Дунёга таралган тафаккур нури

Буюк бобокалонимиз Абу Райҳон Беруний ҳақида сўз

(Давоми. Бошланиши ўтган сонда.)

 

Қамчиқ довонидан ошиб, Оҳангарон – Олмалиқнинг янги йўлидан юриб, Сирдарё вилоятининг маркази Гулистон шаҳрида таниқли матншунос, навоийшунос, бобуршунос олим, Бобур халқаро илмий экспедициясининг аъзоси, ҳушсуҳбат ҳамсафар Ваҳоб Раҳмонни олдик.

Самарқандга кириб борганимизда аллақачон қоронғу тушган, лекин кўҳна, улуғвор шаҳарнинг чароғон кўчалари, равшан ва ранг-баранг ёритгичлар оғушидаги янги, навқирон қиёфаси ниҳоятда латофатли, бағоят фарахбахш эди. Дўконлар гавжум, биноларнинг пештоқлари, устунлар, сим-ёғочлардаги нурли жиҳозлар басма-басга ўчиб-ёниб жилваналарди.

Шаҳардаги аввалдан таниш ва синашта, нисбатан холи, тинч, осуда, шу билан бирга, хоналари файзли, иситгич, иссиқ сув ва бошқа шарт-шароитлар муҳайё “Шаҳзода” меҳмонхонасида бир кеча тунаб, эртасига барвақт йўлда давом этдик.

Самарқанд вилоятининг Пастдарғом, Оқдарё, Иштихон, Каттақўрғон, Нарпай туманларидан ўтиб борамиз. Шу чекка ҳудудлар ҳам батамом ўзгача жамол касб этган, хусусан, ҳар қадамда учрайдиган, айни бир рангдаги намунали уйлар қиш­лоқларга ҳам шаҳарона тус бағишлаган эди.

Йўл-йўлакай Навоий вилоятининг Нурота туманида яшайдиган таниқли сангтарош, Ҳиротдаги Мавлоно Лутфий, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод, ҳамюртимиз Худоёрхон қабр­лари узра қўйилган сағана тошлари ва яна бир қанча ёдгорликлардаги тошбитиклар муаллифи Уста Тоҳир Раҳимов билан телефонлашиб, навбатдаги муҳим бир ишни ҳам битказиш зарур эди. Бобур халқаро жамоат фонди дастурида ўн тонналик яхлит тошга Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг мухтасар таржимаи ҳоли ва номаи аъмолини муҳрлатиш, уни Андижондаги Бобур боғининг эътиборли жойига ўрнатиб, келажак авлодларга ўлмас-йитмас обида қолдириш режаси бор эди. Биз сангтарошга ана шу чўнг тошга битилажак матнни етказишимиз лозим эди. Етказдик.

Гурунглар, муҳокамалар билан вақт ўтганини, йўл машаққатларини ҳам сезмай, шитоб елиб борардик. Қолаверса, Бухоронинг Ромитанидан Қорақалпоғистоннинг Тўрткўлигача бўлган қарийб тўрт юз километрлик масофадаги   биз 2011, 2012 йилларда азбаройи носозлигидан “тошбақа юриш” қилиб ўтган йўл капитал таъмирдан чиқарилиб, Тинч уммони сатҳидек текис, силлиқ, ўқ чизиғидек равон, магистраль шоссега айлантирилган, биз ўзимизни худди ҳаво лайнерида сузаётгандек ҳис этардик. Боз устига, дам-бадам Элликқалъадан Янгибой Қўчқоров, Берунийдан Қуронбой Шониёзов қўнғироқ қилишиб, қандай келаётганимиз, қаерга етганимизни сўраб, ҳар икки туманнинг вакиллари бизни Беруний тумани чегарасида, йўл бўйида кутишаётганини эслатиб туришарди. Ҳолбуки қиш, ҳаво совуқ, айниқса, мезбонларимиз юртида ҳароратнинг анчагина пастлиги аён эди. Шуни ўйлаб, биз хижолат чекар,   Аҳмаджонга “отга қамчи босишни” буюрардик.

Хуллас, эрталаб соат саккиз яримларда Самарқанддан чиқиб, айтилган паккага етиб борганимизда декабрнинг сўнг­­ги, қисқа кунларидан бири тугаб, қоронғу тушганига бир соатлар бўлган эди. Бизни Янгибой билан бирга меҳнат фахрийси Рейимбой Қуронбоев, “Беруний авлодлари” жамғармаси раиси Қуронбой Шониёзовлар кутиб олишди.

Келишувимиз бўйича, эртасига азонда Янгибой кичик ўғли Ҳаётбек билан келиб, бизни Элликқалъа туманига бошлаб кетди. Туман меҳмонхонаси кўл, ҳам ҳар хил маданий-маърифий анжуманлар маскани сифатида донг таратган манзил номини олган Ақчакўлнинг шундоққина қирғоғида қад ростлаган ва бу ердан қамишлар аро яхлаб, ялтираб ётган бутун сув ҳавзаси баралла кўриниб турарди.

Кеча оқшом Беруний туманидаги мулоқотда бўлгани сингари ҳозирги даврада ҳам нуқул Беруний ва Бобурнинг муборак исм-шарифлари тиллардан тушмас, назаримда, яқин атрофимизда бу икки буюк зотнинг шод руҳлари учрашиб, машваратларимизга, эзгу ниятларимизга оқ фотиҳа бериб туришгандай туюларди.

Кеча эслаб, таърифлаб келганимиз — маърифатпарвар туман ҳокими Неъматилла Худойберганов (ҳозирда собиқ) мезбон сифатида суҳбат жиловини бошқарарди. Бўйдор, басавлат, чеҳраси очиқ, юзлари нурли, кўзлари чақнаб турадиган, завқвор, шижоатли бу инсон жуда дилкаш, гурунг бериш бобида ҳам анча маҳоратли эди. Унинг гап-сўзларидан чиндан-да илм-фан, маданият, санъат ошуфтаси эканлиги аён эди. Элликқалъада андижонлик қаламкаш, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф хотирасига музей бунёд этилган, асли ён туман — Тўрткўлда дунёга келган донгдор ҳофиз, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон, Туркманистон, Татаристон республикалари халқ артисти Отажон Худойшукуров жамғармаси ҳам шу туманда тузилган ва бу жамғарма ташкилотчилиги, саъй­-ҳаракати билан салкам йигирма йилдан бери республика ёш ижрочиларининг “Нафосат — бўстоним менинг”, ёш шоирларнинг “Ақчакўл илҳомлари” шиорлари остидаги танловлари ва бошқа адабий анжуманлар анъанавий тарзда ўтказиб келинади. Турли саналар, жумладан, Отажон Худойшукуров таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан чоп этилган, бизга ҳоким томонидан туҳфа қилинган китоблар бир-биридан гўзал ва қизиқарли эди.   Бу ерлик раҳбару ижодкорларнинг ўз юртларидан етишиб чиққан истеъдодли кишиларни бу йўсинда, баланд мақомда улуғлаб-эъзозлашлари ҳавасга арзигулик эди. Маданий-маърифий, эзгу тадбирларнинг барчасида, шубҳасиз, Неъматилла Худойберганов бош-қошдир. Ёнида Янгибой Қўчқоровдай ҳар жабҳада моҳиру қодир, ташаббускор-ташкилотчи, мададкор-маслаҳатгўй қаламкаш борлигидан мамнуну миннатдорлиги унинг ҳамдастига яқин ва самимий муносабатидан сезилиб турарди.

Берунийдаги Бобур халқаро жамоат фонди раҳбари (З. Машрабов) ташрифига дахлдор асосий тадбир соат ўнга белгиланди. Шунинг учун кўл бўйидаги мароқли мулоқотимизни энг авж палласида бўлишга тўғри келди. Биз ҳали Абу Райҳон Берунийнинг рамзий қабр-мақбарасини ҳам зиёрат қилмоғимиз лозим эди. Беруний тумани ҳокими Фарҳод Эрманов хонасидаги бир неча дақиқалик суҳбатдан сўнг кечаги мезбонлар ва яна бир қанча маданият ходимлари, журналистлар, жамоатчилик вакиллари ҳамроҳлигида Асака автозаводининг учаман деб турган “Kaptiva”, “Nexia”ларида шаҳарчанинг жануби-ғарб массиви тарафга кетдик. Тартиб билан, махсус экилган арчазор хиёбон ўртасида ўртача баландликдаги тагсупачадан “ўсиб” чиққан, томи гумбазли, оралари очиқ тўрт устунли сағана Берунийнинг рамзий қабри узра қад кўтарган экан (Бу мавзуга қуйироқда батафсилроқ тўхталамиз). Қуръон тиловати ва бир муддатлик сукунатдан кейин даҳма атрофини айландик. Тўғриси, кўнглимиздан бу жойга эътибор яна-да кучайтирилса яхши бўларкан, деган истак ўтди. Балки, қорсиз қиш палласидаги андак носаришталик, пардозсизлик туфайли манзара бизга сал хирароқ кўрингандир.

Хиёбоннинг кун ботиш томонида, мақбарадан 70-80 қадамлар чамаси нарида йиқиқ деворлар кўзга ташланарди.

— Сизлар кўриб турган хароба қадимий Кот шаҳрининг қолдиқлари, Беруний бобомиз ёруғ оламни илк бор ана шу жойда кўрган. Шунинг учун биз улуғ мутафаккир-олимнинг рамзий қабрига бу ерни танлаганмиз, — дея изоҳ берди ўша — рамзий қабр барпо қилинган йиллари туман ҳокими бўлган Рейимбой оға. — Бу ҳудудлар бунчалик хароб эмас эди, 1969 йилги Амударё тошқини вайрон қилиб ташлаган. Жуда ваҳимали тошқин бўлган. Қанча одам хону-монидан, бир-икки нафари жонидан ҳам айрилган…

Биз илму фан, кишилик тамаддуни юксалишига ўзининг денгизлар назарияси, Ернинг шарсимон глобуси, Ер радиусининг ҳисоб-китоби, вакуум, яъни бўшлиқ ҳолати, минераллар таснифи ва уларнинг пайдо бўлиш назарияси ва бошқа кўплаб табиий соҳаларга оид юзлаб илмий-тадқиқотлари билан ҳисса қўшган, айрим табиий фанлар, жумладан, геодезияга асос солган, Колумбдан 500 йил бурун уммонлар ортида одамлар яшайдиган қуруқлик борлигини башорат қилган фавқулодда истеъдодли, буюклардан буюк қомусий олимни дунёга инъом этган машҳур, табаррук шаҳарнинг аянчли қисматига жуда-жуда ачиндим ва даврларнинг, гоҳо табиат кучларининг шу қадар бешафқатлигидан хўп ўкиндим. Лекин ахир туғилиб-ўсган она маскани қарийб йўқ бўлиб кетган бўлса-да, олимнинг ўзи асарлари, амаллари, кашфиётлари мисолида ҳамиша барҳаёт-ку, қолаверса, қадимги Котнинг шундоқ биқинида буюк ватандошимиз номидаги янги, замонавий шаҳар гуркираб турибди-ку, деган фикр бизга тасалли берди.

Шаҳарчанинг бош майдонига алоҳида кўрк ва файз бағиш­лаган, ҳали бўёқлари ҳам қуримаган энг янги иншоот — туман ахборот-ресурс марказига кириб борганимизда бинонинг фойе, йўлак ва заллари йиғилишда қатнашиш, оламга донг таратган яна бир қомусий мутафаккир, шоир, давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур юртидан келган меҳмонлар билан учрашиш иштиёқида қадам ранжида қилган берунийлик, элликқалъалик, тўрткўллик зиёлилар ва бошқа соҳа намояндалари билан гавжум эди.

Гапни мукофот тафсилотидан бошласак. Биз ҳозир бўлиб турган туманда — халқимиз фахри ва ифтихори Абу Райҳон Беруний юртида   “Беруний авлодлари” деган жамоат фонди   ўн йиллардан бери фаолият кўрсатиб келади. Довруғли аждодларимиз қолдирган бебаҳо маънавий-маърифий, адабий-бадиий меросни тарғиб этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган фонд ана шу бойликларни чуқур ўрганиш юзасидан илмий-тадқиқотлар олиб бораётган, шунингдек, улуғ алломаларимизнинг бизга номаълум асарларини топиш, чоп эттиришда, хусусан, берунийшуносликни ривожлантириш, фондни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда алоҳида ўрнак кўрсатган кишиларни, иқтидорли ёшларни рағбатлантириб бориш ниятида ўз мукофоти ва Абу Райҳон Беруний сиймоси акс эттирилган кўкрак   нишонини таъсис этган бўлиб, 2015 йили мазкур мукофот билан узоқ вақтлардан бери Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиш бўйича изланиб, шу мавзуда бир қатор илмий-бадиий китоблар яратган, сўнгги пайтда буюк мутафаккирнинг “Минералогия” асарини ўзбек тилига таржима қилган адиб, адабиётшунос, филология фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, академик Азиз Қаюмов тақдирланган, 2016 йилги танловда эса фонд Бошқарув Кенгаши навбатдаги лауреатлик нишони ва мукофотини Бобур халқаро жамоат фонди ва Бобур халқаро илмий экспедициясининг раҳбари (З. Машрабов)га бериш тўғрисида қарор қабул қилган эди.

Меҳнат фахрийси, собиқ туман ҳокими Рейимбой Қуронбоев тадбирни кириш сўзи билан очиб, йиғилиш қатнашчиларини Бобур халқаро жамоат фонди ва унинг экспедицияси фаолияти билан, шунингдек, лауреатликка номзоднинг қисқача таржимаи ҳоли, ижтимоий фаолияти билан таништиргач, уларга бундан роппа-роса ўн тўққиз йил аввал айни шу изғиринли маҳалларда, янаям аниқроғи, 1997 йил 18-19 декабрь кунлари юз берган бир тарихий ҳодисани эслатиб ўтди ва ана шу ҳодисалар муҳрланган видео лавҳаларни томоша қилишга таклиф этди.

Эртасига бутун Беруний шаҳри ва унинг атрофидаги қиш­лоқлардан хосиятли муждани эшитиб, ошиқиб келганлар туман марказидаги майдону кўчаларга оқиб чиқишган эди. Абу Райҳон Берунийнинг Ғазнидаги қабридан олинган табаррук тупроқ махсус қутига солиниб, матолар билан анбар кўринишида жиҳозланган рамзий тобутни одамлар қўлдан-қўлга, елкадан-елкага олиб, бир кун олдин қазиб, тайёрлаб қўйилган “лаҳад” томонга юрдилар. Ҳар бир берунийлик ёки меҳмон тобутга интилиб, талпиниб, лоақал унинг дастасига қўлини теккизиб олишга ҳаракат қилар, тобут ортидан келаётган халойиқ худдики дарё оқимини, Жайҳун тўлқинларини эслатарди…

Салкам ярим соатлик видео ролик залда ўтирганлар кўз олдида ана шу ҳаяжонли ҳолатни қайта гавдалантирган эди.   Ҳамма бутун вужуди, кўзи қулоққа айланиб, экранга тикилиб ўтирар, афтидан, ҳар ким видеодаги тобут кўтарганлар ё орқадан эргашиб бораётган оломон орасидан ўзини ахтарар ва ўша воқеалар ичига қайта шўнғиб кетган эди. Азбаройи берунийликларнинг аждодларига бўлган эътиқоди, эҳтиромидан ҳайратга тушганимиздан, бизни сафар кийимларимиздан хижолатлик ҳисси ҳам тарк этиб, аксинча, амалга оширган ишларимиздан қониқиш ҳосил қилгандай бўлардик.

Биз қорақалпоғистонликлар, жумладан, берунийликлар Бобур халқаро илмий экспедицияси аъзоларининг жасоратини (дарҳақиқат, буюк инсонларнинг хорижий давлат ҳудудидаги қабридан тупроқ олиб келиш унчалик жўн иш эмаслигини ўзимиз ҳам ўшанда яхши туйган эдик), миллатпарварлик, ватанпарварлик, қадриятпарастлик йўлидаги саъй-ҳаракатларини қадрлашаётганидан бағоят мамнун эдик. Айни чоғда ғоятда ҳаяжонда эдик, худди ўша кунги воқеаларни, Афғонис­тонга қилган сафаримиз чоғидаги ва қайтишдаги таҳликали ҳодисаларни қайта бошдан кечираётгандай эдик…

ОЛОВГА БОШ СУҚИБ…

Республика оммавий ахборот воситаларида экспедиция сафари натижалари ҳақида ҳисобот-мақолалар ёритилган, хорижий юртларда, жумладан, Афғонистонда умргузаронлик қилган буюк боболаримиз, хусусан, Абу Райҳон Беруний қаб­рининг аянчли ҳолати республика телевидениеси орқали намойиш этилган, зиёлиларимизда қаттиқ ачиниш уйғотган мазкур кўрсатувга давлатимиз раҳбарининг ҳам эътибори тушган ва Бобур халқаро жамоат фондига Беруний қабридаги хокидан олиб келиб, у туғилиб ўсган юртга қўйиш юзасидан топшириқ берилган эди.

Бу орада гоҳ ёниб, гоҳ тутаб ётган ўт ичидаги Афғонис­тон заминида сиёсий-ҳарбий вазият кескин ўзгариб, қонли тўқнашувлар кучайиб кетган, фуқаролар уруши юз бераётган бу мамлакатга беш-олти киши билан автомобилда кириб бориш хатарлигина эмас, оловга бош суқишнинг ўзгинаси, бунга рухсат олиш, чегара-божхоналардан ўтиш янада оғир бир муаммо эди.

Лекин ташаббус кўрсатиб, бировнинг эсига келмай турган муаммони қўзғаб қўйгач, орқага чекиниш марднинг иши эмас, чора излаш ва топиш керак.

Экспедиция аъзоларини йиғиб, масала ўртага қўйилди, уларнинг розилиги олинди– бундоқ хайрли ва савобли вазифадан бўйин товлаб бўлармиди!

Қиш чилласи арафаси, қайси тараф билан юриш муаммоси кўндаланг бўлиб турарди. Афғонистонга энг яқин йўл – Ўзбекистон ё Тожикистон орқали… Лекин у ёқдан Ғазнига етиб боргунча Афғонистоннинг хийла ҳудудини босиб ўтиш керак, қолаверса, бу томоннинг бошқа мушкулотлари бор эди. Айланиш бўлса ҳам, ўтган сафарги йўналиш маъқулга ўхшарди. Чунки Покистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Шавкат Али Шайх билан Бобур фондининг салом-алиги бор ва бу яқинлик бизга қандайдир далда бағишларди.

Шавкат Али Шайхнинг Покистон ҳудудидаги чегара ва бош­­қа муаммоли жойларда Бобур фондига ёрдам кўрсатиш сўралган хатини қўйинга солиб (шундай мазмундаги хат Эрон элчихонасидан ҳам олинган эди), Аллоҳдан мадад, омонлик тилаб йўлга тушдик. Дарҳақиқат, элчиларнинг илтимосномалари Эронга ўтишда, Зоҳидон ва бошқа шаҳарларда, Покис­тонга киришда ҳам экспедиция аъзоларининг жонига оро киради. Лекин Кветтада барибир муаммо туғилди. Афғонистонга ўтишга рухсат ва ёрдам сўраб кирилган масъул маҳкамада эртага хабар олишларини айтишади. Эртасига “Хатингизни пойтахтга – Исломободга жўнатдик, рухсат келгунча кутасизлар” деган жавобни олдик. Кветтада уч кун вақт бекор ўтди. Хаёлда бошқа ташвишлар, хавотир бўлгани боис, шаҳар айланиш, томоша қилиш ё бошқа юмушлар кўнгилга сиғмас эди.

Уч кундан кейин Ташқи ишлар бўлимидаги барваста, истараси иссиққина генералнинг жавоби жуда кескин ва совуқ бўлди:

— Ҳукуматимиздан мамлакатимиз ҳудудидан зудлик билан чиқиб кетишингиз талаб этилган хат келди. Бинобарин, биз ҳам хавфсизлигингизни таъминлашга кафолат бера олмаслигимизни баён этишдан хижолатдаман. Афсус….

“Яхши!” деган жавобни айтиб чиқдик-да, шериклар билан шаҳарнинг четроғидаги кўримсизроқ меҳмонхонага жойлашдик. Суриштириб, афғонистонлик дала қўмондонларидан бирининг қароргоҳини топиб бордик. Бу, элчига ўлим йўқ қабилидаги таваккал бир тадбир эди. Экспедиция ҳам элчиликдай гап-да, фақат сиёсий эмас, илмий-маърифий элчилик. Зеро, мавжуд вазиятда бундан бошқа чора ҳам йўқ эди.

Бир неча йўлакдан, даҳлизлардан ўтиб кириладиган кенг­гина хонада тўшакларда чордона қуриб ўтирган афғонлар кутилмаган меҳмонларни, яъни бизни таажжуб билан қарши олишди ва такаллуфсизлик билан ўтиришга таклиф этишди. Биз ҳам мулозамат, иззатталаб кайфиятда эмас эдик, пойгоҳга омонатгина чўккаладик. Салом-аликдан сўнг таржимон (Муҳаммад Содиқ) орқали ўзимизни таништириб, экспедиция ҳақида, мақсад-муддаолари тўғрисида гапириб, Афғонис­тонга ўтиш учун ижозатнома зарурлигини уқтирдик. Ғазнидаги музей, тарихий ёдгорликларни кўриш истагида эканлигимизни айтдик.

— Кутиб туринглар, — дейишди мезбонлар ва ўз суҳбатлари, машғулотлари билан андармон бўлдилар.

Бир оздан кейин хонага қирқ ёшлардаги узун бўйли, серсоқол киши кириб келади. Ўтирганлардан бири бизнинг арзимизни етказди.

— Мен билан бирга кетаверасизлар, — деди серсоқол киши бизга юзланиб. — Мен ўзим сизларга ижозатнома.

Фавқулодда мурувватдан ва ишимиз ўнгидан келганидан хавотиру ваҳималарни ҳам буткул унутдик.

Соқолли киши Чаман тумани ҳокими, етти жойидан ўқ еган зобит экан.

Кветтадан Афғонистонга йўл олдик. Дарҳақиқат, ҳоким Худоёрнинг обрў-эътибори баланд экан, чегара-тўсиқлардан суриштирувсиз ўтиб кетдик.

(Давоми келгуси сонда.)

Зокиржон МАШРАБОВ,

Бобур номли халқаро жамоат фонди

ва илмий экспедиция раҳбари,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган маданият ходими.

Қамчибек КЕНЖА,

Бобур номли халқаро

илмий экспедиция аъзоси,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган

маданият ходими

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 − six =