Агар ҳокимлар узоқни ўйласа… ёхуд яна матбуот нашрларига муносабат ҳақида

Ҳеч ким китоб ўқишни туғилган кунидан бошламаган. Бунинг учун бир неча муддат ўтадиган даврлар бор. Аввал ҳарфлар ўрганишади. Уларни қўшиб, сўзлар айтишни билиб олишади. Масалан, она, дада, ака-ука деган ва бошқа бир нечта сўзлар, кейин ош, нон, сув деган сўзларни билиб олишади. Одамнинг яшаши учун зарур бўлган ҳамма сўзлар, ана шундай аста-секин билиб борилади. Булар болалар яшаши ва улғайиши учун ҳаётий талаблар, албатта. Кейин маънавий талабларга ўтилади. Бунинг учун энг аввало тарбиянинг бошланиши “ассалому алайкум”дан бошланади. Болакайларимиз аввалига қўғирчоқ ўйнайди, копток тепишни хушлаб қолади. Шу аснода шундай вақт келадики, улар энг аввало ўзлари учун чоп этилаётган газета ва журналларнинг расмларини аввалига томоша қилишади, кейин аста-секин сўзларини қўшиб ўқишни ўрганишади. Улар энди маънавий озуқа ола бошлашади. Мактаб қучоғида ўқиётган пайтларида сўзлар бойлиги газета ва журналларни ўқишдан бошланади. Ана шу газета ва журналлар қаердан келиши уларга  ҳали номаълум.

Энди айтмоқчи бўлганимиз “Обуна” деган сўзга етиб келдик. Уларга бу газета ва журналларни обуна қилиб қўйиш энг аввало ота-оналар, кейин муассислар, кейин бағрикенг саховатли инсонлар зиммасида бўлади. Шу ишларга бош-қош бўлган ўша болаларимизга энг яқин келажагини ўйлайдиган инсонларнинг энг каттаси ва меҳрибони туман ҳокимлари деб  ўйлайман. Туман ҳокимлари, узоқни кўра билган, болаларни севадиган, эртага туман раҳбар органларида ишлайдиганларни шу бугунги болакайлардан етишиб чиқишини кўра билган, ота-оналардек бўлган маърифатли, ғамхўр раҳбарлар, яъни ҳоким боболари зиммасида эканини билишмаса ҳам эрта-индин биладиган бўлишади. Агар ҳокимлар улар ҳақида ғамхўр бўлишса! Шундай ҳокимларимиз бор, фақат ниятимиз ҳамма ҳокимлар шу масалада асосий бош-қош бўлишса қанийди, дегим келади. Туманда доимо тинчлик-осойишталик бўлишини истаган ҳокимлар болаларимиз тар­биясига биринчи даражали иш деб қарашларига ишонгим  келади. Туман мактабларидаги болалар яхши тарбия кўришса, эртага улардан ёмон одам чиқмайди. Ўқимишли, одобли, ишчан, ҳалол-ҳаромни ажратадиган болалар бўлиб етишади.

Бунинг учун уларни ўзларининг газета ва журналларига обуна қилиш керак, улар қўлига газета ва журнал бериш орқали улар тарбия кўра бошлашади.

Ҳозир кўпчилик амалдорлар эшитса, бурнини жийирадиган “обуна” деган сўзнинг ўзбек тилининг изоҳли луғатидан ўқийман. Билсам, “обуна” французча сўз бўлиб, имзо чекмоқ, ёзилмоқ деган маъноларни билдирар экан. Демак, газета ва журналларга олдиндан ҳақ тўлаб ёзилиш дегани. Болакайларимиз бу тартибни ҳали билишмайди-ку. Биринчи бўлиб, бу ишга ота-оналар, кейин давлат яъни туман бўйича ҳокимлар шуғулланиши керак эмасми? Бу ишни  мактабники деб эмас, менинг мажбурий ишларимдан бири деб қараган ҳоким халқ олдида ҳам Президентимиз олдида ҳам, Аллоҳ олдида ҳам ютади, обрўга эришади, катта савоб топади. Уларнинг савобли ишлари ёдда қолади. Бу савобли ишлар биз ўтганимиздан кейин ҳам яхши ишларимиз ичида энг савоблиси бўлиб ўзимизга қайтади. Шуни унутмасак, қалби гўзал болажонли ҳокимларимиз раҳбар бўлган туман ҳамма соҳада илғор бўлишига шубҳа йўқ. Худо хоҳласа, ўша тумандан янги замонимиз Берунийлари,  Ибн Синолари, Хоразмийлари, Амир Темурлари,  Шошийлари етишиб чиқади, ахир! Мана, қарийб бир варақ қоғозни қоралаб бўлдим. Аммо мақсадга ўтиш вақти келса ҳам… шошмаяпман. Ваҳоланки, вақт кам қолди. Матбуот нашрларига обуна  қилишга кеч қолмайлик. Тўғри, йиллик обуна уюштиришга вақт ўтди. Аммо халқимизда ҳечдан кўра кеч деган нақл бор. Демак, амалга оширолмаган, улгурмаган савобли ишимизни давом эттирсак, кечи йўқ. Обунани йилнинг кейинги ойларига расмийлаштиришни режа қилайлик: 11 ойлик, 10 ойликка…

Ватанимизнинг асл фарзанди бўлиб, фарзандларимизни тарбиялашимиз учун ўзимиз кучимиз етса тезлик билан, кучимиз етмаса ҳокимият саховатини сўраб, албатта фарзандларимизнинг барига болалар газетаси ва журналларига обуна қилдирайлик. Бугун Ўзбекис­тонда  болаларимиз учун энг муҳим нашрлар сифатида “Бошланғич таълим” “Ғунча”, “Гулхан” журналлари, “Тонг юлдузи” газетаси чоп этилмоқда. Бу газета ва журналларга энг аввало ҳар бир мактаб кутубхонаси учун давлат томонидан обуна уюштирилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Иккинчидан, туман ҳокимлари, халқ таълими бўлими раҳбарлари, мактабларимиз  директорлари, беминнат ёрдам қўлини чўзадиган тадбиркорларимиз бу ишда туман ҳокимининг кўмакчилари бўлишлари зарур. Янги йил бошида ҳоким бува ҳамма обунага масъул бўлганлар билан албатта суҳбат қурсалар, не ажаб?! Зеро, бошқа ҳамма ишлар яхши кетишининг муҳим пойдевори айнан обуна—маърифат тарғиботидан, амалий натижасидан бошланади, деб ҳисоблашимиз, ишонишимиз, ана шу тамойилга амал қилишимиз зарурга ўхшайди. Қачонки, кам таъминланган оилалар уйларига газета ва журналлар, баъмисоли  қуёш ўз нурини сочгандек бўлиб газета ва журналлар кириб борса, ўша уйларда яхшилик, меҳр-эътибор уруғлари албатта, униб чиқиши муқаррардир.

Туркман шоири Махтумқулининг  “Бир ғариб йиғлаб турганда, ёнида кулувчи бўлма…” деган ҳикматли сўзи ҳар бир раҳбар, тарбиячилар учун айтилган ибратли калом эмасми? Кўчат экишни умумхалқ иши деб эълон қилинганидек, ҳар бир болакайлари бор хонадонга маърифат нури кириб борса, унинг эртага ҳосили ҳам бўлажак. Шуни унутмайлик, азизлар! Бу ишимиз ҳам умумхалқ эътиборида бўлсин!

Эртага орамиздан буюк академиклар, одобли, ҳалол раҳбарлар, ёзувчи-шоирлар, санъат дарғалари чиқади, шубҳасиз, “уларнинг болалиги даврида  газета ва журнал, кейин китоб ўқиганми” деган саволга ҳамма “албатта” деб жавоб берадиган бўлади. Лекин бу асло ёлғон сўз бўлиб қолмаслиги керак!

Янги Ўзбекистон ўз-ўзидан қурилмайди, вақт жуда тез ўтиб боряпти. Бу ҳур ва озод ватанимизнинг эртаси, эгалари бугунги болалар — фарзандларимиз эмасми? Улар ўқимишли, одобли, билимли, ватанини севувчи бўлишларига  бугунги тарбия, эътибор муҳим аҳамиятга моликдир. Шундай экан, обуна масаласи ўша катта ишларнинг дебочаси бўлсин, ҳар биримиз бу ишда пешқадам бўлайлик. Виждонли раҳбарларимизни янглишмасам ота-оналари уларнинг қўлига газета ва журнал берганини эслайлик. Оддийгина кўринган бу масалада катта ҳақиқат бор. Буни тушунган ҳар биримиз ташаббускор ролини ҳам бажаришимиз лозим.

Эл севган ажойиб шоирларимиздан бири Шукрулло домла бежиз биз катта ёшдагиларга “Виждон ҳақида” ги қуйидаги шеърий мисраларни қолдирмаган бўлса керак:

Ахир менга нега тил керак,               

Яна ёлғон сўзлар учунми?                     

Нега юрак ва ақл керак,                         

Турфа бўхтон ўйлаш учунми?

 

Даъватларга ботмай дунёда

Бўлай десанг ҳақиқий инсон,

Ҳусн берма, тил берма менга,

Виждон бергил, виждон бер, виждон!

Ҳа, шоир инсон қалби, виждоний иш ҳақида бонг урмоқда. Биз юқоридаги ўз мулоҳазаларимизни давом эттирар эканмиз, ҳеч кимга бирор фикрни “мажбурий” сингдириш ўйидан йироқмиз, албатта. Зеро, бунинг иложи ҳам йўқ. Аммо юқоридаги мулоҳазаларимиздан мақсад шуки, матбуотга, айниқса, болалар нашрларига муносабат кейинги ўн йилликда тобора пасайиб, йўқ бўлиб бормоқда. Миллионлаб фарзандларимиз ўрта мактабларда таълим олишаётган бўлишса-да, ҳар бир ўқувчи учун шамчироқ вазифасини ўтовчи болалар нашрларининг бугунги аҳволига маймунлар йиғлайди: улар номигагина нашр этилмоқда. Юртимизда ўн мингдан зиёд ўрта мактаблар бўла туриб, уларнинг адади 2-3 мингдан ошмаяпти. Демак, ақалли битта мактабга битта “Гулхан”, ё битта “Тонг юлдузи” ҳам бормаяпти! Ўрта мактабларни эса 10-11 йил давомида ақалли газета-журнални қўлига ушлаб кўрмаган юз минглаб келажагимиз эгалари битириб чиқмоқда. Хўш, энди айтинг, 17 ёшгача газета-журналга қайрилиб қарамаган ёш авлод эртага, вояга етиб, катта бўлганда газета ўқийдими? Газета ўқимаган одам китоб ўқишига ишонасизми? Ёшлигидан болалар нашрларини умуман ўқимасдан камолга етган инсон кейин бошқа жиддий нашрларни ўқирмиди?!

Президентимиз бир неча марта куйиниб гапиргани, “Болаларимизни китоб эмас, телефон” тарбиялаётгани ҳақидаги гапларининг мағзини қачон чақамиз?

Давлатимиз раҳбарининг катта-кичик амалдорларга, айниқса, халқ таълими мутасаддиларига қарата айтган қуйидаги сўзларига улар қачон амалий жавоб беришни ўйлайдилар: “Биз мажбурий обуна деб, ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилдик”.

Тўлқин Муҳиддин,

драматург

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − 12 =