Мен нима учун “Hurriyat”ни ўқийман?

Иброҳим ҒАФУРОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони,

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби

“Hurriyat”ни республика матбуоти ичида ўзига хос йўлини топиб олган газета деб биламан. Турли соҳалар газеталаридан фарқли ўлароқ у менга умумий оммавий газета бўлиб туюлади. Кўпчилик ўқийди ва кўпчилик ўзига тегишли манфаатларни ундан олади. Киши қайси бир газетадан манфаат кўрса, ўшани топиб ўқийди, канда қилмайди.

Ҳар гал “Hurriyat”   газетаси эшигимни аста қоқиб беминнат кириб келганда, балконда узоқ вақт ўқиб ўтираман. Иқтисод, ислоҳотлар, истиқлолнинг маданий маърифий, маънавий ҳаёти, ахлоқ-одоб, янги турмуш тамойилларининг кириб келиши ва устуворликка интилиши, ижод, санъат янгиликлари – булар ҳаммаси ўзига тинмай жалб этади. Газетанинг “Мулоҳаза”, “Иккинчи фикр”, “Дилдаги гап”, “Очиқчасига гаплашамиз”, “Луқма” сингари рукнларини-ку ҳаммасидан олдин ўқиб чиқаман: замондошларимнинг ўй-мулоҳазалари, ташвиш-надоматлари, армонлари, орзулари билан танишиш менга ғоятда пўрим келади.

Шуларга қараб туриб газетанинг йўли аниқ – маърифий, маданий, танқидий фикр­чанлик, таҳлилчанлик йўли экан, деган хулосага келаман. Ўз тарихий номига, ҳурриятчилик анъаналарига муносиб, дейман. Йўналишига муносиб эркин овози, масалаларга мустақил ёндашувлари саҳифама-саҳифа рукнларида акс-садо бериб туради. Ўқувчиларини биргаликда фикрлашга ундайди ва энг олижаноб ҳиссиётларига мурожаат қилади. Бунга эришиш – муштарийларни – ҳозирги замон жамоатчилигини ҳаяжонга солиш, маслакдошлик туйғусини уйғотиш жуда ҳам осон эмаслигини, бунинг учун ҳар сафар бир қоп туз ейиш кераклигини биламан, бошимдан ўтказганман. Ижодий ташаббус­лар ичида ёниб-куйиб, юртга, юртдошларга ва кенг маънода ёруғ оламга ҳамоҳанг, ҳамнафас яшаган ва қалам тебратгандагина журналист ижодкорларга бу муяссар бўлади. Ислоҳотларнинг туб мағзи, қирраларини, муаммоларини холис нуқтаи назардан очиш ва ёритишга рағбатлантиради. Мисол учун катта   ўқитувчи Абдуҳамид Жуманазаровнинг яқинда “Мулоҳаза” рукни остида босилган ихчам, аммо ғоятда мазмундор мақоласини қизиқиб ўқидим: унга жуда ҳам ғалати “Дунёга ота-онамиз билан бирга қарайлик” деб сарлавҳа қўйилган. Шу жумла юрагимга қувонч олиб кирди. Мундай қарасангиз, жуда содда, ҳатто эътиборни ҳам тортмайдигандай. Аммо шу пайтгача бу масала шу тарзда қўйилмаган ва ифодаланмаган эди. Ифоданинг нозик маъносини қаранг. Муаллиф нега масалани бундай ракурсда қўяётганлигини ҳаётий мисоллар билан таҳлил этади. Ҳаётимиз учун ниҳоятда зарур ахлоқий хулоса чиқаради. Газета саҳифаларида шундай теран ҳаётчан мақолаларни ўқиш ғоят мароқли. Газета замондошларимизга ибратли бўлиши учун тез-тез тарихимиз саҳифаларига мурожаат қилади. Тарихнинг илгари пайқалмаган қирраларига эътибор қаратади. Газетанинг ўз иқтидорли муаллифлари оёққа туряпти. Уларнинг нигоҳлари кўп нарсаларни қамраб оляпти. Усул, таҳрир ҳам ижодий, маданий изга тушяпти. Менимча ахлоқ-одоб рукнларини янада кучайтириш, актуал замонавий масалаларни бор мураккаблиги билан холис кўтариш керак. Аммо ҳар қандай замон масаласини уч қоғоз ҳажмда ўқувчига етказиш, ҳар қандай катта муаммони уч колонкада ҳар томонлама ифодалаб, юртдошларимиз диққат-эътиборини тортиш мумкин. Қачон сўзни увол ва исроф қилишдан қайтамиз. Архивга батамом ташлайлик буларни энди! Қачон ифодавий лўндалик ҳаммамизнинг тойилмас эстетик талабимиз бўлиб қолади? Лўнда гап кунда керак, узоқ жимжима гап кимга керак! Айниқса, қимматбаҳо газета қоғози бетида!! “Hurriyat” бунда ўз номини оқлаб мезон ва ўрнак бўлишга чорлангандир.

 

ОБУНА — 2023

Азиз юртдошлар, қадрли муштарийлар!

Хабарингиз бўлса керак, 2023 йил учун обуна мавсуми бош­ланди! Сиз албатта, севимли газетангизга келгуси йил учун ҳам обуна бўласиз деган умиддамиз.

“Hurriyat” — эркин сўз ва ҳурфикрлар минбари!

“Hurriyat” — тафаккур чироғини баланд тутиб, халқ дилидагини тилига, тилидагини ўз саҳифаларига олиб чиқадиган газета!

“Hurriyat” — бу шунчаки варақлаб қўйиладиган нашр эмас, ўқиладиган газета!

Обунани “Ўзбекистон почтаси” АЖ, “Матбуот тарқатувчи” АК ва соҳага тааллуқли бошқа корхоналар ҳамда Таҳририят орқали тўғридан-тўғри расмийлаштириш мумкин.

“Hurriyat”нинг обуна индекси: 233

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × five =