“Фахрим шуки, мен — педагогман!”

Таълим соҳасида жадал амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар педагог ходимлардан янгича қараш ва янги замон билан ҳамқадам ва ҳамфикр бўлишни талаб этмоқда. Таълим соҳасини тубдан такомиллаштириш давр талабига айланиши билан бирга мактабларда ҳам бошқарув маданияти юксалиши йўлидаги амалий ишлар кўзга ташланмоқда. Таълим масканидаги ҳар қандай ютуқ эса фидойи педагоглар фаолияти билан боғлиқдир. Шу маънода Чирчиқ шаҳридаги 11-сонли умумий ўрта таълим мактаби директор ўринбосари, фидойи педагог Машраб Нарзиевга бир неча савол билан мурожаат этдик.

— Машраб ака, дастлаб анъанавий савол: нега педагоглик касбини танлагансиз?

— Ургут туманидаги чекка бир қишлоқда туғилганман. Отам тракторчи, онам эса собиқ “колхоз”да ишчи бўлиб ишлардилар. Отам ниҳоятда талабчан киши эди. Баъзан отамнинг қаттиққўллиги олдида онамнинг “балогардон”лиги ҳам иш бермай қоларди. Айниқса, мактабдаги ўзлаштиришларимиз ва баҳоларимизни отам мунтазам кузатиб борарди. Шунинг таъсириданми, ўзимча сирли ва сокин бир дунё ахтарардим. Бунақа пайтларда бобомнинг олдиларига ошиқардим. Бизда бобони, катта ота, дейишади. Катта отам орзу ва интилишларим қушларига қанот бўлганлар. У киши Ургут туманидаги 21-мактабда математика ўқитувчиси эди. Назаримда катта отам ҳаммадан кўра кўпроқ нарсани биладигандай туюларди. Уларга интилишим ортидан менда ҳам математика фанига қизиқиш уйғонган. Аввал бобомдан тўрт амални ўрганганман. Ўйлаб қарасам, ўша амаллар илм йўлини танлашимга пойдевор бўлган экан.

— Талабалик ва ҳаёт имтиҳонларидан уққанларингиздан кўнглингиз тўладими?

— Талабалик даврларим ҳам осон кечган деёлмайман. У пайтларда баҳо учун эмас, ўз билим даражамизни белгилаш учун ҳам ўқирдик. Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетини 1996 йилда тугатганман. Илм олиш машаққатлари ҳаё­тий машаққатлар билан тўқнаш келганида ҳам барибир ҳаммаси “ҳисоб”да билинаркан (кулади). Сабаби яхши ўқитувчи, кўзга кўринган педагог бўлиш учун ҳам ўз устингда тинимсиз изланиш, ўқувчиларнинг қизиқишини ошира олиш керак. Ўқитувчи ҳамиша ҳам ўқувчига талаб қўя олмайди, шунинг учун вақтида уларни рағбатлантириб туриш ҳам фойдадан холи бўлмайди.

Соҳибқирон Амир Темур бобомиз юрт учун от устида ҳам қанчалик сергак ва бедор бўлган бўлсалар, биз ўқитувчилар ёшларнинг таълим-тарбияси йўлида ана шундай синчков бўлишимиз лозим.

Самарқанд – авлиёлар шаҳри, қанчадан-қанча буюк инсонларга бешик бўлган макон. Яратганнинг номи нақшу безаклар билан безатилган ҳар бир пештоқ ва ҳар бир минорада ўзгача фалсафа бор. Талабалик дамларимни эслаганимда баъзан Самарқанд мени ўзига чорлайди. Сочларингга оқ тушганида босиб ўтган йўлинг ҳақда кўп ўйларкансан. Ҳаётнинг ўзи бир мактаб, шу мактабда уққанларини ўқувчиларига ҳам етказа олган устозларнинг ҳамиша жамоада, мактабда ўз ўрни бўлган.

— Матбуотда, айниқса, ижтимоий тармоқларда бонг урилаётган ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида содир бўлаётган турли хунук воқеаларга муносабатингиз қандай?

— Менимча, ҳозир ўқувчиларнинг мактабга уяли алоқа воситалари билан келишлари, қўл телефонига муккасидан кетишлар ортидан ҳам шундай машмашалар келиб чиқмоқда. Виртуал олам таъсирида кеч уйқуга ётиш, асабийлик, жиззакилик, дарсларни вақтида бажармаслик, гап кўтара олмаслик ҳам шулар туфайли келиб чиқмоқда. Яна бир сабаб, мактабларда эркак ўқитувчиларнинг камайиб кетгани. Бола оилада отадан ҳайиқиб тургани каби мактабда ҳам жиддий муомаладан чўчиб тургани маъқул. Ўзини тўкис ва ғурурли билган ўсмир ёшидаги ўқувчиларнинг кўпчилиги ўз ички “мен”ини бошқалар билан таққослай бошлайди. Ана шундан ўқитувчиларни менсимаслик, дарс ўтаётган ўқитувчига дарс жараёнида ҳалақит бериш каби вазиятлар юзага келади. Бу сиз айтган “даҳанаки жанг”­ларга сабаб бўлмоқда. Шу ўринда айтмоқчиманки, ҳар қандай ҳолатда ўқитувчининг ўз ўқувчисини уриши, камситишига мутлақо қаршиман. Агар ўқитувчи ўз касбига муносиб, психолог бўлса бунга эҳтиёж ҳам туғилмайди.

— Эрта тонгдан ҳамма сизни мактаб эшиги олдида кўради, уларга қараб нималар ҳақда ўйлайсиз, ўзингизда қандай ички даъватлар ҳис этасиз?

— Одатда жуда эрта уйғонаман. Уйғонганимда ҳам мени таълим даргоҳи, мактаб остонаси ва у ердаги ўз масъулиятим борлиги учун ҳам мактабга шошиламан. Мактаб ҳовлисидаги орасталик ва ободончилик ишлари, ўқувчиларнинг вақтида кечикмасдан мактабга келишлари, агарда кечикадиган бўлса, сабаблари билан қизиқиш ҳам менинг зиммамда эканини ҳис қиламан. Бу нигоҳбонлик, дарсларнинг ўз вақтида бошланишини назорат қилиш, мактаб ошхонасидаги тозалик ва тартиб, тадбирда ўқувчиларнинг фаоллиги—буларнинг бари ҳамиша менинг зиммамда бўлган. Мактабдаги маънавий-маърифий ишларга жавобгарлик, педагог ходимларнинг муаммолари билан доимо қизиқиб, шуғулланиб келганман. Ички даъватга келадиган бўлсак, даъват бу бурч ва масъулият, баркамол ва маънавиятли бир авлодни тарбиялаш йўлида ўзни фидо этиш демакдир.

— Яқинда “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланибсиз, буни кутган эдингизми?

— Тўғриси, кутмагандим ҳам деёлмайман. Муносиблар ичида муносиб бўлиш ҳам осон иш эмас. “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонини олганимда аввало кўз олдимга раҳматли катта отам, ота-онам, устозларим келди. Бу ишонч, бу рағбат ортидан ҳали келажакда қиладиган ишларим кўплигини ич-ичимдан ҳис қилдим. Президентимизнинг куйинчакликлари — таълим сифатини ошириш борасидаги ислоҳотлардан кўп қатори мен ҳам мамнунман. Қаранг, Халқ таълими вазири жамғармаси ташкил этилиб, юқори кўрсаткичларга эришган педагогларни қўшимча рағбатлантириш ва малакали ходимлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2022 йилда жамғармага давлат бюджетидан 300 миллиард сўм ажратилибди. 2024 йил 1 сентябрга қадар Миллий ўқув дастурининг таълим жараёнига тўлиқ жорий этилиши ҳам келажакда ўз мевасини беришига ишонаман. Аммо бу ва бунга ўхшаш имтиёзлар ўқитувчиларга масъулият ҳам юклайдики, бу маълум маънода талаб ҳамдир. Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва бу борада мактаб директори, ота-оналар ва маҳалла раислари масъулия­тини кучайтириш мақсадида 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб республикамизнинг барча туман (шаҳар)лари кесимида намунали мактаблар рейтинги шакл­лантирилиб, эълон қилиб бориладиган бўлди. Шу билан бирга мактабларда маънавий-маърифий ишлар ҳолатини баҳолаш ва рейтингни юритиш ҳам назарда тутилган. Ана шундай талаб аниқ бўлса, иш ҳам барорли бўлади. Ҳар бир ўқитувчи синфга киргани заҳот қалбида фахр-ифтихор билан:

“Фахрим шуки, мен — педагогман!..”, дея олса бахт шудир.

Дилором ТИРКАШЕВА

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − 4 =