Ўз она тилимга минг жоним фидо

“Бизнинг ёшлар албатта бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига   тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро ўз тилига садоқат – Ватаний ишдир”.

                                          Исҳоқхон ИБРАТ

 

Ишхонадан чиқиб автобус бекати томон бораётгандим. Беш – олтита мактаб ўқувчиси мени қувиб ўтишди. Бири-биридан чиройли буғдоймағиз, қош-кўзлари попукдек қизлар. Уларнинг гап-сўзлари беихтиёр қулоғимга чалина бошлади. Эшитиб юрагимга оғриқ кирди. Чунки улар ўзбекча эмас, рус тилида эмин-эркин гаплашишарди. Шу чоқ кексароқ бир аёл уларга яқинлашди.

Дугоналарига гап бериб кетаётган баланд бўйли қизнинг ўзи томонга жилмайиб келаётган кекса аёлга кўзи тушгач, чимрилиб юришдан тўхтади. — О, боже, мой телех уже здес, – деб хўрсинди. Кейин   дўстларига юзланди:

— Ладно девочки, я пошла, бабул появился, — деди у   кўзи билан бувисига ишора қилиб. “Бабул” набираси билан ўпишиб кўришгач,   ўзаро русчада чуғурлашиб   бекатдан узоқлашишди…

Шаҳардаги мактаблардан биридаги “Ёш китобхон” танловида ҳакам сифатида қатнашдим.

— Қайси асарларни ўқигансан?, — деган саволимга   иштирокчилардан бири кетма-кет   жаҳон адабиёти дурдоналарини санай кетди.

— Жуда яхши, ўзимизнинг ўзбек адабиётидан кимларнинг асарлари сенга маъқул? — дедим унга синовчан тикилиб.

— Абдулла   Ориповнинг “Ўзбекистон” шеърини дарсликдан ёдлаганман. Кейин Қодирийнинг “Ўткан кунлари”ни ўқиганман.

— Яна-чи?

— …Мен кўпроқ чет эл адабиётига қизиқаман. Чунки унда менга нотаниш ва жозибали ҳаёт тас­вирланади…

Қизнинг жавоби бундан анча йиллар аввал эшитганим — бир воқеани ёдимга солди. Ўзбекис­тон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаевни йўқлаб келган суюкли шогирдларидан бири суҳбат орасида ҳаяжон билан шундай дебди:

— Устоз,   университетда бизга бир турк профессори сабоқ бермоқда. Домла шундай ширин тилда шундай соф, шундай равон маъруза қиладики, қани эди бизнинг ижодкорлар ҳам ана шу гўзал, жарангдор турк тилида ижод қилса бўлмайдими? — деб ўйлаб қолдим.

Кутилмаганда устознинг ранги ўзгаради. Қўлидаги пиёлани тақ этиб дастурхонга қўяди. — Тур уйимдан чиқиб кет ва қайтиб бу ерга қадамингни босма, — дейди бароқ қошларини жаҳл билан уйиб адиб.

Устознинг важоҳатидан шогирд гапи у кишига ёқмаганлигини тушунади.

— Нега жаҳлингиз чиқди, айбим нима?, — сўрайди у узрли оҳангда.

Биз ижодкорлар туркча ёзсак, ким ўзбекча ёзади, ким тилимизни ардоқлайди?! Фарзандларимиз халқимизнинг бой маънавияти ҳақидаги маълумотларни турклардан ўрганадими? Ким миллатимиз ҳақида тарих яратади. Сен ўзбекмисан, ўзбеклигингни унутма, чиройлими, хунукми бу тил сен билан менинг она тилим! Тилни чиройли ёки бойлиги, жарангдорлиги эвазига севмайдилар!.. Миллатпарвар устознинг ўгитини қалбига жо қилган ўша талаба бугун ўзбек тилида гўзал ашъорлар яратаётган ардоқли шоирга айланган.

— Асилова, жуда кўп китоб ўқийди, айниқса, ҳозирги замон Америка адабиётига ихлоси баланд, — хаёлимни бўлди қизнинг муаллими. Афтидан жим бўлиб қолганим унга ёқмади шекилли.

— Шогирдингиз рус синфида ўқийдими ёки ўзбекчада?

— 7-синфдан буён ўзбекчада ўқияпти.

— Демак, бу китобларни ҳам   рус тилида ўқиган?

— Русчадами, инглизчадами фарқи йўқ, чет тилларини яхши билади. Ота-онаси жуда замонавий кишилар. Аммо бувиси сал эскичароқ экан шекилли, набирам   ўзбек қизи бўлмай қолибди, дея ўзбек синфига олдирди. Э-сиз, — деди устоз.

— Ҳа, эсиз. Лекин устоз айтган маънода эмас, бувиси бундай хулосага   аввалроқ келиши керак эди.

Афсуски, бундай   ҳолатлар ҳозир биз учун одат бўлиб қолди. Негадир ота-­оналар   фарзандларини келажаги порлоқ бўлиши учун у албатта, хорижий тилда ўқиши керак, деб ҳисоблайдиган бўлган.   Гўё икки- учта чет эл тилини билган одамнинг ҳаётда нони бутун бўлар эмиш. Балки бу маълум маънода тўғри ҳамдир. Лекин нони бутун бўлиши учун ўзликдан кечиш   шартми? Ахир бугун хорижий мактабларда ўқиётган боланинг нафақат   таълими, тарбияси ҳам хорижий бўлади. Баъзи ота-оналар мактабда русча таълим олсин, ўзбекчани уйда ўзим ўргатиб оламан, деб хато фикрлайдилар. Ваҳоланки, уйидаги “овқат пишди”, “қўлингни юв”, “кўйлагингни дазмолла”, “қорним очди”, деган сўзларни ўзбекча гапиргани билан у ўзбекнинг боласи бўлиб қолмайди. Бу шунчаки — кундалик ҳаёт. Хорижий таълим туфайли бола   миллий қадриятдан, миллий маънавиятдан   узоқлашиб кетади. У ўз адабиёти, ўз тарихи, ўз расм- русумларини эмас, ўз буюкларини эмас, балки ўзи ўрганаётган тил маданияти, маънавияти, муомаласи, ҳатто урф-одатларини   дарсликлар орқали бўлса-да дилига сингдириб боради. Бу   бола   хорижча фикрлаб, дунёга ўша кўз билан қарайди. Ахир, ёшликда олган билим тош­­га ўйилган нақшдир, деб бежиз айтишмаган. Уни сиз кейин уйда боғлаб   қўйиб ўзбекчани ўргатганингизда ҳам ҳақиқий ўзбек боласи қила олмайсиз. Балки аросатда қолдирасиз. Содда қилиб айтганда, у чулчит бўлиб қолади. (Ҳа яна бир гап, мактабларда турли фанлардан дарс берувчи рус миллатига мансуб ўқитувчилар етишмайди. Бу эса болаларни яна чаласаводликка олиб келади).

Албатта, болаларимизни хорижий тилни ўрганмасин, демайман, ўргансин, лекин биринчи навбатда   ўз она тилини пухта ўрганиб олгач, бошқа тилларни ўзлаштирсин. Ахир аллома боболаримиз шундай қилишган-ку. Улар ўзбекча ўйлаб хиндча, арабча… ёзишган. Аслида она тилини билиш (дарвоқе, она тили ҳам назаримда нисбий тушунча экан, чунки тили хорижий тилда чиққан болага ўзбек тилини она тили дейиш тўғри келармикан, ахир у ўзбекча эмас инг­лизча, русча ёки испанча фикрлаб ўзбекча гапиради-ку) ўзлигини билган, англаган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир.

Яна она тилимизнинг ўксиб қолишига хорижий тилда ёзилган рекламалар, маркет, студия ёки кўчалардаги ранг-баранг номлар, афишалар ҳам сабабчи, шубҳасиз. Ўша афишалар ижодкори ўзи ким, ўзбекми ёки хорижнинг ёлланма ишчисими. Агар   Ўзбекистон фарзанди бўлса нима учун   шундай чиройли тилимизда жуда гўзал қилиб таърифлаш мумкин бўлган номларни инглизчада ёзишни лозим деб ўйлайди. Нима бу, меҳмоннавозликми, миллатга   беҳурматликми ёки бизнесга сажда қилишми? Ахир бу ёзувларни ўзбек тушунмаса, не умидлар билан саёҳатга келган хорижлик ёзувларни ўқиб ўзини сайёҳ эмас   ўз уйида Лондон ёки Нью-Йоркда юргандай ҳис қилса, кимга фойда-ю кимга зарар. Наҳотки миллий қад­риятни бойликка алмаштириб юборсак? Унда биз ким бўламиз? Ўз тилимизни — Ер юзида борлигимизни кўрсатувчи асосий ҳужжат бўлган ўз она тилимизни қадрига етмасак. Уни билмасак, киммиз биз?! Ўзимизни ким деб даъво қиламиз? Миллатнинг асосий белгиси бу унинг тили эмасми?! Она тили бўлмаса   яшашдан не наф! Эҳтимол доғис­тоннинг асл фарзанди Расул Ҳамзатов ана шу кечинмалар туфайли ҳам шундай шеър битгандир:

 

Майли, ким қай тилда

                                     завқу шавқ олса

Менинг ўз тилимга

                                минг жоним фидо.

Эрта она тилим агар йўқолса

Мен бугун ўлимга бўлурман ризо.

 

Тўғри, чет тилини ўрганиш бугун замон талаби. Аммо бу дегани салласини ол десалар калласини олиб келиш, ўзликдан кечиш дегани эмас-да. Ўзини ҳурмат қилган, ватанини қадрлаган ҳар бир ўзбек боласи   энг аввало давлат тили бўлган она тилини, нафақат тилини ўзбек менталитетини тўлиқ билиши керак. Шубҳасиз, бу талаб­лар пойдевори мактабда қўйилади. Зеро, мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганларидек “Давлат тили масаласи миллий ғоямизнинг асосий тамойилларидан бири бўлиши зарур. Ёш авлод қалбида она тилимизни болаликдан сингдириш мақсадида таълимнинг барча босқичларида ўзбек тилини замонавий ва инновацион технологиялар асосида мукаммал ўргатишга   алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Токи болаларимиз ўзбек тилида равон ўқийдиган, равон ёзадиган ва теран фикрлайдиган инсонлар бўлиб етишсин”.

Шундай. Фақат… бунинг учун ҳар бир ўзбек боласи, энг аввало, ўрта мактабда ўз она тилида ўқиши керак.

Муҳаббат ҲАМИДОВА,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 + 15 =