Дўст бўлсанг, ёнимда тур! Хуш омадед, дўстони азиз!
Дарҳақиқат, ўзбек ва тожик халқининг азалий дўстлик, қардошлик ришталари узоқ тарихга эга. Урф-одатлари, дини, ҳаётга қарашлари, эзгу мақсадлари бир-бирига яқин, пайвастадир.
Маълумки, Ўзбекистон ва Тожикистон давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси билан икки мамлакат ўртасида ўзаро ишонч ва дўстлик муҳити яратилди ва кундан-кун бу муҳит мустаҳкамланиб бормоқда.
Бугун давлатларимиз ўртасида ҳал бўлмаган масала қолмади, ўзаро ишонч пайдо бўлди.
Икки давлат ўртасидаги дўстона алоқалар сўнгги йилларда ижобий томонга ўзгариб, кундан-кунга янада мустаҳкамланиб бормоқда.
Қувончлиси, Ўзбекистон ва Тожикистон журналистлари ўртасида ҳам ижодий ҳамкорлик йўлга қўйилгани ҳар иккала мамлакатдаги ОАВларнинг бир-бирларидан тажриба алмашишига қўл келмоқда. Хусусан, аввал ҳам бу ҳақда ҳикоя қилганимиздек, шу йилнинг май ойида Тошкентда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ва Тожикистон Журналистлар иттифоқи раиси Зиннатулло Исмоилзода ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолаган эди. Шунга кўра шу йилнинг 12-16 октябрь кунлари ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистлар Тожикистон Республикасида ижодий сафарда бўлиб қайтишгани, олам-олам таассуротларини юртдошларимизга ўз чиқишлари орқали етказишган эди.
Албатта, тожикистонлик ҳамкасбларимизни биз ҳам кутаётган эдик. Меҳмон бўлиш — яхши, мезбон бўлиш — янада яхши! Ана шу тамойилга кўра кеча юртимизга бир гуруҳ тожикистонлик журналистлар ташриф буюрди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси О.Ўсаров бошчилигида Тожикистон Журналистлар иттифоқи делегацияси И.Каримов номидаги Тошкент аэропортида кутиб олинди. Улар Тожикистон телерадиоканаллари раҳбарлари, марказий нашрлар бош муҳаррирлари, Ахборот хизматлари вакиллари ҳамда таниқли журналистлар гуруҳидан иборат.
Меҳмонлар кечанинг ўзида пойтахтимиздаги Амир Темур ва Темурийлар даври тарихини ўрганувчи, аждодларимизнинг бой моддий ва маънавий меросини ўзида мужассамловчи ва илмий тадқиқ этиб келажак авлодга етказувчи объект Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюришди.
Ташриф давомида делегация аъзолари Темурийлар тарихи ва маданияти билан яқиндан танишдилар. Дастхатлар китобига ўзларининг тилакларини ёзиб қолдиришди.
Учрашув сўнггида музей раҳбарияти томонидан меҳмонларга “Темурийлар тарихи давлат музейи дурдоналари” каталоги совға қилинди.
Шундан сўнг Тожикистон Журналистлар иттифоқи раиси Зиннатулло Исмоилзода бошчилигидаги делегация вакиллари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш қўмитаси аъзолари билан учрашди.
Суҳбатда Ўзбекистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатлари ҳар томонлама ривожланиб бораётгани, турли даражаларда, шу жумладан, ахборот алмашинуви йўналишида ҳам самарали мулоқот ва алоқалар фаол давом этаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Тожикистонлик журналистлар билан самимий мулоқот кеч тушиб қолганига қарамай Миллий матбуот марказида давом этди. Унда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси О.Ўсаров, “Янги Ўзбекистон” ва “Правда востока” газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров, “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов, “Хабар” газетаси ва “Xabar.uz” интернет нашри раҳбари Абдиғани Абдураҳмонов ҳамда бошқа таниқли журналистлар меҳмонларни ватанимизга ташрифи билан муборакбод этди. Юртимизда олиб борилаётган ўзгаришлар, ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берилди. Ҳар икки мамлакат ОАВлари ўртасида ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди.
Тожикистонлик журналистларнинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи дастури жуда тиғиз ва мазмунли. Улар эртага кунни пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом мажмуасига саёҳат ва зиёрат қилишгач, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига ташриф буюришади. Шундан сўнг “Kolorpak” МЧЖ матбаа корхонаси ва “IT Park” мажмуаси фаолияти билан ҳам танишадилар. Шубҳасизки, мамлакатимиздаги телерадио каналлар, таҳририятлар, ижодий жамоаларда бўлишади.
Азиз меҳмонлар 25-27 ноябрь кунлари Бухоро ва Самарқандда бўладилар. Бу ҳақда газетамизнинг келгуси сонларида батафсил ҳикоя қилинади.
Ҳа, дўстлик ва биродарликда ҳикмат кўп. “Дўст бўлсанг, ёнимда тур!”, — дея бежиз айтишмаган. Тожикистонлик ҳамкасбларимизга “Хуш омадед, дўстони азиз” дейишдан мамнунмиз.
Ўз мухбиримиз.