Умид ва ишончларга мададкор Самарқанд саммити

Қадим Самарқанд… Тарихда бутун дунёни ўзига қаратган гўзал ва бетакрор Шарқнинг гавҳари—рўйи замин сайқали деб эъзозланувчи макон ҳақли равишда яна такрор   шу йилнинг сентябрь ойи ўртасида   бутун дунёни мафтун этди десак, хато бўлмаса керак. Янги Ўзбекистоннинг қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқандида 15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 22-саммити жуда юқори даражада ташкил этилгани, унда кутилганидан ҳам зиёд натижалар қўлга киритилгани билан тарихда қолди.

Самарқанд саммитига қарийб дунё аҳолисининг ярми яшаб истиқомат қилувчи, жаҳонда ҳар жиҳатдан ўз ўрнига эга бўлган мамлакатларнинг раҳбарлари ташриф буюриши, энг муҳими бу юксак даражадаги Анжуман фаолиятига катта баҳо беришгани бежиз эмас. Негаки, юртимизда ушбу Саммитга ҳар томонлама юқори даражада тайёргарлик кўрилди. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ШҲТ аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлисидаги нутқида илгари сурилган таклиф ва ғоялар эса ниҳоятда муҳим, долзарб аҳамият касб этди. Саммит доирасида 44 та ҳужжат имзоланиб, ташкилот тарихида рекорд натижа қайд этилгани алоҳида эътироф этилди. ШҲТ иштирокчилар таркибини кенгайтириш бў­йича ҳам жуда муҳим натижаларга эришилгани жаҳон афгор оммасининг қизиқишига сабаб бўлди. Жумладан, Ташкилотга аъзолик бўйича Эрон билан меморандум имзоланди, Беларусни тўлақонли аъзо сифатида қабул қилиш жараёнини бошлашга келишилди, Баҳрайн, Кувайт, Бирлашган Араб Амир­ликлари, Мальдив ва Мьянма мулоқот бўйича шерик мақомини олди. Қолаверса, ШҲТнинг ўтган 20 йилдан ортиқ тарихида илк бор унга аъзо давлатлар раҳбарлари ташкилотни янада такомиллаштириш ва модернизациялашга қаратилган қарорни қабул қилдилар.

Дунё сиёсатчилари ҳақли равишда Самарқанд саммитини Ўзбекистон диплома­тиясининг ёрқин ғалабаси сифатида баҳолашмоқда. Сабаби юртимиз охирги 3 йилдаги энг йирик тадбир — Самарқанд саммитига мезбонлик қилди. Унинг қай даражада улуғворлик даражасига эга эканлигини тасаввур қилиш учун ушбу саммитда 14 та давлат раҳбарлари ва 10дан ортиқ халқаро ташкилотлар етакчилари иштирок этганини айтишнинг ўзи тушунарли бўлса керак.

Бугун дунёда Хитой, Россия, Ҳиндис­тон, Покистон, Ўзбекис­тоннинг ва ШҲТга аъзо бошқа мамлакатларнинг ҳар жиҳатдан юқори ўрни мавжуд эканлигини таъкидлаш жоиз бўлмаса керак. Бежиз бутун дунёнинг ОАВ воситалари, етакчи нашрлари ҳануз Самарқанд саммити ишига қайта-қайта мурожаат қилишаётгани йўқ.

Жумладан, Корея Республикасининг етакчи нашрлардан саналган “The Korea Post” журнали ўзининг расмий сайтида ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг тор доирада ва кенгайтирилган таркибдаги мажлислари якунлари ҳақидаги маълумотни, шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлисидаги нутқининг инглиз тилидаги тўлиқ матнини чоп этди.

Материалда саммит иштирокчилари ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилгани, минтақада юзага келаётган сиёсий ва иқтисодий вазиятни ҳисобга олган ҳолда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашгани ҳақида сўз юритилган.

Самарқанд саммитида имзолаш учун салмоқли ҳужжатлар тўплами – 40 дан зиёд битим ва қарорлар тақдим этилгани, уларда ШҲТ давлатларининг ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, саноат кооперацияси, “яшил” иқтисодиёт, рақамлаштириш, савдо каби энг муҳим ва истиқболли йўналишларда ҳамкорлик қилишга доир умумий ёндашувлари акс этгани ҳам ёритилган.

Ҳиндистонлик журналист Дипанжан Рой Чаудхури эса Самарқандда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити юзасидан ўз таассуротларини “Дунё” АА мухбири билан ўртоқлашар экан шундай дейди:

— Бу менинг Ўзбекистонга бешинчи бор келишим, лекин Самарқандни биринчи маротаба кўрдим. Сўнгги беш йил ичида мамлакатингизни етарли даражада билиб олишга муваффақ бўлдим. Юртингизда мен Афғонистон ва Жанубий Осиёга бағишланган халқаро тадбирларда ҳам қатнашганман. Кўриб турганимдек, Ўзбекистон ҳамиша йирик халқаро анжуманларда муваффақият қозонаётир.

Бу ерда бизлар, яъни оммавий ахборот воситалари вакилларининг ишлашлари учун халқаро андозаларга мос барча шароитлар яратилган. Ҳеч қандай шикоятимиз йўқ.

Ўйлайманки, бу ШҲТнинг жуда муҳим саммити ҳисобланади, чунки биз бугунги кунларда кўплаб геосиёсий беқарорликларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Бундан ташқари, давлатлар раҳбарларининг ушбу саммити сўнгги уч йил ичида, пандемиядан кейинги даврдаги биринчи юзма-юз учрашувидир.

Иқтисодиётда ҳам салбий тенденциялар кузатилмоқда. Самарқанд саммити давлат раҳбарлари учун долзарб муаммоларни бевосита муҳокама қилиш имкониятини яратиб бергани нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамиятга эга бўлди.

Дарҳақиқат, айрим халқаро ва минтақавий ташкилотлар нуфузи йўқолиб бораётган бир даврда ШҲТ оиласининг ҳам географик, ҳам сон жиҳатдан ортиб бораётгани унинг муваффақият формуласи билан боғлиқ. Мазкур формуланинг сири ташкилот кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш, фаолиятида мафкуравий догма йўқлиги, умуминсоний қадриятлар ва умумэътироф этилган меъёрларга амал қилиш тамойилида фаолият юритиши, бош мезон бўлди дейиш мумкин.

Президентимиз Самарқанд саммитидаги сўзлаган нутқида қатор ташаббусларни илгари суриб, хусусан, кибержиноятчиликка қарши кураш платформасини яратиш масаласига ҳам эътибор қаратди. Жумладан, кўп жиҳатдан аллақачон замонавий ҳаётни белгилаётган хавфсиз ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратиш, фақат кучларни бирлаштириш орқали бир пайтнинг ўзида ахборот маконидаги таҳдидларни камайтира борган тақдирдагина рақамлаштириш афзалликларидан тўла фойдалана олишимиз мумкинлиги, кибержиноятчиликка қарши курашиш учун қўшма платформани яратиш вазифаси тобора долзарб бўлиб бораётганини алоҳида таъкидладилар.

Давлатимиз раҳбари ШҲТ доирасида мунтазам равишда олий таълим муассасалари ректорлари форумини ташкил этиш ташаббусини билдирди. Мазкур ташаббус амалга ошса, ШҲТга аъзо давлатлар ректорлари таж­риба ва фикр алмашиши учун қулай имконият яратилади.

Айтиш жоизки, Президентимиз ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлисида Ўзбекистон ШҲТга раислик қилган даврда амалга оширилган ишларнинг якуний ҳисоботини ҳамда ташкилот олдида турган глобал муаммоларни ечиш бўйича таклифлар ҳам берди. Шунингдек, дунёда кўплаб муаммолар вужуд­­га келаётганини таъкидлаб, пандемия, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги, энергетика масалалари билан боғлиқ муаммолар санаб ўтилмади, балки уларнинг ечимини топиш учун қатор ташаббусларни илгари сурди. Ана шундай ташаббуслардан бири Тошкент шаҳрида Минтақалараро ўзаро боғлиқлик марказини ташкил этиш таклифи бўлди.

Саммит доирасида Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши тўғрисида битим имзолангани тарихий воқеа, дея баҳоланди. Президентимиз стратегик жиҳатдан яна бир муҳим лойиҳа: Термиз – Мозори-Шариф – Қобул – Пешовар темир йўли қурилишини ҳам қўллаб-қувватлашга чақирди. Транспорт ва коммуникациялар соҳасидаги барча истиқболли лойиҳаларни келгуси йили ШҲТнинг Ўзбекистонда ўтказиладиган биринчи транспорт форуми доирасида муҳокама қилиш мумкинлиги таъкидланди.

Муҳим ташаббуслардан яна бири – қиш­лоқ хўжалиги экинлари етиштириш ва қайта ишлаш дастурлари, тўғридан-тўғри ўзаро таъминотнинг мувофиқлаштирилган схемаларини шакллантириш, юқори сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш учун самарали логистика, “яшил” ва экспресс-йў­лакларни ташкил этишга жиддий эътибор қаратиш бўлди.

…Бугун ер юзининг қатор жойларида инсоният турли табиий офатлар, қонли тўқнашувлар ва озиқ-овқат, энергия ресурслари танқислиги, пандемия хуружи бартараф этилмаган бир шароитда ҳаёт кечирмоқда. Шундай экан, бир сўз билан айтганда конструктив мулоқотларга эҳтиёж аллақачон етилган эди.

Самарқанд саммити нуфузини, ҳатто қайси давлатнинг унга қабул қилиниши ёки бошқа ташкилий жиҳатларгина эмас, балки бугун инсониятни ташвишга солаётган муаммолар ечими кўлами, “тор манфаатлар” четга сурилиб, ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилиши белгилайди, десак янаям тўғри бўлса керак. Шу маънода Самарқанд Анужамани дои­расида қўшни Афғонистоннинг минтақавий иқтисодий-ижтимоий жараёнларга тобора кенг жалб этилаётгани ниҳоятда қувонарли ҳолдир. Зеро, Афғонистонда тинчлик ва осойишталикнинг таъминланиши, барқарорлашув нафақат Марказий Осиё, балки қитъалараро транспорт ва иқтисодий ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим геосиёсий воқеа бўлмоқда.

Мамлакатимиз раҳбарининг саммит арафасида республикамиз ва бир қатор хорижий давлатлар ОАВида нашр этилган “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” мақоласида ҳам масалага тўхталган эди. “Асрлар давомида глобал миқёсдаги давлатлар ва минтақавий куч марказлари ўртасидаги қарама-қаршиликларда буфер ролини ўтаб келган Афғонистон эндиликда Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи кўприк вазифасини бажаришдек янги тинчлик миссиясида ўзини намоён этмоғи лозим. Бундай ўзаро манфаатли минтақалараро ҳамкорликнинг намунавий рамзи сифатида Трансафғон коридорининг қурилиши лойиҳасини айтиш мумкин. Шуни ҳам англаш муҳимки, “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли каби қўшма инфратузилма лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш орқали, биз ижтимоий-иқтисодий ва транспорт-коммуникация вазифаларини ҳал этибгина қолмасдан, минтақавий хавфсизликни таъминлашга ҳам салмоқли ҳисса қўшишимиз мумкин”, дея таъкидланади.

Халқимиз “қўшнинг тинч, сен тинч”, деб бежиз айтмаган. Зеро, бугун ҳар қандай нотинч­лик бир мамлакат чегараси ортида қолиб кетмаслигига ўнлаб мисоллар келтириш мумкин. Шундай экан, қўшни билан ҳамкорлик алоқаларида унинг тинчлиги ва ижтимоий-иқтисодий барқарорлиги энг устувор манфаат ҳисобланади. Бу борада мамлакатимиз раҳбарининг Афғонистон масаласидаги ташаббуслари дунё ҳамжамияти томонидан мамнуният билан эътироф этилаётганлигининг ҳам боиси шунда.

Давлатимиз раҳбарининг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти олдидан ёзган мақоласи Нью-Йоркда очилган БМТ Бош Ассам­блеяси 77-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида чоп этилгани, тарқатилгани бежиз эмас. Дастлабки маълумотларга кўра ушбу мақола жаҳоннинг 35 дан ортиқ мамлакатлардаги 150 дан зиёд ОАВда ўнлаб тилларда чоп этилган.

Ҳа, бани башар бугун Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг нуфузи ва халқаро майдонда кечаётган жараёнларга таъсир ўтказиш салоҳиятига кўз тикмоқда. Боиси ушбу ташкилот географик жиҳатдан улкан макон, юқорида айтганимиздек, дунё аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган ҳолда, инсоният тамаддунига таҳдид солаётган турли муаммолар, давлатлараро қуролли можаролар, энергияга бўлган эхтиёжнинг кундан-кунга ошиб бориши ва танқислик, озиқ-овқат хавфсизлиги, сув ресурс­ларининг етишмовчилиги каби глобал муаммоларни ўзаро ҳамкорлик асосида самарали ечим топишга ўзига хос хизмат қилишига умид уйғотди.

Давлатимиз раҳбари ўз чиқишида “Самарқанд руҳи” иборасини муомалага киритиб, унинг феноменини “азал-азалдан Самарқанд турли ғоя ва билимлар “қайнаган” макон бўлиб, бу масканда инсониятнинг тинч ва фаровон яшаш, ўз куч ва имкониятларини рўёбга чиқариш, бахтли ҳаёт кечириш каби муштарак мақсадлари мужассам бўлган. Бу табаррук заминда яшайдиган ҳар бир одам, яхши қўшни — бу Худо инсонга ато этган бахтнинг бир бўлаги, тинч-тотув қўшничилик эса баракот манбаи эканини чуқур англаган. Зеро, ҳамкорлик, савдо, ижод, илм-фан ва санъат, инсоний ғоялар устувор бўлган жойда эзгуликлар кў­паяди, халқлар фаровон ва ўзаро аҳил яшайди”, дея изоҳлайди. Том маънода ўтган ҳафта қадим шаҳардаги саммитдан бутун дунё ўз муаммолари, тараққиёт ва ҳамкорлигининг равнақига нажот кутди. “Самарқанд руҳи” уларнинг умид ва ишончларига мададкор бўла олади, деган бу эзгу ният миллионлаб, тўғрироғи, миллиардлаб сайёрадошларимизнинг дилида барг ёзди.

Темур ЭШБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve + thirteen =