Ватан тупроғи кўзга тўтиё

Бахшилар… улар эл иқтидорлари, халқимизнинг бой санъати, миллий қадриятларига эш жонкуяр инсонлардир.

Юртимизда бахшичилик санъатига эътибор кейинги йилларда давлат сиё­сати даражасига кўтарилди. Президентимиз томонидан бахшичиликка оид нуфузли анжуманлар ўтказилаётгани, эл ардоғидаги бахшилар қадр­ланаётгани, ёш иқтидорларни эса қўллаб-қувватлаш учун “Бахшичилик мактаблари” ташкил этилгани миллий санъатимизга, маънавиятимизга ғамхўрликнинг яна бир намунаси десак хато бўлмайди.

Ўзбекистон халқ бахшиси, “Дўстлик” ордени соҳиби Қаҳҳор бахши Раҳимов номи қўшни мамлакатлар, Осиё-ю Европа, уммонлар оша Америкада ҳам маълум ва  машҳур. Унинг ижодий кутубхонасидан  етмишга яқин анъанавий ва замонавий достонлар, юздан ошиқ замонавий термалар, уч юздан зиёд шеър­лар, кўплаб ривоят, ҳикоятлар, тўртлик­лар ўрин олган,  10 дан ортиқ китоблари нашр этилган.

Қуйида 45 йилдирки қўлида сози, руҳида парвози билан одамларга  руҳий озуқа бериб, маънавий қанот бағишлаб келаётган Ўзбекистон бахшиларининг  машҳурларидан бири Қаҳҳор бахши  билан бугунги тезкор ва шиддатли ҳаётимизда бўлаётган ўзгаришлар, маънавият ва маърифат оламида кечаётган янгиланишлар, ижодкор қалбининг эврилиш­лари ҳақида суҳбатлашдик.

 

— Қаҳҳор ака сиз билан кўп суҳбатлашганмиз. Ва сизни ҳар гал  ўзгача кайфият, ўзгача ҳайрат, ҳаяжон оғушида кўраман. Мана бугун осмонидан салладор нурлар ёғилиб турган, пасту баланд тоғларига боқсанг руҳинг тозариб, кўнглинг ёришадиган афсонавий Қодир бахши яшаб ўтган  масканда, болалигингиз ўтган хонадонда сиз билан дийдорлашиб ўтирибмиз. Бугун бутун бир мамлакат, катта бир эл чинаккам янгиланиш, ўзгариш даврини бошидан ўтказмоқда? Сизнинг ақлу идрокингизда, руҳиятингизда нималар ўзгарди, қандай  туғёну-тебранишлар юз бермоқда?

— Келинг аввал бир терма айтайин. Чунки дўмбирам сайраганда, кўнглим очилиб, фикрим яна-да теранлашади…

 Ўзбекистон қўрғоним она юртим,

Улуғ айём билан муборак этай.

Кўзимга  тўтиё ҳар дона гардинг,

Барча шодлигимни қўлинга тутай.

Дунёда тенги йўқ боғ-у бўстоним,

Отамдек улуғим Ўзбекистоним!

Тоғларинг Алпомиш елкаларидай,

Паҳлавон тошларинг

                                   Алининг мушти.

Шакарлар жаннатнинг ўлкаларидай,

Сенга чоғланади жасорат гашти.

Янги тонг муборак буюк осмоним,

Онамдек мушфиғим Ўзбекистоним!

Ҳа, инсоният пайдо бўлибдики, бирор соҳага кўнгил қўяди, унинг орқасидан мазмун-маъно топади, рўзғорини боқади. Кимки ўз соҳасини тўғри танласа билингки, ул инсон ҳаёт давомида элу юрти ардоғида бўлади. Небахтки, мен Аллоҳнинг ярлақаган бандаси эканман, саодатманд тақдирим билан бирга туғилдим. Ўзбекистон халқ бахшиси Қодир бахши Раҳимовнинг дилбанди, издоши бўлиб дунёга келдим. Ўз ўзидан аёнки, умрим мазмуни ул зотнинг ҳаёти ва ижоди билан чамбарчас боғланди. Гарчи отамдан эрта айрилган бўлсамда, у кишининг ҳикматли ҳаёт йўли, ибратли ишлари ҳамиша менга шамчироқдек йўл кўрсатиб туради. Бахши отамнинг ранг-баранг  ижодий хазинаси, хаста қалбларни, маж­руҳ руҳларни-да аллалагувчи жонбахш овози қулоғим остида мудом жаранглайверади.

Шу ерда яна бир терма қуйилиб келаяпти?…

— Жуда яхши-да, марҳамат.

 Кечаги йилларда эгик эди бош,

Кўзимиз кулса-да юрак тўла ёш

Ҳатто маъюс эди улкан тоғу тош

Ёруғ кунинг келди  Ўзбекистоним

Пўлатдай  эшсада эгилмадик биз

Тамғадан ёв тузди қоқилмадик биз

Ғийбатлар чаққанда йиқилмадик биз

Иқболинг порлоқдур Ўзбекистоним

— Ҳаётнинг нақши бўлган шоир ёзувчилар, умуман, ижодкор аҳлининг кўнгил равиши турфа неъматлардан илҳом оладилар. Баъзи шоирлар табиатни севиб ундан илҳом олса, бош­қаси Ватан мавзусидан руҳланади ёхуд бошқаси инсон гўзаллигидан ёки севги-муҳаббатдан руҳи парвозланади. Бу дилбар ҳолат сизда қандай кечади?

— Мен эса Ватан, озодлик  мавзуларидан куч оламан. Ундан ифтихор қиламан, бу мавзудан кўзим нурга,  гаварам куч қуд­ратга, қалбим эса ажойиб туйғуларга лиммо-лим тўлади. Ўзбекистонимиз мус­тақил бўлган дастлабки йилларда куйлаган  термамда:

Ватаним номинг улуғ қуёшдан ойдан

Шамолинг эсади жаннатдай жойдан

Айланай, тупроғингни олтин қилган

                                                Худойдан

Қаҳҳор бахши айтса

                            битмас достонсан,

Зўрларга тенглашган

                                      Ўзбекистонсан

— деб куйлагандим. Бу терма ҳали ҳануз,  кўпгина нуфузли тадбирларда қайта-қайта айтилаверади. Руҳиятим бу термаларга қониқмаган ҳолда ичимни қитиқлай бошлайди кўзларим дафтар қаламни, туйғуларим камтарона ташбеҳларни излай бошлади.  Бу терманинг изига — “ҳеч қачон бундайин замон бўлмаган” деган терма дунё юзини кўрди ва кўпгина олқишларга сазовор бўлди. Ўнга яқин яратилган термалар Ватанимнинг мустақиллигига бўлган муҳаббатимни, чанқоғимни қондира олмаётгандай туюла беради. Тангрига таваккал қилиб кўрган-кечирганларимни жамлаб Истиқлол деган янги замонавий достон яратдим. Янги достон берган куч мени яна достонлар яратишга ундади. Темур ва Боязид деган достонга қўл урдим қарангки бу дос­тон 2019 йилда турк тилида дўмбира ноталари ва таҳлиллари видео ёзувлари билан катта тиражда Анқарада нашр этилди. 2016 йил Алпомиш достони ҳам турк тилида нашр этилган эди.

Мана мендек ижодкорга берилган бундай имкониятлар ва неъматлар ўтмишда яшаб ўтган  бахшиларга берилмаган  эди.

Ҳатто уларнинг биргина термаси туман газетасида чиқишга рухсат берилмасди.  Худога шукур  шундай дориломон кунларни Тангрим бизларга ато қилди. Бунинг учун Юртбошимизга минг бора раҳматлар айтаман.

Бу қизғин шукроналигимнинг сабабини сўрашса,  қуйидаги уч омилни айтиб берган бўлур эдим.

Бирламчи Ватанимиз Амир Темур ҳазратлари даврида икки асрдан кўпроқ мус­тақиллик шабадасидан озод эркин нафас олди. Кейинчалик ярим асрдан ортиқ  мус­тамлакадан бош кўтара олмади. Ўша замонларда Ватанни ҳимоя қилиш учун жон берган авлод-аждодларим ҳаққи-ҳурмати  мустақиллигимизни бутун борлиғим билан эъзозлайман.  Иккиламчи Отам ва устозим буюк Қодир бахшига мустақиллик даврини кўриш насиб этмади. Лекин Алпомиш достонини куйлаётганда Алпомиш қалмоқ мамлакатидаги зиндондан чиқиб золимлардан қутулиб она ватани Бойсун-Қўнғиротга қайтаётган ҳолатини шунчалар завқ билан тўлиб-тошиб, худди ўз ватани озод ва мустақил бўлгандай берилиб куйлар эдики,  ўша қўшиқлар оҳангида, отамнинг қалбининг туб-тубида  Ватанни мустақил кўриш орзу ниятлари борлиги, тингловчига яққол сезилиб турар эди. Ўзи ҳам алп тоғларидай тенглашиб, юзи ёришиб, гавараси кенгашиб, чеҳрасидан нур ёғилиб булбул каби сайраши Ватан мустақиллигига ташна дилларнинг чанқоғини, сўлиш арафасига келган гулга сув қуйгани каби яшнатиб юборар эди. Ё, Раббим сўз, соз ва овознинг қудратини кўрингки достон тугагач одамлар худди Алпомишдай  гувраниб, суюниб  мустақил бўлган бир элат каби шоду хуррам уйларига тарқалиб кетар эдилар.

Учламчи мен ўша шўро даврини 36 йил кўриб, кечирдим. Аммо Ўзбекистонимизда сўнгги 5-6 йил ичидаги беқиёс ўзгаришларни кўриш бахти билан яшаяпман. Бугун ишлайман, меҳнат қиламан, ижод қиламан деган инсонга берилаётган эътибордан бошимиз осмонда!

Аллоҳимга беҳад шукурки, шу кунларга етказгани  ҳаққи ҳурмати Ватаним тупроғини кўзимга тўтиё қиламан ва  Ватаним ҳурлигини шу боис жуда ҳам қадрлайман.

Озода БЕКМУРОДОВА суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine + five =