Ҳақиқий олим эди
Бойбўта менинг дўстим, укам. Унинг матбуотимиз тарихига оид китоби жуда катта заҳматлар эвазига дунёга келди. У нафақат яхши олим, балки яхши одам сифатида ҳам бебаҳодир. Биз эллик, олтмиш, етмиш ёшни тантана қилишга ўрганиб қолганмиз. Агар яхши одамларнинг юбилейи ҳам нишонланганда биринчилардан бўлиб Бойбўтани қутлаган бўлардик.
Бундоқ иззат-ҳурматнинг бошқалар учун ҳам ғоят ибратли томонлари бор. Демак, кимдаки ҳалоллик, худо берган истеъдод қаторида астойдил меҳнат, бағрикенглик, дилпарварлик бор экан, бундай одам, албатта, ўз муносиб баҳосини олиб, эл-юрти, ҳамкасблари ва шогирдларининг эътирофига сазовор бўлғусидир.
Абдулла ОРИПОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони,
халқ шоири.
Бойбўта Дўстқораев чинакам илм кишиси. У том маънода игна билан қудуқ қазийди. Архив материалларининг чангларини ютишдан озорланмайди. Топган янги маълумотини обдон текшириб, кейин матбуотда эълон қилади. Бу хусусият, афсуски, ўзини илм кишиси деб ҳисоблайдиганларнинг ҳаммасига ҳам хос эмас. Бойбўта Дўстқораев сингари заҳматкаш олимларгина чинакам илмий янгиликлар ярата олади. Унинг “Ўзбекистон журналистикаси тарихи” китоби фикримизга бир далилдир. Шу маънода профессор Бойбўта Дўстқораевни ўзбек журналистикаси тарихи асосчиси, деб биладиганларни ҳақ деб ўйлайман.
Маҳмуд САЪДИЙ,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист
Бойбўта акани илк бора 1987 йили ТошДУнинг журналистика факультетига ижодий имтиҳон топшириш пайтида кўрганман. Бошқа абитуриентлар қатори у кишининг исм-шарифларини билмасдим. Иккинчи бора пахта мавсумида дуч келганман. Бундай дамларда атрофингиздаги инсонларни бошқа томондан кашф этасиз. У ерда Бойбўта Дўстқораевни кўпчилик меҳрибон инсон сифатида билган бўлса-да, саноқлиларигина унинг жадид матбуоти ва адабиёти билимдони эканлигини англарди.
Устоз гулхан атрофидаги кечки гурунгларда матбуот тарихи ҳақида маъруза ўқимаган бўлса-да, Чўлпоннинг гўзал шеърларини илк бора унинг тилидан эшитганмиз:
Қоронғу кечада кўкка кўз тикиб,
Энг ёруғ юлдуздан сени сўраймен.
Ул юлдуз уялиб, бошини букуб,
Айтадир: мен уни тушда кўрамен,
Тушимда кўрамен – шунчалар гўзал,
Кундан-да гўзалдир, ойдан-да гўзал!
…Бу каби шеърлар қалбан шоир бўлган муҳаббат ёшидаги талабаларга хуш ёқар, домладан кўчириб ёд олишар, такрор-такрор ўқишдан чарчашмасди. Бироқ Шўролар даври бўлгани боис Чўлпон ва бошқа ижодкорларнинг озодлик ҳақидаги асарларини тилга олиб бўлмаслигини ўшанда биз – талабалар билмасдик. Ҳолбуки, Бойбўта ака жадидлар чоп этган эски ёзувдаги газеталарни ўқиб-ўрганаётганди.
Чиндан ҳам, бу мураккаб жараён эди. Матбуотда, аудиторияларда тарих, демократик принциплар ҳақида баҳслар бошланган кезларда Ўзбекистонда яккаю ягона журналистика факультети талабаларига дарс ўтишга унча-мунча ўқитувчининг юраги бетламасди. Бўлажак журналист-талабалар, ўта ақлли бўлмагандир, лекин тарихнинг тақиқланган саҳифалари ўқилаётган, мустабид шўро тузумининг манфур башараси очила бошлаган бир пайтда уларнинг ўқитувчиларга берадиган саволлари беҳад кўп эди. Бу саволларга эса савияси юксак, чуқур мулоҳаза юритишга қодир устозларгина муносиб жавоб берардилар.
Ана шундай фурсатда Бойбўта ака кўплаб талаба-журналистлар қалбида ўзининг чуқур маъноли мулоҳазалари, эркин фикрлари, тарихий далилларга бой сабоқлари билан ҳурмат-эҳтиром қозонди. Демократия тўғрисида ёки тарихий мавзуда баҳслашиш, бор овозда ҳайқиришдан кўра, сабр-қаноат билан жуда кўп ўқиб, рўй бераётган воқеаларнинг туб моҳиятини англашимиз лозимлигини ўргатди.
Ўзбекистон ҳурриятга эришгач, Б.Дўстқораев жадидлар даврини янгича назар билан ўрганишни давом эттирди. Бойбўта аканинг “Ўзбекистон журналистикаси тарихи” (1-қисм. 1870–1917 йил ноябрь) деб номланган дарслиги қисқартирилиб чоп этилган бўлса-да, кўплаб мутахассисларнинг эътирофига сазовор бўлди. Уни мутолаа қилган талабаларгина эмас, ҳатто тадқиқотчилар ҳам қимматли фикр ва далиллар билан танишмоқдалар.
Дориломон кунларга одатланиб қолган кишилар мазкур тадқиқотга ҳам оддий китоб сифатида қарай бошладилар. Аслида-чи?..
Аслида журналистика тарихи бўйича яратилган мазкур илк дарслик — фундаментал тадқиқот эди ва у бирламчи манбалар асосида ёзилган.
Тадқиқотнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида гапирганда, аввало, муаллифнинг ўзигача ўрганилган манбааларга эътибор билан ёндашганини, улардаги яхши жиҳатларни таъкидлаб, йўл қўйилган хато ва камчиликларга тузатиш киритганини, мустабид шўро мафкураси босимида “яратилган” тарих нуқсонлари, сохталикларини очиб берганини таъкидлаш жоиз.
Б.Дўстқораев тарихни, хусусан, журналистика тарихини даврийлаштиришда ўзига хос, тўғри йўлни танлаган. Чунончи, у Ўзбекистон журналистикаси тарихини тасниф қилишда бош мезон сифатида мустақиллик ҳодисасини олди ва шу тушунчадан келиб чиққан ҳолда уни икки асосий даврга бўлди: Мустабидлик даври Ўзбекистон журналистикаси (1870-1991 йил 31 август); мустақиллик даври Ўзбекистон журналистикаси (1991 йил 31 августдан кейинги йиллар).
Бу даврларни ҳам муайян қисмларга бўлиш мумкинлигини таъкидларкан, муаллиф тадқиқотда “Россияда монархия ҳукмронлик қилган йиллар Ўзбекистон журналистикаси (1870- 1917 йил февраль)” ва “Муваққат ҳукумат даврида Ўзбекистон журналистикаси (1917 йил март – 1917 йил ноябрь)” бўлимларини батафсил ёритган.
Китобнинг “Туркистонда матбуот юзага келиши арафасидаги ижтимоий-сиёсий вазият”, деб номланган бобида Туркистоннинг босиб олиниши ва мустамлакачилар юритган зўравон сиёсат, уларнинг тарғибот воситаси – газеталарда чоп этилган материаллар асосида тарихий воқеалар таҳлилга тортилган, босқинчиларнинг амалга оширган қилмишлари қиёсий усулда тадқиқ этилган.
Неча йилдирки, 27 июнь журналистларнинг касб байрами сифатида нишонлаб келинаётир. Кўпчилигимиз бу сана “Тараққий” газетасининг 1-сони чиққан кун эканлигини ҳам биламиз. Лекин “Тараққий”ни кимлар чиқарган, энг муҳими, муҳаррирнинг боши узра мустамлакачи ҳокимиятнинг, қолаверса, улар малайларининг ойболтаси осилиб турган бир пайтда бу газетада қандай мазмундаги мақолалар босилганидан ҳаммамиз ҳам хабардор эмасмиз. Ваҳоланки, цензура маҳкамасида газетанинг ҳар бир сони ўқилиб, фикрлар, сўзлар ўзгартирилиб, қисқартирилиб, чоп этишга рухсат берилган. Шундай бўлса-да, газета жамоаси озодлик ғоясини халққа тушунтиришга эришгани ва шу сабаб у кўп ўтмай ёпилганини айтиб, “Тараққий”нинг мазмун-мундарижасини шарҳлаш билан бирга, улардан кўчирмалар ҳам келтирадики, ушбу иқтибосларга таяниб толиби илм кўпгина саволларига жавоб топиши мумкин. Масалан, матбуот эркинлигининг ўша даврдаги ҳолати ҳақида нашр муҳаррири мақоласидан китобхонга ҳавола этган кўчирмани олайлик: “Ҳозирда ижтимоъ, калом, матбуот учун берилғон ҳурриятлар тўшак устида оғзиға сув томизилиб тургон оғир хастадек эканини тилсиз ва кўр табиблар ҳам тасдиқ этурлар”. Бундай эътироф – далилдан сўнг изоҳга ҳожат қолмаса керак…
“Ўзбекистон журналистикаси тарихи” йирик тадқиқот сифатида нафақат бўлажак журналистлар, балки тарихчилар учун ҳам муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Дейлик, 1917 йил февраль воқеаларидан токи большевиклар ҳокимиятни қўлга олгунларигача бўлган даврда рўй берган воқеаларга оид тафсилотлар ўша даврда чиқиб турган газеталарда чоп этилган мақола ва хабарлар кўчирмаси билан берилганки, уларни ўқиб халқнинг бирикмагани оқибатида озодлик қўлга кирита олинмагани билан боғлиқ сабаблар ойдинлашади. Шу ўринда дарсликда кўплаб иқтибосларнинг берилгани унинг мажмуа вазифасини ҳам ўташини таъкидлаш жоиз.
Бойбўта Дўстқораевнинг “Ўзбекистон журналистикаси тарихи” китоби мутолааси бўлажак журналист-талабанинг мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, келажакда уни ҳар хил мафкуравий таҳдидларга қарши курашишга тоблаши билан ҳам эътиборга лойиқдир. Шу маънода бу тадқиқотнинг дунёга келиши ўзбек журналистикаси таълимида ўзига хос воқеа бўлди.
Шунингдек, Б.Дўстқораев Чўлпоннинг “Гўзал Туркистон” китобини нашрга тайёрлаб, унга сўзбоши ва изоҳлар ёзди, “Ўзбек танқидчилиги тарихи. 1917–1925 йиллар”, “Фарғона журналистикаси” сингари ўнга яқин китоблари чоп этилди.
Шогирдларидан С.Йўлдошбекова “Чўлпон публицистикаси”, Н.Тошпўлатова “Ўзбек матбуотида истиқлол мавзуси”, Н.Намозова “Ҳожи Муиннинг публицистик ва муҳаррирлик фаолияти”, Г.Нишонова “Ойина” журнали, ушбу мақола муаллифининг Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг публицистик ва муҳаррирлик фаолияти бўйича номзодлик диссертацияларига илмий раҳбарлик қилди.
Профессор Бойбўта Дўстқораев 1989 йилдан ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультети “Матбуот назарияси” кафедрасини бошқарган бўлса, 1999 йилдан ЎзДЖТУ таркибида янги ташкил этилган халқаро журналистика факультетининг матбуот назарияси, амалиёти ва тарихи кафедрасига мудирликка таклиф этилди. У ўқитган талабалар Ўзбекистоннинг турли гўшаларидаги оммавий ахборот воситаларида фаолият юритмоқдалар.
Чинакам олимлик мартабасига эришиш осонлик билан амалга ошмайди. Фидойи, жонкуяр ва заҳматкаш устоз, филология фанлари номзоди, профессор, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” унвони, нуфузли “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори Бойбўта Дўстқораевнинг илм йўлида сабр-матонат билан ташлаган ҳар бир қадами ёшлар учун ибрат бўлиб қолаверади.
Ҳалим САИДОВ,
филология фанлари доктори