Устувор ташаббуслар аҳолининг фаровон турмуши учун
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси ўзининг мазмунан бойлиги ва кенг қамровлиги билан ажралиб туради. Мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеа бўлган ушбу тадбирда тугаётган йилдаги асосий кўрсаткичлар, янги йилга мўлжалланган мақсад ва вазифалар эълон қилинди. Мурожаатнома илғор ташаббуслар ва янги таклифларга бой бўлди. Унда ислоҳотларнинг янги марралари ва қонун устуворлиги аниқ мисолларда ва рақамларда қайд этилди.
Мурожаатномада кўтарилган кўплаб масалалар, белгилаб берилган устувор вазифалар пировардида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга қаратилгани билан эътиборга молик.
Нутқнинг аксарият қисми иқтисодиёт ва унинг таркибий ислоҳотларига бағишланганида ҳам катта маъно бор. Бугун жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган мураккаб вазият иқтисодиёт тармоқларида кенг кўламли чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ва самарали ислоҳотлар натижасида ялпи ички маҳсулот ҳажми илк бор 80 миллиард доллардан ошди. Иқтисодиётимизга шу йилнинг ўзида 8 миллиард АҚШ доллари ҳажмида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келди.
Мазкур вазифалар Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига ҳам катта масъулият юклайди. Мамлакатимизда пиллачилик тармоғини ривожлантириш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Биргина пиллачилик соҳасини оладиган бўлсак, юксак эътибор ва янгича ёндашув туфайли тармоқда юқори самарадорлик таъминланяпти. Ўтган 4-5 йил мобайнида давлат раҳбарининг ушбу соҳага доир қатор қарор ва фармонлари қабул қилиниб, амалиётга босқичма-босқич татбиқ этилаётгани боис ўзбек ипагининг довруғи дунёда ошиб бораётир.
Қўмитанинг жорий йилги фаолияти ҳақида тўхталадиган бўлсак, 2022 йилда ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш мақсадида пиллачилик кластерлари томонидан 122,7 миллион туп тут кўчатлари экилди. Жорий йилда 4 марта пилла етиштириш мавсумида 26,7 минг тонна пилла хомашёси етиштирилиб, белгиланган прогноз кўрсаткичлари 111 фоизга бажарилди.
Тизим корхоналари томонидан 2 триллион 15 миллиард сўмлик ипак маҳсулотлари ишлаб чиқарилди ва ўтган йилга нисбатан ўсиш суръатлари 152 фоизга етказилди.
Хусусан, маҳсулотлар кесимида 2,5 минг тонна хом ипак, 1,2 минг тонна ипак момиғи, 12 341,8 минг погонаметр ипак мато, 1,1 минг тонна калаваланган ипак ипи, 1 694,6 минг дона тайёр ипакли маҳсулот ва 885 дона ипак гиламлари ишлаб чиқарилди. 95,7 миллион долларлик ипак маҳсулотлари экспорти амалга оширилди ҳамда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръатлари 109 фоизни ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги қарорига асосан 16 та лойиҳа доирасида 24,9 миллион доллар миқдорида инвестиция маблағлари жалб қилиниб (шундан 1,4 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ташкил этди), белгиланган режа ижроси тўлиқ таъминланди.
Соҳага айнан Президентимизнинг эътибори сабаб бугун эски пиллахоналар ўрнида замонавий ипакчилик кластерлари ташкил этилди ва қисқа даврда уларнинг сони 74 тага етди. Агар янада аниқроқ айтадиган бўлсак, 2017 йилда бундай корхоналар сони, мамлакатимиз бўйича жами бор-йўғи, 19 та эди ва 30 фоиз қувват билан ишларди, холос. Эндиликда эски, ташландиқ бинолар “ноль” харид қийматида тадбиркорларга берилди. Бунинг ортидан минглаб иш ўринлари яратилди. Соҳага берилаётган эътибор пилла етиштирувчиларни беҳад қувонтираётгани бор гап. Улар бир йилда узоғи билан (3-4 мавсумда) бир ой давом этадиган, мавсумга яраша машаққатли меҳнатлари қадрини топаётганидан мамнун.
Хусусан, пилла етиштирувчилар қайта ишлаш корхонаси билан келишган ҳолда бир килограмм ҳосил учун 24 минг 700 сўмдан ҳақ олмоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида пилла етиштирувчиларга 656,3 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар етиштирилган пилла хомашёси учун берилди.
Яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, пиллакорнинг қисқа муддатли иши расмийлаштирилиб, пенсия ёши учун талаб этиладиган стажнинг узлуксизлиги таъминланмоқда. Буларнинг барчаси давлатнинг соҳа ривожига қаратаётган эътиборининг амалдаги натижасидир.
Жорий йилда умумий қиймати 30,7 миллион долларлик 11 та янги лойиҳалар фойдаланишга топширилди. Бухоро вилоятидаги “Gijduvon ipag tola” МЧЖ, “Silk service” МЧЖ, Самарқанд вилоятидаги “Urgut silk fiber company” МЧЖ, “Ishtixon silk” МЧЖ, “Ziyovuddin silk” МЧЖ, “Tayloq ipagi” МЧЖ, Наманган вилоятидаги “Zilol silk” МЧЖ, Сурхондарё вилоятидаги “Silk road text” МЧЖ, Тошкент вилоятидаги “Jinjuz silk co” хорижий корхонаси, Андижон вилоятидаги “Afghan Bazar Silk Carpets” МЧЖ ҳамда Хоразм вилоятидаги “Хоразм пилла холдинг” МЧЖ каби корхоналар келажакда соҳа ривожини таъминлаб, экспорт салоҳиятини оширишга замин яратади.
Тизимда аҳоли бандлигини таъминлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Тармоқда 1 миллион 153 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланиб, белгиланган режа 102 фоизга бажарилди.
Мамлакатимизда яшил оламни сақлаш ва кўпайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Хусусан, Президентимиз Мурожаатномасида ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларни кучайтириш ҳақида тўхталиб ўтди.
Юртимиз бўйлаб амалга оширилаётган бу ташаббусни Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси, “Ўзбекипаксаноат” ва “Яйлов хўжалигини ривожлантириш” уюшмалари ходимлари ҳам якдиллик билан қўллаб-қувватлаб, кўтаринки руҳда амалга оширишмоқда.
Хусусан, “Долзарб 40 кунлик”да қўмита ва унинг тизимидаги уюшмалар томонидан мамлакатимиз бўйлаб 53 миллион 140 мингга яқин тут кўчатлари экилмоқда. Шунингдек, соҳада тут кўчатчилиги борасида илмий изланишлар олиб борилиб, бунда янги натижаларга ҳам эришилмоқда.
Хусусан, Андижонда ташкил этилган “In Vitro” лабораториялари орқали маҳаллий олимларимиз томонидан 18 турдаги ноёб тут навларини кўпайтириш ва йилига 6,5 миллион туп тут кўчатини етиштириш имконияти яратилди.
Келгуси йилдаги режаларга тўхталиб ўтадиган бўлсак, асосий эътибор Президент Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни тўла-тўкис амалга оширишга қаратилади. Шу билан бирга, 4 та пиллачилик мавсумларида 487,9 минг қути ипак қурти парваришланиб, 27,5 минг тонна пилла хомашёси етиштириш режалаштирилган. 2 триллион 997 миллиард сўмлик ипак маҳсулотлари ишлаб чиқарилади ва ўтган йилга нисбатан ўсиш суръатлари 149 фоизга етказилади.
Шу жумладан, 558 миллиард сўм миқдоридаги 2,7 минг тонна хом ипак, 310,8 миллиард сўм миқдоридаги 1,3 минг тонна ипак момиғи, 807,3 миллиард сўм миқдоридаги 16 145,3 минг погон метр ипак мато, 322,9 миллиард сўм миқдоридаги 1,5 минг тонна калаваланган ипак ипи, 993,4 миллиард сўм миқдоридаги 4 967,2 минг дона тайёр ипакли маҳсулотлар, 4,6 миллиард сўм миқдоридаги 1 140 дона ипак гиламлари ишлаб чиқарилади. 107,6 миллион долларлик ипак маҳсулотлари экспорти амалга оширилиши белгиланган. 16 та лойиҳа доирасида 25 миллион доллар миқдорида инвестиция маблағлари жалб қилинади ҳамда умумий қиймати 35,4 миллион долларлик 16 та лойиҳалар фойдаланишга топширилади.
Умуман Мурожаатномада Президентимиз келгуси 2023 йилда мамлакатда амалга ошириладиган жамики муҳим йўналишлар бўйича вазифаларни белгилаб берди. Ушбу вазифаларни бажаришга эса ҳар биримиз масъулмиз.
Баҳром ШАРИПОВ,
Ипакчилик ва жун саноатини
ривожлантириш қўмитаси раиси