“Давсаман” қандай қилиб Германияда нашр этилди?
Аҳён-аҳёнда китоб жавонимни тартибга келтирадиган одатим бор. Бу гал катта-кичик китобларни полга териб қўйдим-да, уларни бирма-бир кўриб чиқдим. Қаранг-а, модернист шоир сифатида танилган Баҳром Рўзимуҳаммаднинг учта тўплами мавжуд экан жавонимда: “Икки нур” (Урганч-1994. Сўзбоши муаллифи ва муҳаррир: Матназар Абдулҳаким), “Давсаман” (Урганч-1995. Муҳаррир: Матназар Абдулҳаким), “Bahrom Ruzimuhammad. “Davsaman”. (Тошкент, 2005. Инглиз тилида. Сўзбоши муаллифи: Рэйчел Харел).
Эртасига бу тўғрида Баҳром оғага айтиб, беихтиёр китоблар ҳақида таассуротларимни билдира бошладим. Гурунгимиз ўз-ўзидан адабий суҳбатга айланди. “Икки нур” муқаддимасидан парча ўқидим: “Баҳром Рўзимуҳаммад шеърияти ҳам ана шундай шоир ва шеърхон қўлларидан чиққан қарс туфайли чақин чақнайдиган шеъриятдир. Бу муборак шеъриятнинг иккита ўқ илдизи бўлиб, буларнинг бири Алишер Навоий, Мирзо Бедил сингари азизларимизнинг теран сарчашмаларидан озиқланса, иккинчиси умумоврўпа бадиий тафаккурининг нафис ишораларга бой шеъриятидан ибтидоланади ва энг муҳими, шоир Баҳром Рўзимуҳаммаднинг юрагида туташиб, мутлақо замонавий мевалар беради” (Матназар Абдулҳаким. “Сўз сеҳри”, “Икки нур”, Урганч – 1994).
Яна бир китоб – “Ўзбек адабий танқиди”даги қуйидаги сатрлар эътиборимни тортди: “Баҳром Рўзимуҳаммаднинг янги “Икки нур” (1994) ва “Давсаман” (1995) номли тўпламларидаги шеърлардан шоирнинг ўсиб-ўзгарганини кузатиш мумкин. Бирор бир шоирнинг исм-шарифидан олдин унвонини, мавқе-мартабасини айтиш бизга одат: буюк шоир, халқ шоири, зўр шоир, истеъдодли, талантли ва ҳоказо. Мен буни инкор этмаган ҳолда, ўзимча маъқул деб топган “зарур”, “керакли” сифати айни Баҳром Рўзимуҳаммадга мос, деб ўйлайман. Ҳа, у – зарур шоир. Унинг мавқеи ўзига яраша – машҳур эмас, унвону эътирофга даъво қилмайди. Гарчи бешта китоби чиққан бўлса-да” (Аҳмад Отабой. “Нурлар рақси”. Қаранг: “Ўзбек адабий танқиди”. Антология. Тузувчи ва нашрга тайёрловчи: Баҳодир Каримов. Тошкент, 2011. 408-бет).
Мазкур эътироф матбуотда эълон қилингандан сўнг шоирнинг салмоқлигина сайланмаси – “Кундуз сарҳадлари” чиқди. “Баҳром Рўзимуҳаммаднинг “Кундуз сарҳадлари” китоби ўзбек адабиётининг кейинги 10-15 йилдаги энг катта ютуқларидан бири бўлди. Анчадан бери мана шундай забардаст шоирга эҳтиёж бор эди. Энг қизиғи, шу вақтгача шоир танлаган сўқмоғидан изчил, ўзини у ёқ-бу ёққа ташламасдан, бошқалар нима дер экан деб алангламасдан, ёзганларини уларга маъқул қилиш ташвишига вақт кеткизмасдан, бармоқ букиб мухлис санамасдан бораётир” деб ёзади шоир ва таржимон Фахриёр (Фахриёр. “Метаҳикоялар оралаб”, Тошкент, 2020. 22-бет).
Ундан кейин эса шоирнинг “Соялар суҳбати” отлиғ тўплами ёруғлик юзини кўрди. Мазкур тўпламга америкалик олима Рэйчел Харелнинг эътирофномаси ҳам киритилган. “Замонавий ўзбек шеърияти ҳозирги Америка шеърияти учун “ўзгача”дир, унга қараб америкалик шоирлар ўзларининг ишларини янгича баҳолаши, у билан “мулоқотга киришиши” мумкин. Албатта, бунинг учун янги ўзбек шеъриятини америкалик оммага (балки фақат уни қабул қилишга қодир мухлисларга) етказиш шарт. …Баҳром Рўзимуҳаммаднинг “Қарғалган” шеъри анъанавий шаклга умуман мос тушмайди, шунга қарамай, гапларнинг грамматик жиҳатдан параллел жойлаштирилиши шеърнинг қатъий риторик тузилишини таъминлайди” (“Соялар суҳбати”. Тошкент-2006. 4-5 бетлар).
Шунингдек, мақоламиз қаҳрамонининг “Ich habe mein Selbst vergessen” номли китоби Германия Федератив Республикасининг Лейпциг шаҳридаги “Лейпциг адабиёт нашриёти” матбаа корхонасида ўзбек ва немис тилларида Виктор Калинке муҳаррирлигида эълон қилинган. Расмий маълумотларга қараганда, мазкур матбаа корхонаси нафақат Германия, балки, Европа қитъасидаги нуфузли нашриётлардан бири экан. Ушбу нашриётда Б.Рўзимуҳаммаддан аввалроқ биз танийдиган шоирлардан Анна Ахматова, Марина Цветаева, Сергей Есенин, Гийом Аполлинер каби жаҳон адабиёти вакилларининг шеърий китоблари эълон қилинган. “Мен ўзимни унутдим” китобининг охирги варағида европалик, америкалик шоирлар орасида юртдошимиз исми-шарифини кўриб, ниҳоятда қувондим.
Китобнинг 50-саҳифасида “Германияга” қайдномасида муаллиф устозлари Фитрат, Чўлпон, Рауф Парфи номларини урғулабди. Суриштириб билдикки, ўзбек шоирлари орасида Б. Рўзимуҳаммад Фитратдан кейин Германияда шеърий тўплам чиқарибди. Бундан аввал Абдурауф Фитрат қаламига мансуб “Шайтоннинг тангрига исёни” номли драматик достони Ингеборг Балдауф таржимасида Германияда китоб шаклида эълон қилинган экан.
Немис диёрининг ҳидлари уфуриб турган оқ китобнинг қалин муқовасига Хивадаги “Кўҳна Арк” дарвоза нақши фотоси туширилган. Шеърларни аслиятдан Якоб Таубе (ГФР), Баҳодир Жўрабоев (Ўзбекистон), Петер Домбровски (ГФР) лар таржима қилганлар. Иккинчи варақда “Давсаман. Хоразм”, 1995 ёзувларини ўқидик. Демак, “Мен ўзимни унутдим” китоби таржимаси “Давсаман” асносида яратилган.
Хўш, “Давсаман” қай йўсинда Германияга “саёҳат” қилибди? Бу ҳақда Баҳром оғадан сўрадим. Дедики: “Аслида “Давсаман” шеъри яратилишига германиялик олима Ингеборг Балдауф (Фитрат асарининг таржимони. У.Ж.) сабабчи бўлган”. Баҳром оға бу бахтли тасодифни шундай изоҳлайди:
“1993 йилнинг апрель ойи кунларидан бирида Хоразмга турколог олималар: Зигрид Клайнмихел ва Ингеборг Балдауф келиб қолишди. Улар Шовот туманидаги Хожа Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳига ташриф буюрдилар. Ўша вақтларда камина “Хоразм” нашриётида ишлаш баробарида зиёратгоҳ масжиди имом-хатиби ёзув-чизувларига кўмаклашиб юрардим. Хуллас, кунларимнинг баъзи қисмлари ушбу зиёратгоҳда ўтар эди. Воқеан, меҳмонларга йўл бошловчи сифатида мени танладилар. Автобусга чиқишдан аввал бироз суҳбатлашдик. Уларнинг иккови ҳам ўзбек тилида тузуккина гапира билар эканлар. Ҳар эҳтимолга қарши мен уларга “Товушсиз қадам”, “Теракка яқин юлдуз” номли тўпламларимни ҳадя этдим. Варақлаб кўриб “маъқул” дедилар. Ингеборгхоним шеърларимга кўпроқ қизиқди”.
Ингеборгхоним ким, унинг юртимизга ташрифининг боиси нимада, дерсиз. Фан доктори Ровияжон Абдуллаева “Ингеборг Балдауф – кўп қиррали қомусий олима” сарлавҳали мақоласида (“Замон ва заминларда тобланган дўстлик”. Тошкент, 2022. 39-бет) хорижлик олима ҳақида шундай маълумот келтиради: “И. Балдауф 1956 йилда Австрияда таваллуд топган. Ёшлигидан туркий оламга қизиққани боис, у Вена университетида араб ва турк тилларидан таҳсил олган. Ислом илмлари бўйича бошланғич таълимни олаётган чоғидаёқ Афғонистон сафарида бўлиб, “Ўзбек халқ қўшиқлари” мавзуси бўйича материал йиғади. Натижада, “Афғонистон ўзбеклари халқ қўшиқлари” номли минг (1000) бетдан зиёд икки жилдлик китоб дунёга келади. Шу мавзуда диссертация ҳимоя қилади. Австрия ФАда ишлаганида “Туркий халқлар топишмоқлари” мавзуида ҳам изланади”. Профессор Ингеборг Балдауф Ўзбекистон Республикасининг “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
Баҳром Рўзимуҳаммад шу куни меҳмонларни Ҳамадоний зиёратгоҳига олиб боради. Зиёратгоҳ яқинидаги Юнус эшонбува хонадонига қадам ранжида қиладилар. Хонимлар эшондан кўп ривоят ва эртакларни ёзиб олишади. Бекатга чиққанларида қуёш қизариб ботаётган эди. Шоир уларни уйга таклиф этади. “Кейинги сафар” дейди меҳмонлар. Айнан ўша паллада рўбараларидаги Жиловдор бува зиёратгоҳида “ҳув-ҳув” шаклидаги ғалати овоз эшитилади. “Бу ерларда Давсаман исмли махлуқ яшар эмиш?” дейди Ингеборгхоним. Шоир тасдиқлагач, олима ундан кўринишини тасвирлаб беришни сўрайди: “Аслида Давсаманни ҳеч ким кўрган эмас, — дейди Баҳром оға, — Жингами, девгами ўхшаган махлуқ. Момолардан эшитганим бўйича, тумшуғи узун, кўзлари қип-қизил, жунлари йилтироқ ва ҳоказо… Ингеборгхонимга қисқа тасвир хуш ёқади чоғи, шуни шеър қилмайсизми, дейди кулимсираб. Баҳром оға индамай қўя қолади.
Орадан бир йилча вақт ўтади. Ўтган асрнинг 94-йили баҳор кунларидан бирида Баҳром Рўзимуҳаммад Жиловдорбува зиёратгоҳи рўпарасида турганида ўша ғалати овоз яна эшитилади. Бу ҳолатни шоир шундай эслайди: “Кимдир қулоғимга пичирлаб шеър айтаётгандек эди. Сатрлар қуйилиб келарди:
Жунлари ҳурпайган ва йилтироқ
кўзлари қип-қизил
тумшуғи узун
нафис ҳаракатлар ила
мозордан мозорга сакраб юради
Икки томчи қондек кўзларини
тикиб турар экан зимистонликка
ҳувиллаб юборар дафъатан
Аслида шеърни шу нуқтада тугалласам ҳам бўлаверарди. Аммо худди ёмғир ёғаётган каби қаерлардандир шеър товланиб келар, мен эса бунинг нима эканлигини идрок қилолмасдим. Шартта мошин тўхтатдим-да шошилинч уйга жўнавордим. Ичкарига киришим биланоқ машинкага ёпишдим:
Ой шуъласини қўзғотади юлғунлар
қотиб ухлар минг йилги тупроқ
туш кўришга-да қувватсиз тупроқ
таралиб туради бир ҳорғин йиғи
Кейинги мисраларда фонда чақалоқ йиғисининг образини қўлладим ва пировардида “қуббаларга урилади чинқириқ” дедим. Идрокда нимадир: “Кульминация!” деярак қичқирарди:
Шунда икки оёғида тик турар Давсаман
руҳлар даврасига қўшилар келиб
уларнинг бемаъни ўйинларини
кузатиб жим қотар
Давсаман шу тахлит ухлайди
“Яна, яна!” – дерди ички овоз. Энди усул ишлатмак жоиз. Усулки, ҳеч кимнинг хаёлига келмаган:
Уйғонмоқчи бўлади Давсаман тонгда
жисмини ҳеч сезмайди бироқ
кўзини очишга уринган маҳал
ярқ этиб гуллайди юлғун ғунчаси
эриб битганини шунда билар у
Баланд парда шу эди. Бемалол “тушаверсам” бўлади:
Жомъе масжидининг қуббаларида
бўртиб улғаяркан маҳобат
арвоҳлар нафасин ичга ютади
“Пастга тушганимдан” сўнг, айтишим мумкинки, якунни топиш қийин бўлмади ва мен анъанавий бир йўлни танладим:
Мозористон тунининг подшоҳи
жисмини шабнамга улашган махлуқ
жунлари ҳурпайган ва йилтироқ
кўзлари шафақранг
овози қора
чақалоқнинг кўзига менгзар овози
Мазкур шеъримни Ингеборг Балдауфга бағишладим. 1995 йилнинг январида “Давсаман” номли китобим 1000 (минг) нусхада чиқди. Шундан бирини нашриёт муҳаррири Оймонжон Эгамовага дастхат битиб совға қилдим. У ҳазил-чин: “Барибир бу китобни ўқимайман. Шеърларингни тушуна олмайман” деди ва уни қайтариб бермоқчи бўлди. “Тортмангизда тураверсин. Кимдир қизиқар, ахир!” дедим. Ўша қизиқадиган одам — Якоб Таубе экан. У Хоразм тупроғига қадам қўйганида мен Тошкентда эдим. “Ўқитувчи” нашриётида ишлаётган эдим”.
Ушбу бағоят ғаройиб ҳолатни, бахтли тасодифлар занжири, деса бўлади. Демак, Б. Рўзимуҳаммаднинг немис тилида иккита китоби чиққан. Биринчиси — “Давсаман” профессор Ингеборг Балдауф таржимасида. (Тошкент, 2000 йил) Иккинчиси — “Мен ўзимни унутдим” Якоб Таубе ҳамда Баҳодир Жўрабоев ва Петер Домбровскилар таржималарида. (Лейпциг, 2013 йил).
“Давсаманнинг хосияти” сарлавҳали мақоласида Я.Таубе Хоразмга ижодий сафар қилганини эслаб, жумладан шуларни ёзади: “Ўша кезларда Баҳром Рўзимуҳаммаднинг кичкинагина “Давсаман” номли шеърий тўплами қўлимга тушиб қолди. Кимдан олганимни ҳозир аниқ эслаёлмайман. Бироқ китобчанинг илк саҳифасида “Оймонжон опага самимий ҳурмат билан. 31.01. 95” деб ёзилган дастхат бор эди. Шеъриятга қизиқмаганим боис, китоб хаёлимдан кўтарилди. Орадан бир неча йиллар ўтгач, тахминан 2000 йиллар эди шекилли, мен Лейпциг университетида ўзбек тилидан дарс бера бошладим. Талабалар мутолаа қилишига қулай бўлиши учун кичик-кичик матнлар ахтараётганимда Баҳромнинг китобчасини эсладим. Дарсда асқотади, деб ўйладим. Авваллари асосан афсона ва ривоятлар каби фольклор маҳсуллари билан шуғулланганман; ўзбек эртаклар тўпламини таржима қилиб чоп эттирган ҳам эдик. Шеър тили, айниқса, шоирнинг сўз бойлиги мен учун янгилик эди” (Якоб Таубе. “Давсаманнинг хосияти”. Немис тилидан Ровияжон Абдуллаева таржимаси. “Фаровон юрт”. 2.02.2017 й.). Ушбу мақолада муаллиф “Лейпциг адабиёт нашриёти” раҳбарларидан бири адиб Виктор Калинке билан ёзишмалари матнини ҳам келтирибди. Шулардан бир парча: “Ҳурматли Якоб Таубе! Баҳром Рўзимуҳаммад шеърларининг таржималари билан боғлиқ қўлёзма ниятларингиз нашриётимизда овоза бўлиб кетди ва биз ўгирмаларингизни бажонидил нашриёт дастурига киритишга қарор қилганимиз хабарини йўллаяпман…”
Марказий Осиё халқлари шеъриятининг бир вакили Европада танилаётгани биз учун ғаройиб ҳодисадир. Адабиёт тадқиқотчиси Ральф Юльке “Ўзбек шоирининг сирли шеърлари: “Мен ўзимни унутдим” сарлавҳали мақоласини тубандаги сатрлар асносида якунлайди: “… Баҳром Рўзимуҳаммад шеъриятида Ўзбекистонга қўшни давлат —Қирғизистонда камолга етган ёзувчи Чингиз Айтматовнинг “Қор барси” романига мотив жиҳатидан яқинликни пайқаймиз. “Шеър хаёлотининг фантазиялари” иборасини ишлатган эди ёзувчи” (Немис тилидан Саида Дариева таржимаси. “Фаровон юрт” газетаси. 24. 08. 2017 й.).
Европа юртларини “кезаётган” элдошимизнинг китобига кирган “Инсоннинг саргузаштлари”, “Афсунгар”, “Сомеълик”, “Дераза пардаси яшилланмоқда”, “Аросатда”, “Соя”, “Ёз кечаси”, “Бир туш баёни”, “Буюк арафа”, “Хулоса” сарлавҳали шеърларда “михланган” сирли руҳ бизни ҳам ўзига тортади; гарчанд мураккаб туюлмасин Якоб Таубе таъкидлаганидек, шоирнинг тили, ихтиролари келажакда турли-туман талқинларга сабабчи бўлади.
Улуғбек ЖУМАЕВ