Бобурнинг пири ким эди?
Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги
Тарихий қарор
Шу йилнинг 25 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Бу тарихий ҳужжатда буюк шоир, қомусий олим, давлат арбоби ва моҳир саркарда сифатида бутун дунёда маълум ва машҳур бўлган Бобур ҳаёти, фаолияти ва ижодини ўрганиш бўйича ҳозиргача қилинган улкан ишларга умумий баҳо берилади. Шу билан бирга, жонажон Ватанимиз миллий ривожланишнинг янги босқичига – Учинчи Ренессанс даврига қадам қўяётган, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар юз бераётган бугунги кунда Бобур Мирзонинг бебаҳо меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштириш янада муҳим аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланади.
Шундан келиб чиқиб, қарорда унинг илмий ва ижодий меросини мамлакатимиз ва халқаро миқёсда янада чуқур ўрганиш ва тарғиб этишга қаратилган кўп-кўп вазифалар белгилаб берилади.
Аввало, Бобур таваллудининг 540 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита тузилди ва айни кунларда мамлакатимизда ана шу сана пухта ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастури асосида муносиб тарзда нишонланяпти. Бу дастурда мамлакатимиздаги Бобур номи билан боғлиқ обида ва қадамжоларни, жумладан, ёдгорлик мажмуаларини таъмирлаш ва уларнинг ҳудудларини ободонлаштириш; адиб меросига мансуб қўлёзма, қадимий китоблар, санъат асарлари ва бошқа маданий бойликларни реставрация қилиш, уларни ишончли даражада сақлаш учун зарур шароит яратиш; хорижий мамлакатларда сақланаётган бу улуғ шахснинг ҳаёти, илмий-ижодий мероси ҳамда у яшаган даврга оид ноёб қўлёзма асарлар ва бошқа маданий бойликларни аниқлаш, уларнинг нусхаларини Ўзбекистонга олиб келиш ва тадқиқ қилишни давом эттириш; унинг илмий-ижодий меросини, давлатчилик ва саркардалик фаолиятини кенг ўрганиш мақсадида халқаро миқёсда илмий изланишлар олиб бориш ва уларнинг натижаларини эълон қилиш, янги илмий, бадиий-публицистик асарлар яратиш; бу зот ҳаёти ва фаолиятига бағишланган юқори сифатли медиа маҳсулотлар ҳамда аудиовизуал асарлар яратиш, уларни маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш, Интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилиш; Ўзбекистонимизнинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари, Ўзбек миллий маданий марказлари, ватандошлар жамиятларида шоир ижодини кенг ўрганиш ва тарғиб қилишга бағишланган маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.
Қарорда мутасадди ташкилотларга яна кўплаб маънавий-маърифий вазифалар, жумладан, адабий-бадиий ҳамда илмий-назарий анжуманлар ўтказиш, кўргазмалар ташкил этиш, Бобур ҳаёти ва асарлари асосида янги спектакллар яратиш, шоир ғазаллари билан ижро этиладиган энг яхши қўшиқлар танловлари ҳамда “Назм ва наво” мақом кечаларини уюштириш, бадиий ва мультипликацион фильмлар суратга олиш, бобуршуносликка оид китоблар чоп этиш юклатилган.
Шунингдек, 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари талабалари учун тарих ва география йўналишларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги давлат стипендияси таъсис этиладиган бўлди. Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида “Бобур асарларининг билимдонлари” танлови ва “Бобурни англаш” мавзусида иншолар танлови ўтказилади, 2023 йил 1 августига қадар ўзбек, рус, инглиз тилларида фаолият юритадиган халқаро илмий бобуршунослик электрон платформаси ва унинг мобиль иловаси яратилади.
Бу қарор ижроси, табиийки, бизни Бобурга яқинлаштиради, улуғ бобокалонимизни дунёга янада кўпроқ танитишга ҳисса қўшади.
Шунингдек, у Бобур шахси ва мураккаб ҳаёт йўлини теранроқ тадқиқ этишга ҳам ундайди.
Хожа Аҳрор Валий қўйган муборак исм
Тасаввуфда пир-муридлик – ўта муҳим жиҳат. Халқ орасида тожик тилидаги бир нақл ҳозиргача жуда машҳур:
Бепир машав, агар хоҳӣ амонӣ,
Агар бошӣ Искандари замонӣ.
Бу: “Агар замоннинг Искандари бўлсанг ҳам, пирсиз бўлма, омон юрасан”, – деган маънони англатади.
Ўтган замонларда одатда отанинг пири ўғилга ҳам муршидлик қилар эди. Агар отасининг пири ўтиб кетган бўлса, ўғил ўша пирнинг муридларидан бўлган улуғ зотнинг этагини тутар эди.
Бобур Мирзонинг отасининг пирига боғлиқлиги бундан ҳам кучлироқ эди.
Адабиётшунос Ваҳоб Раҳмонов XIX аср тарихчиси Мирзо Олим Мушрифнинг “Аҳсоб ул-салотин фи таворихи хавоқин” асари асосида бир янгиликни омма ҳукмига ҳавола этди. Умаршайх Мирзо тўнғич ўғли туғилгач, пири Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий ҳузурларига бориб, чақалоққа исм қўйиб беришни сўрайди. Ул зоти шариф янги туғилган болага “Заҳириддин Муҳаммад” деб от қўядилар. Лекин оддий одамлар учун талаффузи оғирлик қилишини ҳисобга олиб: “Мирзо Бобур бўла қолсин”, – дейдилар. Шунга қарамай, хутбада хатиблар “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” тарзида тўлиқ қилиб ўқишади (Бу ҳақда қаранг: “Истиқлол садоси” газетаси, 2006 йил, 13 февраль).
Хожа Аҳрор – Умаршайх Мирзонинг пири.
Уч саволга уч жавоб
Хўш, Бобурнинг пири ким эди? Унинг муршидига муносабати қандай эди? Бобурнинг ҳаёт йўлига бу маънавий раҳнамонинг таъсири бўлганми?
Бу уч саволга “Бобурнома”нинг ўзидан бошқа манбадан аниқ-тиниқ жавоб топиш – мушкул.
Бобурнинг “устоди ва пири” (Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома. – Тошкент: Фан, 1960. – Б. 112. Бундан кейин шу нашрдан олинган парчаларнинг саҳифаси қавсда бериб борилади) Хожа Мавлонойи қози Абдуллоҳ эди. “Бобурнома”да унинг ота тарафдан Шайх Бурҳониддин Қиличга, она томонидан эса Султон Илик Мозийга бориб боғланиши ҳам билдириб ўтилади. Бу икки насаб Фарғонада аввалдан баобрў бўлиб келган эди: “Фарғона вилоятида бу табақа муқтадо (иқтидо қилинувчи, диний йўлбошчи – С. О.) ва қози бўла келгандурлар” (Б. 112).
Бобурнинг пири Умаршайх Мирзо билан ҳампира, яъни у ҳам Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валийнинг муриди, ул зоти шариф қўлида тарбия топган эди.
Шайхлар орасида валий даражасига етганлар кам бўлади. Бобур эса пирини шундай мақом эгаси ҳисоблайди ва бу зоти шарифга ёмонлик қилганларнинг жуда оз фурсатларда оламдан ўтганини бунга энг ишончли далил қилиб келтиради: “Хожа қозининг валийлиғида менинг ҳеч шакким йўқтур. Қайси иш валоятқа (валийликка – С. О.) мундин яхшироқ далилдурким, аларға қасд қилғанлардин оз фурсатта осор ва аломат қолмади” (Б. 112). Иккинчи исбот ҳам – бор: “Хожа қози қўрқмас киши эди. Қўрқмоқ анда асло йўқ эди. Онча далер киши кўрилган эмас. Бу сифат ҳам валоят далилидур. Сойир эл (тириклар орасида – С. О.) ҳар неча баҳодур бўлса, андак дағдағаси (қўрқуви – С. О.) ва таваҳҳуми (ваҳимаси – С. О.) бўлур. Хожада асло дағдаға ва таваҳҳум йўқ эди” (Б. 112).
Худди шу салоҳияти билан ҳам пир ҳамиша давлат ишларида муриди – Бобур Мирзога елкадошлик қилган.
1497-1498 йил воқеалари баёнида Бобур етти ой урушиб, Самарқанд тахтини Бойсунғур мирзодан олганини, пойтахтда подшолиги бу гал узоққа чўзилмаганини очиқ ёзади: “Бу навбат Самарқанд шаҳрида юз кун подшоҳлиқ қилдим” (Б. 112).
Бобур Самарқандни олганида аҳвол жуда оғир эди. Аскарлар таъминотида ҳам катта танқислик бор эди. Шу вазият таҳлилини муаллифнинг ўзи бундай давом эттиради: “Биз ҳам элга нима еткура олмадук. Уйларини ҳам соғиндилар. Бирар-иккирар қочмоққа юз қўйдилар. Аввал кишиким, қочти – Хонқули Баёнқули эди, яна Иброҳим Бекчик эди. Мўғуллар тамом қочтилар. Сўнгра Султон Аҳмад Танбал ҳам қочти” (Б. 110).
Ана шундай мураккаб вазиятда Бобур кимларга суянган? Албаттаки, биринчи навбатда ёнида бўлган пирига! Бунинг бошқа бир жиҳати ҳам бор эди – Ахсида ҳукмронлик қилиб туриш учун қўйиб келинган Узун Ҳасан ҳам ўзини Хожа қозининг муриди ҳисоблар эди: “Бу фитнанинг таскини учун Хожа қозини йибордукким, Узун Ҳасан Хожаға ўзини хели (анча – С. О.) мухлис ва муътақид (эътиқодли – С. О.) тутар эди. Узун Ҳасаннинг иттифоқи била қочқонларнинг баъзисиға сазо (жазо – С. О.) бергайлар, баъзисини бизнинг қошимизға йиборгайлар” (Б. 110).
Бобур Самарқандни Андижон лашкари кучи билан олган эди. У Самарқандга бу галги юришини бошлаганда Андижонга Али Дўст тағойини (Профессор Ҳасан Қудратуллаев Али Дўстни “Бобурнинг тоғаси” деб ҳисоблайди. Қаранг: “Менинг бошимдин мундоқлар хейли ўтубтур” – “Моҳият”, 2006 йил, 31 март) Ахсига, айтиб ўтилганидек, Узун Ҳасанни қўйиб келган эди. “Сўнгра Хожа қози ҳам келган эди” (Б. 111), – деб ёзганида пирининг Андижонга келганини кўзда тутади. Чунки юқорида кўриб ўтганимиздек, Хожа қози Ахсига – Узун Ҳасаннинг олдига махсус вазифа билан келган эди.
Шу воқеалар таҳлилининг ўзиёқ Хожа қози, худди пири Хожа Аҳрор каби, сиёсат ишларига бевосита ва фаол иштирок этиб турганини кўрсатади. Мана бу далил бунинг шакли ва даражасидан далолат беради: “Хожа қози ул қалъадорлиқда менинг давлатхоҳлиғим учун ўн секкиз минг қўйни қўрғондағи йигитларга ва бизнинг била бўлған йигитларнинг кўчлариға улашти” (Б. 111).
Демак, пир муридининг манфаати учун нақд ўн саккиз минг қўйни Ахси қўрғонини қўриқлаётганларга, шунингдек, Самарқандда Бобур билан бирга бўлганларнинг оилаларига тарқатади. Шунинг ўзи ҳам Хожа қози, тасаввуфдаги раҳнамоси Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор Валий сингари, кўп мол-мулкка эга бўлганини тасдиқлайди.
Нақшбандий шайх, сиёсат ва халқ манфаати
Тасаввуф тарихидан яхши биламизки, Хожа Аҳрор тинимсиз равишда замон ҳукмдорлари, хусусан, темурий мирзолар билан ёзишмалар олиб борган. Бундан кўзланган асосий мақсад эса Аллоҳ ризолигини топиш, халқ тинчлиги ва фаровонлиги йўлида тахт эгаларига оқилона маслаҳатлар беришдан иборат эди.
Ана шу эзгу анъана Хожа қози ва Бобур ўртасидаги ёзишмаларда ҳам давом этди. “Бобурнома” буни тўла исботлайди: “Муҳосара (қамал – С. О.) муддатида менинг волидаларимдин (онам ва бувимдан – С. О.) ва Хожа қозидин муттасил бу мазмун била хатлар келур эдиким: “Бизларни мундоқ муҳосара қилибтурлар, агар келиб, фарёдимизға етмасангиз, иш вубол бўлғусидур. Самарқанд Андижон кучи била олилиб эди. Андижон иликта (қўлда – С.О.) бўлса, яна Тенгри рост келтурса, Самарқандни иликласа (қўлга киритса – С.О.) бўлур” (Б. 111).
Бобурнинг бу пайтдаги вазияти ниҳоятда қалтис ва фожиали эди: “Андижонға бўла Самарқандни иликдин бердук. Андижон ҳам иликдин чиқмиш эди. Бизга: “Ғофил аз ин жо ронда ва аз он жо монда” (“Ғофил киши бу ердан кетди, у ерга ҳам етмади” – С.О.) дегандек бўлди” (Б. 112). Бундай оғир кун шу пайтгача унинг бошига тушмаган эди: “Бисёр шоққ (машаққатли – С.О.) ва душвор келди, не учунким, то подшоҳ бўлуб эдим, бу навъ навкардину вилояттин айрилмайдур эдим, то ўзумни билиб эдим, бу йўсунлуқ ранжу машаққатни билмайдур эдим” (Б. 112 – 113). Шу ҳолатда кўп беклари уни ташлаб кетди. Бу аҳволга чидаш мушкул эди: “Манга бисёр душвор келди, беихтиёр ғалаба (дод солиб – С.О.) йиғладим” (Б. 113).
Бобурнинг юз кунгина подшоҳлик қилиб, Самарқандни ташлаб чиқишига яна бир сабаб ўша кезларда қаттиқ касал бўлиб қолгани эди. Тузала бошлаган бир пайтда парҳезга охиригача риоя қила олмагани учун яна узилди: “Тўрт кунгача тилим тутулди, оғзимға пахта била сув томизурлар эрди” (Б. 111). Шу кунлари Узун Ҳасан Ахсида аҳвол оғирлашганини билдириш учун элчи қилиб, навкар юборди. Шунда, Бобурнинг фикрича, беклар дипломатия қоидаси бўйича ўта жиддий хатога йўл қўйди: “…Раъйда ғалат (хато – С.О.) қилиб, мени кўрсатиб, рухсат бердилар” (Б. 111).
Бу ердаги “рухсат бердилар”ни қайси маънода тушуниш – керак? Агар, Андижонга қайтиб кетишга рухсат берилди, деб тушунилса – бир маъно, умуман, Ахсини душманга топширишга ижозат, деб тушунилса – тамоман бошқа маъно келиб чиқади. Ҳар ҳолда, иккинчиси кўзда тутилган кўринади. Воқеалар тафсили шундан далолат беради.
Бир неча кундан кейин Бобур оёққа турди. У қатъий равишда Самарқанддан чиқиб, Андижон сари юриш қилиш фикрига келди: “Чун оналаримдинким, онам ва онамнинг онаси Эсан Давлатбегим бўлғай, яна устод ва пиримдинким, Хожа Мавлонойи қози бўлғай, бу навъ хатлар келиб, мундоқ эҳтимом (илтимос – С.О.) била тилағайлар, не кўнгул била киши турғай!” (Б. 112).
Ҳамма ишни ана ўша элчи бузди. Бобур Самарқанддан чиққан шанба куни Али Дўст тағойи Андижон қалъасини душманга берди. Сабаби – мухолифлар Андижон қалъасини қамал қилганда ҳалиги элчи бориб, подшоҳнинг ўлим тўшагида ётгани, тилдан қолгани, оғзига сув томизиб турганларини Али Дўст тағойига етказди, буни ўз кўзлари билан кўрганига онт ичди: “Бу сўздин бепой (оёқсиз, яъни иложсиз – С.О.) бўлуб, мухолифларни тилаб, аҳд ва шарт қилиб, қалъани берди” (Б. 112). Ҳолбуки: “Захирадин ва урушур кишидин қўрғонда ҳеч камлик йўқ эди. Ғояташ (бор-йўғи – С.О.) ул мунофиқи намакҳаром (тузни ҳаром қилган, нонкўр – С.О.) мардакнинг номардлиғи эди” (Б. 112).
Бир ҳафта юриб, кейинги шанба куни Бобур Хўжандга етиб келди. Андижон қўлдан кетганини шу ерда эшитди.
Мард устод фожиаси
Хўш, Бобурнинг устоди ва пири бу воқеаларга қандай муносабатда бўлди? Ахир, у ҳам Андижонда – Али Дўст тағойининг олдига юборилган эди-ку.
Душман душман-да. Андижонни олган душман Бобурнинг Хўжандга етиб келганини эшитиб: “Хожа Мавлонойи қозини арк дарвозасида беиззатона осиб, шаҳид қилдилар. …Хожанинг воқеасидан (ўлимидан – С.О.) сўнг Хожаға мансуб эллар – мисли навкару чокар ва аймоқу (қариндошу – С.О.) аҳшомни (хизматкорларни – С. О.) тамом туттуруб, талаттилар” (Б. 112).
Бу воқеа нимадан далолат беради? Биринчидан, Хожа қозининг фикран сотқин Али Дўст тағойи билан бирлашмаганини, муриди ва шогирди Бобур Мирзога охиригача содиқ қолганини кўрсатади. Иккинчидан, бу Хожа қози айнан Бобур билан бир сиёсий мақсадда бириккани, бугунги тушунчалар билан ифодалаганда, Ватан ҳимояси учун қурбон бўлганидан далолат беради.
“Бобурнома”ни ўқиганимиз сари Бобурни ҳам, унинг атрофидаги кишиларни ҳам яқинроқдан била бошлаймиз.
Султонмурод ОЛИМ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
маданият ходими