Қўлёзмалар хазинасидаги дур

Ота-боболаримиздан қолган улкан илмий меросни чуқур ўрганиш ХХI аср бошидан кенг кўламда давом этди. Ана шундай илмий мерос қолдирган улуғлардан бири Боситхон ибн Зоҳидхон Шоший бўлиб, улар ҳам моҳир табиб, ҳам шоир, ҳам моҳир таржимон, ҳам хаттот, ҳам рассом Тошкент шаҳри “Себзор” маҳалласида кўпчиликка таниш бўлган, табибликда ном чиқарган отаси Зоҳидхон ҳаким ибн Муҳаммад Содиқхон оиласида 1878 йилда   ёки бугундан 145 йил аввал таваллуд топади ва  81 йил умр кўриб, 1959 йилда Тошкентда вафот этади…

Ҳажм жиҳатидан кичик бўлган бу мақоламизда буюк инсоннинг ижоди ҳақида қисман тўхталишни лозим топ­дик. Улар ижодига хайрли йўл очган катта асарлари бўлмиш “Қонуни Боситий ёки Қонун ал-мабсут” (1-жилд бўлиб, ўзбекча номи “Кенгайтирилган қонун китоби”) 1942 йили ва “Фарҳанг ал-мабсут ёки истилоҳот ул-атиббо фи-интифоот ил-аҳиббо” (2-жилд бўлиб, унинг номи “Дўстларнинг фойдаланишлари учун тузилган тиббий истилоҳлар луғати”) китоблари эски ўзбек адабий тилида  ёзилган бўлиб, улардан биринчиси 1942 йили, иккинчи китоб эса 1944 йили  ёзиб тугатилади. Бу китоблар эски ўзбек тилида нашр қилинади. Илм аҳлларининг илтимоси билан ҳозирги ўзбек тилига ўгирилади ва ундаги услуб қисман сақланиб қолганини ҳамда китоб сўнгида луғат илова қилинганини таниқли тарихчи олим Маҳмуд Ҳасаний айтиб ўтади. Учала китобнинг  ҳажми 125 босма табоқдан ортиқроқ.

Боситхон табиб номи билан машҳур бўлган араб ва форс тилларини мукаммал билган бу аллома шахсий китобхонасида мавжуд бўлган араб ва форс тилида ёзилган китоблардан фойдаланган ҳолда тўртинчи китобини ёза бошлайди. Ўзбекистон ФАнинг буюртмаси билан 1950 йилда  қўлёзма тайёр бўлади ва унга “Фавоид ул-адвия ва мавоид ул-ағзия” номи берилиб, бунда муаллиф дориларнинг фойдалари ва овқатлар дастурхонининг манфаатлари ҳақидаги фикрларини баён этади. Китоб эски ўзбек адабий тилида  ёзилган бўлиб, ўқувчилар тушуниши учун китоб охирида луғат ҳам берилган. Китоб 2004 йилда “Янги аср авлоди” нашриётида  2 минг нусхада чоп этилади.

Юқорида айтилганидек, Боситхон ибн Зоҳидхон Шоший шоирлик ҳам қилиб, Ҳариқий имзоси билан ғазаллар ижод қилган ва “Девони Ҳариқий” китоби нашр этилган.  Китоб  “Fan va texnoIоgiya” нашриётида 2009 йилда чоп этилган.

Алломанинг “Қонуни Боситий” (“Даво тадбирлари”) китоби эса ўзбек тилида ёзилган бўлиб, у “Turon Zamin Ziyo” нашриётида 2011 йилда 1000 нусхада чоп этилди.

“Амали ҳандаса” (“Геометрия амаллари”) китоби эса 1916 йиллар атрофида ёзилган бўлиб, у эски ўзбек тилидан ҳозирги ўзбек тилига айлантирилган ҳолда 2012 йили “O`qituvchi” нашриётида кам ададда – 500 нусхада чоп қилинди.

Боситхон ибн Зоҳидхон Шошийнинг “Мисбоҳул анвар” (“Нурлар чироғи”), “Манбаул маориф” (“Билимлар манбаи”), “Муқаддимаи илми фароиз” (“Фароиз фанига кириш”) таржима асарлари эски ўзбек тилидан ҳозирги ўзбек тилига ўгирилиб, 2016 йилда 1000 нусхада Ғафур Ғулом  номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи нашриётида чоп этилди.

Хулласи калом, бу аллома ҳаёти давомида ўзи айтганидек, 13 дона китоб ёзган, шулардан 8 таси ўз вақтида чоп этилган. Бештаси эса кейин чоп этилган. “Асомий ул-амроз ва-ла- адвия” (“Касалликлар ва дориларнинг номлари”) табибнинг соғлиги ёмонлашуви ва вафоти сабабли тугалланмай қолади. Лекин Боситхон ибн Зоҳидхон Шоший сермаҳсул ижодкор бўлган эди.

Ўзбек китобхонига бу ижодкорни таништирган қалам аҳли ҳақида ҳам, албатта, кўплар раҳматлар айтиб, уларнинг номларини фахр билан эслаш савобли ишдир.  Ўзбекистон олимлари М.Хайруллаев, А.Усмонхўжаев, С.Каримова, Маҳкам Маҳмуд, Р.Худойберганов, З.Исломов, А.Ҳабибуллаев, М.Раззоқова, Б.Абдуҳалимов, Шайх Абдулазиз Мансур, Нажмиддин Комилов ва алломанинг неваралари Тоҳиржон Шокиржонович  бувалари бўлмиш Боситхон ибн Зоҳидхон Шоший номини халққа таништиришда кўрсатган фидойилик­лари таҳсинга сазовор бўлди.

Улуғ олим ва ижодкорнинг китоб­лари нашрида ўта фидойилик кўрсатган яна икки жасоратли кишини алоҳида айтиб ўтиш лозим. Биринчиси, тарихчи олим, тарих фанлари доктори Маҳмуд Ҳасаний домлага катта раҳматлар айтиб, дўс­тимиз, алломанинг невараси — китобларнинг чоп этилишида молиявий ёрдами учун Тоҳир Шокиржонович Боситхоновга (қабри нурли бўлсин)  алоҳида бош эгиб дуолар қиламиз.

Ўзбек халқи ичида ҳассос олимларимиз, иқтидорли ёшлар бор экан, яқин келажакда  Ўзбекистон Республикаси ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг Қўлёзмалар хазинасида сақланаётган 60 мингдан ортиқ қўл­ёзмалар жасоратли олимларимиз томонидан ўрганилишига ва улар китоб шаклида халқимизга етказилишига умидвормиз.

Тўлқин МУҲИДДИН,

ёзувчи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 1 =