Шоҳ ва шоир

Тарих саҳифаларида энг кўп ҳукм сурган сулолалардан бири сифатида бобурийлар сулоласи (332 йил) қайд этилади. Бу сулола асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур Андижонда шоҳ оиласида туғилади ва замона зайли билан Ҳиндистонда қўним топди. Бобур ўз замонасининг етук қомусий олими сифатида тарих саҳифаларидан муносиб ўрин эгаллайди. У асос солган империя подшоҳлари Ҳиндистондек давлатнинг гуллаб-яшнаши учун бор куч ва имкониятини   аямайди. Бобурийлар авлодининг вакили Шоҳжаҳон қурдирган афсонавий обида – Тожмаҳал дунёнинг етти мўъжизасидан бири сифатида тан олинган ва ҳозирги кунда ҳам энг кўп сайёҳлар борадиган зиё­ратгоҳ ҳисобланади.

Бобур шахси ва авлодларини ўрганиш юртимизда фахр туйғусига айланган. Бобурни ватандошларимиз чин дилдан яхши кўрадилар, унинг сиймосида оқил ва одил подшоҳни ҳамда жасоратли ва мард отани тасаввур этадилар. Унинг “Бобурнома” асаридек дунёда шуҳрат қозонган мемуар-китоб менимча бошқа бўлмаса керак. “Бобурнома” дунёнинг 30 дан ортиқ, хусусан – инглиз, француз, немис, италь­ян, голланд, форс, урду, рус, япон, турк, тожик тилларига таржима қилинган. “Бобурнома” — Бобурнинг шоҳ асари ҳисобланади. Бобур бу асарида ўзининг бошидан кечирган, инсон ақли ҳайрон қоладиган даражадаги саргузаштлари, йўл қўйган хатоларини, изтироб-у аламлари, ғалаба ва мағлубиятларини ҳамда ўз шажарасини очиқ ёзади. Ўзи умри давомида йўл қўйган хатоларини мардларча тан олади. Жой номлари, у ердаги жонзотлар ҳамда ўсимликларни атрофлича ўрганади ва ёритади. Ўша даврнинг машҳур кишиларига адолатли тарзда таъриф беради. Китобни ўқиган одам Бобур тафаккурига, билимига, унинг саркардалик қобилиятига, одил ва оқиллигига қойил қолади. “Бобурнома”да келтирилган байтлар, ғазал, рубоийлар эса китобнинг шоҳбезаги сифатида ўқувчи қалбидан муҳим ўрин эгаллайди. Бу ҳақда Бобурнинг ўзи бундай ёзади:

 

Бу олам аро ажаб аламлар кўрдим,

Олам элидин турфа ситамлар кўрдим,

Ҳар ким бу “Вақоеъ”ни ўқур билгайким,

Не ранжу… не меҳнату… не ғамлар кўрдим.

 

“Вақоеъ” – “Бобурнома”ни бир неча бор ўқиб чиққанман. Тўғри, бунга бир неча йиллар бўлди. Тўғрисини айтганда бу китобни ўқишимга ҳинд актёри Шиши Капурга ўхшаб кетадиган, ҳинд тилини бағоят қадрлайдиган, моҳир таржимон, журналист, филология фанлари доктори, бобуршунос олим Ансориддин Иброҳимов сабаб бўлган. Ўша пайтларда мен Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи орқали ҳамда мактабда олган билимим даражасида Бобурни билар ва унинг ижодига қизиқар эдим. Унинг айниқса:

 

Толиъ йўқи жонимға балолиғ бўлди,

Ҳар ишники айладим хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб Ҳинд сори юзландим,

Ёраб нетайин, не юз қаролиғ бўлди.

 

Ёки:

Сен гулсену мен ҳақир булбулдурмен,

Сен шуъласену ул шуълага мен қулдурмен,

Нисбат йўқтур дея ижтиноб айламаким,

Шоҳмен элга, валс сенга қулдурмен.

 

каби рубоийларини даврага қараб айтиб юришни ёқтирар ва бу билан гўёки Бобур ҳақидаги билимимни намойиш қилардим. Ансориддин ака Бобур ва унинг авлодлари тарихини билимдони бўлгани учун аввало “Бобурнома”ни ўқиш зарурлигини, ана шундагина Бобур ҳақида билим даражам ошишини уқтирар ва ўзи гоҳо: – Хўш, ўқидингизми?, — дея сўраб қоларди.

Бундай саволларга аниқ жавобим йўқ эди. Охири ўқидим. Ўқиганда ҳам қизиқиб қолиб такрор ва такрор ўқидим. Ана шунда Бобурга ва унинг шоҳ асари “Бобурнома”га эътиқодим янада кучайди. Бу китоб таъсирида қуйидагича шеър битганим ёдимга тушди:

 

Ўқийман “Вақоеъ” бош кўтармасдан,

Кўнглим қатларида ёш кўтармасдан.

Кутиб олар хомуш Шош кўтармасдан,

Она юрт дилбанди – Муҳаммад Бобур.

 

Асли Самарқанддан дил бўлиб вайрон,

Нажот истаб Шошда кезгач кўп сарсон.

Бош олиб кетмакка бердингиз фармон,

Она юрт дилбанди – Муҳаммад Бобур.

 

Сарсонлик қисматин шамолдек суйиб,

Ватан тупроғини кўзларга суриб.

Кетдингизми унсиз ёшингиз қуйиб,

Она юрт дилбанди – Муҳаммад Бобур.

 

Ҳижрон ғанимингиз қувганча ортдан,

Бир лаҳза туширмай қўйди-ку отдан.

Қўним топмадингиз ҳатто Ҳиротдан,

Ота юрт дилбанди – Муҳаммад Бобур.

 

Қор тепиб, йўл очиб, ошдингиз довон,

“Қобулда иқомат” – сиз учун ҳижрон.

“Юз қаролиғ” бўлди гўзал Ҳиндистон,

Она юрт дилбанди – Муҳаммад Бобур.

 

Юртга подшоҳсиз-у, кўнгилга қулсиз

Изтироб соғинчлар қийнар тинимсиз.

Қовун тилимдан йиғлаган ҳам Сиз —

Она-юрт дилбанди Муҳаммад Бобур!

 

Шоҳлар шоири сиз, шоирлар шоҳи,

Бу таъриф камдайин туюлар гоҳи.

“Вақоеъ” босган йўл бунинг гувоҳи,

Она юрт дилбанди – Муҳаммад Бобур.

 

Кейинчалик мен Ансориддин ака ёзган “Бобурийлар мероси” номли китобга муҳаррирлик қилиш жараёнида Бобур ва унинг авлодлари Ҳиндистонда масжид-мад­расалар, ҳашаматли қалъалар, муҳташам саройлардан ташқари жуда кўп боғ-роғлар, ирригация иншоотлари, гулзорлар ҳам барпо этганини билиб олдим.

Ҳиндистоннинг буюк фарзанди Жавоҳарлал Неру “Бобур – дилбар шахс. Уйғониш даври ҳукмдорининг ҳақиқий намунасидир… Унинг Ҳиндистонга келиши туфайли Ҳиндистонда буюк ўзгаришлар содир бўлди, санъатда, ҳаётда, меъморчиликда ва маданиятнинг бошқа соҳаларида янгича тараққиёт юз берди”, деганида тамомила ҳақ эканлигини англаб етдим.

Буюк ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур умри давомида яхшиликни истаб яшади. Қўлидан келганча одамларга яхшилик қилди. Эндигина 47 ёшни қаршилаган, айни кучга тўлган чоғида ўз умрини фарзанди Ҳумоюнга “садқа” қилиб юборди. Бир ўйлаб кўринг-чи, жаҳон тарихи саҳнасида яна шундай ҳукмдор бормикин? Менимча йўқ! Бунинг учун ҳақиқий Бобур бўлиш керак!

Баҳром АКБАРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × four =