўғли бошчилик қилди”, деб қайд этилган. Ҳолбуки, чор Россияси мустамлакачилиги даврида Туркистон генерал-губернаторлиги таркибида 5 та област ва битта бўлим мавжуд бўлган эди. Андижон шаҳри ва уезди Фарғона области таркибида бўлган (Андижон ҳеч қачон губерния деб аталмаган). Ўша пайтда Избоскан “кент” эмас, Андижон уездидаги “волост” ҳисобланган.

Шунингдек, мақолада: “…Қўзғолон ваҳшийларча бостирилгач, ҳаммаси бўлиб, 8 нафар одам дорга осилган”, деб нотўғри маълумот берилган. Чунки “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”нинг 1-жилди (340-бет)да қўзғолончилардан 18 нафари осиб ўлдиришга ҳукм қилингани, 344 нафари 4 йилдан 20 йил муддатга, 3 нафари умрбод каторгага, 8 нафари турли муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилингани қайд этилган.

Шунингдек, мақолада: “…Андижон қўзғолони бўйича кўплаб тадқиқотлар олиб борган ва бу ҳақда бир неча китоблар чоп этган тарих фанлари доктори, профессор Рустамбек Шамсутдинов раҳбарлигидаги “Мерос” халқаро илмий-амалий экспедицияси жамоат фонди ҳам етарлича эътибор қаратмаганликлари боис, Дукчи Эшоннинг осилмаганлиги, балки Тожикистонда яшаб ўтганлиги ҳақидаги янги маълумот вақтлироқ ўрганилмади”, деб таассуф билдирилган. Бироқ бу фикрга ҳам қўшилиб бўлмайди. Чунки 1898 йилги Андижон қўзғолони ва Дукчи Эшон фаолияти мавзуси Р.Т.Шамсутдиновнинг ўтган асрнинг 80-йилларидан буён илмий-педагогик фаолиятида муҳим илмий йўналишлардан биридир.

Буни унинг Андижон қўзғолонининг 90 йиллиги муносабати билан 1988 йилда Марҳамат туманида ўтказилган илмий-амалий конференциядаги “Андижон қўзғолони тўғрисида”ги маърузаси, қўзғолоннинг 100 йиллиги муносабати билан вақтли матбуот нашрларида эълон қилган бир қатор мақолалари, чоп қилинган қатор китоблари ҳам тасдиқлайди.

1998 йилда Андижон вилояти ҳокимлиги, ЎзФА Тарих институти ва Бобур номли Андижон давлат университети биргаликда ўтказилган илмий конференцияда Тошкент шаҳри, Фарғона, Наманган, Андижон, қўшни Ўш ва Жалолобод вилоятларидан олимлар, адиблар, журналистлар иштирок этишган. 30 га яқин маъруза ва ахборотлар тингланган.

Шу конференцияда Дукчи Эшоннинг набираси Анорхон Раҳимова (Абдураҳим исмли ўғлининг қизи) ҳам иштирок этган ва сўзга чиққан. Аммо у ўз сўзида бобосининг “дордан қутулиб қолгани, Тавилдарада кечган ҳаёти” ҳақида бирор оғиз гап айтмаган.

Андижон қўзғолони фожиаси Иккинчи жаҳон урушида асирга тушган, “Туркистон легиони”даги ватандошларимизнинг хотирасидан ҳам кўтарилмаган. Ҳозирда Туркистон легионерлари томонидан нашр этиб турилган, Россия Ҳарбий давлат архиви фондларидан бирида сақланаётган “Миллий Туркистон” журналининг 1944 йил 1 апрелдаги сонида “Бизнинг буюк кишиларимиз” рукни остида “Император Бобур”, “Дукчи Эшон” сарлавҳалари остида мақолалар берилган. “Дукчи Эшон” мақоласида Андижонга Туркистон генерал-губернатори Духовскойнинг келиши, Мингтепа қишлоғининг тўпга тутилиши, руслар вайронгарчилиги, бузғунчилиги очиб ташланган (“Ўзбек ҳарбий асирлари тақдири ҳақида”, “Водийнома”, 2019. № 3 (14). 33-44-бетлар). Бу мақолаларда ҳам Дукчи Эшонни чор маъмурлари томонидан дорга осилгани қайд этилган.

Шуни ҳам қайд этиш керакки, мақоланинг “Дор остида кулиб турган элатсан…” деган кичик сарлавҳа остида берилган қисмининг матни Обиджон Маҳмудовнинг 2003 йили Тошкентда “Маънавият” нашриётида чоп этилган “Зулматга қарши исён” асарига профессор Р.Т.Шамсутдинов томонидан ёзилган ва китобга “Сўзбоши ўрнида” сарлавҳаси остида жойлаштирилган мақола матнидан деярли фарқ қилмайди. Тўғрироғи, ўша сўзбоши матнининг бир неча хатбошилари газетадаги мақолага айрим жузъий ўзгаришлар билан жойлаштирилган. Аммо матн муаллифининг исми-шарифи бирор жойда эслатиб ўтилмаган.

Муаллифлар: “1898 йил 17 май куни Андижон шаҳрида бўлиб ўтган халқ миллий озодлик ҳаракатининг ташкилотчиси ва раҳнамоси Муҳаммадали Эшон Собир Халфа ўғли — Дукчи Эшон ҳазратлари дорга осилмаган! Аксинча ул зот 1933 йили ноябрь ойининг 25-санасида 78 ёшларида боқий дунёга рихлат қилганлар”, деб қатъий таъкидлашган. Аммо юқорида айтганимиздек, бундай таъкидлар учун етарли асосларни, далилларни келтиришмаган. Шу муносабат билан айтиш жоизки, Ватанимиз, халқимиз ўтмишига қизиқиш кучайиб бораётган ҳозирги шароитда пухта ўрганилмаган, атрофлича текширилмаган, зарур далил-исботлар билан тасдиқланмаган маълумотларни тарқатиш фан ривожига ҳам, ватандошларимиз билимларининг бо­йишига ҳам хизмат қилмайди. Аксинча, оммани чалғитади, мозийда рўй берган воқеалар ҳақида, Ватанимизнинг асл фарзандлари ҳаёти ва фаолияти хусусида нотўғри хулосалар чиқарилишига сабаб бўлади. Мақола муаллифларининг тарихан исботланмаган, фактик материаллар, ҳужжатлар билан йўғрилмаган, ишончли манбага суянмаган фикр-мулоҳазалари, бизнингча, амалий ва илмий жиҳатдан исботланмаган, тарихий ҳақиқатга, мантиққа зиддир.

Агар Ватанимиз тарихида ўчмас из қолдирган сиймоларни юлдузларга қиёс қиладиган бўлсак, бундай тарихий шахслар ҳақида охиригача ўрганилмаган маълумотларни тарқатиш улар ёғдусининг маълум даражада хиралаштириб қўйиши ҳам мумкин.

Бахтиёржон АЛИМОВ,

Мухторжон ХУДОЁРОВ,

Дилшодбек ҲОМИДОВ,

Азизбек МАҲКАМОВ,

Андижон давлат университети тузилмасидаги

“Қатағон қурбонлари хотираси”

музейи илмий ходимлари

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − five =